Қудрат Бобожон: Ўзбекистонда Facebook аъзолари сони Мисрдагидан тез кўпаймоқда

Яқин Шарқ мамлакатларидаги сўнгги ҳодисалар Интернет, хусусан ижтимоий тармоқ сайтларига диққат-эътиборни янада кучайтирди, репрессив режимларнинг Интернет назоратини тобора кучайтириш йўлларини излашга ундади.

Булар Ўзбекистондаги Интернет олами, онлайн журналистика аҳволини муҳокама қилиш учун яхши важ.

Қудрат Бобожон ана шу "олам"ни ичидан биладиган, ўзи бугунги мустақил Ўзбек Интернет журналистикаси ривожига ҳисса қўшиб келаётган ижодкор.

У 1965 йили Урганч шаҳрида туғилган.

1989 йили Ўзбекистон Миллий Университети(ТошДУнинг) Журналистика факультетини тамомлаган.

Ўзбекистонда ташкил қилинган "Сайёр журналистика мактаби" асосчиларидан бири.

Айни пайтда Швецияда яшайди, Uznews.net Интернет нашри ўзбек саҳифасининг муҳаррири.

Қудрат Бобожон эркин матбуот фаолиятини Тошкентда Журналистика факультетида таҳсил олиб юрган йиллари бошлаган.

У 1986 йил Қозоғистонда Коммунистик партия раҳбари ўзгаришига қарши Олма-Отада юз берган туғён асосида "Олмаота воқеалари ёки ҳаракатчан дарахтлар" мақоласини ёзган.

Бу мақола учун Қудрат Бобожонни комсомоллар сафидан ҳайдашади.

У 1988 йилда норасмий "Эркин сўз" рўзномасини чоп этишга бош қўшади.

Қудрат Бобожон 1990 йилдан Ўзбекистонда чоп этилган, нафақат мамлакатдаги, балки Шўролар Иттифоқидаги илк мустақил нашрлардан - "Муносабат" газетасининг асосчиларидан бири бўлган.

Бир муддат Би-би-сининг Ўзбек хизмати билан ҳамкорлик қилган.

Қудрат Бобожон "Ponauz.com" Интернет саҳифасини ташкил этганлардан бири.

"Биз бу саҳифани мухолиф фикрга эга булганлар учун мухолифат минбари сифатида очганмиз", дейди Қудрат Бобожон.

"Пона.уз" бир неча марта хакерлик ҳужумига учраб, қайта тикланган.

Қудрат Бобожоннинг саволларга жавоблари

Би-би-си: Даставвал суҳбатимизни Ўзбекистондаги Интернет маконидан бошласак, яъни uz домен зонаси қанақа макон?

Қудрат Бобожон: uz домен зонасини алоҳида бир макон деб оладиган бўлсак, у чегараланган ҳудуд эмас. Бугунги кунда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланадиганлар сонини оладиган бўлсак, улар анчани ташкил этади. 7,5 га яқин ўзбекистонлик Интернетга қўшилиш имкониятига эга экани ҳақида 2011 йил бошида эълон қилинди. Бу - катта бир аудитория. Бундан ҳар бир сегмент, ҳар бир сайт ва ҳар бир имконияти бор ташкилот фойдаланишга ҳаракат қилади.

Би-би-си: uz домен ҳудудидан асосан Ўзбекистонда Интернет саҳифасини очмоқчи бўлганлар фойдаланишади. Бугун бу зонада қандай сайтларни кўришимиз мумкин?

Қудрат Бобожон: uz домен ҳудудидаги ахборот сайтларига эътибор қаратадиган бўлсак, улар анча зерикарли ва бу сайтларга кам одамлар киради. Лекин бу зонадаги кўнгилочар сайтлар, видеофилмлар, концертлар ва клипларга мўлжалланган сайтларга ўзбекистонликларнинг аксарияти киради. Бу сегмент анча жонли ҳисобланади. У ерда ҳатто стриминг каналларни кўриш мумкин. Яъни, онлайнда эшиттиришлар ёки кўрсатувлар қилаётган гуруҳларни кўришимиз мумкин. Уларнинг кўпчилиги масалан Youtube дан ёки тўғридан-тўғри намойишлар кўрсатадиган каналлардан фойдаланиб, ўзларининг кўрсатувларини, эшиттиришларини ёки қандайдир шаклда кўнгилочар дастурларини йўлга қўйганларини ва бунда муваффақиятга эришаётганларини кузатишимиз мумкин.

Shahlo, Toshkent: Salom Qudrat aka, hozir O'zbekistonda Facebook ochiq. Shunday ekan bu mamlakatda ham Arab davlatlaridagi kabi Facebook orqali inqilob yasash mumkinmi?

Қудрат Бобожон: Бу саволга жавоб бериш учун аввало Facebook нинг хусусиятига назар ташлаш лозим.

Маълумки, Facebook ижтимоий тармоқ сайти сифатида омманинг ва аксар ёшларнинг оддий бир мулоқот қилиш воситаси сифатида яралган, уни яратган америкалик ёшлар ўз олдиларига сиёсий қўзғолонлар қуролини эмас, глобал қамровли ўзаро муносабатлар воситасини яратишни мақсад қилишган.

Бугунги кунда Интернет шиддат билан ривожланмоқда, ижтимоий тармоқлар унинг мулоқотлар қамровини мисли кўрилмаган даражада ўстирди. Масалан биргина сўнгги ҳафтанинг ўзида ўн мингга яқин ўзбекистонлик Facebookга аъзо бўлиб кирганини таъкидлаш мумкин. Унга аъзо бўлган ҳар бир шахс ўзи дўст тутинган шахслардан ташқари уларнинг беҳисоб дўстлари билан ҳам мулоқотга киришади.

Мен Яқин Шарқдаги ғалаёнларда халқ оммаси Интернетнинг шу хусусиятидан қурол сифатидагина фойдаланди, деб ҳисоблайман, лекин бу қурол оддий мулоқот воситаси эди, холос. Ўзбекистонга келсак, биргина сўнгги ҳафтада Facebookга аъзо бўлган ўзбекистонликларнинг сони сал кам ўн мингтага етди ва сайтда рўйхатга олинган ўзбекистонликларнинг сони 60 мингдан ошди.

Бугун биз Мисрда Facebook дан фойдаланувчилар сонини Ўзбекистондаги бу тармоққа аъзолар сонига солиштирсак, Ўзбекистонда ўсишнинг катталигини кузатиш мумкин. Масалан, Мисрда икки ҳафта ичидаги ўсиш фоизи 6,81 ни кўрсатган бўлса, Ўзбекистонда 20,26 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон дунёдаги Facebook фойданувчилари сони бўйича 143-ўринда туради. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Швейцариядан ҳам юқорида. Фойдаланувчилар сони кўплиги бўйича Швейцария 168-ўринда.

Бундан ташқари, кўпчилик ўзбекистонликлар Россиянинг "Мой Мир", "Однаклассники", "В контакте" каби ижтимоий сайтларига кўпроқ қизиқишади, улар ҳам ўз мазмуни бўйича Facebook билан бир хил.

Нима учун бугунги кунда Би-би-си, CNN, "Озодлик" ёки бошқа радиостанциялар, телевидениелар, медианинг бошқа структуралари ижтимоий тармоқларга "ёпишмоқдалар"? Сабаби, уларнинг аудиторияси катта. Ўз навбатида сиёсатчилар, мухолифатчилар ҳам бугун бу воситалардан фойдаланишлари мумкин ва фойдаланилаяпти ҳам. Тунис воқеаларида, Миср воқеаларида, Ливияда бу воситалардан фойдаланилаяпти ва бу нарса ўз таъсирини кўрсатаяпти.

Mansur: Qudratjon, Arab dunyosida bo'layotgan hodisalardan so'ng O'zbekiston hukumati Internetga qarshi qanday chora qo'llashi mumkin, deb o'ylaysiz?

Қудрат Бобожон: Ўзбекистондаги режим Интернетни бўғишга бундан илгари ҳам ҳаракат қилиб келган, араб дунёсида бўлаётган ҳодисалардан кейин бу қаршиликнинг ортиши шубҳасиз. Шундай чораларнинг бири астротурфинг - сиёсий дастакланган мақолаларга ёки сайтларга қарши дўқ-пўписалардир, яна бири бу сайтларнинг провайдерлар билан тўсиб қўйилиши, уларнинг очилишини секинлатиш, Интернет-кафеларда назорат ўрнатиш. Ўзбекистондаги цензуранинг яна бир ўта хунук шаклини яқинда Arbuz.com сайти модераторларига қилинган тазйиқларда кўрдик.

Бироқ, бугунги кунда Интернетдан 7 ярим миллион атрофида ўзбекистонликларнинг фойдаланаётгани, бу рақамнинг ҳар куни ўсаётгани, уларнинг аксарияти турли ижтимоий сайтларда мулоқотда бўлиши, бу ижтимоий сайтларни тўлиқ тўсиб қўйишнинг деярли имкони йўқлиги, тўсилган сайтларга киришнинг ҳамиша айланма йўллари мавжудлиги ва ниҳоят назоратчилар сонининг Интернетдан фойдаланувчилар сонига нисбатан ҳаддан ташқари камлиги, назоратни қийинлаштирувчи, баъзан эса бу ҳаракатларни умуман чиппакка чиқарувчи омиллардир. Бунинг устига, режим фойдаланаётган компютерлар ҳам эскирмоқда, Интернет тезлиги ортмоқда, Ўзбекистонда одамлар ҳар куни янгидан-янги техникаларни харид қилмоқда.

Jamshid, London: Arab davlatlaridagi xalq qo'zg'olonlariga qanday qaraysiz? Umuman buni O'zbekistonga ta'siri kuzatiladimi yoki yo'q?

Қудрат Бобожон: Албатта, таъсир қилмай иложи йўқ. Бугун глобализация даври ва катта бир қатлам Интернетдан информация олаяпти. Улар Ўзбекистонда очиб қўйилган расмий сайтларга киришмайди, улар оддий мулоқот сайтларида ўтиришади. Бу сайтларда ўтириш қулай ва бундай сайтларга тўсиқлар бошқа Интернет саҳифаларига нисбатан кам. Масалан, "Озодлик", Би-би-си радиосининг тингловчиларига тўсиқ қўйилиши мумкин. Лекин глобал мулоқот воситаларига, ижтимоий сайтларга тўсиқлар кам қўйилади. Албатта, ҳар бир ижтимоий сайт ўзининг аккаунтидаги шасхларни текширишдан ва бу ҳақда қандайдир махсус ташкилотларга ҳисобот беришдан манфаатдор бўлиши мумкин. Лекин бу Интернетнинг янгидан -янги очилиб бораётган имкониятларини, истиқболини чеклолмайди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Пир Салим ва Егор Панин номлари билан бизнинг электрон почтамизга савол йўллаган ўқувчиларимиз Урганч шаҳридаги мустақил ALC телекомпанияси фаолияти ҳақида сўрашган. Бу саволлардан бири - сиз ҳақиқатан ҳам телеканалингизни ёпган Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасини судга берганмисиз?

Қудрат Бобожон: Биз - акам, укаларим билан бирга 1994 йилда хусусий телекомпанияни очдик. Маълум қийинчиликлар билан бошланди телекомпания фаолияти. ALC бир неча маротаба ёпилди. 1995, 1997, 1998-йилларда анча катта кўрсаткичларга эришилди. Телекомпаниямизнинг даромади бир неча марта ортди. Биз кунига уч марта янгиликлар дастури билан эфирга чиқардик. Бизнинг асосий "қиёфамиз" - шаҳар янгиликлари дастурида кўринарди. Бизни ёпиб қўйишганидан кейин телекомпанияни ёпган ташкилотларни ва Хоразм вилоят ҳокимлигини судга берганмиз. Ўз-ўзидан равшанки, судда биз ютиб чиқмадик, лекин бу жараён узоқ можароларга сабаб бўлди.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистон мустақиллигигача нашр этилган "Эркин сўз", "Муносабат" рўзномалари асосчиларидан бўлгансиз. Ана шу рўзномаларни нашр этиш тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.

Қудрат Бобожон: Таассуфки, менинг ана шу фаолиятларим давомли бўлмаган. 1988-йилда биз норасмий "Эркин сўз" газетасини ташкил қилганмиз. Ўша пайтда Ўзбекистон ёшларининг Эркин уюшмаси деб номланган ташкилот тузганмиз. Бу уюшмада фитна бошланиб, мени рўзнома муҳаррирлигидан четлатишган. Бунга менинг "Айғоқчининг дил изҳори" деб сарлавҳаланган мақолам сабаб бўлган. Ўшанда КГБнинг бир айғоқчисини ушлаб олишади ва унинг ёнидан бир қанча фактлар ва қандайдир досьелар топилади. Ўшандан бир интервью олиб, газетада очиқ берганмиз. Шундан кейин катта фитна бошланган, мени четлатишга ҳаракат қилишган. Мен ўйлаганман - бу демократиянинг бир кўриниши. Менга қарши овоз беришган. Ёрқиной деган бир редакторни "Эркин сўз" газетасига олиб келиб қўйишган. Лекин шундан кейин газета фаолияти ўз-ўзидан тўхтаган.

Кейин 1990-йилда Фахриддин Худойқулов бошчилигида "Муносабат" газетасини чиқара бошлаганмиз. Лекин омборда ёнғин содир қилинган. Жуда кескин бир вазиятга дуч келинган. Ўша ҳодиса туфайли узил-кесил тугатилди фаолият.

Кейин "Эрк" газетасида ишлай бошладим. 1993-1994-йилларда "Эрк" газетаси судга берилди. Бу жараён ҳам узоқ давом этди. Бунинг учун бизнинг терговда жавоб беришимизга тўғри келди. Лекин биз тўхтамадик. 1994-йили биз ALC телекомпаниясини ташкил қилдик. Лекин бу телекомпаниянинг фаолияти ҳам бизнинг ихтиёримизсиз тугатилди.

Би-би-си: 1980-йилларда Тошкентда нашр этилган адабий журналлар орқали сизни кўпчилик ёш истеъдодли шоир сифатида таниган эди. Бугун ҳам шеър ёзаяпсизми?

Қудрат Бобожон: Шеър ёзиш камдан-кам бўлади. Бу кўпинча носталгия билан боғлиқ шеърлар. Кўпинча истамайман буни давом этишини. Биз ҳозир қувғиндамиз, ўз мамлакатимиздан ташқарида яшаяпмиз. Ҳозир кўпроқ блоглар ёзаман. Вақтим кўпроқ Uznews.net Интернет саҳифасининг таҳририга кетади. Таржималар билан ўтириб қоламан. Блоглар ҳам шеърга ўхшаган, лекин реал ҳаётни тасвирлашни истайман. Шеърлар бир афсунга ўхшайди. Бир вақтлар раҳматли Рауф ака - Рауф Парфи айтганди, шеър ёзишни бас қиладиган вақтлар келади, деб. Шундай вақт келгандек менимча.