Марфуа Тўхтахўжаева: ноҳукумат ташкилотларнинг муаммони кўтариши ҳукуматга ёқмайди

Image caption Марфуа Тўхтахўжаева "Янги аёл. Ўзбекистон. ХХ аср" фотокўргазмасини ташкил этган

Марфуа Тўхтахўжаеванинг тадқиқотлари Ўзбек хотин-қизларининг сўнгги 100 йил мобайнидаги турмуши, ҳаётий интилишлари, қувонч ва ташвишларидан жуда батафсил бохабар бўлиш имкониятини беради.

Асли касби архитектор Марфуа Тўхтахўжаева узоқ йиллардан буён хотин-қизлар масалалари билан шуғулланиб келади.

У ХХ асрдаги Ўзбек хотин-қизларини "паранжи зулматидан олиб чиқиш", даҳрий Шўро мафкурасини сингдириш, жамиятда аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш давр ва жараёнларини яқиндан ўрганган.

Ислом динининг Ўзбек хотин-қизлари ҳаётидаги таъсирини тадқиқ этган.

Бир неча тилларда нашр этилган "Коммунизм шиорлари ва Ислом қонунлари ўртасида", "Ўтмишдан чарчаганлар. Жамиятнинг қайта исломлашиши ва Ўзбекистондаги хотин-қизлар аҳволи", "ХХ аср Ўзбек хотин-қизлари назарида". "Амазон қизлари. Марказий Осиёдан овозлар" китоблари Марфуа Тўхтахўжаева қаламига мансуб.

Марфуа Тўхтахўжаева Тошкентда "Аёллар ресурс маркази" ноҳукумат нотижорат ташкилотини ташкил этган.

2009 йилда Тошкентда Марфуа Тўхтахўжаева ташкил этган "Янги аёл. Ўзбекистон. ХХ аср" кўргазмаси нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда ҳам катта қизиқиш уйғотган.

Бу кўргазмада асосан шахсий фотоархивлардан тўпланган 100 та сурат жой олган.

Бу фотокўргазмани Марфуа Тўхтахўжаева БМТнинг аёлларга қарши таҳқирлар турларини йўқ қилиш конвенцияси санаси муносабати билан ташкил этган.

Шу кунларда 8-Март - Халқаро хотин-қизлар куни деб эълон қилинганига 100 йил тўлди.

Би-би-си меҳмони Марфуа Тўхтахўжаева архитектура соҳасида тўрт халқаро ва Ўзбекистондаги лойиҳа-танловларда ғолиба деб топилган.

1999 йилда "100 қаҳрамон аёл" халқаро мукофотини олган.

Би-би-си меҳмони - Ўзбек хотин-қизлари тарихи ҳамда ҳуқуқлари бўйича эксперт Марфуа Тўхтахўжаева билан суҳбат

Image caption Марфуа Тўхтахўжаеванинг тадқиқотлари Ўзбек хотин-қизларининг сўнгги 100 йилини батафсил ўрганиш имкониятини беради.

Марфуа Тўхтахўжаева: Менинг отам инженер бўлганлар ва Ўзбекистондаги кўплаб цемент заводларида бош инженер, директор лавозимларида ишлаганлар. Асли биз тошкентликмиз. Тошкентга 1958 йил қайтиб келганмиз. Ҳозир Тошкентнинг Юнусобод туманида яшаймиз. Бир қизим, уч набирам бор. Мен соҳам бўйича архитекторман. 35 йилдан ортиқ лойиҳа институтларида ишладим. 1995 йилда Тошкентда "Аёллар Ресурс маркази"ни ташкил этганман, бу марказ 10 йил фаолият юритди. Ундан кейин пенсияга чиқдим. Ҳозир пенсиядаман.

Савол: Сиз узоқ йиллар мобайнида ХХ асрдаги ўзбек аёлларининг ҳаёти, тақдирларини ўргангансиз. Бу ғоя қандай келган?

Марфуа Тўхтахўжаева: Отамни касблари сабабли ҳар хил жойларга юборишганидан оиламиз бутун Ўзбекистон бўйича юрган. Ҳар гал янги жойга борганда янги шароитга тушишимизга тўғри келарди. Ўшанда кўп одамлар билан учрашганмиз, танишганмиз. Оғир йиллар бўлгани эсимда. Мана Қувасой шаҳрида яшаганимизда бирмунча қийин бўлган. У ерда вақти-вақти билан электр қуввати бўлмас эди. Озиқ-овқат муаммоси катта эди. Озиқ-овқатларни карточка билан беришар эди. Биз Қувасойга борган йилимиз карточка тартиби бекор қилинган. Карточкасиз бозордан ҳеч нарса олиб бўлмас эди, чунки ўша пайтда у ерда бозор ҳам йўқ эди. Шунинг учун одамлар ўзлари томорқаларида картошка-пиёз экиб, ўзларининг рўзғорларига ишлатар эдилар. Бизнинг оиламиз ҳам шундай яшаган. Кейинчалик менинг ўзим ҳам архитектор бўлиб ишлаганимда ҳам жуда кўп юрганман. Ҳар хил жойларга борганман ва ҳаётни кўрганман, дейишим мумкин. Ана шу кўрганларимиз, билганларимизни ёйиш фикри туғилган.

Савол: Сиз ташкил қилган "Аёллар Ресурс маркази" нималар билан шуғулланган?

Марфуа Тўхтахўжаева: Асосий мақсадимиз аёлларга маълумот бериш ва аёллар муаммолари ҳақида гапириш бўлган. Чунки ўша 1990-йилларда кўп хотин-қизлар ўзларининг ишларини йўқотдилар. Жумладан, мен ҳам. Одамлар анча қийинчиликка дуч келдилар. Кўп одамларнинг ўзлари учун нотаниш, янги фаолият бошлашларига тўғри келди. Мен ишлаган лойиҳа институтининг аксар ходимлари тадбиркорлик билан шуғулланишни бошладилар. Аёллар эса лойиҳа институтлари, лойиҳа марказларидан борадиган бошқа жойлари йўқ эди. Чунки, айниқса, бизнинг соҳамиздаги аёллар учун тадбиркорлик билан шуғулланиш қийин эди. Бунинг устига у пайтларда тадбиркорлик ҳақида маълумот кам эди. Шунинг учун дастлаб "Аёллар Ресурс маркази" семинарлар ташкил қилган. Аёлларнинг ҳуқуқларига бағишланган тадбирлар ўтказганмиз. Аёлларнинг тадбиркорликни қандай бошлашлари йўлларига бағишланган семинарларимизга экономист, бухгалтерларни таклиф қилганмиз. Лидерлик ҳақида анжуманлар уюштирганмиз. Микрокредит ҳақида биринчи бўлиб биз гапирганмиз. Аёллар мана шу йўл билан ўзининг нонини топиши мумкин, деган ғояни берганмиз. Махсус тўплам нашр этганмиз, у ерда бошқа хориж мамлакатларида микрокредитлардан қандай фойдаланаётганлари ҳақида маълумотлар бўлган.

Савол: ХХ аср Ўзбек аёллари учун анча мураккаб давр бўлган. Сиз бу асрни Ўзбек аёллари учун қандай аср бўлди, деб ўйлайсиз?

Марфуа Тўхтахўжаева: Менинг баҳолашимча, бу яхши давр бўлди. Чунки аёлларга кўп йўл очилди. Аёлларнинг таълим олишлари, олий маълумотли бўлишлари учун, касб эгаллашлари учун имконият яратилди. Жамиятда хотин-қизларнинг ўрни анча кўтарилди.

Савол: Бугунги кунда биз биламизки, кўпчилик Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетаяпти, шу жумладан, аёллар ҳам. Ўзбекистонда аёллар муаммолари бўйича, хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган ноҳукумат, нотижорат ташкилотлари бор. Бу ташкилотларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга ёрдам бериш йўналишидаги фаолиятини сиз қандай баҳолаган бўлардингиз?

Марфуа Тўхтахўжаева: 2005 йили асосан Ўзбекистонда бекитилган ноҳукумат, нотижорат ташкилотлари хотин-қизлари ташкилотлари бўлди бошқа ташкилотлар қаторида. Ҳозирги кунда фаолият юритаётган нодавлат ташкилотларининг ишлаши жуда қийин. Бу ташкилотларнинг мавжуд бўлган муаммоларни кўтариб чиқишлари жуда қийин. Чунки бир хил гаплар ҳукуматга ёқмай қолиши мумкин. Энди улар қўлларидан келганча қандайдир иш қилиб юришипти. Аммо бундай ташкилотларнинг сони жуда камайган. Улар асосан Тошкентда ва ўзларининг фаолиятини кенгайтириш имкониятлари йўқ. Кейин Хотин-қизлар қўмитаси ўзининг фаолиятига ўша олдинги ноҳукумат ташкилотларнинг аъзоларини жалб этиши мумкин эди. Аммо қўмита бу аёллардан қандайдир ҳайиқиб туради. Чунки улар ҳукуматга ёқмайдиган гап гапириб қолиши мумкин.

Савол: 2004-2005 йилларда Гуржистон билан Украинадаги, Қирғизистондаги рангли инқилоблардан кейин Ўзбекистондаги қатор хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналари ёпилди, бунда айтишдики, Ўзбекистон ҳукумати ана шундай инқилобларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган халқаро ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатди. Энди хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилотларининг ёпилишига нима сабаб бўлган?

Марфуа Тўхтахўжаева: Худди ўша сабаб бўлган. Чунки ҳукуматимиз ноҳукумат ташкилотларга ишонмади.

Нилуфар Исмоилова: Халқимизнинг кўпчилик қисми қиз ва аёллардан ташкил топган. Лекин нега ҳалигача айниқса чекка вилоятларда аёлларнинг ҳуқуқи поймол бўлиб келмоқда?

Марфуа Тўхтахўжаева: Раҳмат савол учун. Гапи тўғри. Чунки бу нафақат чет жойларда, балки Тошкентнинг ўзида ҳам бўлаяпти. Мана ҳозир мен яна бир муаммони кўриб турибман. Бу қариялар муаммоси. Энди Ўзбекистонда аёлларнинг умри эркакларга нисбатан узунроқ. Бугун кекса инсонлар оғир аҳволда қолмоқдалар. Чунки фарзандлари иш қидириб бошқа мамлакатларга кетишаяпти. Қишлоқлардаги келинлар ҳам мардикорлик билан шуғулланишига тўғри келаяпти. Шу туфайли мана ҳозир баъзи қишлоқлар борки, бу қишлоқларда фақат қариялар билан болалар қолган. Энди уларнинг шароитини ҳали ҳеч ким кўрмаган, бу ҳақда ҳали ҳеч ким ёзмаган. Уларнинг ҳаёти қайси аҳволда кечаётганини биз билмаймиз ҳам. Чунки бу ҳақда ёзиш мумкинмас. Аммо бу муаммо. Бу муаммо ҳақида албатта гапириш керак. Эркаксиз қолган қишлоқлардаги аёлларнинг аҳволини, бу қишлоқлардаги қарияларнинг аҳволини ҳеч ким билмайди. Бу муаммони қандай қилиб ҳал қилиш йўлларини излаб топиш керак. Мен ўйлайманки, ноҳукумат ташкилотларга ҳозир йўл бериш керак. Бу ҳукуматга ёрдам бўлади, бу ўша қийин аҳволда яшаётган инсонларга ёрдам бўлади.

Нилуфар Исмоилова: Мустақилликдан бери аёлларга оила, маҳалла-кўйдан босим борган сари ошиб келаётганига қўшиласизми? Бунга мамлакатдаги қийин аҳвол сабабми ёки миллатимизнинг менталитетими?

Марфуа Тўхтахўжаева: Мен бу ҳақда жуда кўп ўйлаганман. Чиндан ҳам шундай бўлаяпти. Энди маҳалланинг босими нафақат аёлларга бўлаяпти. Маҳалланинг босими ҳозир ҳар бир хонадонга бўлаяпти. Чунки ҳеч нарса қила олмайсиз маҳалласиз. Маҳалла йиғинларида ҳозир коррупция кўпайиб кетган. Аёлларга келсак, "Аёллар унақа кийинмасин", "Аёллар мана бунақа жойга бормасин" деган талаблар кучайган, бу шахсий эркинликка дахл. Мана шундай ҳолатларда "бизнинг урф-одатларимиз шунақа", дейишади. "Бизнинг урф-одатимиз бўйича бундай юриш мумкин эмас", "мана бу одам мана бу жойда ишлайди", ё "Туркияга кетган, ўша ерда ишлаяпти", "бу одам номаълум ишлар билан шуғулланаяпти" деган гапни ўша маҳалладаги одамлар тарқатади. Шунинг учун мен ўйлайманки, бу ерда ҳукуматнинг босими ҳам, оиланинг босими ҳам бор.

Савол: Сиз нашр қилган китоблардан бири Ўзбек аёлларининг ўзлари ҳақида, ўз ҳаётий хотираларига бағишланган китоб. Уни қандай чоп этгансиз?

Марфуа Тўхтахўжаева: "Аёллар Ресурс маркази"да ишлаганимда жуда кўп аёллар билан учрашганман. Чунки бизнинг ташкилотимизга нафақат қандайдир муаммо билан, балки шунчаки қизиқиш билан ҳам хотин-қизлар келишарди. Кўп одам "бу қанақа экан ноҳукумат ташкилот" деб келишган. Келган инсонлар билан албатта суҳбатда бўлганмиз. Кўпларнинг тарихи менга катта таъсир қилган. Мен ўйладим: "агар шу аёллардан суҳбат олинса, улар ўзларининг ҳаёти ҳақида ўзлари гапириб беришса, қанчалар қизиқ бўлади". Ва ўша ҳикояларни 3-4 йил давомида йиғдим. Шу асосда "ХХ аср Ўзбекистон хотин-қизлари нигоҳида" китоби пайдо бўлди.

Савол: Бу китобда Ҳамида Эшонова Россиядан Тошкентга қайтганини, Ўзбекистон пойтахти унга ҳувиллаб қолган вилоят марказига ўхшаб кўрингани ҳақида ёзган...

Марфуа Тўхтахўжаева: Сиз бунга қўшилмайсизми? Мен чет элда юрган кўп одамлардан шу гапни эшитдим. Мана яқинда ҳам биз бир мактабда ўқиган киши Тошкентга келди. Келиб айтдики, "бу менинг Тошкентим эмас. Тошкент ўзининг жозибасини йўқотди". Мен бу гапга қўшиламан. Чунки биз ёшлигимизда учрашадиган жойларимизнинг ҳаммаси вайрон бўлди. Айниқса, Сквер(Амир Темур хиёбони). Кўплар учун Тошкент бир ажойиб жойини йўқотди. Мана ҳозир ҳам шаҳар марказида одам йўқ. Чунки "у майдонга бориш мумкин эмас", "бу ёққа бориш мумкинмас". Бўлмаса Мустақиллик майдони ҳамма учун дам оладиган, сайлгоҳ жой эди. Ўзбекистоннинг мустақиллиги эълон қилинганда одамлар ўша майдонга бориб ўзининг хурсандчилигини кўрсатган эди. Ўша ерда юриб, "мана мамлакатимиз мустақил бўлди" деб. Бугун эса баландга чиқиш мумкин эмас, бу томонга юриш тақиқланган. Мен учун ҳам Мустақиллик майдони Ўзбекистон мустақиллиги билан боғлиқ. Ҳатто Мустақиллик байрами куни биз ўша майдонга бора олмасак, бу қандай гап?

Савол: Бугун қандай режалар, ғоялар устида ишлаяпсиз?

Марфуа Тўхтахўжаева: (кулади) Энди менинг ёшим 67 да. Қандайдир узоқ режаларим йўқ. Аммо бир неча ғояларим бор. Уларни амалга оширишга улгуришим мумкин.