Туршакли, ёнғоқли озар паловига ҳам навбат етди, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг:

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал озарбайжонча шоҳона палов - туршакли ва ёнғоқли,..паловга тўхталиб ўтсак:

Туршакли, ёнғоқли озар паловига ҳам навбат етди, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас

Лозим бўлган масаллиқлар

Гуруч - 1 кг (узун навлиси бўлса, янада яхши)

Эритилган сариёғ - 500 гр

(Безатиш учун таъбингизга қараб 200 гр чақилган ёнғоқ бўлаклари ва ярим пиёлача анор доналари лозим бўлиши мумкин)

Туршак - 300 гр

Газмах(хамирли қирмоч) учун:

Тухум - 1 дона

Сут - тўрт ошқошиқча

Олий навли ун - ярим косача

Зираворлар:

Туз, заъфарон

Пишириш услуби

1. Туршакли паловимизнинг ўзига хослиги шундаки, бунинг учун гуручнинг ўзини алоҳида пишириб оламиз. Аввалига гуручимизни тузли, илиқ сувда ивитиб қўямиз. Гуручнинг навига қараб, ивитиш жараёни ҳам 2 соатдан 12 соатгача бўлиши мумкин. Ивиган гуручимизни майда тешикли човлига солиб, илиқ сувда бир неча маротаба ювиб ташлаймиз. Кейин гуручимизни қайнаб турган сувга солиб (яна 1 кг гуручга 6 литр сув, 50 гр туз лозим бўлади), ярим тайёр ҳолга келгунча қайнатамиз. Яъни бир-иккита гуруч донасини олиб, бармоғимиз орасида эзғилаб кўрганимизда, усти пишган, ичи эса пишмаган ҳолатда бўлиши лозим(бунинг учун 5 -6 дақиқа кетиши мумкин). Кейин қозонимиздаги гуручимизни яна майда тешикли човлига солиб, сувини силқитамиз. Кейин крахмалини ювиб ташлаш учун устидан бироз қайноқ сув қуямиз. Ва буткул суви силқигунча гуручимизни човлида қолдирамиз.

2. Кейин эса, хамирли қирмочимизни тайёрлашга ўтамиз. Тухумни каттароқ косага чақиб, устидан ярим чой қошиқча туз ва тўрт ошқошиқ сутни солиб, яхшилаб ийлаймиз. Кейин оз-оздан ун солиб, ўртача қаттиқликда ошхамир тайёрлаб оламиз. Устини тоза сочиқ билан яхшилаб ўраб, 15-20 дақиқа дамга қўямиз. Шундан сўнг дам еган хамиримизни 3-4 мм қалинликда ёйиб, чўянли совуқ қозонимизнинг тагига тўшаймиз. Кейин суви яхшилаб силқиган ярим пишган гуручимизни қаватма-қават қилиб қозонга соламиз. Ҳар бир қаватимизнинг устидан бироз эритилган сариёғ қуйиб борамиз. Гуручимизнинг энг юқори қаватини солгач, устидан бироз эритилган сариёғ билан бирга 100 гр иссиқ сувда дамланган 1 гр заъфарон дамласини айлантириб қуямиз. Қозонимизнинг қопқоғини тоза сочиқ ёки дастурхонча билан ўраб, гуручимизни паст оловда камида 45 дақиқа дамга қўямиз. Бу орада туршагимизни яхшилаб ювиб, уч ошқошиқ сариёғ эритилган товада 5 дақиқача қовурамиз. Кейин 1.5 стакан сув солиб, туршагимиз юмшагунича товамизнинг қопқоғини ёпиб, паст оловда димлаб қўямиз.

3. Кейин яхшилаб дам еган гуручимизни лаганга тоғдек қилиб уйиб сузиб оламиз. Кейин гуручимизни димлаб, юмшаган туршакларимиз билан безатиб, устидан яна айлантириб бироз эритилган сариёғ қуямиз. Агар истасангиз, паловингизни яна худди туршак каби сариёғда қовуриб, димланган ёнғоқ ва майиз билан ҳам бирга тортишингиз мумкин. Аммо биз паловимизни ёнғоқ ва майизли қийма солинган товуқ билан тақдим этиш ниятида бўлганимиз боис, буни лозим деб топмадик.

Озарбайжонча паловнинг ўзига хослиги шундаки, гуруч ва гўшт дастурхонга алоҳида-алоҳида тортилади. Гуручга гўшт ҳеч қачон аралаштирилмайди. Байрам кунлари эса, озарбайжонча палов билан одатда ёнғоқ ва майизли қийма солинган ҳамда қўрда пиширилган товуқ ёки балиқ тортилади. Бу қанақа таом бўлди, дейдиган бўлсангиз, веб саҳифамизни кузатиб боришни унутманг.

Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!