Қовоқли, майизли, зиркли, нўхатли бухороча паловга ҳам навбат етди

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг:

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал бухороча қовоқли, майизли, нўхатли "оқ" паловга тўхталиб ўтсак:

Бухороча қовоқли палов

Лозим бўлган масаллиқлар (4 кишига мўлжалланган)

1. Кичикроқ ҳажмдаги қовоқнинг ярми

2. 3 дона ўртача сабзи

3. 1 дона катта бошпиёз

4. 200-250 грамм ўсимлик ёғи

5. Ярим стакан қора (кишмиш) ва ярим стакан сариқ (кишмиш) майиз

6. Бир чой пиёла ивитилган сариқ нўхат

7. 2 ошқошиқ зирк

8. 1 дона гармдори

9. 2.5 чой пиёлада гуруч (узун навлиси бўлса, янада яхши)

10. 2 дона тухум

Зираворлар

Таъбга қараб туз, мурч ва зира лозим бўлади

Пишириш услуби

1. Энг аввало пиёз, сабзи ва яримта қовоғимизнинг пўстини арчиб, ювиб оламиз. Пиёзимизни нафис қилиб, паррак-паррак шаклда тўғраймиз. Қовоғимизни ўткир пичоқ ёрдамида тўрт қисмга бўлиб, ҳар бирини яна уч бўлакка бўлиб оламиз. 10-12 тача бўлак ҳосил бўлади. Кейин эса, сабзини сомонча шаклда тўғраб оламиз. Майизларимизни ҳам "думча"ларидан тозалаб, яхшилаб ювиб ташлаймиз.

2. Шундан сўнг чўян қозонга ёғ солиб, ўртача оловда бироз қизитамиз. Ёғиимиз сал қизигач, пиёзни соламиз. Пиёзнинг устидан озроқ туз ва яхшигина мурч солиб, мунтазам кавлаб турган ҳолда бироз қовурамиз. Пиёзимиз сал олтингранг тус олгач, оловни пасайтириб, устидан қовоқ бўлакларини териб чиқамиз. Қозонни кавламаган ҳолда, унинг устидан сомонча шаклида тўғралган сабзини соламиз. Капкир ёрдамида текислаб олгач, устидан майиз, нўхат ва зиркни солиб, сабзимиз сал ботгунча қайноқ сув соламиз. Таъбга қараб бироз туз ва зира солиб, зирвагимизнинг таъмини ростлаб оламиз. Бир дона гармдорини ҳам зирвакка ботадиган қилиб киритиб қўямиз. Милдираб қайнаётган зирвагимизни 15 дақиқа холи қолдирамиз. Бу орада эса, каттароқ идишга гуручимизни солиб, бироз туз солинган илиқ сувда 15 дақиқа ивитишга қўямиз.

3. Орадан 15 дақиқа ўтгач, гуручимизни оқиб турган илиқ сув остида бир неча марта ювиб ташлаймиз. Гармдорини зирвакдан чиқариб олиб, бир четга олиб қўямиз. Гуручимизнинг сувини яхшилаб силқитиб, қозонда милдириб қайнаб турган зирвак устига бир текис қилиб ёйиб чиқамиз. Сўнгра устидан икки бармоқ бўғини миқдорида қайнаб турган сув солиб, оловни баландлатамиз. Яна бир бор тузини ростлаб оламиз. Қозондаги гуручимизнинг бир хилда қайнашига кўз-қулоқ бўлиб турган ҳолда сувини тортишини кутамиз. Гуруч сувини буткул тортиб бўлгач, ўртага йиғиб, капкирнинг дастаси билан эҳтиёт бўлиб чуқурчалар ясаб оламиз. Бир чойқошиқча зирани кафтимизда майдалаб эзиб, гуручнинг устидан сочиб юборамиз. Гармдоримизни гуручнинг бир четига қўямиз. Қопқоққа тоза сочиқ ёки дастурхонча ўраб, қозонимизнинг қопқоғини зич қилиб беркитамиз. Оловни пастлатиб, 20 дақиқа дамга қўямиз.

4. Бу орада икки дона тухумни сариғи пишгунча яхшилаб қайнатамиз. Сўнгра пўчоғини арчиб, ўзимизга ёққан шаклда тўғраб оламиз. Паловимиз дам еб бўлгач, аввал гуруч, сўнгра сабзи ва энг устидан қовоқларимизни солган ҳолда, устма-усти сузиб оламиз ва тухум бўлаклари билан безатамиз. Тайёр ошни ўзингиз ёқтирган салат билан бирга дастурхонга тортасиз.

Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!