Қўзиқоринли, ёнғоқли, майизли ҳиндча паловга ҳам навбат етди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг.

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал ҳиндча қўзиқоринли, ёнғоқли, майизли паловга тўхталиб ўтамиз:

Қўзиқоринли, ёнғоқли, майизли ҳиндча палов

Лозим бўлган масаллиқлар (4 кишига мўлжалланган)

1. 2 чой пиёла миқдорида гуруч ("Басмати" каби узун навлиси бўлса, янада яхши)

2. 150 грамм ўсимлик ёғи

3. 1 дона катта ва 1 дона кичикроқ бошпиёз

4. 2 ошқошиқ ёнғоқ ( ўзингиз ёқтирган туридан)

5. 2 ошқошиқ қора (кишмиш) майиз

6. 2 ошқошиқ бодом мағзи

7. 3-4 см келадиган долчин бўлаги (туйилмагани)

8. 1/2 чойқошиқ зира (туйилмаган)

9. 1/2 чойқошиқ кашнич уруғи

9. 2 чой пиёла ҳажмида кубик шаклида тўғралган қўзиқорин

Таъбга қараб туз, мурч ва зира лозим бўлади

Пишириш услуби

1. Энг аввало, гуручни оқиб турган сув остида эҳтиёт бўлиб бир неча марта ювиб ташлаймиз ва шундан сўнг, 10 дақиқа илиқ сувда ивитиб қўямиз.

2. Кейин қозонга ёғ солиб, бироз қизитамиз ва ярим чойқошиқ зирани ташлаб, чирс-чирс этиб ёрилгунча, кутамиз.

3. Зирамиз ёрила бошлагач, долчин бўлаги, ҳилл ва кашнич уруғини солиб, уларни ҳам 2-3 дақиқа қовурамиз.

4. Кейин қозондаги зираворларимиз устига паррак-паррак қилиб тўғралган пиёзни солиб, олтинранг тусга киргунча қовурамиз.

5. Бунинг ортидан қозонга кубик шаклида тўғралган қўзиқоринларни солиб, сувини яхшилаб тортиб, уни ҳам четлари қизаргунча қовурамиз.

6. Кейин эса, қозондаги масаллиқ устига ёнғоқ, бодом ва майизни солиб, яна озроқ қовурамиз.

7. Шундан сўнг таъбга қараб туз ва мурч солиб, қозондаги масаллиғимизнинг таъмини ростлаб оламиз.

8. Ивитиб қўйган гуручимизнинг сувини яхшилаб силқитиб, кейин қозонга соламиз ва гуруч доналарини синдирмасликка ҳаракат қилган ҳолда яхшилаб бир бор аралаштириб оламиз.

9. Сўнгра қозондаги масаллиқнинг устини текислаб, оловни сал пасайтириб, бармоғимиз билан ўлчаганда, икки бўғин қилиб қайнаб турган сув соламиз.

10. Қозондаги масаллиқнинг бир текисда қайнаётганига ишонч ҳосил қилгач, оловни янада пастлатиб, қопқоғимизга тоза сочиқ ўраб, қозонни зич қилиб беркитамиз. Ва 20 дақиқа дамга қўямиз.

11. Бу орада кичикроқ бошпиёзни иккига бўлиб, ўткир пичоқ ёрдамида паррак-паррак қилиб тўғраб оламиз. Ва товага 3-4 ошқошиқ ёғ солиб, пиёзни қизғиш тус олгунча қовуриб, тайёр бўлгач, капкир ёрдамида алоҳида бир ликопчага олиб қўямиз.

12. 20 дақиқа дам егандан сўнг, қозондаги паловимизни чиройли қилиб сузиб олиб, устини қовурилган пиёз толалари билан безатиб, дастурхонга тортамиз. Ёқимли иштаҳа.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!