Би-би-си меҳмони Юсуф Жумага савол беринг

Юсуф Жума
Image caption 2007 йил Президент Ислом Каримов истеъфоси талаби билан ўтказган намойишлардан сўнг Юсуф Жума ўғли билан бирга ҳибсга олинган эдилар

Ўзбекистонлик таниқли диссидент шоир Юсуф Жума 1958 йил 19 январда Бухоро вилояти Қоракўл тумани Максим Горький колхозида туғилган.

1973 йилда ўрта мактабни битирганидан сўнг, Юсуф Жума Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олади.

Юсуф Жума ўтган асрнинг 80-йилларида шеъриятга кириб келади. Шоирнинг "Ҳақиқатнинг олтин олмаси" (1983), "Юракдаги ханжар" (1984) номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

"Бирлик" халқ ҳаракати фаолларидан бўлган Юсуф Жума 2001 йилда қатор шеърлари учун Бухоро вилояти Миллий Хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган.

Конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб, у олти ойга қамалган. Юсуф Жума халқаро босимлар туфайли озодликка чиқарилган.

2005 йил 13 май Андижон фожеаларидан кейин Юсуф Жумаев "Андижон туркумидан" номли бир туркум шеърларини эълон қилади.

Ўшандан кейин Юсуф Жума оиласига босимлар янада кучаяди.

2007 йил декабрида эса, Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб ўтказган намойишлардан сўнг шоир Юсуф Жума ўғли билан бирга ҳибсга олинган эдилар.

Юсуф Жума ва оиласи президентлик сайлови арафасида Ислом Каримовни ҳокимиятни босиб олишда айблаган ва Қоракўл туман прокуратурасига унга нисбатан жиноят иши очишни сўраб, мурожаат этган эди.

Бухоро вилоят маҳкамаси Юсуф Жумани ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва милиция ходимларига тан жароҳати етказишда айбдор, деб топиб, 5 йил қамоқ жазосига маҳкум этган. Қамоқда пайти унинг қийноқларга тутилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Юсуф Жума яқинда қамоқдан озод қилинган ва ҳозир АҚШда яшаётган оиласи олдига етиб келган.

Диссидент шоир Юсуф Жумага саволларингизни қуйидаги махсус форма орқали қолдиришингиз ёки uzbek@bbc.co.uk га йўллашингиз мумкин.