Шавкат Мирзаев: 'Мусиқада, санъатда зўр бўлиш керак, бўлмаса қилмаган яхши'

Шавкат Мирзаев бошчилигидаги мусиқа ансамбли Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистон халқ артисти Шавкат Мирзаев 1942 йил 10 февралда Тошкент шаҳрида туғилган.

Шавкат Мирзаев санъатга кириб келишида отаси, машҳур созанда ва бастакор Муҳаммаджон Мирзаевнинг таъсири катта бўлганини таъкидлайди.

"Отам Муҳаммаджон Мирзаев рубоб чалиб юрганларида мани ёнларида олиб юрганлар, мусиқани манга сингдирганлар, ўргатганлар ва мусиқани тушунадиган қилиб тайёрлаганлар...Кейин 16 ёшимдан бошлаб биргаликда саҳнага чиқа бошлаганман. Асосий устозим отам бўладилар", дейди Шавкат Мирзаев.

Кейинроқ санъаткор Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов билан бирга фаолият олиб боради.

"Маъмуржон ака ҳам манга устоз сифатида кўп нарсани ўргатганлар", дея хотирлайди у.

Шавкат Мирзаев Тошкент Давлат Консерваториясида анъанавий мусиқа бўлимида таҳсил олган.

У 1978 йилдан бошлаб, таниқли санъаткор, ўзбек мумтоз ашулалар моҳир ижрочиси Муножат Йўлчиевага устозликни бошлайди.

"Муножат қўлимга келиб тушгандан кейин, материални кўрарканман, яъни Муножатнинг овозини кўриб, билиб, унинг нимага иқтидори борлигини сезиб, ўша материалга монанд бўёқлар ишлатганман. Демак, овозни текислаганман, ишлаганман. Хуллас, ичида ҳамма нарса бор, арнаментларини, ўзбек миллий арнаментларини қўйганман", дейди устоз санъаткор.

Ва ушбу устоз-шогирд ҳамкорлиги уларни дунёга танитади.

"Ҳозир мана шу мактаб бутун дунёга маъқул. Дунёда бормаган жойимиз қолмади. Франциянинг ўзида 48 марта бўлибмиз. Концертларимиз доимо олқишлар билан кутиб олинди, биз ҳақимизда ҳужжатли филмлар олишди. Мусиқа албомларимиз чиқди", дейди Шавкат Мирзаев.

Муножат Йўлчиева ўзи ҳам эришган ютуқларида устози Шавкат Мирзаевнинг ҳиссаси катта бўлганлигини қайта-қайта айтиб келган.

Ўзбекистон халқ артисти Шавкат Мирзаев билан суҳбат

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Бугунги Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик таниқли созанда ва бастакор Шавкат Мирзаев бўладилар. Ассалому алайкум Шавкат ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Шавкат Мирзаев: Ваалайкум ассалом, раҳмат!

Би-би-си: Илк саволимиз Лондондан, Розия Султонова сўраяптилар: "Ўзбек мусиқасини СССР чегараларидан ташқарида шуҳрат қозонтира олишга қандай эришдингиз?" Марҳамат.

Шавкат Мирзаев: Ўзбек мусиқасини Ўзбекистондан ташқарида жонлантиришимга илмим, ўзбек мусиқасига қандай ёндашувим ва устозларнинг ўгитлари, устозлар қандай айтган бўлса, шунга суянган ҳолда ундан ҳам чиройли қилиб етказишим сабаб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Муножат Йўлчиева билан саҳнада

Би-би-си: Устозларингизни эсладингиз, Шавкат ака, улар ҳақида ҳам гапириб берасизми?

Шавкат Мирзаев: Мани биринчи устозим отам - Муҳаммаджон Мирзаев. Рубобчи, бастакор, ҳамма ёқда машҳур бўлган. Мусиқалари ҳам чет элларда ижро этилган. Ундан кейин, бошқа устозларни ҳам устозим деб биламан. Фахриддин Содиқов, Маъмуржон Узоқов, жуда бақувват ҳофиз эди. Шу одамнинг ижроси манга эталон сифатида хизмат қилади.

Би-би-си: Розия опанинг навбатдаги саволлари: "Узоқ йиллик фаолиятингиз давомида қанча шогирд етиштиргансиз?" Лондондан Шоҳ исмли тингловчимиз ҳам: "Ассалому алайкум Шавкат ака! Муножат Йўлчиева каби йўналишда ашула айтадиган шогирдларингиз борми?" дея сўрабдилар.

Шавкат Мирзаев: Энди Муножат Йўлчиевадек шогирдларим йўқ. Нимага деганда, бундай шогирдни табиат бир марта беради ё икки марта беради. Муножатдек ашулачи яна юз йилда келадими-йўқми, уни Худо билади. Бошқа шогирдларимга келсак, яна 3-4та шогирдларим бор. Энди асосий ман оёққа турғизган шогирдим ўша Муножат Йўлчиева бўлади, бутун дунёга таништирганим. Бутун дунёда концертлар қўйиб келяпмиз, шу сабаб бўлади.

Би-би-си: Шу билан бирга Розия опа: "Ўзбек мусиқасининг асосий хусусияти нимада? Агар мусиқашунос бўлмагангизда, ким бўлган бўлардингиз?" деб ёзганлар.

Шавкат Мирзаев: Мусиқачи бўлмаганимда, бастакор бўлмаганимда ҳам, барибир бастакор, мусиқачи бўлардим. Ўзбек мусиқасининг ичидаги гўзаллиги жуда ҳам гўзал. Англаб олиш жуда қийин эмас. Бунинг арнаментлари жуда кўп. Эшитганингиз сари маза қилиб эшитаверасиз. Чет элларда ҳатто йиғлашиб ҳам ўтиришади. Муножат ижро этганда, йиғлаб ўтиришади. Бунга асос солганлар - Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним, ундан кейин катта ашулачилар, устозлар... Бизгача ўша анъаналар етиб келган.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Махдумий ўзбек мумтоз мусиқа мероси мактаби асосчиси академик Юнус Ражабийдан кейин ким у кишининг ишларини давом эттираётгани ҳақида билишни истабдилар. Марҳамат.

Шавкат Мирзаев: У одам "Шошмақом"нинг ҳаммасини грампластинкаларда ёздириб кетди. Энди уни ўша ансамблнинг раҳбари бўлиб ишлаяпти бир-иккита одамлар, созандалар, улар шу одамнинг ишини олиб боришяпти. Энди шунга сайқал бериб ишланаяпти. Янги овозлар ижро этяпти бу нарсаларни.

Би-би-си: Одилжон Махдумий яна: "Андижон полкаси"нинг муаллифи ким? Муҳаммаджон Шокиров унинг муаллифи отаси Зиёмиддин Шокиров деб даъво қиладилар. Шу ростми?" деб сўрабдилар.

Шавкат Мирзаев: Йўқ, йўқ. Бу "Андижон полкаси"..."полка" деган нарса Полшадан чиққан, ўзи айтиб турибди. Полшанинг рақс услуби. Ўшанга мослаштириб Андижонда ишланган. Шунинг учун, "Андижон полкаси" дейилади. Буни ҳозир биров билмайди, ким ишлаган. Сизнинг айтган фикрингизга ман унчалик қўшила олмасам керак.

Би-би-си: Абдулла исмли мухлисингиз: "Мен рубоб тароналарини севаман. Кейинги йилларда на ТВ ва на радио орқали ўзбек чолғу асбоблари ижросидаги мусиқалар бутунлай қўйилмай кетди. Ота-бола Мирзаевлар ижросидаги мусиқа ёзилган ва бундан 25 йил олдин сотиб олган пластинкам эса, аллақачон яроқсиз бўлиб қолди", деб ёзганлар. Ва "Ўзбек мусиқаси, айниқса, рубобда ижро этилган мусиқаларни қайси сайтдан кўчириб олса бўлади", дея сўраганлар. Шавкат Мирзаев: Уни ман билмадим. У нарсаларни фақат радио компаниядан кўчириб олиш мумкин. Сайтдан билмадим-ов...

Би-би-си: Ўзингиз басталаган, масалан, умуман, анъанавий ўзбек мусиқалари ёзилган дисклар ҳозирда чиқяптими? Сотиб олиш мумкинми, Ўзбекистонда?

Шавкат Мирзаев: Чиқяпти, чиқяпти. Айнан "фалончи одамники", "айнан рубоб ижросида", "айнан танбур ижросида" демайману, лекин кўп чиқяпти. Масалан, Муножат Йўлчиевага қилиб берган ашулаларим чиққан. Фақат маники эмасу, ичида мақомлар бор, халқ ашулалари бор, Муножатхонга қилиб берган дастуримиз ўшанда бор, Ўзбекистонда чиққан. Германияда, Парижда чиққанлари ҳам бор. Франция телевидениеси ишлаган 30-40 дақиқалик концертимиз бор, видеофилм...

Би-би-си: "Шавкат ака, ўзбек мусиқасининг бугуни ҳақида нима деган бўлардингиз? Ҳозирги пайтда кўплар эстрада қўшиқчилигига, замонавий мусиқа асбобларини ўрганишга ружу қўйган. Ўзбек мусиқаси борган сари йўқолиб кетаётгандек туюлмайдими? Ёки, уни асраб қолиш учун нима қилиш керак?" деб ёзган мухлисларимиздан бири.

Шавкат Мирзаев: У ишонсиз гаплар уни тагида ҳеч қанақа асос йўқ. Нимага деганингизда, битта савол: ўзбек мусиқасига, ҳақиқий классик музикасига эътибор берилмаганда Муножат шу даражага чиқармиди? Чиқмасди. Ҳозир Муножат билан концерт қўйсак, мана концерт зал тўла. Одамлар келади. Бутун дипломатия корпуслари келади. Классик мусиқа шайдолари келади. Қайтага ривожланяпти. Классик мусиқага катта эътибор бериляпти. Шу жумладан, эстрадага ҳам.

Би-би-си: Лондондан Шоҳ исмли тингловчимиз: "Ҳозирги қўзиқориндай кўпайиб кетган қўшиқчиларга мусиқани ким ёзиб беради? Айримларининг музикасига чидаса бўлади, ўғирлашган қўйган, лекин ўзбекча айтаётган қўшиғига тушунмайди одам", деб ёзганлар. Шавкат ака, умуман, бугунги эстрада қўшиқчилиги, рэп ва рок мусиқаси жанрлари ҳақида фикрингиз қандай?

Шавкат Мирзаев: Рэп-рок манга ёқмайди. Лекин, эстрада жанрида баракали ижод қилиб келаётган санъаткорлар кўп. Мана ҳозир Гулсанам Зоитова, Озодбек Назарбеков деганлари бор, чиққанларига ҳам анча бўлиб қолди. Халқнинг энг севимли эстрада қўшиқчилари шулар. Сиз айтгандек, "қўзиқориндай" чиқаётганлар, пул учун, ўзини сотиш учун ҳаракат қилаётганлар бор. Уларнинг номлари бир-икки марта чиқади-да, кейин ўчиб кетади.

Би-би-си: Яна қайси ҳофизларнинг ижодини қадрлайсиз, юқори баҳо берасиз?

Шавкат Мирзаев: Ўтиб кетган ҳофизлардан Маъмуржон Узоқов. Ҳозир тириклардан, пенсияга чиқиб кетган Фароғат Раҳматова. Матлуба Дадабоева бор. Ҳозир номлари эсимга келмайди-да. Бор шунақалар. Лекин, биринчи ўринда барибир Муножат. Муножатдек битта ўзи 2 ярим соат концерт қўядигани йўқ. Саҳнада микрофон билан беунақа айтадигани йўқ, яъни, диск қўйиб айтадиган (диск қўймай, демоқчи- Би-би-си).

Би-би-си: Шавкат ака, оилангиз ҳақида ҳам гапириб берасизми? Мана отангиз таниқли бастакор, созанда бўлганлар. Сиз у кишининг ишларини давом эттираяпсиз. Оилада яна мусиқа йўлидан кетган бирон киши борми?

Шавкат Мирзаев: Отам 1913 йилда Тошкентда туғилганлар. Рубобдан олдин мандалина чалиб филармонияга кирганлар, рубоб бўлган эмас эди унда. (19)36 йилларда Мамат Охун деган одам дор ўйнаб келган. Ўша одамдан рубобни олиб, уста Усмонга олиб бориб, уни реконструкция қилдирганлар. Оркестирга, ансамблга қўшганлар. Ундан олдин қўшилмасди у. Шундан кейин ўша Қашғарнинг ўзида ҳам машҳур бўлиб кетиб, "Тошкент рубоби" деб аташадиган бўлган. Адамлар ўша рубобга асос солганлар. Оталари дутор чалар эдилар. Адамлар ҳам мусиқага ишқибоз бўлиб, мандалина чалиб, ўзбекча куйлар чалиб юриб, санъатга кириб қолганлар. Мани санъатга киришимга адам сабабчи бўлганлар. Чалиб юрганларида ман ёнларида туриб эшитганман. Уйда бирга яшаганман. Демак, устозим ўзим билан бирга бўлган. 13-14 яшардан чала бошлаганман. Манга кичкина рубоб ясаттириб олиб келиб берганлар. 15-16 ёшим, ҳали паспорт олмасимдан олдин адамлар билан бирга битта ансамблда ишлай бошлаганман. Оилада мусиқа соҳасига ҳеч ким кетган эмас. Масалан, ман фарзандларимга айтган эмасман, "мусиқага киргин, мусиқани ўргангин", деб. Нимага деганда, мусиқани эпласангиз, хўп-хўп, эпламасангиз, оғир бўлади. Созанда бўлиш учун ёки бир санъаткор бўлиш учун ўшани тепасида юриш керак. Зўр бўлиш керак. Зўр бўлмасангиз, фойдаси йўқ бу нарсани, ундан кўра қилмаган яхши.

Би-би-си: Қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат, Шавкат ака! Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Шавкат Мирзаев: Би-би-си тингловчиларига тилагим, аввало, соғ бўлишсин. Иккинчидан, ўзбек мусиқаси билан қизиққанлари учун катта раҳмат. Ўзбек мусиқаси уларнинг соғлиғида ёрдам берсин. Мусиқа духтирлардан ҳам яхши духтир дейишадию, шунинг учун уларга соғлик-саломатлик тилайман, соғ бўлишсин!

Би-би-си: Сиз ҳам соғ бўлинг, Шавкат ака. Ижодий ишларингизга муваффақият тилаймиз!