Ўринбой Усмон: Матбуоти эркинлигига қараб демократия даъвосидаги мамлакатга баҳо берилади

Шу кунларда таниқли Ўзбек адиби ва Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон 60 ёшга тўлди.

Ўринбой Усмон 1951 йил ноябрида Тожикистоннинг собиқ Ленинобод, ҳозирги Суғд вилоятининг илгариги Хўжанд, ҳозирги Бобожон Ғафуров туманидаги Исписор қишлоғида туғилган.

У ўрта мактабни тугатганидан кейин 1968 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факультетига ўқишга кирган.

Олийгоҳни 1973 йилда якунлагач, Ўринбой Усмон Хўжанд шаҳрида тожик ва ўзбек тилларида нашр этилган "Ҳақиқати Ленинобод" рўзномасида журналистик фаолиятини бошлайди.

У бир неча йил давомида Ўзбекистоннинг "Халқ сўзи" рўзномасининг Тожикистондаги мухбири сифатида фаолият юргизган.

2000 йилдан шу кунгача Би-би-си мухбиридир.

Ўринбой Усмон Тожикистон Журналистлар Иттифоқининг Ҳожи Содиқ мукофоти, Тожикистон журналистларининг "Медиа Алянс" ташкилотининг "Журналистик устуворлиги учун" мукофоти билан тақдирланган.

Ўзбек адабиёти ихлосмандлари "Шарқ юлдузи", "Ёшлик", "Ёш куч" журналлари, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" рўзномасида эълон қилинган Ўринбой Усмоннинг ўнлаб ҳикоя ва қиссаларини яхши билишади.

Ўринбой Усмоннинг "Анқонинг уруғи" қиссасидан парча

Ўринбой Усмоннинг насрий асарлари тўпланган "Спитамен қотили", "Кўргилик", "Синчли уй" ва "Анқонинг уруғи" китоблари нашр этилган.

Адиб, "Осмондан тушган одам", "Қари қиз" ва "Муқаддас" драмаларининг ҳам муаллифидир.

Ўринбой Усмон қатор рус, булғор адабиёти асарларини ўзбек тилига таржима қилган, у охирги йилларда асосан тожик адабиёти намуналарини ўзбекчалаштирмоқда.

Шу кунларда "Таъқиб" романи, қисса ва ҳикоялари жамланган янги китоби нашрга тайёрланмоқда.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг маҳкамага тортилиши халқаро миқёсда қораланди, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Тожикистондаги сўз эркинлиги вазияти ёмонлашаётганидан хавотир билдирди.

Шунингдек, Оврўпо Иттифоқи Би-би-си мухбирининг иши борасида Тожикистон давлати ўз мавқесини очиқлаши лозимлигини таъкидлади.

Ўринбой Усмон: Матбуоти эркинлигига қараб демократия даъвосидаги мамлакатга баҳо берилади

Би-би-си: Дастлаб Ўринбой ака, ўзингиз туғилиб ўсган оилангиз, ота-онангиз ҳақида гапириб берсангиз.

Ўринбой Усмон: Ассалому алайкум! Мен Тожикистоннинг Суғд вилояти Исписор қишлоғида дунёга келганман. Отам - Усмон Умар, онам Зиннатой Абдулла қизи, икковлари ҳам маърифатли инсон бўлишган. Масалан, отам ўзбек тилидан ташқари русча, арабчада ҳам яхши гаплаша олардилар. Араб тили, араб ёзувидан билимлари бор эди. Аслида менинг адабиётга, санъатга, маданиятга қизиқишимга ота-онамнинг роллари жуда катта. Бизнинг уйда доим адабий суҳбатлар бўларди. Кўпроқ санъаткорлар келиб туришарди. Қўқондан Раҳима опа Мазоҳидова деган опамиз кўп келардилар. Қизиқ суҳбатлар эсимда. Отам адабиёт ва санъатнинг мухлиси эдилар. Мен 4-синфда ўқиганимда ёз пайти Тошкентга олиб борганлар. Муқимий театрининг "Тошболта ошиқ" спектаклига киргандик. Лекин шундан бошқа Муқимий театрининг спектаклларига бормадик. Кейинчалик улғайганимда "Тошболта ошиқ"қа отамнинг муносабатлари нега унча яхши бўлмаганини сезганман. Ўша спектаклда намозхонлар устидан ҳажв қилинган саҳналар бор эди. Эртасига Тошкентда гастрол ўтқазаётган Андижон театрининг "Нодирабегим" спектаклига кирганмиз. Ўшанда 11-12 ёшли бола эдим. Менинг саҳна асарларига, драматик асарларга муҳаббатим ўшанда пайдо бўлган. Кейинги икки йилда учта драматик асар ёздим. Мана шу асарларнинг дунёга келишида ҳам ота-онамнинг ҳиссалари катта деб ўйлайман. Журналистикага қизиқишим ҳам шундай. Отам ўша пайтдаги "Қизил Тожикистон", "Қизил Ўзбекистон" газеталарини олиб келишларини уйда пойлаб ўтирардим. Машҳур фельетонлар чиқарди уларда. Бирга ўқирдик, тушунтириб берардилар. Мен ҳаётимнинг бу тарзда ривожланишидан раҳматли ота-онамдан миннатдорман.

Баҳодир, Европа: Ассалому алайкум ҳурматли Ўринбой ака. Сизга саволим ёзувчи, шоирнинг жамиятдаги роли ҳақида. Биз мактабда ўқиган йиллари Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Садриддин Айний ва бошқа ёзувчи, шоирлар портретлари деворларда осиғлиқ турар, жамиятда ҳам ўша ёзувчи ва шоирлар доно ва мутаффаккир инсонлар деб қабул қилинар эди, уларнинг сўзларидан иқтибослар кўп келтириларди. Бугун ёзувчи ва шоир инсоннинг обрўси жамиятда ҳам, одамлар орасида ҳам тушиб кетгандек. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми? Бунинг сабабларидан бири ҳар ким ўзининг пулига китоб нашр қилаверганидамикан? Жавобингиз учун раҳмат.

Ўринбой Усмон: Баъзи шоир ва ёзувчининг обрўси тушиши ўша одамнинг шахсиятига боғлиқ. Ижодкорнинг сўзи билан иши бир бўлиши керак. У асарида бир нарсаларни тасвирлаб, аслида бошқа нарсаларни тарғиб қилиб юрадиган бўлса, бу ҳеч қачон жамият орасида обрў топадиган ижодкор ҳам, инсон ҳам бўлмайди. Лекин бу жамиятда ҳозир ҳам сўзи билан иши бир бўлган адиб, шоирлар бор, улар жамиятда ўз обрўсига эга. Энди, китоб чиқариш масаласини олсак, ўзининг пулига китоб чиқарадиган одамлар ҳам кўп. Илгари бадиий кенгашлар бўларди. Битта китоб ёзилган бўлса, олимлар, шоирлар, тажрибали ижодкорлар ўқишарди, тавсия бериларди. Бу тавсияларни кўриб кейин нашр қилиш учун режага киритиларди. Тўғри ҳозир бир, икки ой, ҳатто ундан ҳам қисқа фурсатда китоб нашр этилаяпти. Кимнинг пули ёки маблағ билан таъминлайдиган таниши бўлса, китоб чиқариш имкониятлари бор. Лекин бу китобларнинг умри унча узоқ бўлмайди. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, ўз пулига чиқариладиган китоблар орасида яхшилари ҳам бор.

Abdullo muhojir: Assalomu alaykum O'rinboy aka! Avvalambor sizni tavallud ayyomingiz va kelayotgan Qurbon hayiti bilan tabriklayman. Sizga savolim quyidagicha: Siz nima deb o'ylaysiz hozir kitobga qiziqishning susaygani kitobxon saviyasidanmi yoki yozuvchilarning xalqdan uzoqlashganidami?

Ўринбой Усмон: Раҳмат. Туғилган куним билан табриклаганлари учун миннатдорчилик билдираман. Ўзингиз ҳам шу ёшга муносиб бўлинг, юзларга кириб юринг, Абдуллажон. Саволга келсак, бир мисол келтирмоқчиман. Хўжандда Адҳам Музаффаров деган одам яшардилар. 80 ёшда дунёдан ўтган бу киши, жойлари жаннатдан бўлсин, Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кун" ларини ёддан билардилар. У кишининг оталари шоҳимардонлик Музаффар мингбошининг нодир китоблардан иборат кутубхонаси бўлган. Ўтган асрнинг 37-йилларида араб ёзувидаги китоби бор одамлар сиқувга олинган. Музаффар мингбоши фарзандларининг тақдирини ўйлаб, ўзларини қимматбаҳо китобларини ёқиб юборган. Бу фожеани кўрган у кишининг ёш ўғиллари Адҳам Музаффаров китоблардан бир нечтасини, жумладан "Ўтган кунлар"ни ҳам сақлаб қолган. У китобларни авайлаб кўмиб қўйиб, омон-омон замонларда қазиб олган. Мен у китобларни кўрганман. Аслида касби прокурор бўлган Адҳам ака "Ўтган кунлар"ни исталган еридан ёддан айтиб берардилар. Ёки бошқа мисол. Бундан икки ойча олдин тоғли қишлоқлардан бирида шоирлар билан учрашув бўлади. Бу учрашувда қатнашган шоирлардан бирининг айтишича, учрашувдан сўнг унинг олдига усти-боши чангга ботган бир йигит келади. Улар адабиёт, шеърият ҳақида узоқ суҳбатлашишади. У йигит учрашув бўлган жойдан етти чақирим наридаги қишлоқдан экан. У машина йўли олис бўлганлиги сабабли, етти чақирим ердан дала-тошлар орқали яёв келади. Ўзи мухлиси бўлган шоирни кўриш, шеърларини эшитиш учун. Бу йигитнинг айтишича, ана шу шоирнинг китобини бутун қишлоқ қўлма-қўл қилиб ўқиган экан. Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, истеъдодли ижодкор томонидан ёзилган ҳақиқий асарлар бор экан, ҳақиқий китобхонлар йўқолиб кетмайди. Бунга на компютер, на технология асри таъсир қила олишига мен унча ишонмайман. Тўғри ҳозир илгаригидек ёппасига ўқишлар йўқ. Лекин Шўролар давридаги нашриётлар "шунча китоб чиқардик" деб, кутубхоналар "шунча китобхон шунча китоб ўқиди"деб ҳисоботлар берарди. Лекин ёппасига китобхонлик дегани чинакам китобхонлик дегани эмас эди. Аслини олганда китоб ўқиш бошқа, чинакам мутоала бошқа. Мен китобхонлар талашиб ўқийдиган, муқоваларигача титилиб кетадиган китоблар яна ёзилишига ишонаман. Энди қандай китоб сотиб олиш одамларнинг савиясига, маданиятига, вақтига ва чўнтагига ҳам боғлиқ нарса. Албатта фақат компютерга суяниб, ундан ўқийдиган ёшлар ҳам бор. Масалан "Зиё.уз." сайтига кирсангиз ҳам ўзбек, ҳам жаҳон адабиёти намуналаридан ўқишингиз мумкин. Бу сайтни кузатиб, барибир адабиётга қизиқадиган мухлислар кўплигини, айрим шоир, ёзувчиларнинг асарларини минглаб одамлар ўқишга улгурганини кўрасиз.

Ўзбекистондан Собир исмли ўқувчимиз сўрабди: Ҳар бир ёзувчининг столида унинг севимли китоби туради, дейишади. Сизнинг ўша китобингиз қайси китоб?

Ўринбой Усмон: Мен Достоевский асарларини қайта-қайта ўқийман. Ҳали ёшлигимда "Жиноят ва жазо" ҳамда "Телба"ни ўқиганимда бир ойми ё ундан кўпми бу асарлар таъсирида юрганман. Инсон руҳиятининг ўта нозик қирраларигача тасвирлай олиш, қаҳрамон қилмишларини ипидан-игнасигача таҳлил этиш, юмшоқ қилиб айтганда, жамият яхши муносабатда бўлмайдиган инсонларга адиб муҳаббатининг ярқ этиб туриши - буларнинг ҳаммаси ёзувчи истеъдоди, маҳорати билан бирга ўқувчини лол қолдириши шубҳасиз, деб ўйлайман. Лекин шу билан бирга ўзимизнинг Ўзбек адабиёти, Лотин Америкаси, Япон, Франсуз адабиётидан бир қатор адиблар асарларини берилиб мутолаа қилганман.

Ўзбек ва Тожик ёзувчиларидан кимларнинг асарларини кўпроқ мутолаа қиласиз?

Ўринбой Усмон: Очиғини айтсам, манови ёзувчи менга ҳаммадан маъқул деб айта олмайман. Агар Ўзбек адабиётини оладиган бўлсак, буюк Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан чаён" романларини мен ҳар гал ўқиганимда янги бир нарса ўқиётгандай таъсирланаман. Ҳар гал бир янгилик топаман. Бу романлардаги кенг кўламлик, усталик билан яратилган ўзбекона тимсоллар, сўз ишлатиш маҳорати, бадиий образларнинг кучли эканлиги, китобхон қаҳрамонларнинг руҳий қийналишларидан ўртанганда усталик билан ҳажвий боб киритилиши, қайси бирини айтсам экан? Мен болалигимдан Худойберди Тўхтабоевнинг асарларини севиб ўқиганман. Худойберди аканинг "Беш болали йигитча"сидаги кулги ортидаги фожиага ўқувчининг чидай олиши қийин. Асқад Мухторнинг "Чинор"и, Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар"и, Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси", Мурод Муҳаммад Дўстнинг "Лолазор" романлари... Мен бу каби асарларни фақат мен эмас, кўпчилик маза қилиб ўқиган ва ўқийди деб ўйлайман. Шу ўринда Ўзбек ҳикоячилигининг сара асарлари борлигини, агар улар алоҳида тўпланиб, китоб ҳолига келтирилса ва чет тилларга таржима этилса, дунё китобхонлари учун катта совға бўлишини айтмоқчиман. Агар шундай китоб пайдо бўлса, мен унинг биринчи харидорларидан бири бўламан. Мен бу китобга Шукур Холмирзаевнинг "Чўлоқ турна", "Қишда гуллаган бодом", "Табассум", Ўткир Ҳошимовнинг "Урушнинг сўнгги қурбони", "Янга", Мурод Муҳаммад Дўстнинг "Дашту далаларда", Эркин Аъзамнинг "Анойининг жайдар олмаси" каби бир қатор ҳикоялари, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Жажман", "Қичқириқ", Олим Отахоновнинг "Муҳаббатнинг гўзал оқшоми", "Туҳфа", Назар Эшонқулнинг "Маймун етаклаган одам", "Тобут", Абдулҳамид Исмоилнинг "Сангин меҳмон", Нурулло Отахоновнинг "Оқ бино оқшомлари", Ғаффор Ҳотамов, Хайриддин Султонов, Исажон Султонов, яна бир қатор ёзувчиларни санаш мумкин, ҳикоялари киритилишини истардим. Тожик ёзувчиларидан Садриддин Айнийнинг "Судхўрнинг ўлими" асарини алоҳида завқ билан ўқийман. Дунё адабиётида яратилган қурумсоқ, зиқна одамлар образлари оз эмас. Лекин Айний домланинг Қори Ишкамбаси барибир ўзига хослиги билан ажралиб туради. Масалан, бу ўринда Қори Ишкамбанинг бошидаги соч чиқмаган жойни писанда қилган ҳолда сартарошга камроқ пул беришини эслатишнинг ўзи кифоя...

Abdulla Azimov: Assalomu alaykum O'rinboy aka. Sizga savolim, Markaziy Osiyo davlatlarida xususan O'zbekistonda matbuot va so'z erkinligi yaqin yillarda bo'lishi mumkinmi? Oldindan sizga rahmat!

Ўринбой Усмон: Келинг, яхшиси, мен ўзим яхшироқ билган Тожикистон мисолида гапирайин. Тожикистонда расман цензура, матбуот тақиқи йўқ. Мамлакатда юз бераётган кўп воқеалар тез ва бирмунча эркин ёзилади. Лекин буни кўпроқ мустақил нашрларда кўриш мумкин. Айни бир пайтда журналистлар орасида ҳамон ички тақиқни сезиш мумкин. Бунинг илдиз сабаби дея Тожикистонда фуқаролар уруши даврида ва ундан кейинги йилларда ўнлаб журналистларнинг ўлдирилиши, мажруҳ қилиниши деб кўрилади. Лекин кейинги йилларда журналистларни қамоққа олишлар кўпайгани, бир неча мустақил газета ёпилгани, журналистлар ё газеталарнинг судга берилаётгани ҳам матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оммавий матбуот қанчалик эркинлиги ё эркин эмаслигига қараб ўша мамлакатдаги демократияга баҳо берилади. Дунёвий, демократик давлат қуришни даъво қилаётган ҳар бир мамлакатда бу ҳақда ўйлаб кўришлари зарур деб ўйлайман.

Нигора: Оилангиз сизнинг ижод қилишингизга қанчалар шароит яратиб беришади?

Ўринбой Усмон: Мен яна бир бор Достоевский ҳақида эсламоқчиман.Буюк Толстой Достоевскийга ҳавас билан қараган экан. Биласизми нимага? Унинг ижодни тушунадиган рафиқаси борлигига. Ҳар битта ижодкорнинг толеи унинг оиласи, биринчи навбатда умр йўлдошининг ҳақиқий ижодни тушуна олишига боғлиқ. Мен шукур қиламанки, оиламда адабиётни тушунишади, менга ижод қилаётган пайтимда ҳар қандай шароитни яратиб беришади. Асарларимни ўқиб, фикрларини айтишади. Уларнинг фикрларини ҳам ҳисобга оламан кўпинча.

Би-би-си: Кейинги саволимиз Ўзбек тилининг бугунги аҳволи ҳақида. Ҳозир компьютер, Интернет ривожланаётгани ўзбек тилини ҳам бойитаяптими ёки қашшоқлаштиряптими?

Ўринбой Усмон: Кейинги пайтларда айрим киноларни кўряпман. Ёки ўзбек тилида чиқаётган газеталарни ўқияпман. Умуман олганда, ўзбек тили торайиб кетаётгандек. Масалан, илгариги бой, жозибали иборалар ўрнига сийқаси чиққан иборалар ишлатилади. Сўзлар ўрнида ишлатилмайди. Тил қоидаларига унчалик бўйсунилмайди. Масалан, саноқ сонини оладиган бўлсак, кўплик ўрнида ишлатиладиган сўзнинг тескариси ишлатилади. Тил ҳам бир жонли нарса. Бир жойда тўхтаб қолмайди, доим бошқа тиллардан, шевалардан ўтган сўзлар эвазига бойиб боради. Буни ҳар бир ижодкор - ёзувчими, журналист ҳисобга олиши керак. Чунки тилни бойитишда уларнинг ҳам ҳиссаси катта.

Sardor, O'zbekiston: Tojikiston va O‘zbekiston orasidagi adabiy aloqalarni, madaniy aloqalarni tiklash uchun nima qilish kerak?

Ўринбой Усмон: Адабиёт чегара билмайди, деган гап минг марталаб айтилган ва ҳали ай-тилаверади. Мен Тошкентда чиқадиган Жаҳон адабиёти" журналида Тожик адабиётидан таржималар берилаётганини эшитиб, мамнун булдим. Ўтган ҳафта Тожикистон телевидениесида Абдулла Қаҳҳорнинг "Тобутдан товуш" асари кўрсатилди. Бундан анча йиллар олдин ёзиб олинган бу асар қайта-қайта кўрсатилади. Мен қўшни халқлар адабиётига бу каби эътибор беришлар ҳар икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман. Илгарилари Тожикистонда Ўзбек адабиёти ва санъати, Ўзбекистонда Тожик адабиёти ва санъати ҳафталиклари ўтказилганда бу тадбирлар байрамга айланиб кетарди. Эсимда бор, ана шу ҳафталикларнинг бирида Хўжанддаги "Ленинобод" меҳмонхонаси олдида Бобомурод Ҳамдамов ашула айтганда, бу ерда йиғилган камида беш минг томошабиннинг ярмидан кўпи рақсга тушганди. Ё бўлмаса, Далер Назаров, Жўрабек Муродовни Ўзбекистонда қанчалик интиқ бўлиб кутишларини айтинг. Шу ўринда жорий йилда мен Тожик адабиётидан уч қиссани ўзбекчага ўгирганимни айтмоқчиман. Масалан, Меҳмон Бахтийнинг "Хубон" ва "Қария" қиссалари китоб ҳолида нашр этиш арафасида. Ана шу "Хубон" биринчи марта ўзбекчага ўгирилди. Ҳолбуки, бу қисса рус, турк, гуржи, қирғиз каби дунёнинг кўп тилларига таржима этилганди. Халқлар мудом бир-бирларининг маданиятини ўрганишга интилиб яшашган. Мен халқ иродаси ҳисобга олинишига, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода дўстлиги каби ҳозирги ёш ўзбек ва тожик адиблари, шоирлари дўстлиги икки адабиётнинг яқинлашувига хизмат қилишига ишонаман.

Би-би-си: Cамимий суҳбатингиз учун катта раҳмат! Суҳбатимиз сўнггида Би-би-си мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Ўринбой Усмон: Менга шунчалик эътибор билан, вақтларини аямай савол йўллаган барча инсонларга катта раҳмат айтмоқчиман! Би-би-си мухлисларини яқинлашаётган Қурбон Ҳайити байрами билан табриклайман!

Би-би-си: Сизга ҳам соғлик, оилавий тинчлик, ижодий бардавомлик тилаб қоламиз!