Жавоҳир Зокиров: 'Салбий ролларни севиб ижро этаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Таниқли санъаткорлар - Зокировлар сулоласидан бўлган Жавоҳир Зокиров 1972 йил Тошкент шаҳрида туғилган.

У санъат соҳасини танлашига энг асосий ролни оиласи ўйнаганини айтади.

"Яқинларим, бувим, додам, ойим, дадам ҳаммалари санъатда бўлишган...Додам Карим Зокиров опера солисти эдилар. Бувим Шоиста Саидова лапарчи бўлганлар. Биринчи бўлиб, ашула билан рақсни боғлаган ўзбек аёли мани бувим бўладилар. Аммо, кейинчалик фарзандлари туғилганидан сўнг, санъат соҳасидан кетиб, уйда болалар тарбияси билан шуғулланганлар", дейди Жавоҳир.

Жавоҳирнинг кинодаги илк фаолияти "боғча боласи бўлган пайтидан" бошланган.

"5-6 ёш бўлсам керак, ўшанда болалар учун олинган "Эртага кўчага чиқасанми" деб номланган филмда кичкина бир сюжетда ўйнаганман. Лекин, биринчи катта ролни 14 ёшимда "Тирналган" ("Царапина") филмида ўйнаганман", дейди у.

Жавоҳир Ўзбекистонда "Болалар" гуруҳининг етакчи хонандаси ва ташкилотчиларидан бўлган.

"Безори" бўлганим учун 46-мактабдан ҳайдаб юборишган. Кейин уйимизга яқин жойдаги мактабга қатнай бошлаганман. У ерда дўстлашган Баҳодир Пўлатов исмли ўртоғим мени Тоҳир Содиқовга таништирган. Кейин ман уларнинг ҳаммасини Руслан Шариповнинг олдига олиб бориб, "Болалар" гуруҳини тузишга аҳд қилганмиз", дея эслайди Жавоҳир Зокиров.

Аммо, гуруҳ "Ҳаммага салом! Сизнинг хизматингизда Тошкентнинг энг зўр гуруҳи - Болалар!" деб номланган илк албомини мухлисларга тақдим этганидан кўп ўтмай, у Москвага таълим олиш учун кетади. Жавоҳир Зокиров 1990-1994 йилларда Москва Давлат кинематография институтида таҳсил олган.

Жавоҳир ҳозиргача "Катта урушдаги кичик одам" (таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов олган), "Воиз" (режиссёр Юсуф Розиқов), "Тоҳир ва Зуҳра", "Буюк Амир Темур", "Тўйлар муборак-2", "БоБаБу" (режиссёр Али Ҳамраев), "Кўргулик" каби ва яна қатор филмларда муваффақиятли образлар яратган.

У яқинда Қозоғистондаги киноижодкорлари билан ҳам ҳамкорликда ишлагани ва у ерда филмда суратга тушгани ҳақида айтади.

Жавоҳир Зокиров ТВ Марказ хусусий канали учун авторлик дастурлари тайёрлаган.

Санъаткор бир неча йил олдин Би-би-сининг "Соғлиғингиз ўз қўлингизда" деб номланган лойиҳаси учун мусиқалар ёзган.

У ҳозирда ашулачилик соҳасига яна қайтгани, марҳум Ботир Зокиров ижро этган қўшиқларни янги талқинда қайта ишлаб, куйлаётганини айтади.

Жавоҳир Зокиров билан суҳбат

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик таниқли актёр Жавоҳир Зокиров бўладилар. Ассалому алайкум Жавоҳир, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Жавоҳир Зокиров: Ассалому алайкум!

Би-би-си: Илк саволимиз Лондондан, S деб ном қўйган тингловчимиз ёзадилар: "Жавоҳир, сиз билан суҳбатни тинглашни кутяпман. Ман сизларнинг сулоладаги санъатчиларни ўзимча ҳурмат қилиб юраман. Ҳозирда Ўзбекистонда актёр бўлиш қанчалик осон? Ва актёр бўлган одамнинг косаси оқарадими? Ҳозирда нималар билан бандсиз? Жавобингиз учун раҳмат". Марҳамат, Жавоҳир.

Жавоҳир Зокиров: Актёр бўлиш баъзилар учун осон бўлиб қолган. Чунки, уларнинг бозорлари жуда ҳам чаққон. Ман ёш санъаткорлар, ёш киноактёрлар - Алишер Узоқов, Улуғбек Қодиров, Фаррух Соипов ва яна кўп-кўп йигитлар тўғрисида айтишим мумкин. Лекин, ман ўзбек киносида камдан-кам рол ўйнайман. Кўпинча, Москвада, мана Қозоғистонда бир асосий ролни ижро этдим. Энди бу ёққа қайтсак, ҳозирги пайтда ёшларнинг кўплари актёр бўлиб кетяпти. Ҳатто, қўшиқчилар ҳам ҳозир актёрлик анақаси билан банд. Буни плюс томонлари бор, минус томонлари бор. Чунки, актёрлик жуда ҳам қийин нарса. Ўқиш керак. Ҳозирги пайтда ўқимасдан ҳам актёр бўлиб кетишяпти. "Косаси оқарадими", дегани, бу жуда ҳам яхши саволки, юқорида тилга олган актёрларимиз эшитишим бўйича жуда ҳам яхши гонорарлар олишади. Бизнинг актёримиз бор - Мурод Ражабов ҳаммага таниқли, энг қиммат актёр ҳисобланади Ўзбекистонда. Ман ўйлайманки, "оқаради", энди бу ҳам бир омадга боғлиқ ва яна қанақадир дўстларга, билмайман, маҳоратга деса ҳам бўлади. Энди ҳозирда нима билан банд эканимга келсак, янги қўшиқлар устида иш юритяпмиз. Ботир Зокиров қўшиқларини кўпроқ эшитиб, бугунги замонавий даврда яна ўзимизнинг ўзбек қўшиқларига аҳамият беришга аҳд қилдим. Ҳозир айнан Ботир Зокиров қўшиқларини янги талқинда ижро этиш билан бандман. Ва янги кинолардан секин-секин таклифлар тушиб турибди. Кўрамиз, нима бўлар экан буёғи...

Би-би-си: Исмни билдирмаган мухлисимиз: "Салом Жавоҳир, қайси филм ижодкорларини ҳурмат қиласиз? Ўзбекистонда энг зўри деб кимларни айта оласиз? Ота-онангиз ҳам санъаткорлар, бирон ролни ижро этаётган пайтингиз улардан ҳам маслаҳатлар олиб турасизми?" дея мактуб йўллабдилар. Жавоҳир Зокиров: Албатта, ман ҳар доим маслаҳат сўрайман ва кўп киноларимизни биргаликда қилганмиз. Лекин, баъзида маслаҳат сўрамаган пайтларим ҳам бор. Қанақа ҳолат бўлишига назар ташлайман-да, қийинроқ нарса бўлса, албатта, ман сўрайман маслаҳат. Чунки, ойим билан адам жуда маҳоратли актёрлар, ман ролларини яхши кўраман. Биринчи саволга қайтсак, ман жуда кўп муаллифлар, актёрлар, режиссёрларни ҳурмат қиламан. Лекин, биттаси шунақа бор, энг зўри дея олмайман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си: Яна бир мактубни ўқиб берсам: "Ассалому алайкум Жавоҳир ака! Яхшимисиз? Тўғрисини айтсам, рол ўйнашни қойилмақом қилиб бажарасиз! Масалан, Тоҳир Зуҳрани олайлик, филмни кўрганинг сари кўргинг келади. Айниқса, комик ролларни ортиғи билан бажарасиз. Сизга берадиган саволим: бу ролларни табиатан шундай инсон эканлигингиз учун ўхшата оласизми ёки ўқув йиллари давомида ўрганганмисиз?"

Жавоҳир Зокиров: Ўқиб юрган йилларимда жуда зўр усталарни кўрганман. Жуда кўп санъаткорлар, режиссёрлар, муаллифлар билан ишлаганман. Ва ўйлайманки, бу нарса ўзидан-ўзи зўр бўлиб қолмайди. Ўзидан-ўзи талант экан, шунинг учун зўр қилади, деган гапларга ҳеч қачон ишонмайман. Чунки, ҳар бир зўр санъаткор, агар зўр бўлса, барибир уста кўриши шарт. Ман Баталовдан, ўзимни устозимдан, бу ерда ишлаган катта-катта санъаткорлардан, ўзимизнинг ўзбек санъаткорларидан миннатдорман. Ёшлигимдан театрда ҳам бўлиб, бу нарсаларни кўриб борганман. Ўшанинг учун, бу албатта, ҳаммаси мактаб кўришга боғлиқ бўлади. Ва кейин ўзимдан чиқиб келаман, албатта, ўзимдан қочиб қаерга бораман.

Би-би-си: Раҳмат Жавоҳир. Яна бир тингловчимиз: "Ассалому алайкум Жавоҳир ака, Сизга саволим шу: кўп филмларда Сизни салбий образларда кўрамиз ва юқори маҳорат билан ўйнайсиз. Айниқса, "Паноҳ" филмидаги образни зўр ўйнагансиз. Айтингчи, салбий образларнинг ҳаётингизга қандай таъсири қандай бўлган? Жавоҳир Зокиров: Демак, бу салбий образлар шунақа образларки, ҳаётга тўғридан-тўғри тааллуқли жойи бор. Мани нимагадир ўзи ёмон, деб ўйлашади. Мана ҳинд актёрларининг ёмон ролни ўйнайдиганлари кўпроқ пул оларкан. Чунки, кейин уларни халқ севмасдан, ҳаётда ҳам у нобакор, ичиқора одам экан, деб ўйлашади. Бунақа томонларини ҳам кўрганмиз. Лекин, манга салбий ролларни кўпроқ беришганига сабаб, ман ўзим уларни севиб ижро этаман. Чунки, ўйлайманки, салбий ролни қойилмақом қилсангиз, ўшанда томошабин бу одамни жуда ёмон кўриб қолади. Ман шунақа қиламанки, томошабин ёмон кўрсин бу ёмон одамларни, узоқлашсин, уларга яқинлашмасин. Кейин ёмон томони - ҳамма нарсанинг ёмон энергияси бор, барибир таъсири бўлади.

Би-би-си: Жавоҳир кимларни устоз деб биласиз?

Жавоҳир Зокиров: Устоз, кинода тушган таниқли актёрлар бўлган. Масалан, Рустам Саъдуллаев, биринчи марта кинода катта ролни бирга ўйнаганмиз. Дилорам Қамбарова бор эдилар. Москвада ўқиган пайтимда Алексей Владимирович Баталов бўлган. Кейин ман ўзимнинг устозим деб дадамни биламан. Чунки, дадам ролни шунақа маромига етказадиларки...Бу ғалати нарса, мана театрнинг актёри бор ва кинонинг актёри бор. Кинода зўр чиқадиган актёр, театрда қойилмақом қилиб бажара олмайди. Дадам шунақа бир актёрларки, театрда ҳам зўр, кинода ҳам "органика"лари жуда ҳам кучли. Шунинг учун, ман дадамни ҳам ўзимни устозим, деб биламан. Албатта, аям ҳам бу ёққа қўшиладилар.

Би-би-си: Лондондан Шоҳ исмли тингловчимиз: "Салом Жавоҳир, нима учун ўзбек филмлари Ҳолливуд ёки Болливуддаги каби шуҳрат қозона олмайди? Раҳмат", деб сўрабдилар. Жавоҳир Зокиров: Мана бу йил "Олтин гепард" деган форум очилди бизда, Ўзбекистонда. Шу нарса бўлганидан ман жуда ҳам хурсанд бўлдимки, энди кинога қанақадир аҳамият беришди ва ўйлайманки, қанақадир яхши ғоялар бўлса, Болливуд ёки Ҳолливудга чиқамиз. Нимага чиқа олмаймиз, деганда, ҳамма нарса биринчи бўлиб пулга, ўша бюджетга тақалади. Бюджетдан чиқиб, секин - секин ривожланиб, кейинги йил бўлмаса, яна кейинги йил, шу нарсага қўл урдик, энди охиригача олиб борамиз, Худо хоҳласа.

Би-би-си: Ҳозир олинаётган кўплаб ўзбек филмларининг кўплари савияси паст экани айтилади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

Жавоҳир Зокиров: Ман ўйлайманки, муаллифларнинг ўзларини савияси паст. Энди уларга сиз йўқ, унақа бўлмайди кино, бунақа бўлади, деб уқтира олмайсиз. Ҳамма нарса ўша муаллифнинг ўзига бориб тақалади, деб ўйлайман. Кейин ўша ҳомий берган пулни оқлай, бу нарса бачкана бўлса, кўпроқ одам келади, деган нарса ҳам бор. Пул, малбағнинг орқасидан санъатдан узоқлашиб кетиб қолишади-да, савияси ҳам паст бўлиб қолади, манимча, бу мани фикрим. Одам ўзининг устида кўп ишлаши керак. Ҳар битта муаллиф кино қилишдан олдин нимага бу кинони қиляпман, нима хоҳлаяпман, нима айтишни истаяпман, ё таниқли бўлмоқчиман ё пул ишламоқчиман ё одамларга қанақадир фикрни етказмоқчиман деган мақсадларини аниқлаштириб олса, шаклланади. Ҳозир шу ўзгарадиган даражада бўлиб турибди ҳаммаси. Ўйлайманки, ўзгариб қолади.

Би-би-си: Мана Қозоғистонда кино тушиб келганингизни айтдингиз. Умуман, ўзбек киноси билан қозоқ киносини солиштирганда қандай фарқларни кўрасиз?

Жавоҳир Зокиров: Қозоғистонда ҳозир жуда ривожланиб кетган, чунки у ерда кинога маблағни аяшмайди. Кейин жанрлар кўп. Акшинларни ҳам олиб боришяпти...Лекин, уларни минуслари ҳам бор. Мана ўша кинони олишди. Бир йилдан бери чиқмаяпти.

Би-би-си: "Болалар" гуруҳининг ташкилотчиларидан бири бўлгансиз. Кейин гуруҳдан чиқиб кетгансиз. Ҳозир ҳам "Болалар" гуруҳидаги дўстларингиз билан кўришиб турасизми? Яна шундай бир гуруҳ тузган бўлармидингиз?

Жавоҳир Зокиров: Йўқ, тузмасдим. Чунки, ёшлик пайтларимизда "Ласковый май" деган гуруҳ жуда шуҳрат қозонган эди. Шуни ёқтириб, биз ҳам "Болалар"ни тузганмиз. Лекин, кўпроқ оргинал қўшиқларимиз ҳам бўлган. Ўйлайманки, ўша пайтларда - 1990 - йилларда бу нарса долзарб эди. Ҳозир жуда кўп гуруҳлар пайдо бўлди. Ва "Болалар" гуруҳидаги дўстлар билан камдан-кам кўришиб турамиз. Кўришганда ўша пайтларни эслаб, суҳбатлашамиз. Шунақа.

Би-би-си: Сиз таниқли санъаткорлар сулоласидансиз, оилангиз ҳақида ҳам гапириб берасизми, оиладаги ёш авлод орасида Сиз каби санъат йўлидан кетганлар ҳам кўпми?

Жавоҳир Зокиров: Синглим бор. Исми Оҳиста. Оҳиста санъатшунос бизда. Лекин, актёрлик йўналишида кетмаган. Фарруҳ амакимнинг ўғли иқтисодчи бўлган. Кўплари артист эмасу, лекин ман шу йўлни танлаганим сабаби - аям, дадам, ҳаммаси театрда бўлишган, 40 йилдан бери ишлашади, киноларга тушишади.

Би-би-си: Жавоҳир, қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Би-би-си мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Жавоҳир Зокиров: Би-би-си мухлисларига ҳар доим яхши кайфият тилайман, яхши ниятлар қилинг, соғ бўлинг, саломат бўлинг, бахтга чўмилиб юринг!

Би-би-си: Раҳмат, Сизга ҳам ижодий муваффақиятлар тилаймиз!

Суҳбатни шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk

SMS телефон рақамимиз: +44 (0) 207 5571709