Лола Элтоева: 'Образга чуқур кириб кетаман. 'Ўтган кунлар'даги Зайнабни ўйнаб қаттиқ касал бўлганман'

Image caption Лола Элтоева ўзбек кинематографияси кескин ўзгаришларга юз тутган даврнинг маҳсулидир

Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли актриса Лола Элтоева.

Лола Элтоева 1990-йиллар бошидан бери фильм ва театр саҳнасидаги роллари билан муҳлисларга танилган.

У мустақиллик йилларининг бошида "Қуёши ботмайдиган юрт" фильмидаги қишлоқ қизи Малика роли билан маҳоратли актриса сифатида кўпларнинг мақтовига сазовор бўлганди.

Лола Элтоева 1995 йилда ишланган "Масхарабоз" фильмидаги образи унинг ўз характерини акс эттирган рол бўлганини айтиб келади.

У, шунингдек, "Ўтган кунлар" фильмидаги Зайнаб образи, "Адибнинг умри" спектакли, "Домла" телесериали, "Воиз" фильми, ҳамда "Келгинди куёв" фильмидаги роллари билан ўз репертуарини янада бойитган.

Лола Элтоеванинг кўплаб муҳлислари уни Болливуд юлдузи Кажолга ўхшатишади.

Унинг ўзи шу кунларда Кажолнинг ролларига ўзбек тилида овоз бериб келаётганини айтади.

Асли тошкентлик Лола Элтоева ўзбек фильм ва театр санъатида оддий ўзбек қизининг сиймосини маҳорат ва ишонувчанлик билан ярата олган санъаткордир.

У турмушга чиққан, уч фарзанднинг онасидир.

Лола Элтоева муҳлисларимиз саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Сизга жуда кўп саволлар келди. Баъзи муҳлисларингиз савол эмас, сизга тилакларини йўллашган. Масалан Кореядан Шерзодбек Алимов қўйидагича мактуб йўллаган:

"Lola Eltoyivaga kelsak, men juda yahshi kurib tomosha qilaman bu aktirisani juda hurmat qilaman, qoilmaqom qilib rol ijro etadida, hozir Koreyadaman, ayniqsa yaqinda internetda qo'ygan filmni kurib yana hursand buldim, "Oling quda, bering quda" juda zur ekan. LOLA ELTOYEVADEK AKTIRISALAR KUPAYSIN ILTIMOS SHARHIMMI UQINGLAR".

Саволларга ўтсак - Россиянинг Тюмень вилоятидан Мафтунанинг саволи қуйидагича:

"Ассалому алейкум Лола опа, айтингчи сизни бу касбни танлашингизда нима туртки берган, ўйнаган ролларингиз орасида қайси ролни севиб ижро этгансиз ва қай бир ролингизда ўзингизни ижро этгансиз?"

Элтоева: Раҳмат. Авваламбор, ассалому алайкум. Ушбу эшиттиришга таклиф қилганингиздан миннатдорман. Ижодимга муҳлисларим, ватандошларим шунчалик катта аҳамият беришар экан, бу менинг кўнглимни тоғдек кўтарди. Мен ҳозирча ўзимни устозлардан яхши сабоқ олиб, шогирд бир санъаткор деб биламан. Ҳали қиладиган ишларим кўп, ҳали олдинда. Ва мен барча мухлисларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман, раҳмат тилакларинглар учун, саволларинглар учун раҳмат... Мени ушбу йўлга, санъатга меҳр қўйдирган инсон онам бўладилар. Болалигимдан онам санъатнинг барча турларига қизиққан инсон бўлганлар. Айниқса актёрликка қизиққанлар ва негадир кўнгилларининг тубида "менинг фарзандим актриса бўлса яхши бўларди" деб ўйлар эканлар, лекин очиқ ҳеч кимга айтмаганлар. Менинг нафақат кино, балки театр санъатига ҳам меҳрим баланд бўлиб ўсганман. Адамлар ҳам санъатни жуда севардилар, лекин менга қаттиққўл эдилар. Бошқа соҳани танлашимни ота сифатида истар эдилар. Лекин менинг хоҳишимни кўриб, йўқ демаганлар. Бажонидил онам билан иккаловлари қўллаб-қувватлашган ва мен санъат даргоҳига қадам қўйганман... Роллар масаласига келсам, шу саволни беришларини билардим. Ролларим менга ҳаммаси қадрли, ҳар бир ўйнаган образимиз фарзандларимиздек бўлиб қолади. Лекин, орасида менга асосан "Қуёши ботмайдиган юрт" фильмидаги Малика роли жуда қадрли. Ўзимни ижро этишга келсак, балки баъзи ролларимда қайсидир қирраларим бордир. Лекин, умумий айтганда, мен бўлиб ижро этган ролим йўқ. Лекин, яхши бўларди шундай рол ижро этсам (кулади)... Мана яқинда ёш режиссерларимиздан бири "Лола опа, сизни кўриб ҳавасим келиб кетаяпти" деди. Премьерага жуда кам вақт қолганди, мен болам билан бўлиб кеч қолдим. Улар "Лола опа, сизсиз саҳнага чиқмаймиз" дейишди. Югуриб бориб, "сиз буни ушлаб туринг, сиз буни олиб туринг" деб, шошилиб, йўл-йўлакай кийиниб, туфлини илдириб чиқсам, "Лола опа, сиз ўзингиз ҳақида бир фильм яратиш керак экан" деб кулишди. Балки, Худо хоҳласа, бўлиб қолар...

Би-би-си: Шунга ўхшаш савол Тошкентдан Мубинадан келган:

"Qaysi rolni ijro etishda (teatr va kinoda) eng ko'p qiyinchilikka duch kelgansiz?"

Элтоева: Раҳмат. Биласизми, менинг ролларим жуда драматик, психологик жиҳатдан қийин бўлган роллар эди. Шунинг учун, барча ролларим менга қийинчилик билан келади, яъни кино олинаётганда ё спектакль ишланаётганда мен ролнинг ичига кираман. Мен ўша образим тилидан гапира бошлайман. Хоҳлайсизми йўқми, барибир унинг руҳияти сизга ўтади... Ижодкор сифатида дилимда сезиб турганимни сизга ҳозир айтолмасам керак.

Би-би-си: Масалан, сиз ижро этаётган образ ўта тушкунликка тушган бўлса, бу сизнинг ҳам бир неча кун кўнглингиз ғаш бўлишига сабаб бўладими?

Элтоева: Албатта... Ҳозир сиз савол бердингиз, мен жавоб беролмаганимнинг сабаби, мен жуда ҳаяжонланиб кетдим... Чунки ўша ролларимни эслашни бошладим, ҳаммаси кинолентадан кўзимнинг олдидан ўта бошлади. Телефон орқали ҳозир менинг ҳолатимни кўрмаяпсизлар... Мен кўпинча кўп нарсани кулиб енгишга ҳаракат қиламан. Дардларимни ҳам, оғир лаҳзаларни ҳам. Лекин, ҳозир жуда ҳаяжонга тушиб кетдим. Албатта, бўлади таъсири. Бу "Қуёши ботмайдиган юрт"да ҳам бўлган. Режиссёримиз Дилором Каримова шундай инсонларки... Аёл киши бўлганлари учун, у кишининг нозик томонлари бор. Эркак режиссёрлар ҳис қила олмайдиган нарсаларни аёл режиссёрлар сезади деб ўйлайман. Дилором опа мен шундай руҳиятга киргазар эди. Биз машинага ўтириб, съёмка жойига боргунимизча, ҳамма ўшандай руҳдаги муҳитда бўларди. Нафақат актёрлар, ўзларидан бошлаб чироқ устаси борми, овоз режиссёри борми, саҳнани тузатадиган болаларми, ҳаттоки ҳайдовчимиз ҳам шундай ҳолатда бўларди, чунки Дилором опа шундай аура яратиб, шу руҳиятга киргазар эдилар. Мен шу фильма Маликани ўйнаганимда жуда қаттиқ таъсирланганман. Ундан кейин, "Ўтган кунлар" фильмидаги Зайнаб ролимдан ҳам жуда қаттиқ таъсирланганман. Ҳаттоки, Кумушни ўйнаган партнёримга бошқача кўз билан қарай бошлаганман. Образга киргандим. Мен ўзимни ташқаридан кузатиб, ҳайрон қолардим. У пайти ҳали турмушга чиқмагандим, шунинг учун Зайнабнинг ҳиссиётларини ҳис қилиш мен учун жуда қийин эди. Лекин, асарнинг ичига кириб олганимдан кейин, шунақа ҳиссиёт пайдо бўлдики, бу жуда даҳшатли нарса бўлиб, уфф, бўғзимда шундай тиқилиб турарди... Ҳеч кимга айтолмасдим ҳам. Кумушни ўйнаган қиз актриса бўлмагани ва мен профессионал актриса бўлганим учун, унга Кумушни ролини ўргатардим. Бора-бора фильмнинг ўртасига борганда ўргатгим келмай қолган. Чунки мен ўзимнинг Зайнаб ролимга чуқур кириб кетгандим. Охирги саҳнада мен Қабристонга келиб, "Бегим, мен Кумушман" деганимда, бир кичкинагина, сонияларда ўтиб кетадиган кадр жуда машаққатли тарзда олинган. Қўқондаги Нодирабегим қабристонида, совуқда, декабр ойи бошида, ҳамма қалин кийиниб олганди. Кумуш қабрига Отабек йиғлаб келганида... Мен сизга гапираяпману, ишонасизми, ҳаммаёғимни титроқ босаяпти. Ўшанда Зайнабнинг севгиси шунчалик кучлики, қаранг, ёш гўдаклиги, аҳмоқлигини қаранг-да, "мен Кумушни ўлдириб, ўзим Отабекнинг севиклиси бўлиб қоламан" деб ўйлайди. Эси оғиб қолади. Ўша саҳнада мен оёқяланг, битта ички кўйлакда сочларим ёйилган ҳолатда ёмғир-қор ичида, совуқда бир неча соат олинган саҳнада ўйнаганман. Эртаси куни Тошкентда спектаклда ўйнаш учун учишим керак, лекин ҳаво ёмонлигидан учиш мумкин эмас дейилди. Шамоли қаттиқ бўлар экан Қўқоннинг. Шу фильмдан кейин мен қаттиқ оғриб, касал бўлиб қолганман. Шунчалик ҳолатга кириб қолгандим.

Би-би-си: Кейинги савол Лондондан, Йўлдош Жўрабоевдан:

Image caption Лола Элтоева ўзбек кино ва театр саҳнасидаги энг фаол актрисалардан

"Hurmatli Lola opa, 90 yillarni ohirlarida Hamza teatrini sahnasida Buyuk San'at arboblari qatorida siz bilan bir sahnaga bir nech bor chiqish menga nasib qilgan edi. Oshanda siz allaqachon halqni og'ziga tushgan Lola Eltoeva edingiz. Oradan yillar o'tib, ismingiz yoniga 5ta yulduz qo'shilib e'lga ma'lum va mashur san'atkor bo'libsizki O'sha Lola Eltoevaning madaniyati, samimiyligi haligacha saqlanib qolgan. Ming afsuslar bo'lsinkim hozirgi yosh akter va aktrisalarda shu fazilatlar juda kamdan kam uchraydi. Buning sababi ularning savodsizligidami? Hech qanday san'at maktabisiz ekranga otilib chiqib ertasiga mashhur bolib ketishidami? Sizga mashhurlik kasalligiga chalinmaganingiz ustozlaringizni tarbiyasidan deb oy'lasizmi yoki bu har bir insonning ichki dunyosiga bog'liqmi?"

Шунга ўхшаш яна бир савол Жанубий Кореядан Жалолиддиндан:

"Sizga savolim shundayki nima uchun sa'natkorlar salgina tanilgandan kibirga berilib oddiy xalqqa past nazarda qaraydi???"

Элтоева: Раҳмат, Йўлдошбек. Менга жуда катта баҳо берибдилар. Каттакон раҳмат. Бу инсоннинг ички дунёсига боғлиқ деб ўйлайман. Албатта, оиладаги тарбияси, шу билан бир қаторда санъат даргоҳида устозларидан олган тарбияси ҳам бўлса керак деб ўйлайман. Бу ҳақда бир нарса деб айтолмайман... Ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Лекин ҳозиги пайтда, тўғри, бу кўпларнинг ғашини келтиради. Ёшлар ичида кўп учраб туради. Афсус. Менимча, ўзларига келиб олишса керак. Айниқса кино соҳасида бу сезилади. Лекин, биз театрда ишлайдиган актёрлар шуни четда туриб кўриб турамиз, ва "у театрга келса, саҳнага чиқиб кўрса, ҳар бир чиғириқдан ўтса, устоз кўрса" деб турамиз. Бу устоз кўрмасликда ҳам бўлса керак. Атроф-муҳит ҳам инсонни ўзгартириб қўяди. Ўйнаган роли, бирми, иккими, майли учта рол бўлсин, у ўзига танқидий кўз билан қарамаслиги мумкин. У атрофидагилар бераётган баҳодан машҳурлик касалига чалинади... Лекин, (кулади) машҳурлик деган сўзни ишлатиш нотўғри деб ўйлайман. Чунки, машҳур бўлиш жуда қийин. Ҳақиқатдан ҳам йиллар оша қилган ишлари билан асрдан асрга ўтадиган машҳур инсонлар бор. Лекин, ҳозиргилари бу вақтинчалик таниқлилик. Шундай ёнади, ва ўчади... Кўпи тарбияга боғлиқ.

Би-би-си: Тарбия ҳақида бир яхши савол X-BI исмли муҳлисимиздан, Тошкентдан келган:

"Hurmatli Lola opa, mana siz san'at dunyosining yorqin vakillaridan birisiz. Hozirgi teatr va kinoning tarbyaviy ahamiyati haqida nimalar deyolasiz?"

Элтоева: Театр ва кино тарбиялаши мумкин одамни. Бизда Миллий академик драма театримизда кўпгина тарбиявий асарларимиз бор. Масалан, мактабнинг еттинчи синфидан тўққизинчи синфигача бўлган ўқувчилар Ойбекнинг 100 йиллигига бағишланган спектаклимни томоша қилишган экан. "Адибнинг умри" деган спектакль Ойбек домламизга бағишланган. Мен Ойбекнинг рафиқалари Зарифа Саидносировани ўйнаганман. Мана шу спектаклдан кейин болалар уйга кетмасдан, анча туриб саволлар беришган, фикрлашишган. "Ойбекнинг ижодига бошқа кўз билан қараяпмиз, шундай ажойиб инсон бўлган экан ва аёллари Зарифа Саидносировадан кўп нарсани ўрганишимиз керак экан" дейишганди қизлар. Мен жуда ҳам ҳурсанд бўлганман. Тушунаяпсизми, биз бу асар билан уларга қанча билим бердик. Улар кейин "Зарифа Саидносированинг "Ойбегим" деган китобларини ҳаммамиз сотиб олдик, Лола опа, ҳаммамиз адабиёт дарсида ўрганаяпмиз" деб мени жудаям ҳурсанд қилишганди.

Би-би-си: Айни тингловчимиз саволини қуйидагича давом эттирган:

"Sahnada yengil yelpi spektakllar. Kinoteatrlarda savyasi past filmlar kundan kunga ko'payib ketayapti va san'atning sehrli kuchi yo'qolib borayotganday go'yo... Insonga ma'naviy ozuqa beradigan san'at jar yoqasiga kelib qolmadimi? Nima deb o'ylaysiz?

Истамбулдан Али исмли тингловчи саволи ҳам шунга боғлиқ:

"Assalomu aleykum Lola opa, sizningcha özbek kinosiga yangicha senariy va yangicha uslub kerar emasmikin özbek kinosi faqat sevgi va muhabbatga bog'lanib qolmadimi?"

Элтоева: Раҳмат саволлар учун. Энди, биласизми, бу укамиз фақат севги-муҳаббат билан боғлиқ фильмларни кўргандирлар. Албатта, бу бор гап, ҳозир жуда кўп тижорат фильмлари олинаяпти. Лекин, бизнинг ўзимизнинг "Ўзбекфильм" томонидан олинаётган фильмларимиз бор, яъни давлат фильмлари. Улар орасида кўрса арзийдиган, жуда савияни чархлайдиган фильмлар бор. Улар чуқур мавзуга, драматик кучга эга, ёшларга тарбия берадиган фильмлар жудаям кўп... Фақат, минг афсуски, уларга ёшлар қизиқиб тушишмайди. Шу фильмлар ҳам кўпроқ реклама қилинса...

Би-би-си: Шу фильмлардан мисол келтира оласизми? Чунки Англиядан Шоҳиста ҳам шу борасида сўраган:

"Mahallada duv duv gap", "Kelinlar qo'zg'oloni" hali hali bizning qalblarda chuqur o'rin olib keladi, shunga o'xshash asarlar yaratilmoqdami?"

Элтоева: Фильмлар жудаям кўп... Йўқ, жуда кўп деб бўлмайди-ку, лекин, бор. Мисол учун, мана режиссёр Юсуф Розиқов билан олган "Воиз" фильмимизни айтиб ўтишим мумкин. Ёки "Дилхирож" фильми, "Эркак" бадиий фильми жуда яхши фильм. Ҳозир яхши ёш режиссёрларимиз янги йўналишдаги яхши фильмларни яратишаяпти, мана "Илова" ва "Қўрғошин" фильмларини тавсия қиламан. Аюб Шаҳобиддиновнинг "Ўтов" фильмини ҳам тавсия қиламан. Жуда кўп фильмлар, лекин ҳозир ёдимга тушмаяпти...

Би-би-си: Жанубий Кореядан Ҳусниддин қуйидаги саволни йўллабди:

"Lola opa, hozirgi kundagi aktrisalar kupchililigi sanat deb oilasidan voz kechishyabdi, mana siz oilani ham aktrisalikni ham eplayabsiz, ularga qanday maslahat berasiz, eringiz qanday qaraydi kasbingizga?"

Англиядан Нилуфарнинг саволи ҳам шунга ўхшаш:

"Uch farzanding onasi ekansiz. Bunday talabchan kasb bilan qanday qilib farzandlarizga yetarlicha e'tibor berishga ulgurasiz?"

Элтоева: Раҳмат Нилуфархон, Ҳусниддин, саволинглар учун. Авваламбор, мен турмуш ўртоғимдан сўз очмоқчиман. Мен шунчалар ижод қилиб келаётганимга турмуш ўртоғимга миннатдорчилигимни билдириб қўймоқчиман. Улар агар мени тушунмаганларида, ё қўллаб-қувватламаганларида мен бу даражага етмаган бўлардим. Ҳозирги пайтда фарзандларим бўлишига қарамай, қийинчиликлар ё машаққатли съёмкалар бўлиб қолса, "Дадаси, нима дейсиз, шунақа узоқда бўлар экан, қандай эплайман?" десам, "Йўқ, эплайсиз, сиз шу соҳада ишлаяпсизми, албатта, эплайсиз," деб менга мадад берадилар. Бу жуда ҳам катта нарса мен учун. Улар менинг ҳамдардим, ҳамфикрим. Турмуш ўртоғим билан бамаслаҳат ролларни танлайман. Масалан, Россиялардан сценарийлар келиб қолади, уларни бирга ўқиймиз ва турмуш ўртоғим қўллаб-қувватламаса, мен рад жавобини бераман. Чунки, бизнинг ўзбекона миллийлигимиз бор. Биз ўз менталитетимизга албатта риоя қилишимиз керак деб ўйлайман. Ўзимизнинг йўналиш, ибо, ҳаёмиз бор, шуни асрашимиз керак. Оиладан воз кечганларга келсак, ўз вақтида оила қурмаган инсонлар ҳақида эшитаман. Бизнинг театрда ундай инсонлар йўқ, биздаги актрисалар иккала томонни ҳам бирдек ушлашга ҳаракат қилишади. Лекин, санъатни деб оиладан воз кечган одамлар кейин жуда афсусланиб, ёлғиз ўтишганини эшитганман. Лекин, ортга қайтишнинг иложи йўқ.

Би-би-си: Шуҳрат Ҳайдаровнинг саволи театр ҳақида:

"Kinochilik sohasidan farqli, teatr O'zbekistonda deyarli, agar shunday aytish mumkin bo'lsa, bir "o'lik" san'atga aylanib qolgan.To'g'ri,poytaxtda teatrlar faoliyati birmuncha yaxshi bo'lsada,ularga kiradigan talabgorlar soni nihoyatda oz,viloyatlarda esa teatrlarni allaqachon esdan chiqarib yuborgan desa ham bo'ladi. Bunda siz qanday sabablarni ko'rasiz, o'zbek xalqi iqtisodiy qiyinchilklar, tashvishlardan ortib vaqt topa olmayapdimi yoki san'atkorlar tomashabin e'tiborini torta olamyapdimi?"

Элтоева: Мен бу фикрга қўшилмайман, лекин. Сабаби, мана мен ҳозир болаларим билан таътилдаман. Шундай бўлса ҳам, менга қўнғироқ қилишиб, "Лолахон, илтимос, спектаклга билетлар сотиб бўлинибди, билет топиб беринг" дейишади, мен "Қандай топиб берай, мен уйдаман" дейман (кулади). "Меҳмоним бор, балкондан бўлса ҳам топиб беринг" деб илтимос қилишади. Бу нимадан далолат беради?

Би-би-си: Бу фақат сиз ишлайдиган театр спектакллар учун илтимослар, шундайми?

Элтоева: Ҳа, энди, мен фақат ўзим ишлайдиган театр ҳақида гапира оламан (кулади). Миллий академик драма театри ҳақида гапираяпман. Бизда ҳар доим аншлаг. Спектаклларимиз жуда яхши қабул қилинаяпти. Вилоятлардан ҳам келишаяпти, мен жуда ҳам ҳурсанд бўлаяпман.

Би-би-си: АҚШнинг Питтсбург шаҳридан Муниса сўрабди:

"Meni eng yahshi ko'rgan aktrisalarimdan birisiz. Kinoda Lola Eltoyeva o'ynabdi, desa albatta ko'raman, juda samimiy, hayotiy va ishonarli qilib o'ynaysiz. O'zimizning milliylik urf-odatlarini saqlab qolganingiz uchun sizga katta rahmat. Savolim: Siz o'ynagan kino va spektakllar to'plam qilingan dvd bormi?"

Элтоева: Афсус Мунисахон, яхши савол жуда ҳам, яхши фикр... Мана шу нарсани албатта қилишимиз керак. Кўпчилик сўрайди, лекин ундай тўплам йўқ. Масалан, давлат фильмлари киноплёнкаларда бўлади, уларнинг дисклари йўқ. Лекин, бу билан шуғулланадиган кишилар билан бамаслаҳат буни ўйлаб кўрамиз. Раҳмат савол учун.

Би-би-си: Катта раҳмат барча жавобларингиз учун. Мухлисларингизга тилакларингиз борми?

Элтоева: Авваламбор, ҳамма-ҳаммага соғлиқ тилайман. Хотиржамлик тилайман, тинч бўлишсин. Мусаффо осмон тилайман. Оилаларига бош бўлиб юришсин, севиб-севилиб юришсин. Раҳмат.

Азиз тингловчилар, саволлар кўплигидан ва дастуримиз вақти чекланганидан барча саволлар меҳмонимизга берилмади. Бунинг учун сиздан узр сўраймиз. Меҳмонимиз илтимосига биноан, суҳбат ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашинг.