“Ўз ҳуқуқимни ҳимоя қилолмасам, бошқаларни қандай ҳимоя қиламан?"

Абдураҳмон Ташанов
Image caption Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда фаолият юритаётган оз сонли инсон ҳуқуқлари фаолларидан биридир

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий соҳаларидаги камчиликлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳоллари юзасидан мустақил кузатувлар олиб бораётган кам сонли ҳуқуқбонлардан биридир.

У 1976 йилнинг 9-майида Сурхондарё вилояти Музработ туманида туғилган.

1984-1993 йилларда Қашқадарё вилояти Нишон туманида ўрта умумий таълим олган.

1994-1998 йилларда Қозоғистондаги Халқаро Экология Гуманитар Академияси журналистика факултетида таҳсил олган.

Журналистик фаолиятини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт тарғиботи марказидан бошлаган.

1998 йилдан "Ҳуррият" мустақил газетасида мухбир, маъсул котиб лавозимларида ишлаган.

2001 йилдан "Моҳият" газетасида маъсул котиб, 2004 йилдан Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг "XXI asr" газетасида адабий котиб лавозимида ишлаган.

2004 йилдан "Ҳаракат" интернет нашри мухбири ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти Марказий бошқаруви аъзоси.

Маҳаллий матбуотда кўплаб мақолалари, фелетон ва журналистик тадқиқотлари чоп қилинган.

Қатор хорижий оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари юзасидан ошкора чиқишлари билан танилган.

Оилали, икки нафар ўғли бор.

Шуҳрат, Лондон:Мен 12 йилдан буён Англияда яшайман ва Ўзбекистондаги ҳаётдан бироз узоқлашиб қолганман. Айтинг-чи, охирги бир йил ичида араб давлатларида юз берган ҳодисалар Ўзбекистонда халқ орасида муҳокама этиладими? Одамлар араб раҳбарларининг ағдарилиши ҳақида қандай фикр билдиришади?

Абдураҳмон Ташанов: Ўзбекистонликлар араб мамлакатларида содир бўлган инқилобларни муҳокама қилди, бу воқеалар ҳақида кишиларда тасаввур бор, десам ёлғон бўлади. Ўзбекистонда яшовчи кўпчилик аҳоли халқаро янгиликлар тармоғи, оммавий ахборот воситалари ва интернетдан маҳрум бўлгани учун ҳам араб инқилоблари шабадаси бизнинг юртимизга қадар келмади. Қолаверса, Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти қолоқ, элита эса мунтазам назорат ва босим остида яшамоқда. Шунинг учун ҳам араб воқеаларининг мазмун-моҳиятидан тор доирадаги қатламгина хабардор, дейиш мумкин.

Cалим: Ўзбекистонда виза масаласи жуда қийин, баъзан эса, умуман имконсиз. Баъзи одамлар ОВИРдан чиқиш визасини ҳеч қачон ололмайди. Сизда ҳам чет элга чиқишингизда муаммо бўлаяптими?

Абдураҳмон Ташанов: Албатта, Ўзбекистонда хорижга чиқиш, келиш визаси билан боғлиқ муаммо кун сайин катталашиб бормоқда. Бу борада қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришларни ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин. Виза олиш масаласида ўзимда муаммолар бўлган, ҳозир ҳам бор. Кечиктиришади, шикоят қиламиз, ёзамиз-чизамиз, радиоларда гапирамиз: охири мақсадга эришамиз. Мен ҳуқуқ ҳимоячисиман, ўз ҳуқуқимни ҳимоя қила олмасам, бошқаларникини қандай ҳимоя қиламан?

Жамшид Исроилович, Ўзбекистон: Тошкент вилоятининг кўп ерларида пахта қолмаган. Лекин теримга ҳар куни олиб чиқишади. Кунига теримчилар 10-15 килодан терадилар. Коллеж талабалари терган пахтасига, кунлик еяётган овқатнинг 15 фоизи пули чиқади. Лекин ҳукумат коллеж раҳбарларидан кунлик нормани талаб қилади. Коллеж раҳбарлари нима қилишсин: пахта нормасини бажарсинми ё талабалар қорнини тўйғазсинларми? Умуман пахта терими ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдим.

Абдураҳмон Ташанов: Пахта, унинг ташвишлари ўзбекнинг қисмати бўлса керак, деб ўйлай бошладим кейинги пайтларда. Совет даврининг ошкоралик йилларида ҳам ҳам пахта ўзбекнинг энг катта муаммоси эди, мустақил тоталитар замонда ҳам бу муаммо кун тартибидан тушган йўқ, афсуски.

Ботир, АҚШ: 1. Ҳозирги кунда мухолифат “Бирлик”, “Бирдамлик”, “Эрк” ва қолаверса “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”ни тузишган. Сиздан илтимос, юқорида келтирилган ташкилотлар тўғрисида ўз фикрингизни билдирсангиз? Уларнинг келажаги нима бўлади, деб ўйлайсиз?

Абдураҳмон Ташанов: Мухолифатдаги партияларимиз фаолияти, унинг стратегияси ва келажаги борасидаги фикрларим шу қадар кескинки, уни баён қилишим меҳмонновозлик қоидаларига тўғри келмайди, маъзур тутасиз. Лекин гапни яқин ўтмишдаги "Бирлик" Халқ Ҳаракатининг юзага келиши, у том маънодаги миллий озодлик ҳаракати сифатида ўзида муваққат сиёсий кучни тўплай олганини эътироф этишим лозим. Кейинчалик сиёсий имкониятларини бой берган ҳаракат Ўзбекистоннинг демократик Ғарб билан яқинлашган йилларида бирмунча ўзини тиклади. Унинг ҳозирги "Бирлик" партияси шаклидаги кўриниши сиёсий жиҳатдан менга анчайин маънили кўринади. Партиянинг сиёсий интеграция масаласидаги чақириқлари демократик Ғарбнинг мамлакатимизга қайта кириб келиши мисолида амалга ошмоқда ва бу жараён демократия ривожи учун жуда муҳим қадам. Лекин сиёсий мухолифатнинг катта қисми диндорлар билан бирлашиб кетгани жуда аянчли. Бу демократик позициядан чекиниш бўлиб, бундай қадам ҳар қандай сиёсий кучни том маънодаги ўлимга олиб келади.

2. Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар бўладими-йўқми? Ҳозирги ҳукумат ўрнига кимлар келади, деб ўйлайсиз диндорларми, демократларми? Ёки ҳозирги тузум сақланиб қоладими?

Абдураҳмон Ташанов: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар, ҳокимиятга кимнинг келиши хусусидаги фикрларим эса қуйидагича: ҳозирги ҳокимият яна бир неча йиллар ўз ҳукмронлигини юритади. Кейинчалик ҳокимиятга келиши мумкин бўлган кучлар орасида демократлар ва номенклатуравий мухолифатнинг бирлашган кучлари имкониятлари юқори, лекин уларнинг диндорларга ҳукуматни тез фурсатда бериб қўйиши эҳтимоли ҳам катта. Чунки демократлар мамлакатдаги вазиятни юмшатади ва бундан биринчи бўлиб афсуски диндорлар фойдаланади. Бундан ташқари вазиятнинг қай тариқа ривожланиши ҳозирги даврда ташқи кучларга ҳам боғлиқ.

Алпомиш, Сурхандарё: Ҳурматли Абдураҳмон, сизнинг айрим таҳлилий шарҳларингизни ўқиганман ва бу таҳлиллар айрим олди-қочди фикрларидан кўра анча яхши. Бизда “сўз эркинлиги” деган ибора анчадан буён унутилган, аммо сиз Ўзбекистондан туриб бемалол ҳукуматдаги айрим ноҳақликларни танқидий назар билан таҳлил қилиб, матбуотга олиб чиқасиз. Бунинг учун ҳукумат томонидан ёки айрим куч ишлатар органлар томонидан босим бўлмайдими?

Абдураҳмон Ташанов: Кимдир Ўзбекистондаги реал вазият борасида чиқишлар қилаётган ёки Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилаётиб, менга тазйиқ бўлмаяпти, деса бу гапга ишонмайман. Чунки ҳукуматнинг ҳозирги сиёсатида уни танқид қилаётган шахс тазйиқдан бебаҳра қолиш мумкин эмас. Рақамлар мисолида айтай: кейинги 5 йилда 12 та турли минтақа газеталарида шахсимни бадном қилишга қаратилган мақолалар уюштирилди, икки марта телевидениеда чиқишга "муваффақ бўлдим". Айрим жойларда "Американинг ити" дейишди, айримлар еврошпионга чиқарди, нима дейсиз энди?! Кўпчилик дўстларим, собиқ ҳамкабларим мени кўрса орқасига бурилиб кетади. Бир неча марта бахтли тасодифлар туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тузоғига илинмай қолдим. Лекин афсуски, ҳали ҳам ҳадик ва хавотирларим йўқ эмас.

Собир Носиров, Дубай: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, фуқаролар ўз ҳуқуқларига етарли равишда эга эмасликларига асл сабаб нима ва бунинг охири борми?

Абдураҳмон Ташанов: Афсуски, мен бу жараённинг охирини кўраётганим йўқ. Сабабига келсак, мамлакатимизда коррупция даражаси юқори, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишнинг механизмлари йўқ. Фуқаролик жамияти шаклланган эмас, ривожланган мамлакатлар билан сиёсий интеграция йўлга қўйилмаган. Ҳатто мен айтган омиллар ўз йўлига тушганида ҳам ҳаммаси рисоладагидек бўлмайди, ўзбек жамиятида бир неча ўн йиллар давомида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар мавжуд.

Жамшид:Нима учун бизнинг мамлакатда сиёсий шахсларнинг кирдикорлари ҳақида кенг танқид килинмайди? Қачон қарамайлик, телевидение ва оммавий газета, журналларда фақатгина сохта, одам эшитса энсаси қотадиган хабарларни ўқиймиз. Бу ҳол бизни яна қанча вақтгача тарк этмайди?

Абдураҳмон Ташанов: "Матбуот — жамият кўзгуси", деган ибора бор. Афсуски, меъдага тегиб кетган замонавий шиорлар шаклини эслатуви бу жумла мазмунан тўғри. Кўзгу жамиятнинг аслида қандайлигини кўрсатади. Яъни, ўзбек матбуоти энсани қотирадиган нарсаларни кўрсатса, матбуот қаҳрамонлари, шахслар ҳақиқатан ҳам шунақа. Сиёсий шахсларнинг кирдикорлари нима учун кўрсатилмаслиги ҳақидаги савол менимча бугунги кунда риторик аҳамият касб этади, буни муҳокама қилиб вақт кетказмайлик.