Вадим Абрамов мураббийлик сири, тан берган футболчиси ва янги режалари ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF
Image caption Қисқа вақт ичида эришган ютуқлари учун Ўзбекистон миллий ва Олимпия терма жамоалари Бош мураббийи Вадим Абрамов яқинда "Дўстлик" ордени билан ҳам тақдирланган

Рукнимизнинг бу галги меҳмони – футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини Осиёнинг энг тўрт зўр жамоасидан биттасига айлантирган Бош мураббий Вадим Абрамов.

Ўзбекистонлик футболчилар Вадим Абрамов бошчилигидаги сўнгги Осиё Кубогида ўз тарихларида илк бор ярим финалгача чиқишга муваффақ бўлишган ва қитъанинг энг юқори тўртлиги сафларидан жой эгаллашганди.

2010 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббий этиб тайинланган Вадим Абрамов қисқа вақт ичида эришган бу каби муваффақиятлари учун яқинда “Дўстлик” ордени билан ҳам тақдирланганди.

Вадим Абрамов бунгача Ўзбекистоннинг қатор футбол клубларига ҳам устозлик ва бошқарувчилик қилган.

Бош мураббий Вадим Абрамов билан суҳбат

Савол: Вадим ака, Сизни кириб келаётган Янги Йил билан қутлаган ҳолда, илк саволимизга кўчсак. Йил якуни баҳона, ортга бир назар ташлаб айтадиган бўлсак, футбол сизга нима бердию яна нималардан маҳрум этди?

Вадим Абрамов: Мен шу пайтгача нимагаки эришган бўлсам, уларнинг барчаси футбол орқасидан. Онгли ҳаётимнинг барчаси футбол ичида кечди. Футбол оламида янада узоқроқ қолиш умидидаман. Худога минг қатла шукрки, футбол билан шуғулланиб, ҳеч нарса йўқотмадим.

Савол: Агар футбол мураббийси бўлмаганингизда, ҳаётда нима билан шуғулланган бўлардингиз? Ҳаётингиз қандай кечган бўларди?

Вадим Абрамов: Бир нарса дейишим қийин. Менимча, бу савол менга эмас, балки Худога берилса тўғрироқмикан?...Яъни, демоқчиманки, футбол мураббийси бўлмаганимда, билолмадим, ҳаётим қандай кечган бўларди. Ҳозирча севган ишимда бандман, бундан ниҳоятда мамнунман, чунки ҳаётда ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Одам ўзига ёққан ишни қилса, ҳаётидан ҳам шунчалик қониқиб яшайди. Ҳаётнинг бутун мазмуни ҳам ана шунда эмасми?...

Савол: Футболдан ташқари сизга яна қандай спорт турлари ёқади?

Вадим Абрамов: Сўзсиз, ҳар қандай спортчи каби, менга ҳам бошқа бир талай спорт турлари ёқади. Дейлик, хоккей, волейбол, баскетбол, яъни барча жамоавий спорт турларини ёқтираман.

Савол: Вадим ака, сизни яхши психолог дейишади, ўзингиз бу каби баҳоларга қандай қарайсиз?

Вадим Абрамов: Билмасам, бу баҳони бошқалар бергани тузук, назаримда. Яна балки шундайдир...Чунки ҳамма футболчилар билан тил топишиб кета оламан. Чунки футболчилар ҳар хил бўлишади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашишингиз керак бўлади. Шунинг учун ҳам, балки, берилаётган баҳолар тўғридир.

Савол: Футболда ҳақиқий дўстларим кўп, деб айта оласизми?

Вадим Абрамов: Авваллари мен ҳам шундай деб ўйлардим, ҳозир эса, бу фикримдан қайтганман. Чунки ҳаётдан чиқарган хулосам шуки, инсоннинг дўстлари кўп бўлолмайди. Таассуфлар бўлсинки, шундай. Чунки ёшинг улғайиб бориши билан ҳаётдаги кўп нарсаларга умуман бошқача кўз билан қарай бошлайсан...

Савол: Агар гапнинг ростини айтадиган бўлсак, мағлубиятдан қўрқасизми?

Вадим Абрамов: Ҳа, йўқ, нега мағлубиятдан қўрқишим керак. Мен мағлубиятдан қўрқмайман. Лекин сенга ушбу лавозимни ишониб топширган одамлар ва ишқибозлар олдида масъулият ҳисси бор. Бу эса, бутун диққат-эътиборингни ишга қаратиб, ижобий натижага умид қилишингга ундайди. Мағлубият масаласига келсак, футбол шундай спорт турики, унда ҳар доим ҳам ғалаба қозона олмайсан.

Савол: Агар сўнгги Осиё Кубоги мисолида оладиган бўлсак, Ўзбекистон миллий терма жамоаси турнирнинг ярим финалига чиқиб, ўз тарихида эришмаган ютуққа эришди. Осиё қитъасининг энг зўр юқори тўртлиги сафларига кирди. Сизнинг мураббийлик сирингиз нимада?

Вадим Абрамов: Бу ерда ҳеч бир сир йўқ. Фақат ўз ишимни яхши биламан ва уддалай оламан. Бунинг бошқа сири йўқ, назаримда.

Савол: Ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ҳам Олимпия терма жамоасини назарда тутиб айтадиган бўлсак, шахсан ўзингизга жамоаларингиз ёқадими?

Вадим Абрамов: Ҳа, ёқади. Агар Ўзбекистон миллий терма жамоасини оладиган бўлсак, ростдан ҳам яхши жамоа, бугунги кунда командада ёмон футболчилар йиғилишмаган. Коллектив яхши. Агар ишимизни шу йўналишда давом этдирадиган бўлсак, заҳмат чексак ва бир-биримизни тушунадиган бўлсак, кўп нарсага эриша оламиз, деб ўйлайман. Олимпия терма жамоасига келадиган бўлсак, ҳозирги таркиб иккинчиси. Бундан аввал жамоада тўп сурган кўплаб футболчилар ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнашяпти. Биринчи таркибда қобилиятли футболчилар кўп эди. Лекин ҳозирги жамоа ҳам улардан қолишмайди. Шу вақт оралиғида менинг ҳам мураббий сифатида тажрибам ошди, яна ҳар куни изланишдаман. Чунки мураббийлик иши шундайки, ҳар куни янги бир нарса ўрганасан. Бошқаларни билмадим-ку, лекин шахсан мен учун шундай. Ҳар куни янги бир нарса топасан, доимо бошқаларнинг тажрибасидан ўрганасан...Менимча, Олимпия терма жамоаси ҳам кўп нарсаларга эриша олиши мумкин. Кўрамиз...

Савол: Сизнинг назарингизда яхши мураббий қандай хислатларга эга бўлиши керак?

Вадим Абрамов: Мен буни аввал ҳам кўпчиликка айтганман, сизга мураббийлик қобилияти ё берилган бўлади ё йўқ. Сиз кимнингдир тажрибасини ўрганишингиз, машғулотларни ёзиб олишингиз ва ҳоказолар,..қилишингиз мумкин. Албатта, буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин қандайдир самара беради, деб ўйласангиз, қаттиқ янглишган бўласиз. Яхши мураббий энг аввало зукко, яхши психолог бўлиши лозим. Айни ўринда яна кўплаб хислатларни келтириш мумкин. Лекин, шунда ҳам, худди футболчилар каби, ҳар бир мураббийнинг ҳам ўзига хосликлари бўлади.

Савол: Худди шу ўринда мураббий сифатида футболчида қандай хислатларга тоқат қилолмайсиз?

Вадим Абрамов: Хато қилишдан қўрқиб, писиниб юрадиган футболчига тоқат қилолмайман.

Савол: Маҳоратли мураббий сифатида жорий пайтда дунёдаги энг зўр мураббий, миллий терма жамоа ва футболчи сифатида кимларни тан оласиз?

Вадим Абрамов: Мураббий сифатида менга Лондоннинг "Арсенал" клуби бош мураббийси Арсен Венгернинг ишлаш услуби ёқади. Энг зўр футболчи деб "Барселона" ва Аргентина миллий терма жамоаси юлдузи Лионел Мессини тан оламан. Асосини айнан "Барселона" клуби ўйинчилари ташкил этгани учун ҳам, энг зўр миллий терма жамоа - Испания, назаримда.

Савол: Америкадан Рустам эса, "Ўзбекистон миллий ва Олимпия терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионати ва 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига чиқа олишларига шахсан ўзингиз неча фоиз ишонасиз?", деб сўраган

Вадим Абрамов: Ҳар икки миллий терма жамоа назарда тутилганда ҳам, ҳаммаси ўз қўлимизда. Жорий пайтда бу мусбат томони. Чунки гоҳида ҳаммаси турнир жадвалига боғлиқ бўлган ҳоллар ҳам бўлади. Аммо биз ҳозир бундай мавқеъда эмасмиз, барчаси ўзимизга боғлиқ. Яъни, қолган рақибларимиз қандай ўйнашларидан қатъиназар, ҳар икки терма жамоамиз ҳам кўп нарсага эришишлари мумкин. Шунинг учун ҳам, имкониятларимиз ёмон, демаган бўлардим. Лекин, шунда ҳам, бу билан кифояланиб қолмай, олдимизга қўйган мақсадларга эришиш учун катта иш қилишимиз лозим.

Савол: Душанбедан Ёқубжон, “Агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионатига чиқса, сиз биринчи қандай хайрли тадбир қилган бўлардингиз?”, деб қизиққан

Вадим Абрамов: Бунинг учун Жаҳон чемпионатига чиқишимиз шарт эмас. Чунки биз ҳар доим хайрия ишлари билан шуғулланиб келамиз. Бу гапириб ёки ёзиб ўтирадиган иш эмас. Бу ҳар бир одам кўнглидан чиқариб қиладиган иш. Шунинг учун ҳам, Жаҳон чемпионатига чиқамизми ёки йўқми, сўзсиз, имконият бўлиши билан хайрия қиламиз, эҳтиёжманд одамларга ёрдам берамиз.

Савол: Жанубий Кореядан Наврўз, “Яқинда ФИФА Ўзбекистонни 20 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасидаги 2012 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этди. Бу ҳолат “Бунёдкор” ва “Динамо” стадионларининг қурилиш ишларига қандай таъсир қилиши мумкин? Қурилиш ишлари давом этармикан”, деб сўраяпти

Вадим Абрамов: Ҳа, бу мени ҳам ташвишга солаяпти. Менимча, қандайдир тушунмовчилик бўлган. Юз берган ҳодисага қарамай, оқил ҳукуматимиз ва раҳбарларимиз бор. Менимча, бу стадионлар қуриб битказилади. Чунки раҳбариятимиз футболга алоҳида аҳамият бериб келмоқда ва унинг қанчалар муҳимлигини яхши тушунади. Шунинг учун ҳам, бу масалада бирор бир ўзгариш бўлади, деб ўйламайман.

Савол: Тайланддан Муроджон Матисманов эса, “Келаси йилги ҳал қилувчи учрашувлар олдидан бу яқин орада қандайдир ўртоқлик ўйинлари уюштириш режангиз борми?”, деб қизиққан

Вадим Абрамов: Агар яқин орадаги ўртоқлик учрашувларини назарда тутиб айтадиган бўлсам, 18 январ куни Қувайт миллий терма жамоасига қарши ўйнаймиз. 24 февралда эса, тайландлик рақибларимиз билан ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. Кейин 28 февралда ҳам яна бир ўртоқлик учрашувимиз режаланган.

Савол: Ўзбекистонлик футболчиларни халқаро майдонларда кўриб, кўникаяпмиз. Аммо мураббийларимиз камдан-кам ҳолларда хорижий клубларга таклиф олишади. Сизнинг хорижда, кучлироқ клубларда фаолиятингизни давом этдириш режангиз борми? Бунинг учун нималар талаб қилинади?

Вадим Абрамов: Бунинг учун аввал мени таклиф этишлари керак бўлади. Ҳа, гапингиз рост. Бугунги кунда хорижий клубларда фаолият олиб бораётган мутахассисларимиз кўп эмас. Ўзбекистон сўнгги йилларда қўлга киритган ютуқлар ортидан, ўзбекистонлик мутахассисларга ҳам эътибор қаратишса керак. Менимча, ўзбекистонлик мураббийлар хорижий клубларда фаолият олиб борадиган кунларга ҳам яқин қолди. Агар, шахсан ўзимга келадиган бўлсак, мен ҳали Ўзбекистондаги фаолиятимни давом этдириб, ишқибозларга қувонч улашсам, дейман. Бу – Ўзбекистон халқи ва давлати олдидаги бурчим, деб ҳисоблайман. Қандайдир фойдам тегишига имкон бергани учун Ўзбек халқидан миннатдорман. Ҳозирча керак эканман, шу ерда ишлайман.

Савол: Сиз ҳақингизда, яъни ҳақиқий Вадим Абрамов ҳақида одамлар янглиш тасаввурда, деб ўйлайсизми?

Вадим Абрамов: Сўзсиз, шундай бўлиши тайин. Мен ҳеч нарсани ўзгартиролмайман. Ҳар бир инсон ўз қарашига, ўз тушунчасига эга.

Савол: Шу ўринда оилавий ҳаётингиз ҳақида ҳам бироз маълумот берсангиз. Тошкентдан Аҳмаджон сизга шундай савол йўллаб қолибдилар

Вадим Абрамов: Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, уч йил бурун ўғлим автоҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмди. Ўғлимнинг вафотигача бўлган ва ундан кейинги ҳаётим бир-биридан фарқ қилади. Бу ҳақда гапириш менга оғир. Мендан бахтлимисан ёки йўқми, деб сўрашар экан, инсон ҳаётида юз бериши мумкин бўлган энг катта бахтсизликка учраганман. Ҳозир битта ўғлим қолган. У ҳам футбол билан шуғулланади. Бир кун келиб, катта майдонда тўп сўрар. Аммо тўнғич ўғлим яхши футболчи эди, келажаги ёрқин бўлади, деб умид қилаётгандим. Кейин рафиқам бор. Унинг футболга ҳеч бир алоқаси йўқ, аммо мен туфайли, бир ишқибоз даражасида футболга қизиқади. Ота-онам ҳам ўлиб кетишган.

Савол: Дейлик, умр ғилдирагини ортга суриб, 24 ёшга қайтиб қолсангиз, ўзингизга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

Вадим Абрамов: Ҳаёт бор туриши билан ҳаёт. Уни ўзгартириб бўлмайди. Агар бўлганда эди, ўша хатони қилмаган бўлардинг. Билмасам, балки шунинг учун ҳам ҳеч қандай маслаҳат бермаган бўлармидим. Менимча, орқага қарашнинг ўрнига, олдинга интилиб яшаган маъқул.

Би-би-си: Вадим ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Кириб келаётган Янги йилда ҳам сизга янги омадлар тилаб қоламиз.

Бу мавзуда батафсилроқ