Кристофер Мартиус:'Ўзбекистон пахтадан воз кечса, қишлоқ хўжалигида дунёда етакчилардан бўлади'

Image caption "Пахта, Сув, Туз ва Сўм" китоби Хоразм мисолида ер ва сувдан қандай фойдаланиш бўйича илмий хулосалар ва йўриқларни ўзида жамлаган

Кристофер Мартиус - Ўзбекистонда жадал ўзгараётган экологик ҳамда иқтисодий вазиятда ер ва сувдан қай асно унумли фойдаланиш мумкинлиги борасидаги китоб муаллифларидан бири.

Олмониянинг Бонн Университети тадқиқотчиси Доктор Мартиус ва ҳамкасблари Хоразм воҳасидаги ҳолатни чуқур ўрганмоқдалар.

Яқин бу олимлар биргаликда чоп этган "Пахта, Сув, Туз ва Сўм" номли китоб Ўзбекистонда ер ва сувдан фойдаланишни яхшилаш ҳамда иқтисодий бошқарув усулларини ислоҳ этишга эътибор қаратади.

Ўзбекистонда сув ва ердан унумли фойдаланиш ва табиатни асраб қолиш йўлида тадқиқот олиб борган олим Кристофер Мартиус Би-би-си Ўзбек Хизмати тингловчилари ва ўқувчилари саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Илк саволимиз сиз тадқиқот олиб борган Хоразмдан келган. Унда Орол денгизи дунёда ҳам унутилаётгани таъкидланади ва Орол муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистон бирон иш қилишга қодирми йўқми, деб сўралган. Чунки Қозоғистон шимолда тўғонлар тиклаб, денгизни тўлдирмоқда экан.

Кристофер Мартиус: Аввало айтиш жоизки, Орол денгизининг қуриши улкан фожеа бўлди ва ҳозир бу денгизнинг 90% қуриб битган. Ўн йиллар давомида табиий бойликларни нотўғри ишлатиш оқибатида Орол ҳалокатга юз тутди, унга сув келмай қолди. Қозоғистон қуриган денгиз шимолига сув келтирмоқда. Аммо бу - Ўзбекистон учун жуда қийин вазифа. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон суғоришга кетадиган барча сувни буриб, Оролга йўллаши керак. Ўзбекистоннинг 30 миллионга яқин аҳолисининг эса 70% қишлоқ ҳудудларида яшайди. Уларга қарата, ўртоқлар, узр энди, сизни сувингизни бўғиб, Оролга оқизамиз, деб бўлмайди. Хуллас, бу ишни Ўзбекистон шароитида амалга ошириш мумкин эмас.

Би-би-си: Ўзини Ватанпарвар, деб атаган ўқувчимиз эса Ўзбекистондаги мавжуд пахта ва буғдой етиштириш иш берадими? Агар кетган харажатини қопламаса, балки бу экинларни экишни тўхтатиш керакдир, деб айтади.

Кристофер Мартиус: Пахта ва буғдой экиш қайсидир маънода ишламоқда, яъни у муайян натижа бераяпти. Бироқ бу қандай шароитда ишлаяпти? Пахта учун кўп нарса керак, дейлик, кўп сув ва кимёвий ўғитлар бўлмаса, пахта ҳоисл бермайди. Бундай ҳолат эса энг мақбул йўл эмас. Шу боис, Ўзбекистон ерни ишлатиш йўлларини ранг-баранглаштириши, ер унумдорлигини, сувдан келадиган фойдани ошириши лозим. Бу мамлакат учун янги имкониятларни очади. Мева-сабзавот етиштириш кўпаяди, даромад келтирадиган экинлар тури кенгаяди. Тўғри, пахта ҳозир экспорт маҳсулоти ва мамлакатга валюта келтирмоқда. Лекин пахта хомашёси сотгандан кўра, пахтадан ишланган тайёр маҳсулотларни сотиш кўпроқ даромад келтирарди. Ана ўшанда озгина пахта экиб, камроқ сув ва кимёвий ўғит ишлатиб, қайтага кўпроқ даромад кўрасиз. Пахтадан ортган ерга эса мева-сабзавот экиб, яна бошқа даромад манбаларига эга бўласиз.

Би-би-си: Демак, Ўзбекистоннинг мева-сабзавот етиштириш салоҳияти улкан, деган фикрлар ҳақиқатга яқин. Шундайми?

Кристофер Мартиус: Тўғри, бу ҳам бир йўл. Биз пахта ва буғдойдан бошқа экинлар экишнинг устунлиги борасида бозор тадқиқотлари ўтказганмиз. Масалан, Ўзбекистон қовунлари жуда яхши ва бу мамлакат четга қовун сотади ҳам. Биласизми, айни ўринда Ўзбекистон ўз бозор имкониятларини ривожлантириши керак. Маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, уни ташиш учун транспорт тизимини, бозорни яратиш каби вазифаларни санаш мумкин. Бу учун эса мамлакат ўз деҳқончилигини бозорга йўналтириши даркор.

Би-би-си: Унда Ўзбекистон мева-сабзавот ортидан жаҳонда яна етакчи зироат мамлакатига айлана оладими?

Кристофер Мартиус: Албатта. Бунга ишончим комил ва айни масалада жуда кўплаб мутахассислар билан гаплашганман. Фақат бу учун деҳқончиликни замонавийлаштириш, ранг-баранглаштириш лозим. Кейин заҳиралардан фойдаланишни такомиллаштириш ҳам муҳим. Тўғри, давлат назоратида бўлган ва кенг миқёсдаги саноат деҳқончлигини кичик хўжаликларга айлантириш учун вақт керак. Бироқ Ўзбекистон узоқ келажакда пахтадан воз кечса, у жаҳон қшилоқ хўжалиги оламида етакчи ўринга чиқишга қодир бўлади. Пахта экишни ҳам давом эттириш мумкин, лекин у етакчи экин бўлиб қолмаслиги керак.

Би-би-си: Ватанпарвар тахаллуси билан мактуб йўллаган ўқувчимиз, Ўзбекистондаги ер шўрланишини эслатади ва ҳозирги суғориш тажрибаси давом этаверса, Ўзбекистон тупроғи яқин келажакда яроқсиз ҳолга тушиб қолмайдими, дея хавотир изҳор этади.

Кристофер Мартиус: Ҳозирги суғориш тизими ер тузланишини тўхтатмайди. Бу эса ҳосилга ҳам, даромадга ҳам салбий таъсир этади. Кейин эса боши берк кўчага кириб қоласан. Шўрни ювиш учун янада кўпроқ сув керак бўлади. Туз билан бирга ювилиб кетган бошқа минераллар ўрнини қоплаш учун эса кўпроқ кимёвий ўғит солишга тўғри келади. Ўзбекистондаги мавжуд суғориш тизими ўтмишда бутунлай бошқа мақсадлар учун ишлаб чиқилганди. Бундайин суғориш усули мамлакатдаги ҳозирги талабларга жавоб бермайди.

Би-би-си: Қатор тингловчиларимиз шундай ҳолатда томчилатиб суғориш усулини эслатишган. Аммо унинг қимматлигини айтиб, балки ер ости сувларидан фойдаланиш керакмикан, деб савол сўраганлар.

Кристофер Мартиус: Шаксиз, тингловчингиз айтгани каби томчилатиб суғориш жуда самарали. Бироқ уни йўлга қўйиш қимматга тушади. Катта даромад келтирадиган экинларни томчилатиб суғорсангиз, фойда кўрасиз. Лекин пахтазорларни томчилатиб суғоришдан наф йўқ. Пахтазорларни қисқартириб, ўрнига бошқа экинлар экилса, одамлар ҳам яхшигина даромад кўра бошлашади. Ўшанда секин-аста бўлсаям томчилатиб суғориш тажрибасига сармоя киритадиган одамлар пайдо бўлади. Бироқ бошида арзон суғориш усулларини йўлга қўйиб бориш мумкин. Бундай усуллар кўп.

Би-би-си: Хоразмдан мактуб йўллаган тингловчимиз эса ҳар куни сув муаммосига дуч келишларини айтиб, Амударё яна лойқаланиб, тўлиб оқиши учун нима қилиш даркор? Ёки минтақада сув устидан урушлар келиб чиқиш эҳтимоли кучаядими, деб сўрайди.

Кристофер Мартиус: Бу жуда яхши, жуда қизиқарли савол. Агар ҳеч иш қилинмаса, Марказий Осиё сув устидан уруш ёқасига бориб қолиши мумкин. Ҳозир жуда тезлик билан халқаро келишувларга бориш, уларин аниқлаштириб олиш керак. Марказий Осиёнинг аксар суви тоғли Қирғизистон ва Тожикистондан келади. Бу сувни эса қуйи оқимдаги Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон ишлатишади. Шу учун ушбу мамлакатлар бирга ўтириб, мазкур бойликларни баҳам кўриш йўлларини топишлари керак. Айни муаммо фақат Марказий Осиёга хос эмас. Мана қаранг, Олмониядаги Рейн дарёси сувидан Нидерландия ва Франция ҳам фойдаланади. Чунки улар халқаро келишувларга мос иш тутишмоқда. Баъзида қандайдир муросаларга бориш керак бўлади. Бироқ келишувга эришиш - муҳим масала.

Би-би-си: Илҳом исмли тингловчимиз ҳам шу масалага доир савол йўллаган ва Тожикистон қураётган "Роғун" ГЭСи Ўзбекистон экологияси ҳамда қишлоқ хўжалигига қандай таъсир қилиши мумкин, деб сўраган.

Кристофер Мартиус: Дарё бошида қуриладиган ҳар қандай тўғон дарё оқимини бузади. Бу сув оқишини назорат қилиш демакдир. Тепадаги мамлакатлар қишда электр ишлаб чиқариши керак, аммо пастдаги мамлакатлар эса ёзда сувга кўпроқ эҳтиёжманд бўладилар. Хуллас, бу ерда манфаатлар тўқнашади ва низо уруғи сепилади. Шу боис мамлакатлар ўтириб, халқаро келишувларга мос тарзда масалани ҳал қилишлари керак.

Би-би-си: Сурхондарёдан мактуб йўллаган Абдулла Азамов сўнгги парламент сайловида Ўзбекистон экологлар учун махсус ўрин ажратганини таъкидлайди ва бу қарор ортидаги сабабларни сўрайди.

Кристофер Мартиус: Мен Ўзбек ҳукумати не боис парламентда экологлар учун ўрин ажратганига жавоб бера олмайман. Лекин бу мамлакат юз тутаётган экологик муаммолар эътиборга тушаётганини ҳам англатиши мумкин. Кейин халқаро доирада ҳам экология масалаларида ҳамкорлик қилиш тобора кўпроқ долзарблик касб этмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жабҳада қўшнилари билан бирга ишлаши лозим.

Би-би-си: Навбатдаги саволимиз эса ҳам сиёсат, ҳам экологияга боғлиқ. Айримлар ерни хусусийлаштириш балки пахта каби саноат экини ҳажмини камайтириб, экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилмайдими, деб айтишади.

Кристофер Мартиус: Раҳмат. Бу жуда яхши савол. Ер хусусийлаштирилса, деҳқон уни яхшироқ асраб-авайлайди, деган фикрлар кучли. Чунки ернинг эгаси бўлган деҳқон уни яхши ҳолатда келаси авлодларига қолдиришга интилади, деб айтишади. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмайди. Хусусий ер эгалари ерни ишдан чиқариб қўйган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Деҳқон ўша ер шароитини билган ҳолда иш тутиши муҳим. Чунки Лотин Америкасида ерни хусусийлаштириш оқибатида биоёқилғи учун экинлар экилди. Аммо экин экиб бўлинганидан кейин ернинг аҳволи нима кечиши борасида кўп қайғуришмади. Хуллас, бу ерда хусусийлаштиришнинг ўзи ягона ечим бўлолмайди.

Би-би-си: Ўзбекистонда минтақа аҳолисининг ярми яшайди ва бу мамлакат аксар саҳродан иборат. Саҳролашиш кучаймоқда, сув манбалари кам ва аҳоли жадал ўсмоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги келажакда ўз халқини маҳаллий озиқ-овқат билан таъминлай оладими?

Кристофер Мартиус: Ўзбекистон аҳолиси 28 миллион атрофида, аммо Ўзбекистон ўз деҳқончилигини замонавийлаштирса ва самарасини оширса, у ҳолатда четдан келадиган озиқ-овқатга ҳеч қачон қарам бўлиб қолмайди. Лекин мана ҳозир иқлим ўзгариши борасида гапирилмоқда ва бу дегани дарёлардан келадиган сув ҳажми қисқаради. Об-ҳаво ҳарорати янада кўтарилади. Ўзбекистон эса бу ўзгаришларга тайёрланиши керак. Деҳқончилик технологияларини кучайтириши ва янгилаши, ердан фойдаланишни ўзгартириб, экинларни ранг-баранглаштириши даркор.

Би-би-си: Катта раҳмат, Доктор Мартиус.

Бу мавзуда батафсилроқ