BBC navigation

Чарчаганингизда, мазали таомга нима етсин - BBCUzbek.comдан янги рецепт

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2012 - 13:20 GMT
  • Сабзавотлар билан бирга қўрда пиширилган жўжа

  • Лозим масаллиқлар:

    2 та жўжа гўшти ёки 4 дона товуқнинг тўш қисми

    Сабзавотлардан:

    2 дона ўртача катталикдаги помидор

    1 дона йириккина кабачки

    1 дона йирик бош пиёз

    2 дона ўртача катталикдаги бўлғор қалампири

    8-9 дона тозаланган саримсоқ бўлакчалари

    2 дона йириккина лимон

    Зираворлар

    Таъбга қараб туз, зира ва қўлда туйилган қуриган қизил гармдори

    ва 3 ошқошиқ ўсимлик ёғи

    Гарнир учун:

    2 чой пиёла гуруч керак бўлади.

  • Сабзавотларимизни тозалаб, ювиб, йирикроқ бўлакларга бўлиб оламиз.

    Саримсоқ бўлакларини эса, парраклаб тўғраб оламиз.

  • Бироз парракланган саримсоқ бўлакларини алоҳида идишга олиб қўйиб, қолган ҳамма масаллиқни каттароқ ҳажмдаги ва четлари энли бўлган листга соламиз.

    Устидан таъбга қараб, рўйхатдаги зираворлардан ва 3 ошқошиқ ўсимлик ёғини соламиз.

    Кейин битта лимонни ўртасидан бўлиб, листдаги масаллиқ устига сувини яхшилаб сиқамиз.

    Сўнгра листни бир-икки яхшилаб силкитиб оламиз.

  • Жўжаларимизни ўткир пичоқ ёрдамида қоқ ўртасидан бўлиб, тўрт бўлакка ажратамиз.

    Алоҳида идишга солиб, устидан таъбга қараб туз, зира, қизил гармдори ва бир четга олиб қўйган парракланган саримсоқ бўлакларини соламиз. Қолган битта лимоннинг сувини сиқиб, устидан қуямиз ва енгилгина мижғиб оламиз.

    Устини ёпиб 10 дақиқача бир четга олиб қўймиз. Бу орада духовкани 200 градусга тўғирлаб, иситишга қўямиз.

    10 дақиқадан сўнг жўжаларимизни олиб, листдаги сабзавотлар устидан териб чиқамиз. Идишда қолган маринадни ҳам листдаги масаллиқ устидан қуйиб юборамиз.

  • Шу туришича қизиб турган духовкага солиб, 20 дақиқа қолдирамиз. 20 дақиқадан сўнг, олиб, бир томони қизарган жўжаларимизни енгилгина ағдариб оламиз.

    Листдаги савбзавотларимиз ҳам қизариши учун уларни ҳам иссиқ тегадиган қилиб юзароққа чиқарамиз.

  • Орада икки чой пиёла ювиб, суви силқитилган гуручни 2 ошқошиқ ўсимлик ёғи солинган каттароқ идишга солиб, 2 дақиқача енгилгина қовурамиз.

    Сўнгра навига қараб, гуруч кўтарадиган миқдорда сув (одатда 1.5-2 бармоқ бўғинида) қайнаб турган сув соламиз.

    Сўнгра оловни пасайтириб, таъбга қараб бироз туз, бироз укроп ва бир нечта дона ҳил (кардамон) уруғчаларини солиб, сочиқ ўралган қапқоқ билан зич беркитган ҳолда 20 дақиқа дамга қўямиз.

  • Духовкада яна йигирма дақиқа тургач, листдаги масаллиқларимизни яна ташқарига олиб, жўжаларимизни эҳтиётлик билан яна бир бор ағдарамиз ва қизарган савбзавотларимизни пастроқ, қизармаганларини юзароққа олиб чиқиб, яна беш дақиқага духовкага қўямиз. Соатга ниҳоятда ҳушёр бўлинг.

  • Қарабсизки, жаъми 45 дақиқа деганда, лимонли аччиққина соусда сабзавотлар билан бирга пиширилган жўжаларимиз ҳам тайёр бўлади.

  • Бизга эса, фақат Сизга ёқимли иштаҳа тилаш қолади, холос...

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.