BBC navigation

BBCUzbek.comдан янги рецепт - Қиймали қовоқ

Сўнгги янгиланиш 25 феврал 2012 - 14:28 GMT

Пишириш услуби

  • ҚИЙМА СОЛИБ ПИШИРИЛГАН ҚОВОҚ

  • Лозим бўлган масаллиқлар:

    2 та ўртача катталикдаги қовоқ

    1 дона ўртача бошпиёз

    1 дона унча аччиқ бўлмаган гармдори

    Бироз укроп

    Бир неча дона саримсоқ бўлакчалари

    2 ошқошиқ ўсимлик ёғи

    Ярим стакан ёнғоқ(ихтиёрий)

    Зираворлар:

    Таъбга қараб туз, мурч, зира лозим бўлади.

  • Бундан ташқари, 250 грамм қўй, мол ёки курка гўшти қиймаси

    200 граммча иссиқда яхши эрийдиган пишлоқ лозим.

  • Энг аввало қовоқларни яхшилаб ювиб, ўткир пичоқ ёрдамида эҳтиёткорлик билан "думчаси"ни кесиб ташлаймиз. Кейин узунасига қоқ иккига бўлиб, ошқошиқ ёрдамида ичидаги уруғини сип-силлиқ қилиб чиқариб оламиз.

  • Духовкани 200 градусга мослаб, қизитишга қўямиз.

    Қовоқларимизнинг ичини енгилгина ёғлаб, таъбга қараб, тузлаб, мурчлаб, зиралаб оламиз.

    Сўнгра уларни четлари энлигина ва барча қовоқларимиз сиғадиган духовка листига териб чиқамиз. Пўсти арчилмаган саримсоқ бўлакларини бир ювиб ташлаб, икки донадан қилиб, қовоқ косачаларининг ичига соламиз.

    Сўнгра духовкага солиб, 45 дақиқа қолдирамиз.

  • Бу орада бир дона бошпиёз, 4 дона пўстлари арчиб тозаланган саримсоқ бўлаклари ва битта яшил гармдорини майда кубик шаклида тўғраб оламиз.

  • Каттароқ товага 2-3 ошқошиқ ўсимлик ёғи солиб, тўғралган масаллиқни олтинранг тусга киргунча қовурамиз. Сўнгра қозондаги масаллиқа ярим стаканча майдаланган ёнғоқ қўшамиз. Яна 2-3 дақиқача қовуриб, қиймаланган гўштни соламиз.

    Масаллиқни пастроқ оловда сели тортилиб, қиймамиз четлари қизара бошлагунча қовурамиз.

    Шундан сўнг майда қилиб тўғралган укроп ва 1.5 ошқошиқ томат пастаси соламиз. Яна паст оловда 5-6 дақиқача қовурамиз. Шундан сўнг қиймамиз тайёр бўлади.

  • 45 дақиқадан сўнг духовкадан қовоқларимизни олиб, ошқошиқ ёрдамида косачаларини тайёр қийма билан тўлдирамиз.

  • Сўнгра устидан йирик тишли қирғичдан ўтказилган пишлоқни сепиб, яна 10 дақиқа духовкага қўямиз.

  • Жаъми 55 дақиқада яна бир лаззатли таом тайёр бўлади. Қиймали қовоқни истанг иссиқ, истанг совуқ ҳолида дастурхонга тортишингиз мумкин. Биз эса, Сизга ёқимли иштаҳа тилаб қоламиз.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.