BBC navigation

Обид Юнусов ўз армони, Ўткурийнинг муваффақияти ва тан берган санъаткори ҳақида

Сўнгги янгиланиш 2 март 2012 - 12:27 GMT

Таниқли ўзбек адиби Уйғуннинг "Парвона" спектаклидаги бош образ - Ўткурий машҳур бўлишининг асосий омили Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусовнинг ижросидир.

Обид Юнусов атоқли бастакор Юнус Ражабийнинг фарзанди.

У 1934 йил 20 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилган.

Театр ва рассомлик институтида 1952-56 йиллари таҳсил олган.

Томошабинлар "Тўйлар муборак", "Майсаранинг иши", "Чинор остидаги дуэль" бадиий фильмларидаги Обид Юнусов ролларини яхши билишади.

Обид Юнусов овози билан 1000 дан ортиқ фильм ўзбек тилига ўгирилган.

Ҳозир нафақада.

Обид Юнусов икки ўғилнинг отаси, 6 набира, 2 эваранинг буваси.

Ўзбекистон Халқ артисти Обид Юнусов билан суҳбатимизни тинглаш учун, плейерни ўйнанг:

Ўзбекистон Халқ артисти Обид Юнусов билан суҳбат

Би-би-си меҳмони рукнида.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Би-би-си: Обид ака, сиртдан бўлса ҳам, студиямизга хуш келибсиз:

Обид Юнусов: Раҳмат, хушвақт бўлинг.

Би-би-си: Обид ака, театр ва кино соҳасида фаолият юритаётган санъаткорлар кўп. Аммо уларнинг бетакрорлари саноқли бўлади. Агар ўзингиз мисолингизда айтсак, санъаткорни нима бетакрор қилади?

Обид Юнусов: Қонда бўлиши керак дейди, отам санъаткор бўлганлари учун менинг қонимда бор, деб ўйлайман. Лекин, шунда ҳам, фақат қонда бўлмаса керак. Чунки умуман санъатга алоқаси бўлмаган одамлардан ҳам санъаткор чиқади. Авваламбор, санъаткор бўлиш учун санъатга қаттиқ муҳаббат қўйиш керак. Ундан кейин меҳнат, меҳнат, меҳнат, тинимсиз меҳнат талаб қилади бу...Қани, мен уч-тўрт йил ишлаб кўрак-чи, ёқса, ишларман, ёқмаса, кетарман бошқа ёққа, деган одам санъатга кирмаслиги керак. Санъатга фақат жонини, танини, бутун вужудини бериб, кейин ишлаш керак.

Би-би-си: Обид Юнусов деганда кўпчиликнинг хотирасига лоп этиб "Тўйлар муборак" фильми келади. Ушбу фильмни суратга олиш жараёнидан бирор бир қизиқарли жойлари хотирангизда қолганми? Дубайдан Алижон сизга ана шундай савол йўллабди...

Обид Юнусов: У фильмни суратга олишга қийналганмиз. Суратга олиш ишлари сентябр ойида бошланганди. Кун салқин бўлиб қолганди. Яъни ўша йил куз анча совуқ келганди. Биринчи съёмка кунимиз Анҳорга калла ташлаб, соҳилнинг нариги бетига чиқиб, ҳалиги қизни қувлашдан бошланган. Кун салқин...Сувга калла ташлаш керак. Бунинг устига биттамас, бештадан дубл олади-да...Жуда совқотиб кетганман. “Режиссёр, бунақа салқин пайтда шамоллаб қолмасин деб, одамнинг орқаларини спирт билан массаж қилиб, артилади”, десам, “Мана, бор”, деб ароқларни кўрсатиб, бошқа қилиб олинган пайтлари бор. Ўша пайтда қийин бўлган. Кейин репетиция пайтида ҳалиги қизни қувиб кетаётиб, дарахтга бошимни урволиб, ағдарилиб тушгандек бўлиб, ётган еримдан нимадир тишлаб отгандек бўлсам, режиссёр, “Нимани тишладинг?”, деб сўраб қолди. Чунки дарахтда ҳеч нарса йўқ эди. Мен, “Дарахтга бошим урилиб кетувди, олма тушди, ўшани”, дедим. Ростдан ҳам олма дарахти бўлса-да, дарахтда олма йўқ еди. Бир пайт режиссёр, “Яблоки, немедленно!”, деди. Суратга олиш ишлари тўхтатилди. Кимдир машина билан бозорга кетди, олма олиб келди. Дарахтнинг шохларига олмаларни боғлаб қўйиб, ҳалига дарахтга бошим урилди, олма тушди, олмани олиб, чайнадим,...Кинони кўрганлар билади, ўша олма олиб келиб қилинган. Ижод дегани суратга олиш жараёнининг ўзида ҳам туғилавераркан-да! Бўлмаса, дарахтдан олма тушиб кетади, актёр дарахтдан олмани олиб, чайнайди, деган гап сценарийда йўқ.

Би-би-си: Обид ака, "Тўйлар муборак" фильмида оёғингиз албастер ичида қотиб қолган жойи бор? Ҳақиқатда ҳам шундай бўлганми?

Обид Юнусов: Ҳақиқатда шундай бўлган. Энди, кинонинг ўзини сирлари бор. Оёғимда резинка этик бўлган, резинка этик билан сувга тушганман. Албастер солишган, бирпасда қотиб қолган. Ўшанинг ростдан ҳам албастер эканига ишонтириш учун, қўлимга пиёлада чой бериб қўйишган, ичиб турибман, пиёла қўлимдан тушиб кетиб, албастернинг қаттиқлигидан синиб кетади. У неччи кун суратга олган бўлса, ҳар куни бориб, ўша этикка оёғимни тиқаман, шу ҳолича сувга албастер солишади...

Би-би-си: Навбатдаги саволимиз томошабинлар сизнинг ижронгизсиз хаёлларига ҳам келтиролмайдиган "Парвона" спектакли билан боғлиқ. Кўпчилик сизни Ўткурий ролисиз тасаввур қила олмайди. Нима учун бу ролингиз шунчалик муваффақият қозонган? Бу рол сизнинг табиатингизга қанчалик яқин?

Обид Юнусов: Билмадим, Уйғун ака театрга келиб, ўша пьесаларини ўқиганларида, яъни биринчи ўқилган кунда, билмайман, ўша ролга қанақадир завқим кетди-да, пьеса ўқилаётган пайтнинг ўзида ўша ролни ўйнагим келди. Ўқилди, пьеса қабул қилинди, роллар актёрларга бўлиб берилганда, менга тегмади ўша роль...”Менга ўша ролни берсанглар”, деб илтимос қилдим. “Хўп”, дейишди. Битта ролга икки, уч киши бўладию, мени иккинчи қилиб ёзиб қўйишди. Битта ўртоғимиз бор, исму шарифини шарт эмас айтишим, у нима бўлиб, 15-20 кунга гастролга кетиб қоладиган бўлди, яъни иш бошланган пайтда. Режиссёримиз Шариф Қаюмов эдилар, “Эй-ййй, менинг артистимни олиб кетиб қолаяпсизлар, мен энди нима қиламан бу ерда, репетициялар тўхтайдими?”, деб додлаб қолдилар. Мен, “Шариф ака, у киши келгунларича, мен репетиция қилиб турарман, унақа деманг”, дедим. “Ҳа, ҳа, сан борсана, майли, майли”, дедилар. Шу билан у актёр гастролга келиб қолди ва мен репетицияларни бошлаб юбордим. А у гастролдан келгунича, спектаклимиз анча пишиб қолганди. Келиб, кўриб, “Эй, уларни қувлаб етоламанми, етолмайманми", деб, ўйнамай, ташлаб кетди, ўзимга қолиб кетди ўша роль. Ўша пайтда мен билан бирга ўйнаган актёрларнинг кўпчилиги орамизда йўқ, ҳаммаси ўтиб, ўтиб кетди, уларнинг ўринларига бошқа, бошқа, бошқалар ўйнашдию, мен битта ўзим охиригача қолавердим. Телевидениега ёзишди, беш марта ёзилди. Илгари плёнкалар тақчил бўлганми, устига бошқа нарсаларни ёзиб юборишаверган. Кейин яна бошқатдан ёзилган. Яна шундай қилишган. Яна бошқатдан ёзилган. Ҳозир шу охирги бешинчи марта ёзилгани олтин фондда қолган.

Би-би-си: Энди, нима учун бу ролингиз томошабинлар орасида бунчалик машҳур, севимли бўлиб кетди, бунинг сири нимада?

Обид Юнусов: Жудаям ўзим хоҳлаб, истаб ўйнаганим учунми, ундан кейин, билмайман, бизнинг халқимиз мусиқани яхши кўради, ашулани яхши кўради, ўшангами, чунки мен дутор чалиб, ашулалар қўшиб юборгандим, назаримда, шулар ҳам ролнинг ютуғини анча таъминлади.

Би-би-си: Обид ака, сиз суҳбатларингизнинг бирида Ўткурий ролини 803 марта ижро этганингизни айтгансиз. Бу сизни зериктириб юбормаганми?

Обид Юнусов: Йўқ, зериктириб юборган жойлари ҳам бўлган. Спектаклда камчилик, яъни ҳаммаси бўлиб етти киши қатнашади. А каттароқ спектаклдан битта-яримтаси касал бўлиб қолса, спектаклнинг ўрнига бошқа нарса қўйолмайди. Ўша спектаклда “Парвона”дан тўртта актёр қатнашадиган бўлса, бўлди, шарт этиб, “Парвона”ни қўйиб юбораверарди, уни ҳамма келиб томоша қилаверади. “Эй, бугун репертуар ўзгариб қолибди-ку, кирмаймиз”, демайди-да, “Парвона” экан деб, аввал кўрган бўлса ҳам, яна кираверади. Ўша “Парвона” спектаклини халқимиз жуда яхши кўриб қолганди.

Би-би-си: Ўзингиз ижро этишни ниҳоятда истаган, аммо армон бўлиб қолган ролларингиз ҳам борми?

Обид Юнусов: Армон бўлиб қолган ролим бор. Армон бўлганики, мен ўша ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимнинг ўзидаёқ, яъни тўққизинчи, ўнинчи синфларни битираётган пайтларингизда, одамлар, “Мактабни битиргач, ким бўласиз?”, деб сўраган чоғларида, “Мен актёр бўламан, актёр бўлиб Алишер Навоийни ўйнайман, мен Гамлетни ўйнайман”, деб орзу қилганман. “Театральный”га кирдим, уни битирдим, театрга ишга кирдим, шу Алишер Навоийни ўйнайман, деб орзу қилиб, актёр бўлдим...Ҳали туғилмаган фарзандимни, ҳали онасининг қорнида ҳомила экани чоғида, Олим Хўжаев кўриб қолиб, “Ийе, ийе, ийе, исмини нима қўямиз?”, деб сўраб қолганларида, “Отини Олим қўямиз”, деганман. Мен шу Олим акага бўлган муҳаббатим, Алишер Навоийга бўлган муҳаббатим учун ҳали туғилмаган фарзандимнинг исмини Олим қўйганман ўшанда. Ана шунақа қилиб, мен ҳеч қачон Алишер Навоий ролини ўйнамадим, театрдаги бошқа ёшларга бердилар. “Олим ака, мен сизни яхши кўрганим учун боламнинг исмини Олим қўйганман, шу ролни менга беринг”, десам”, “Эй, сенинг амплуанг бошқа, сен қўя қолгин”, деб менга бермаганлар. Ана шу роль кўнглимда армон бўлиб қолди. Бир куни бир кинорежиссёримиз келиб, уйда суҳбатлашиб ўтирганимизда, “Сизнинг ҳам армонингиз борми, шундой яхши яшаяпсиз, мана, яхши роллар ўйнаб юрибсиз,..”деб сўровди, “Дунёда армонсиз одам бўлмайди”, дедим. “Нима армонингиз бор?”, деди. “Мен Алишер Навоийни ўйнайман, деб актёр бўлганман. Мен шу ролни театрда ўйнамадим. Ана шу менга умрбод армон бўлиб қолди”, дедим. Буни эшитиб, унинг ўзи сценарий ёзиб, мен ҳақимда “Армон” деган ярим соатлик кино қилдик.

Би-би-си: Обид ака ўз ижролари билан сизни лол қолдирган санъаткорлар борми? Агар бўлса, кимларнинг ижроларига тан бергансиз?

Обид Юнусов: Мен ўша “Театральный” институтга кирмасимдан олдин Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Тошхон Султонова, Замира Ҳидоятова, Зайнаб Садриева,..ҳаммаларини кўриб, уларга ишқибоз бўлганман. Уларнинг ҳар бирлари менга мактаб бўлган, деб ўйлайман. “Сизнинг устозингиз ким?”, деб сўрашади. Мени институтда ўқитган домлам Наби Раҳимов бўлганлар, театрга келгандан кейин, Наби аканинг ролларини ўйнай бошладим. Мен ҳақиқий Наби аканинг шогирдиман ўзим. Лекин мен ҳар доим, “Асосий устозим - театр”, деб айтаман. Театрда мен кўпчиликдан кўп нарса олганман. Мен нимаики олган бўлсам, нимагаки эришган бўлсам, ўшалардан олиб, ўрганиб, ундан кейин олганимни халқимизга берганман...

Би-би-си: Суҳбатларингиздан бирида ҳануз кинога тушишга оид кўплаб таклифлар олаётганингизни айтгандингиз. Сизга кинога тушишни таклиф этишганда, энг аввало нимасига қарайсиз? Сизга таклиф этилаётган гонораригами, сценарийсигами ёки режиссёрига?

Обид Юнусов: Мен гонорар ҳақида умуман ўйламайман. “Нима берсак, хурсанд бўласиз?”, дейишганида, “Ҳеч бировдан неча пул берасан, деб сўраганимни эшитганмисан?”, деб айтаман. Кинога чақиришдими, шу роль менга маъқул келдими, чақирганига раҳмат, дейман, бориб, “Неча пул берасан?”, деб айтган эмасман. Нима берса, шуни олиб кетаверганман. Берганини ўша бориш-келиш ва тушликнинг йўлига сарфлаб юборган киноларим ҳам бор. Мен, “Неча пул берасан?”, деб, ҳеч қачон, ҳеч қайси режиссёр билан тортишган эмасман.

Би-би-си: Отангиз Юнус Ражабий домла машҳур созанда бўлганлар. Нима учун уларнинг йўлларини тутмай, актёрликни танлагансиз? Сизнинг танловингизга отангизнинг муносабатлари қандай бўлган?

Обид Юнусов: Отам унақа қаршилик қилмаганлар. Мактабни битираётганимда, “Ўғлим, энди қаерга кирмоқчисиз?”, деб сўраганлар. Ҳеч ўйлаб ўтирмай, “Мен “Театральный"га кираман, актёр бўламан”, десам, “Эй, ўғлим, ҳа, қўя қолинг, битта оилага битта артист етар, бошқа соҳага кира қолинг”, деганларида, “Дадажон, ўқисам, шунда ўқийман, бўлмаса, умуман ўқимайман, оддий ишчи бўлиб кетавераман”, деганман. “Ҳа, ундоқ бўлса, майли, билганингизни қила қолинг, ўғлим”, деганлар.

Би-би-си: Мана, орадан шунча йил ўтиб, бугун актёр бўлиш қарорингиздан қанчалар мамнунсиз ёки кўнглингизда пушаймонлик ҳисси ҳам борми?

Обид Юнусов: Менда ҳеч қанақа пушаймонлик ҳисси йўқ. Жудаям хурсандман, жудаям мамнунман. Шу даражага етганимга минг марталаб шукроналар айтиб ўтираман. Нафақага чиққанимизга анча вақт бўлиб кетганига қарамай, ҳозиргача ҳеч тинч қўйишмайди. Ҳали у газетадан, ҳали бу журналдан, уёғдан, буёғдан, камераларини кўтариб келиб, суратга олишади, телевидение орқали беришади, бошқа қилишади, кетма-кет, қўймасдан,...”Эй, мен ҳозир театрда ишламаяпман-ку”, десам, “Эй, сизни оламиз, сиз бошқасиз-да,” деяверишади. Бундоқ ўйлаб, чарчатиб юборишганига қарамай, бир ҳисобда айтаманки, “Чарчатишса ҳам майли. Мен, демак, керак эканманки, олишаяпти экан”. Ҳар ким энг аввало дунёда керак бўлиб юриши керак!

Би-би-си: Обид ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.


Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.