Муҳаммад Солиҳ: зулмга қарши курашиш лозим

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1949 йилда Хоразм вилоятида туғилган.

Тошкент Давлат Университети(ҳозирги Миллий Университет)нинг Журналистика факультетини, Москвадаги Олий Адабиёт курсини тугатган.

Муҳаммад Солиҳ ёшлигидан коммунистик тузум мухолифи бўлган, у ўзининг дунёқарашига Совет Армияси сафида Чехословакияда хизмат қилган пайтида 1968 йилги "Прага баҳори"нинг Шўролар тузуми томонидан бостирилишининг ҳам таъсир қилганини айтган.

У ўз принципларидан келиб чиқиб коммунистик фирқага кирмаган.

Муҳаммад Солиҳнинг илк шеърий китоби 1977 йилда нашр этилган, шундан сўнг у авангард шоир сифатида танилган.

Айни пайтда Муҳаммад Солиҳга нисбатан миллий анъаналардан узоқ Ғарбга тақлид қилувчи ижодкор сифатида танқидлар ҳам бошланган.

Аммо айнан Муҳаммад Солиҳ ўзбек тили, миллий адабиёт ва тарихга нисбатан шўролар сиёсатини танқид қилиб чиққан илк ўзбек зиёлиси бўлади.

СССРнинг сўнгги йилларидаги ошкоралик сиёсати Муҳаммад Солиҳни ўткир публицистга айлантиради.

У Ўзбекистондаги пахта яккахокимлиги, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик фожеа мавзуларида кўплаб мақолалар эълон қилади.

Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат - "Бирлик"нинг асосчиларидан бири бўлган.

У мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясини 1990 йилда ташкил этган.

Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган.

Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилади.

Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 феврал портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини айтган.

2011 йилдаги "Араб баҳори" муҳожиротдаги ўзбек мухолифатчиларини руҳлантирган, Олмониянинг Берлин шаҳрида қатор Ўзбек мухолиф гуруҳларини ўзида бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига асос солинган.

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг раиси этиб сайланган.

Муҳаммад Солиҳнинг 20 дан ортиқ шеърий, публицистик китоблари нашр этилган.

Сўнгги йилларда у тўрт жилдлик "Пайғамбарлар тарихи"ни тузди ва нашрдан чиқарди.

Муҳаммад Солиҳнинг саволларга жавоблари

Sharofiddin London: Hurmatli janob Muhammad Solih, sizning shaxsingizga va oilangizga bolayotgan shu keyingi hurujlarni qanday izohlaysiz? Rus tilidagi Uznyusnet internet sahifasining hodimasi Buxarbaevaning sizga qarshi iddaolari naqadar asosli siznigcha? Siz ular aytayotganday haqiqatan ham demokrat emasmisiz? Yoki haqiqatan ham tanqidni to'g'ri qabul qila olmaysizmi? Rahmat.

Муҳаммад Солиҳ: Ҳурматли Шарофиддин, агар хуружлар фақат менинг шахсим ёки оиламга бўлса ҳам майли эди, хуружлар мен ва оилам баҳонасида динимизга ва бизнинг яшаш тарзимизга бўляпти. Бизнинг зеҳниятимизни ўзгартирмоқчи бўлишяпти, бизга "сен ўзингга ўхшаб эмас, сен бизга ўхшаб яшашинг керак" дея кўрсатма беришга уринишаяпти. Булар Ўзбекистонда йилларча яшаб, халқимизнинг дардини англамаган маргинал табақанинг вакиллари, халқимизга ҳам, унинг қадриятларига ҳам бегона кимсалар. Улар ҳаёсизликни - жасорат, шаллақиликни эса шижоат деб биладиган маданиятсиз кимсалардир. Сиз тилга олган сайт муаллифи бир неча йил давомида ислом дини ва унга тобе кишилар ҳақида сурункасига туҳмат хабарлар ёйинлаб, жамоатчлик фикрини чалғитишга уринди. Ўзбек мухолифатига ҳам айни шу нуқтадан, яъни гўё унинг "исломлашгани" нуқтасидан туриб, тош отмоқда. У инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг мусулмонликни қабул қилганлигида бизни сабабчи қилиб кўрсатди ва бизга қарши уйдирмаган бўҳтони қолмади. Ислом душманлиги Ғарбдаги баъзи радикал гуруҳлар ичида модага айланган, бу сайт ҳам ўша мода доирасида, аммо ўша радикаллардан ҳам ашаддийроқ ғайрат билан курашмоқда мусулмонларга қарши. Демократлик тўғрисида шуни айтай: Менга "сен демократ эмассан" десалар, буни ҳақорат сифатида қабул қилмайман. Балки чиндан ҳам бировлар истаган савияда демократ эмасдирман. Аммо менга "ёлғончи" десалар буни ҳақорат қабул қиламан, чунки мен ёлғончи эмасман. Демоқчиманки, бу кимсалар анчадан бери, бизни, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини, "исломни сиёсатда қўлланиш"да, яъни носамимиятда айбламоқдалар. Ҳолбуки, биз бу ҳаракат қурилмасдан олдин "мўътадил исломий гуруҳлар мавжуд сиёсий елпозага(спектрга) дохил этилиши шарт, акс ҳолда, улар режим тарафидан қилинаётган тазйиқлар натижасида радикаллашуви муқаррар" деган тезисни бот-бот такрорлаб келдик. Ва ниҳоят, бу лойиҳани амалга ошириш учун биз 2010 йилда "13 май Иттифоқи"ни, 2011 йилда эса "Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини" қурдик. Натижада бугун Ҳаракат сафларида диний майлли гуруҳлар ҳам биз билан бирга шаффоф бир иқлимда эмин-эркин ўз сиёсий фаолиятини юритмоқдалар. Бундан ким хафа бўлди? Албатта, Каримовнинг режими жуда хафа бўлди. Бу режимга оид “Пресс.уз-инфо” номидаги интернет саҳифаси ҳар ҳафтада Ҳаракатга қарши, "диний фанатиклар"га қарши ҳақорат тўла битта мақола ёйинламаса, ухлаёлмайди. Энди бу сафга Узнюснет саҳифаси ҳам қўшилди. Булар ўз саҳифаларига Ўзбекистон номини қўйиб, сўз эркинлиги баҳонасида, Ўзбекистон халқига ҳужум қилмоқдалар. Аммо уларнинг мақтови каби, туҳматлари ҳам бизни йўлимиздан адаштира олмайди.

Vatanparvar, Toshkent: Assalomu aleykum. Savolim shuki, oldindan shu narsa ma’lumki, podishohlikka Olloh xohlagan va uning nazari tushgan bandagina o'tiradi va uni Tangridan boshqa hech qanday kuch tahtdan ag'darolmaydi. Shunday ekan, mustaqilikning ilk yillarida O'zbekiston yoshlarini zo'ravonlikka chorlab, ularning o'limiga sabab bo'lishingizga nima sabab? Hudoga ishonchsizligingizmi yohud shoir odamni xalq ustidan bosh bo'lish orzusimi? Javob uchun rahmat.

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом, сиз менимча, яқин тарихни Каримов талқинида ўқиб ўрганган ва унга ишонган одамсиз. Ёки воқеаларни атайлаб бузиб кўрсатиб мафуравий душманингиз деб билган кишига туҳмат қилаяпсиз. Агар сиз "ёшлар ўлими" деб 1992 йил 16 январдаги талабалар митингида 2 та ёшнинг "спезназ" қўшинлари тарафидан отиб ўлдирилганини назарда тутаётган бўлсангиз, бу менинг эмас, сиз "худонинг назари тушган" деб таърифлаётганингиз Каримовнинг жинояти эканини бутун дунё билади. Ёшларни ҳеч қачон зўравонликка чорламаганман. Зўравонликка қарши туришга чорлаганман. Бу ишни 22 йил қандай қилган бўлсам, бугун ҳам айнан шундай қилаяпман. Чорлаш тарзи ўзгаргани йўқ. Сизнинг подшоликка фақат Оллоҳнинг изни билан келинади, деган гапингизга тўла қўшиламан. Лекин Оллоҳу Таоло бизга шу Каримовни юборган экан, биз миллат ўлароқ шунга лойиқмиз, аммо бу дегани унинг зулмига чидаб, қўл қовуштириб ўтириш, дегани эмас. Зулмга қарши курашиш лозим, ана шунда Оллоҳ бизга золимнинг ўрнига одил бир раҳбар юбориши мумкин. Чунки Унинг "Сизлар ўзгармагунча мен сизларни ўзгартирмайман”, деган ваъдаси бор.

Би-би-си: Бизнинг электрон почтамизга келган бир неча ўқувчиларимизнинг саволлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги сўнгги вазият ҳақида. Сизнингча, муносабатларнинг таранглашиши сабаблари нимада?

Муҳаммад Солиҳ: Бу икки давлат орасидаги зиддиятлар бугун бошлангани йўқ. Бунинг асосий сабаби, менинг фикримча, Ўзбекистон раҳбарининг қўшни давлатлар билан муносабатларни шантаж ва таҳдид устига қурганидир. Агар Каримовнинг шахсида фитнага мусоид замин бўлмаганда эди, унга четдан туриб таъсир ўтказиш мумкин бўлмасди. Каримов фақат Тожикистон билан эмас, бошқа қўшнилари билан ҳам яхши муносабат ўрнатгани йўқ. Бутун қўшниларимиз Ўзбекистонда бўлган манфааатлари нисбатидагина, дипломатик алоқани сақлаб, лидерлар учрашувларида Каримовга жилмайиб қўйишга мажбурлар. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги таранглик йиллардан бери сақланиб келмоқда ва бу тарангликнинг асосий сабабчиси Ўзбекистон раҳбарининг ташқи сиёсатидир.

Аббосхон Москва: Ассалому алайкум ҳурматли Муҳаммад Солиҳ жаноблари. Сизнинг раҳнамолигингизда бўлиб келаётган ЎХҲ ташкилоти дастлабдан ҳозирги иқтидордаги тузумни тинч йўл билан, талофатсиз, яъни ҳалқ жабр кўрмаслик йўли билан кетишига ёки ағдарилиши кўзда тутилган мақсадларда маълум. Бу дегани ЎХҲ кўзлаган даражадаги халқни сиёсий, ижтимоий, диний тафаккури каби салоҳиятлари ҳаракат хоҳлаган даражага чиқсагина ижобат бўлади, деганими? Бас шундоқ бўлса, бу эзгу ниятлар маҳсули неча мавсумни ўз ичига олади, деб ўйлайсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом. Бизнинг мақсадимиз - Каримов режимини қон тўкмасдан йиқитиш. Андижон фожиасининг такрорланмаслиги, аммо Андижонда тўкилган қоннинг зафарини кўриш орзуимиз. Бунга эса, биз кучли бўлсаккина эришамиз. Кучли бўлиш учун бизнинг ғоямизни фақат кўчадаги оломон эмас, бу оломонга идоралари деразасида қараб турадиган давлат маъмурлари ҳам, бу оломоннни ўраб турган миршаблар лашкари ҳам, казармаларида буйруқ кутаётган аскарлар ҳам қўллаши керак. Андижонда 2005 йилдаги халқнинг чиқишини мухолифат уюштирмади, бу чиқиш сиёсий чиқиш эмасди, режасиз ва хаотик чиқиш эди, халқни эргаштира оладиган бир сиёсий гуруҳ йўқ эди. Бугун шундай гуруҳ бор - бу Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир. Сиз айтган "тарбиявий мавсум" ҳам ўз йўлида давом этади. Инсонларнинг шахс ўлароқ етуклика йўли узун. Бу тарбия бешикданоқ бошланиши керак бўлган бир жараёндир. Мустабид режимни йиқитиш учун бу етуклик мавсумини кутиш имконсиз. Бу тарбияни ўша режимни йиқиб, янги давлат миқёсида бошлаш тўғри бўлади.

Sharif Mullajonov: Hozirda O'zbekiston davlat iqtisodi tang holda, aksariyat insonlar o'zga davlatlarga ishlash va yashash uchun ketishmoqda, fikringizcha kelajakda Qirg'izistonda bo'lgan voqealar O'zbekistonda ham takrorlanishi mumkin deb o'ylaysizmu?

Муҳаммад Солиҳ: Биз қирғизлар тушган қавмий адоват тузоғига зинҳор тушмаслигимиз керак. Қирғизстон ҳудудлари ичида яшаётган ўзбекларга қарши уюштирилган қатлиом яралари ҳали битмади, боз устига қирғиз ирқчилари ўз зулмини ҳамон энг юксак пардада давом эттирмоқдалар. Баъзи қўшни мамлакатлар минтақаларида ўзбек мактабларининг ёпила бошлагани ҳодисаларини эшитиб, қайғуряпмиз. Бу жараён давом этадиган бўлса, ўша биз қўрққан адоват тузоғига тушиш таҳликаси янада кучаяди. Марказий Осиё давлатлари бу этник, миллий ва диний муаммоларни адолат билан ечадиган янги, шуурли, шижоатли ва қалбларида Оллоҳ қўрқуси бўлган ҳукуматларга муҳтождир. Бугунгилар 20 йилдан бери бу муаммоларни наинки ечиш, аксинча, янада чигаллаштирди, янада хавфлироқ нуқтага ташиди.

Almuhsin: Assalamu alaykum, Muhammad Solih, sizni Alloh yulida yaxshi kuraman. Lekin siz tanlagan yul Ahli sunna yo'li emas, ya'ni siz tutgan siyosiy yo'l, manhaj juda notugri. Undan ko'ra avval Tavhidni odamlar qalbiga qurish kerak emasmi? Bizda hamma yoq shirk va bid'at bosib youtibdi, siz, biz tavhidni odamlaga tushuntirish o'rniga siyosat qurishga kirishib ketdik, manhaj haqida hech qayg'urasizmi?

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом. Тавҳид зеҳнияти маънавий маънода ҳар бир мусулмонни ер юзида тик(вертикал) тутиб турган умуртқа поғонасидир. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Каминанинг юритаётган сиёсати - унинг атрофга таъсир кучи қандайлигидан қатъи назар, шу вертикал чизгисидан, четга чиқмаган. Бу махсус режаланган бир фаолият эмас, балки яшаш тарзидир. Сизнинг ифода этаётган фикрингизни иймон тарбияси, дея тушундим ва агар шундай бўлса, минг карра ҳақлисиз. Бундай тарбия инсон фаолиятининг бутун жабҳаларида, шу жумладан, сиёсий фаолиятда ҳам жуда муҳим ўрин тутишига ҳеч шубҳам йўқ. Аммо тавҳид зеҳниятини тўғридан-тўғри сиёсий ҳаракат ва партиялар воситасида "қуриш"га интилиш, менимча, ғояни чегаралаб қўяди. Бундай фаолият шаклига ўтган ҳаракатларда тавҳид ғояси бора-бора маънавийдан кўра кўпроқ сиёсий ғояга айланади, бу эврилиш ашёнинг табиатидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам бу жабҳада жуда эҳтиёткор ҳаракат қилмоқ лозим.

Furqat: Assalomu alaykum Solih aka, sizga hukumat bilan sira murosa qilmaslik jаsoratini bergan qaysi kuch? Tarozining bir tarafiga sizning ukalaringiz qo'yilgan. Agar sal murosali bo'lsangiz, Muhammad Bekchon ozod bo'lar edi.

Муҳаммад Солиҳ: Ва алайкум ассалом, агар ҳақиқатан ҳам тарозининг бир тарафига сиёсий фаолиятим, иккинчи тарафига укамнинг озодлиги қўйилганда эди, бу масалани муҳокама қилиш мумкин бўларди. Аммо бундай бир эҳтимол йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Буларнинг ҳаммаси ўйин. Укамга,укаларимга, қариндошларимга уйғуланаётган зулм халқимизга уйғуланаётган зулмнинг кичик бир парчасидир. Агар Муҳаммад Солиҳ сиёсатни ташласа, ўзбек халқига зулм тўхтайдиган бўлса, бир лаҳза ҳам иккиланмасдан ташлардим. Аммо сиёсатни ташласангиз укангиз озод бўлади, лекин халқ қулликда қолишда давом этади десалар, мен сиёсатни ташламайман. Ташласам, бу ўзимга ҳам, укамга ҳам, халқимга ҳам хиёнат бўларди.

Salohiddin Fayziev: Аssalomu alaykum Solih janoblari! Sizning faoliyatingizni oqib, ko'rib, eshitib boraman va shu asosda savol tug'ildi. Bilamizki tarixda chamasi 1917 yilda sobiq Turkiston Muxtoryati tuzilgan vaqtda "Islomiy Ulamo "tashkiloti tuziladi. Bu tashkilotni o'sha vaqtdagi yirik din peshvolari, olimlar tuzadi. Biroq ma'lum vaqtdan so'ng 'Islomiy Ulamo" tashkilot tarkibida o'ziga muxolifat bo'lgan "Islomiy Taraqqiyot" tashkiloti tuziladi. Hali Muxtoriyat chor Rassiyasidan to'liq mustaqillikka erishmasdan turib Muxtoryatning bu tashkilotlari bir-biriga muxolifat bo'lib oxir-oqibat 1920 yilda Frunze boshliq askarlar Muxtoryatga bostirib kirib bu tashkilotlarni tarqatib yuboradi. Demoqchi bo'lganim xuddi shu tsenariy sizning partiyangizda takrorlandi, yani hali davlat mustaqillikka erishmasdan, xokimiyatni qo'lingizga olmasdan turib "Birlik"dan o'zingizni partiyagizni ajratib olish kerakmidi?

Муҳаммад Солиҳ: Ва алайкум ассалом. Гапнинг ибтидосини хотирлатай(чунки бу яқин тарихни баъзи ёшлар билмаслиги мумкин): "Бирлик" ҳаракатининг номини камина танлаган, унинг илк дастурини тайёрлаш ҳам каминага насиб қилди, унга илк аъзоларни қабул қилишда ҳам камина фаол иштирок этган. Яъни "Бирлик" бизнинг юракларимиздан, томирларимиздан чиққан бир ташаббус, бир ҳаракат эди. Ундан айрилишнинг ўзи бўлмади. Ҳаракат тузилгандан бошлаб, КГБ унга ўз ходимларини жойлаштира бошлагани кейинги йилларда маълум бўлди. Бизга дўст кўриниб, аслида ҳукуматдан маош олаётган агентлар ҳаракатнинг қоқ марказида туриб фаолият кўрсатдилар. Улардан энг катталари бугун ҳам ўша эски номини сақлаб келаётган ҳаракат номидан гапириш ва 1988 йил КГБ тарафидан қўйилган вазифасини давом эттираяпти, десам муболаға бўлмайди. Сурункасига давом этган фитна оқими мени бир инсон сифатида чарчатди ва ҳаракатни тарк этдим. Адабий фаолиятимни давом эттириш ниятим бор эди. Бу 1989 йилда рўй берди. Аммо у пайтда менда "Эрк" партиясини қуриш хаёли менда йўқ эди. Фақат воқеалар ривожи миллий мустақиллик талаб қилишнинг вақти келганини кўрсата бошлади ва биз Ўзбекистон тарихида илк бор КПССга қарши илк партияни туздик. Бу партиянинг ғояси - Ўзбекистоннинг миллий мустақиллиги эди. Бу ғоя мавжуд сиёсий конюнктурада, яъни 1990 йилнинг апрел ойи учун жуда радикал ғоя эди. "Бирлик"да бундай бир ғоя йўқ эди, кейин ҳам бўлмади. Демак, менга аввал шахсий ва хусусий кўринган "Бирликдан айрилиш" сабаблари, аслида, ботиний(тарихий демаслик учун айтаяпман) бир заруратнинг тақозоси эди. Тузилганидан қисқа вакт ўтмасдан, 20 июн 1990 йилда "Эрк" партияси Ўзбекистоннинг Мустақиллик декларациясини Олий Кенгашга қабул қилдирди. Бу тарихий воқеа эди. Бугун Каримов ва унинг режими бу тарихий воқеани хаспўшлаб, уни яширишга муваффақ бўляпти, аммо бу узоқ давом этмаяжак. Кимнинг кимлиги энг яқин замонда ўртага чиқажак. Хулоса қилиб айтганда, бизнинг сиёсий гуруҳимиз "Бирлик"дан айрилиб, "Эрк" партиясини тузгани энг тўғри йўл бўлганига йил ўтган сайин яна-да амин бўлмоқдаман.

Даврон, Россия: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, биламизки "Араб баҳори"ми ёки "Қирғиз баҳори"ми, ҳаммасида Аллоҳнинг иродаси билан учинчи кучлар кўмагида амалга оширилган. Бироқ ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати АҚШ ҳамда Европа Иттифоқига ён босади. Чунки, АҚШ ва ЕИ Ўзбекистондаги адолатсизликларга сукут сақлаб унитиб келмоқда. Сабаби АҚШ, ЕИ ва Ўзбекистон раҳбарлари бир-биридан, сирли равишда ҳамда ошкора равишда манфаътдордурлар, бу ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу ҳолат РФга ҳам маълум ва шу сабаб бу ҳолатдан РФ ҳамда Ўзбекистон алоқалари кўп ўринларда ижобий ҳал бўлмай келмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон халқининг озодлиги учун, Аллох Ўзидан бошқага муҳтож қилмасин! Лекин бир нарсага, бир нарса сабаб деганларидай кўпчиликни ЎХҲнинг РФси билан бўлган алоқаси қизиқтиради. Шу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай? Жавоб учун олдиндан миннатдорчилик билдираман!

Муҳаммад Солиҳ: Ҳеч шубҳасиз, Россия Федерацияси билан алоқа нафақат Ўзбекистон давлати учун, балки Ўзбек сиёсатига дахлдор бўлган барча гуруҳлар учун, жумладан ЎХҲ учун муҳим аҳамиятга эга. Россия "супер(буюк)давлат" мақомини нисбатан йўқотган бўлса-да, ҳали ҳанузгача Овроосиёнинг энг нуфузли фарди (фигураси) сифатида қолмокда ва бу минтақада кечаётган воқеалар сайри бу давлатнинг у ёки бу тутуми билан чамбарчас боғлиқдир. Ўз мустақиллигига яқинда эришган бизнинг давлатларимиздаги сиёсатчиларнинг кўпчлиги ўша собиқ СССР етиштирган кадрлардан иборат бўлиб қолмокда. Бунинг яхши тарафидан ёмон жиҳати кўпроқ. Қўлга киритилган мустақилликлар бу коммунистлар "шажараси"ни мусбат йўналишга бураолмади, аксинча, мустақиллик улар зеҳниятидаги атеистик заминга ўтиргандан сўнгра улар назоратсиз бир мустабидларга айландилар. Совет даврида мустақиллик учун курашган миллий шуурдаги кучлар автоматик равишда бу худди Совет давридаги каби коммунистларга қарши мухолиф бўлиб қолавердилар. Бу миллий зеҳният соҳиблари "Совет синдроми"дан жуда кеч қутулдилар, Россиянинг мухтамал гегемон сиёсатидан ҳуркдилар ва Янги Россия билан алока урнатишда собиқ коммунистларга нисбатан орқада қолдилар. Бу реал сиёсат қоидаларига уйғун бир ҳолат эмасди ва бунинг натижасида бугун Ўзбек мухолифати Россия давлати наздида Россияга қарши гуруҳ сифатида танилди. Мухолифат бу янглиш тасаввурни ўзгартириш учун ҳаракат қилмокда. Шахсий қаноатимини айтсам, Россия - унинг лидери ким булишидан катъи назар - 21 асрда Турк Дунёси (Ўзбекистон ҳам шунинг ичида) билан энг тиғиз интеграция ичида бўлиши кераклигига аминман. Жорий геополитика шуни тақозо қилади. Суръат билан ўсаётган ва бўлгада ёйилаётган Хитой шуни тақозо қилади. Демак, Ўзбек мухолифатнинг стратегияси ҳам шу жўғрофий-сиёсий ҳақиқатдан келиб чиқиб тузилиши керак.

Abdulloh, USA: Assalomu Alaykum Muhammad aka, Avvalambor millatimiz uchun qilgan butun xizmatlaru-qayg'ularingiz uchun Allohdan sizga uzoq umr, sog'lik-sihatlik tilayman. Kelajakda ismingiz O'zbek tarixiga oltin harflar bilan yozilishi muhaqqarardir. O'XH'ning saytini ta’qib qilaman. Ba’zi siyosati noto'g'ri tuyilayabdi menga. Sizning fikringizni bilmoqchi edim.1. O'zbek millatini juda ham ko'p kamsitish bor. Q'oy, baliq kabi o'xshatishlar bor. Pozitiv taraflariga e'tibor berilsa ko'proq yondosh to'planmas edimi?

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом, сиз ҳақлисиз, баъзи инсонларга Ўзбек халқига қилинаётган зулм ҳаддан ташқари узоқ давом этаётгандай, халқ ҳам бу зулмга ҳаддан ташқари сабр кўрсатаётгандай туюлади ва бу ҳолат уларнинг ҳисларини ғалаёнга келтиради. Бу ғалаённи қоғозга тўкишга ҳаракат қилишади. Агар бизнинг саҳифамиз бу ҳиссиётга керагидан ортиқ ўрин бераётган бўлса, биз уни тузатишимиз керак. Раҳмат бизни огоҳлантирганингиз учун. Чунки ҳақиқатан ҳам халқимизнинг мусбат хислатлари манфийларидан кўпроқ, биринчи навбатда уларни ташвиқ қилиш лозим.

Шерзод: Ассалому алайкум Муҳаммад ака, Абдураҳим Пўлатнинг Сизни президентга сотилган деган айбловларига нима дея оласиз? Ростдан ҳам иккита квартира учун "Бирлик" партиясининг бўлиниб кетишига Сиз сабабчи бўлганмисиз? Жавобларингиз учун миннатдорчилик билдираман.

Муҳаммад Солиҳ: Менга Каримов 1992 йил май ойида Демократик Форумни тарқатиб юборишим эвазига ўзидан кейинги энг юксак икки лавозимдан биттасини танлашимни таклиф қилди. Мен ҳеч иккиланмай рад қилдим. Буни “Эрк” партиясининг бутун аъзолари ва умуман сиёсат билан қизиққан бутун инсонлар билади. Ва шундай синовдан ўтган одам иккита квартирага ўз эътиқодини сотадими? Бу сафсатага ўша Пўлатовнинг ўзи ҳам ишонмайди, аммо тинмай такрорлайди, чунки вазифаси бу. Гап шундаки, менинг хусусий, ўз манглай терим билан топган пулга олинган иккита квартирамни Каримов судсиз, муҳокамасиз мусодара қилди ва МХХ бу квартиралар Муҳаммад Солиҳга ҳадя қилинганди, деган бўҳтонни мухолифат ичидаги хоинларга етказди, хусусан, ўша Пўлатовга махсус етказгани маълум. Ва бу кимса йиллар давомида бу ёлғонни такрорлайди МХХ нинг тўтиқуши каби. Бор гап шу.

Менинг кимлигимни дўстим ҳам, душманларим ҳам жуда яхши билади. Дўстларим бу кимлигим учун ҳурмат қилишади, душманларим айнан шу кимлигим учун ёмон кўришади. Ўрта йўл йўқ. Оллоҳ менга ёзган тақдиридан мамнунман. Менинг дўстларим - акаларим, тенгдошларим, укаларим – дўст сифатида энг содиқ инсонлардир. Шу маънода, энг бахтли инсонман ва дўстларни Оллоҳнинг менга кўрсатган энг буюк икроми деб биламан ва Унга шукр қиламан. Душманларимнинг кўра олмайдигани – менинг дўстларимдир.

Muhammadazim, Habarovskiy kray: Assalomu aleykum. Yaqinda Youtubeda Karimov va Tohir Yo'ldoshning 1991 yilda Namangandagi muzokarasini kurib qoldim. Kop narsalarni vaada qilgan ekan. Siz shu mahalda qaerda edingiz. Umuman kim tinchitgan ushanda halqni. Abduvali qorini urni qanday bo'lgan o'shanda? Rahmat.

Муҳаммад Солиҳ: Бу лавҳа 1991 йил декабр ойида, яъни президентлик сайловлари кампанияси кетаётган бир пайтда олинган. У пайтда камина Каримовга қарши президентликка номзод сифатида сайловчилар билан учрашувларда эдим. Каримов ҳам Наманганга бориб, мусулмонларнинг овозини олиш учун масжидга кириб қолган. Кейин "агар халқ истаса, мен ислом давлати қуришга қарши бўлмайман" деган қабилда гап қилган ва бу гапга ишонибми, Тоҳир гуруҳи(уларни ваҳҳобийлар дейишарди) ўша сайловларда менга эмас, Каримовга овоз берган эди. Халқни ҳеч ким тинчитгани йўқ, чунки тинчитилиши лозим бўлган бирор воқеа бўлмади у ерда.

Гулнора, Стокхолм: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ! Охирги пайтларда мени бир савол қийнаб келади. Нега кўпгина Ўзбекистон режимига зид бўлган мухолифатчилар ва мустақил журналистлар БМТ орқали қочқинлик мақоми олиб чет элларга чиқиб Ҳаракат, Замондош, Узнюснет, Янги дунё каби веб-сайтлар очиб бир-бирларига мағзава ағдариш билан банд бўлдилар? Сизнингча буларнинг саҳифаларда берилаётган материаллар қанчалик журналистика қонун-қоидаларига тўғри келади? Мухолифат лидери ва журналист сифатида буларни бирор марта танқид қилдингизми?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳақлисиз, афсуслар бўлсинким, мухолифатчи хирқасини кийиб, мухолифатга Каримовдан ҳам ашадддийроқ шаклда курашаётган кимсалар юзсизликнинг чегарасига келиб қолдилар. Куни кеча шулардан биттасига жавоб бериб бошимиз балога қолганини кўргандирсиз. Булар ойларча, йилларча сизга мағзава тўкади ва сиз андиша қилиб, гапирмайсиз. Бордию, сабрингиз тошиб, битта жумла айтсангиз ҳаёсизларча сизга ташланадилар ва аввалгидан баттар туҳматларни устингизга ёғдиради. Бу тоифа билан курашишга кетган кучингизни диктаторлик режимига қарши курашга сарфламаганингизга ачинасиз шунда. Энг қизиғи, бу кишиларнинг деярли ҳаммаси мухолифатга ҳеч алоқаси бўлмаган, режим тарафидан ҳам тазйиққа учрамаган, нохолис йўллар билан сиёсий қочоқ ёрлиғини қўлга киритиб, сиёсий ва ёки диний қарашлари сабабли режимдан жабр кўриб, четга кетишга мажбур бўлган ғоя инсонлари устига мағзава тўкиб, умр ўтказаётган бахтиқоралардир. Булар аслида, бемалол ватанга қайтишлари мумкин, ҳеч ким уларга тегмайди. Уларга қарши очилган бирор жиноий иш ҳам йўқ. Кўпларининг уй-жойлари турибди, ҳатто бизнеслари ҳам бор юртда, аммо кетмайдилар. Чунки текинтомоқлар, Ғарб давлатлари берган "пособие"ни йилларча еб, зериккандан ўз ватандошларига тош отиб кун ўтказадилар. Оллоҳ ҳеч кимни буларнинг тақдирига солмасин.

Alisher, Navoiy: Savolim shuki: Siz o'z qarashlaringiz bilan bugungi taraqqiy etayotgan jamiyatni o'zgartirishga qodirman deb o'ylaysizmi, manimcha "Poyezd allaqachon relsga tushib bo'lgan va manzilga oz qolgan"? Javob uchun tashakkur.

Муҳаммад Солиҳ: Жавобим, шуки, ҳа, биз бугунги вазиятни Оллоҳнинг изни билан ўзгартира оламиз деган фикрдамиз. Бунга бизнинг ҳам маънавий, ҳам сиёсий, ҳам инсоний ресурсларимиз бисёрдир. Агар бунга инонч бўлмаганида, биз сиёсий программалар билан ўртага чиқмаган бўлардик. Иккинчидан, мен сиз айтган поездга ўзим минмаганман, ундан тушиб қолганимга 18 йилдан ошди. Ва бу поезд ҳали ҳам манзилга етгани йўқ. Агар сиз айтаётган поезднинг манзили "келжаги буюк давлат" сифатида белгиланган бўлса, манзилга етиб келмагани аниқ. Унинг бугун келган бекати - "Иқтисодий ва Сиёсий инқироз" бекатидир. Машинист "Ота" бу бекатни манзил деб ўйлаётган бўлиши мумкин. Аммо бундан ўзбек халқи хушнуд бўла олмайди. Чунки у бу бекатдан сўнгра йўл жарга бориб тақалаётганини ҳис қила бошлагани аниқ.

Бу мавзуда батафсилроқ