BBC navigation

BBCUzbek.comдан яна бир лаззатли таом - 'Наргиз' кўфтаси

Сўнгги янгиланиш 20 апрел 2012 - 14:10 GMT
  • 'НАРГИЗ' (ТУХУМЛИ) КЎФТА

    Лозим бўлган масаллиқлар:

    1. Ярим кило унча ёғли бўлмаган қийма.

    2. Икки дона ўртача катталикдаги бошпиёз

    3. Уч дона саримсоқ бўлакчаси

    4. Бир шингил укроп

    5. Бир дона кичикроқ гармдори

    6. 6 дона тухум

    7. 3-4 ошқошиқ ўсимлик ёғи

    8. 2.5 ошқошиқ томат пастаси

    Зираворлар

    Таъбга қараб, туйилган кашнич, туз, мурч ва зира лозим бўлади.

  • Аввалига қайламизни тайёрлаб оламиз.

    Бунинг учун ёнлари энли това ёки қозонга ўсимлик ёғини солиб, парраклаб тўғралган бир дона бошпиёзни қизартириб қовурамиз.

    Пиёзимизнинг қизғиш тусга кириши жуда муҳим.

    Чунки у қайнаш жараёнида эриб кетиш билан бирга, қайлангизнинг рангини ҳам яхшилайди.

  • Пиёзимиз қизаргач, томат пастасини солиб, яна 2-3 дақиқача ўртача оловда қовуришда давом этамиз.

    Қозондаги масаллиқнинг четларидан ёғи бироз ажралиб чиқишни бошлаган бир пайтда, оловни пасайтириб, 10 смча баландликда қилиб, қайнаб турган сув соламиз.

    Қозондаги масаллиқни милдиратиб қайнатишга қўямиз. Ва қиймамизни тайёрлашга ўтамиз.

  • Ўртача катталикдаги товоққа қийма, майда кубик шаклида тўғралган бир дона кичикроқ бошпиёз, майдаланган саримсоқ, гармдори ва тўғралган укроп ва таъбга қараб, туз, мурч, зира, туйилган укроп соламиз.

  • Шундан сўнг, товоқдаги масаллиқни яхшилаб мижғиймиз ва қийма эластик ҳолатга келгач, устини ёпиб, бир четга олиб қўямиз.

  • Аввалроқ сариғи қаттиқ қилиб қайнатиб пиширилган ва совутилган 5 дона тухумнинг пўстларини эҳтиёт бўлиб арчиб оламиз.

    Сўнгра товоқдаги тайёр қиймамизни бешта тенг бўлакка бўлиб оламиз.

    Сувланган кафтимизга биринчи бўлак қиймани олиб, иккинчи кафтимиз билан бир текис қилиб, 1.5 смча энликда доира шаклида ёйиб оламиз.

    Сўнгра устига тухумни қўйиб, ҳар икки кафтимиз ёрдамида уни қийма билан яхшилаб ўраймиз.

    Қийма қўлингизга ёпишгудек бўлса, яна сувлаб олишни унутманг.

    Кўфтамиз ташқаридан ҳам силлиқ тухум шаклига келиши керак.

    Қолган тухумларни ҳам шу тарзда қийма билан бир текис қилиб қоплаб оламиз.

  • Сўнгра эҳтиёт бўлиб, ҳар бир кўфтани қозонда милдираб қайнаб турган қайламизга соламиз.

    Қайланинг суви бироз камайган бўлса, кўфталаримизнинг ярмидан сал баландроғига етгунча қилиб, қайнаб турган сув соламиз.

    Оловни ўртача баландликка кўтариб, қозондаги масаллиқнинг қайнашига кўз-қулоқ бўлиб турамиз.

    Қайнай бошлагач, оловни пасайтирамиз ва қозоннинг қопқоғини ёпиб, милдиратиб қайнатишга қўямиз.

    Кўфталаримиз очилиб кетмаслиги учун унинг паст оловда қайнашиш ниҳоятда муҳим.

    Ҳар 15 дақиқада кўфталаримизни қошиқ ёрдамида эҳтиёт бўлиб бир ағдариб оламиз.

    Жаъми 50-55 дақиқада кўфталаримиз тайёр бўлади.

  • Таомни дастурхонга иссиққина нон ёки қовурилган картошка қаламчалари билан бирга тортишингиз мумкин.

    Биздан эса, Сизга фақат ёқимли иштаҳа тилаш қолади, холос.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.