BBC navigation

Орзу Артс театр гуруҳи: "Томошани майдонга чиқиб ҳам қўйиб кетаверамиз. Томошабин олқишласа, бўлди"

Сўнгги янгиланиш 23 апрел 2012 - 12:35 GMT

Икки ижодкор Ўзбекистонда ҳам театр ва кино соҳасида фаолият юритган

Лондонда асос солинган Орзу Артс ўзбек театр гуруҳи шу кунларда ўзининг "Дарвеш" номли илк спектакли намойишини якунлади.

Гуруҳга ўзбекистонлик санъаткорлар Йўлдош Жўрабоев ва Рашид Шадат (Рашид Шодиев) асос солишган.

Қирқ минутлик томошада спектаклнинг бош ва ягона қаҳрамони Рашид Шадат нафақат дарвеш ё эртакчи ролини, балки сўзлаётган эртакларидаги қаҳрамонлари ролини ижро этади.

Томоша дутор ва доира садолари, зарчопонлару дубулға ва бошқа ранг-баранг саҳна безаклари билан янада бойитилган.

Спектаклни келиб кўрган британ театр танқидчилари унинг ўзига хослигини олқишладилар. Жумладан танқидчи Ҳовард Локстон ғарбона театр усули орқали ҳикоя қилинган ўзбек афсонаси томошабинларга ўзбек маданиятини татиб кўриш имкониятини яратганини айтади.

"Томоша бевосита мурожаат, турли қаҳрамонлар костюмлари, актёр куйлаган қўшиқ, доира ва дутор садоларининг қаришмасидир. Бу оддий лекин бой томоша", - дейди жаноб Локстон.

Спектакль Лондоннинг Giant Olive театрида бўлиб ўтди

Йўлдош Жўрабоев ва Рашид Шадат 2000 йилда Тошкент Давлат Санъат институтининг драма театри ва киноактёрлик факультетини тамомлашган.

"Дарвеш" спектаклини саҳналаштирган Йўлдош Жўрабоев 1997 ва 2007 йиллар орасида Тошкентнинг қатор театрларида турли ролларни ижро этган. У 2000 йилда олмон театр ижодкорлари ташаббуси билан ўтказилган "Буюк Ипак Йўли" театр фестивалида "Қобил ила Ҳобил" асаридаги Ҳобил роли учун Гранд при мукофотини қўлга киритган.

Рашид Шадат 1997 йилдан Тошкентдаги Республика Ёш Томошабинлар театрида ишлай бошлаган. У 2000 йилдан, театрдаги фаолияти билан бир қаторда, Ҳамроҳ авторадиосида бошловчилик қилган. У Ўзбекистондаги ижодий фаолияти давомида 30дан ортиқ спектакллардаги роллари, фильм ва видеоклиплардаги образлари билан танилган.

Йўлдош Жўрабоев ўз устозлари қаторида Ҳамида Маҳмудова, Шуҳрат Аббосов, Олимжон Салимов, ҳамда "Илҳом" театрининг марҳум режиссёри Марк Вайлни эслайди.

Иккала ижодкор ҳам бугунда Лондонда истиқомат қиладилар.


Йўлдош Жўрабоев ва Рашид Шадат веб саҳифамиз ўқувчилари саволларига жавоб беришди.

"Авваламбор, салом-алайкум. Биринчи саволим: нима учун Ўзбекистондаги ижодларингни ташлаб Лондонда ижод қилишга қарор қилдинглар?
Манзура Имамова, Россия

Жўрабоев: Саволингиз учун катта раҳмат. Жуда қизиқ савол. Биласизми, одам ўз олдига мақсадлар қўйиб, шунга интилиб яшайди. Энг аввало, ёшлигимиздан бошлайдиган бўлсак, мен Фарғона водийсида туғилиб ўсганман. Ёшлигимида ўша пайтларда агиттеатр деган кичкина ташкилотлар бўларди. Улар маҳаллий маданият саройларида, кичкина, профессионал бўлмаган ҳаваскор театрлар уюштириб юришарди. Шу тўгаракларда қатнашиб юрган кунларимдан "бир кун келиб албатта Тошкентга бориб, санъат олийгоҳида ўқийман" деган ниятни ўзимга қўйган эдим ва ниҳоят шу ниятга эришдим. Ўқиб юрган пайтларимда, бирор кун ўқишни битириб, "республика ва пойтахт театрларида ишлайман" деган ният бор эди, унгаям эришдик. Одам бир мақсадга эришса, ўз олдига янгисини қўяр экан. Имкон туғилди Лондонга келиб, шу ерда жойлашишга. Нима учун энди ўз асаримизни Европада ҳам кўрсатмайлик, ўзимизнинг санъатимизни Европада ҳам тарғиб қилмайлик деган савол туғилди. Менимча, кейинги йил яна бошқа Европа давлатига бориб томоша қўйсак ажабмас.

"Мен, масалан, ижодкор сифатида томошамни майдонга чиқиб ҳам қўйиб кетавераман. Менга томошабин бўлса бўлди, томошабин шуни олқишласа, мен учун энг катта бахт шу. Рашид иккаламизнинг интилишимиз, мақсадимиз шу."

Йўлдош Жўрабоев

Шадат: Биз ҳам Йўлдош билан институтда ўқиб юрган пайтимизда, ва айниқса институтдан кейин шундай имкониятлар бўлдики, жуда ҳам кўп чет эл сафарларида бўлдик. Германияда, бошқа Европа ва араб давлатларида фестивалларда қатнашдик. Фестивалга боришдан аввал "бизни ёки санъатимизни тушунишармикан? Ўзбек тилида спектакль қўйсак, қандай қабул қилишаркан?" деган ҳавотир бўларди, шу саволлар озгина қўрқитарди бизни. Лекин уч-тўртта фестивалга боргандан кейин, бир нарсага иқрор бўлдикки, санъат миллат танламас экан. Агар саҳнага чиқиб бир нарсани чин қалбдан ижро этсангиз, томошабин тилни тушунмаса ҳам, томоша нима ҳақида эканини, унга нима демоқчи бўлганингизни тушунар экан. Мусиқа орқали, ҳатти-ҳаракат, мимика орқали тушунар экан. Шундан кейин қўрқмайдиган бўлдик. Лондонда ҳам бошида озгина ҳавотир бор эди "қандай қабул қилишар экан?" деган. Инглиз тилида ўйнадик, ва жуда ҳурсанд бўлдик Йўлдош билан.

Би-би-си: Лондондаги "Дарвеш" спектаклингиз асосан инглиз тилида бўлди, лекин ўзбекча сўзлар ҳам бор эди, шундай эмасми?

Рашид Шадат инглиз театри ўзбек театридан кўп фарқ қилишини айтади

Шадат: Ҳа, ўзбекча сўзлар бор эди, ҳатто орасида шеър, ғазаллар ва рубоийлар ҳам бор эди... Театр критиклари томонидан жуда яхши қабул қилингани бизга қанақадир қанот бағишлади, келажак учун умид бағишлади, фундаментимизни мустаҳкамлади шу нарса.

"Иккинчи саволим, бизнинг театримиз англияникидан нимаси билан ажралиб туради? Масалан сиз қандай янгича қийинчиликларга дуч келдингиз Англияда театр соҳасига киришга уринганларингизда?"
Манзура Имамова, Россия

Жўрабоев: Манзурахон, саволларингиз учун катта раҳмат. Жуда қизиқ, жуда долзарб саволлар. Биздаги санъат кўпроқ ижро санъати. Ўзбек театрида кўпроқ мимика, ҳатти-ҳаракат, ҳис-туйғуларга, кечинмаларга асосланган санъат. Европада тўқнашганим шу бўлдики, бу ерда актёрлар кўпроқ натижа сари ишлашга мослашган.

Би-би-си: Нимани назарда тутаяпсиз, натижа деганда?

Жўрабоев: Яъни, театрларда дуч келганим шуки, ишлаш стили юзакироқ.

Шадат: Актёр саҳнада бир нарсани кўрсатмоқчи бўлса, инглиз актёрлари шуни кўпроқ кўрсатишга ҳаракат қилади, ва кечинмаларни яшаб ўтишга ҳаракат қилмасдан, натижани кўрсатишга уринади. Яъни спектакль оҳирида нима бўлади, ана ўшанга кўп интилишар экан. Бизда эса, ўзбек театрида, образнинг ички кечинмаларини яшаб ўтиш жараёни кучлироқ.

Жўрабоев: Иккинчи томондан, Тошкентда, ё умуман, Ўзбекистонда бир театрга келиб жойлашдингизми, сиз шу театрга содиқ қолиб ишлайсиз. Шу сизнинг доимий иш жойингиз бўлади, шу театр сизнинг нонингиз, шу театр сизни боқади, эрталабдан кечгача битта театрга содиқ ишлайсиз. Бу ерда мен тушунмаган нарса шуки, биронта ҳам театрнинг ўз доимий актёрлари йўқ. Кўпинча шундай. Умуман, бу катта муаммо эмас, лекин ўрганиб кетгунча озгина қийналдик.

"Британияда театр гуруҳи тузиш молиявий ва бошқа актёрлар жиҳатидан қанчалар қийин бўлди?"
Reader, Манчестер

Шадат: Нафақат Лондонда, ҳаммаёқда ҳам биронта фикр ё таклифни амалга ошириш анча қийин. Айниқса театр соҳасида. Албатта, бошида қийин бўлди... Тошкентда биз ўрганганимиз шу эдики, актёрлар театрга келади, гримини қилади, кийимини кияди, 20-30 минут ўзининг ролига тайёрланади. Саҳнага чиқади, ўйнайди ва уйига қайтади. Улар ташкилий ишлар билан шуғулланмайди. У ерда администратор бор, декоратор бор, овоз режиссёри бор, чироқчи бор, костюмер бор. Яъни, атрофдаги ҳамма одамлар сиз учун ишлайди. Актёр саҳнага чиқиб, ўз ролини қойилмақом қилиб ўйнаб берса, бўлди. Бизга озгина қийин бўлган жойи, ҳамма нарса билан, ҳам ижодий ва ҳам ташкилий томонидан ўзимиз Йўлдош иккаламиз шуғулландик. Албатта, четдан ҳам ёрдам бўлди, маҳаллий инглиз дўстларимиздан.

Йўлдош Жўрабоев жорий йил кузида яна бир шарқона спектаклни британиялик томошабинларга тақдим қилишни режалаган

"Сизлар Нодира Мюррей билан ҳам ҳамкорлик қилиб бир спектакль яратиш ниятингиз борми?"
Reader, Манчестер

Жўрабоев: Нимага бўлмасин? Албатта, бўлиши мумкин. Мен ўтган йили Нодирани Эдинбургдаги "Медея" спектаклида томоша қилдим. Нодира жуда ҳам талантли, профессионал, жуда темпераментная актриса. Унинг имконият даражаси жуда кенг. У кўп қиррали актриса. "Медея"нинг ўзи оғир материал, у осон спектакль эмас. Нодира ўқишни битириб, жуда кўп йиллик тажрибаси бўлмаслигига қарамасдан, шундай ролни қўрқмасдан, маромига етқазиб ижро этгани, халққа етказиб бергани ва бир ой давомида жаҳон театрлари фестивалида саҳнада тургани - катта гап. Албатта, Нодира билан лойиҳалар қилишимиз мумкин. Агар Нодира хоҳласа, албатта..

Шадат: Қолаверса, Нодира бизнинг энг яқин дўстимиз, у бизга ҳамфикр. У албатта бизни қўллаб-қувватлайди, Лондонга келганимизда бизга кўп маслаҳатлар берган, йўналишларни кўрсатган. У ҳам ҳамкасбимиз, ҳам дўстимиз, ҳам маслаҳатчимиз. Келажакда албатта биргаликда ишлаймиз деган умиддамиз.

"Театр ташкил қилингани билан табриклайман Йўлдош ва Рашид акаларни. Келажакда яна қандай ўзбекона ёки шарқона спектакллар қўйиш ниятларингиз бор? Ёки ғарбона спектакллар ҳам қўйиш ниятингиз борми?"
Ирода Аҳмедова, Лондон

Жўрабоев: Масалан, бугуннинг ўзида Тошкентга учиб кетаяпман. Ўзбекистонда машҳур, нафақат Ўзбекистонда балки дунёда танилган туркманистонлик режиссёримиз Авлиқули Ҳожиқулиев билан бирга яна битта шарқона, ўзбекча асарни тайёрлаяпмиз. Репетицияларни Тошкентда қилиб, уни Лондонга олиб келамиз. Худо хоҳласа, кузда спекталь премьераси Лондонда бўлиб ўтади. Кейинги йилларга ҳам бошқа асарларни режалаштириб турибмиз.

Шадат: Яна, театр соҳасида ишлаётган инглиз дўстларимиздан шундай бир фикр бўлдики, "Мана сизлар ўзбекистонликсизлар, сизларнинг мактаб бизникидан барибир фарқ қилади. Инглизча асарларни ўзбекча нуқтаи назардан саҳнага олиб чиқмайсизларми? Ўзбекона йўналиш, мусиқа, рақс билан, ҳатто Шекспир асарларини" дейишди. Айтайлик, Гамлет агар бўлганда, қандай бўларди? Шундай фикрлар бўлди. Шундай экан, нафақат ўзбек, балки жаҳондаги бошқа машҳур асарларга ҳам қўл урамиз деган умиддамиз.

Икки ижодкор Британия театр доираларида танилиб улгурган Нодира Мюррей уларга ижодларининг илк кунларида йўл-йўриқлар кўрсатиб турганини айтишади

Жўрабоев: Илхом театрида марҳум Марк Вайлнинг спекталлари, Ёшлар театрида Наби Абдураҳмоновнинг спектаклларида жаҳон классикаси асарлари саҳналаштирилган. Бизда бу тажриба анча ривожланган, ва бизнинг халқимиз яхши кўради бундай нарсаларни.

"Томоша жуда ёқди, раҳмат. Ҳаммага маълум, спектакль қўйиш осон эмас. Саволим ҳамкорликда ким билан ишлаяпсиз, ким ҳомийлик қилаяпти? Раҳмат, ижодингизга омад."
Шуҳрат Хўжаев, Лондон

Шадат: Ҳозирча, ҳамкорларимиз ё ҳомийларимиз бор демаган бўлардиму, лекин ёрдам берган дўстларимиз бор. Ҳомийликка келсак, спектаклни очишда ҳамма маблағни Йўлдош иккаламиз ўз ёнимиздан қопладик. Таклиф билан кўп жойларга бордик, лекин Лондонда баъзи одамлар ишонмагандек ё ҳайрон қолгандек бўлишди. Балки нотўғри қилгандирмиз, чунки қўлимизда ҳеч қандай материал йўқ эди. Қуруқ фикрнинг ўзи билан бировни ишонтириш қийин, менимча.

Би-би-си: Ўзи Британияда театр ё фильм учун ҳомийлик олиш осон эмас дейишади, шу тўғрими?

Жўрабоев: Ҳа, бу билан тўқнашдик. Албатта, қийин, осон эмас. Лекин талпинганга толеъ ёр. Менимча, энг асосийси, меҳнатдан қочмаслик, мақсадга қўрқмасдан интилиш. Қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамасдан олдинга интилиш. Шундагина одам бир нарсага эришади. Ҳақиқий ижодкор ё санъат фидоийси учун, менимча, бундай нарсалар тўсиқ бўлолмайди. Мен, масалан, ижодкор сифатида томошамни майдонга чиқиб ҳам қўйиб кетавераман. Менга томошабин бўлса бўлди, томошабин шуни олқишласа мен учун энг катта бахт шу. Рашид иккаламизнинг интилишимиз, мақсадимиз шу.

Лондонда ўзбек театр гуруҳи илк томошасини қўйди

Лондоннинг Giant Olive театрида ўзбекистонлик санъаткорлар асос солган Орзу Артс театр труппасининг илк спектакли намойиш қилинди - видеолавҳа

Томоша қилишmp4

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.