Жаҳонгир Отажонов: Жонли ижродан менинг ўзим завқ оламан

Истеъдодли хонанда ва бастакор Жаҳонгир Отажоновнинг "Икки қалб" қўшиғи унинг бетакрор овозини Ўзбекистонга танитди, десак хато бўлмайди.

У 1978 йилда Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган.

Ўзбекистон ва туркманистонликларнинг севимли санъаткорлари Ортиқ Отажонов ва Қўзибой Отажонов Жаҳонгирнинг амакилари бўлади.

"Оилавий муҳит мени ҳам санъатга қизиқишимни пайдо қилган", дейди у.

Жаҳонгир ҳали 1-синфда ўқиган йилларидаёқ қўшиқ айтишни бошлаган.

Тошкентдаги Успенский номидаги махсус билим юртида мусиқадан сабоқ олган.

У 2007 йилдан буён саҳнага Жаҳонгир Ризо тахаллуси остида чиқишга қарор қилган.

Шу йил май-июн ойларида Лондонда уюштириладиган WOMAD - Жаҳон мусиқаси, санъати ва рақси фестивали ташкилотчилари Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари ўртасида танлов ўтказишди.

Бу танлов тартибига кўра, ижролари видеоси қўйилган қўшиқчилар учун социал тармоқ фойдаланувчилари овоз беришлари ва биринчи ўринни эгаллаган ижрочининг Лондонда июл ойи охирида бўлиб ўтадиган фестивалда куйлаши мўлжалланган.

Бу танловга Жаҳонгир Ризонинг жонли ижро этган "Мавриги" ва "Арвачи" қўшиқлари қўйилган эди.

WOMAD фестивали танловига илгари сурилган Жаҳонгир Отажонов қўшиқлари

Танлов якунида WOMAD фестивали ташкилотчилари кўп сондаги қўшиқчилар орасида Жаҳонгирни 3-ўринни эгаллагани билан табриклашди.

Жаҳонгир Отажоновнинг радиотингловчилар ва BBCUzbek.com ўқувчилари саволларига жавоблари

Бугунги " Би-би-си меҳмони " истеъдодли хонанда Жаҳонгир Отажонов бўладилар. Дастуримизга хуш келибсиз!

Жаҳонгир Отажонов: Каттакон раҳмат! Хушвақт бўлинг! Жудаям хурсандман сизлар билан суҳбатлашаётганимдан.

Би-би-си: Мухлисларингиздан кўпгина саволлар юборилган. Жумладан, тошкентлик Олима Отажоновлар сулоласи ҳақида, устоз-шогирдлик анъаналарига қандай қарашингиз ва ўзингизга отангиз Қўзибой Отажоновми ёки амакингиз Ортиқ Отажоновни устозим, деб биласизми, дея сўраган. Суҳбатимизни шундан бошласак, марҳамат!

Жаҳонгир Отажонов: Раҳмат! Ҳар ҳолда Отажоновлар оиласи ҳақида менгача бўлган шу оила аъзолари кўп гапиришган. Мен тўхталадиган нуқта, Қўзибой Отажонов, биласизми, кўпчилик адашади, менинг отам деб ўйлашади. Қўзибой Отажонов менинг кичкина амаким бўлади. Ортиқ Отажонов билан Қўзибой Отажоновнинг ўртасида яна Сафарбой Отажонов деган инсон борлар, шу киши менинг отам бўлади. У санъат соҳаси билан жиддий шуғулланмагани учун таниқли эмас. Оиламизда ҳаммамизнинг биринчи устозимиз албатта Ортиқ Отажонов бўлади. Кейин Муяссар Раззоқова, София Анатольевна, Вячеслав Андреевич. Вячеслав Андреевичдан ашула айтиш сирларини ўрганганман. Мақом соҳасида Ўзбекистон Халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоев устозим бўладилар.

Би-би-си: Германиядан Муҳаббат. Womad фестивалига ўзбек санъаткорлари орасидан сизни таклиф қилишгани қандай бўлган? Ютолмаганингиздан хафамисиз?

Жаҳонгир Отажонов: Мани таклиф қилишмаган. Балки Womadда мен ҳақимда тасаввурга ҳам эга бўлишмагандир ўша пайтда. Ҳозир ҳар ҳолда озгина бўлса ҳам биз ҳақимизда маълумотга эга бўлишган. У ерда эркин акция, яъни акция ҳам деса бўлса керак интернетда. Менинг Музаффар деган ўртоғим шу масалалар билан шуғулланади, Ўша концертимиздан лавҳани қўйдик. 125 давлат қўшиқчилари билан бир қаторда. Facebookда берилган овозлар натижаси ҳисобланади, дейилган эди. Ўзбекистондаги хоҳлаган санъаткор қатнашиши мумкин эди. Балки улар Facebookдан хабарлари бўлмади ёки вақтлари бўлмади. Энди ютқизишимизнинг сабаби Facebookни бизда оммалашмагани. Чунки битта Одноклассникининг ўзида камида беш мингта дўстим бор. Агар ўшаларнинг ўзи Facebookда бўлишганида ҳам биринчи ўринни олган бўлардик. Чунки биринчи ўринни олган хоним Кейт ҳам 1500 га яқин овоз олди. Биз ютқизсак ҳам, 10-12 кун давомида биринчи ўринни ушлаб турдик. Бу мен учун, ўзбек санъати учун яхши реклама бўлди, деб ўйлайман. Айнан мухлисларим 100 фоиз бўлмаса ҳам, 70 фоиз ухламай ҳаракат қилишди биринчи ўринни олишимиз учун. Кўпчилик Facebookдан хабар топди шу баҳона. Ўзим ҳам Facebookдан унча фойдаланмасдим.

Би-би-си: Нодира. Концертларингизни 100% жонли ўтказиш фикри кимдан чиққан?

Жаҳонгир Отажонов: Концертларимда доим жонли ижро этганман. Энди бу фикр эмас, бу ҳар кун қиладиган иш бўлиши керак. Ҳозир бироз муаммо бўлиб қолди. Лекин оддий иш бўлиши керак.

Би-би-си: Кўп саволлар айнан шу жонли ижро ҳақида келган. Демак жонли ижро этган санъаткор тезда мухлислари эътиборига тушиши аниқ.Ўзбекистондан ўзбек. Жонли ижронинг қандай яхши ва қийин жиҳатлари бор. Ўзингизнинг ижроингиздан қониқасизми?

Жаҳонгир Отажонов: Камчиликсиз инсон йўқ. Албатта мен ҳам хатоларга йўл қўяман. Буни энди асосан ўзимиз биламиз. Жонли ижронинг фойдали томонларига келсак, бу жудаям кучли процесс. Қолаверса, шарқ саъатида минорга, яъни дарди оҳангларга эътибор қаратилади. Европада эса мажор, қувноқликка эътибор кўпроқ. Мен баъзида қўшиқ ёзаётганимда кўзимдан ёш қуйилиб келади. Худо берган мусиқа юрагимга таъсир қилиб йиғлатади. Шунинг учун ишончим комилки, бу мусиқа яна кимнидир йиғлатиши ёки, бошқасини ўйнатиши мумкин. Бир ярим соатлик концерт давомида одамларни ҳам йиғлатиб, ҳам кулдириш катта нарса. Тингловчи икки соат давомида фикри ўша ерда бўлиб, дунёни унутади. Яъни мияси дам олади.

Лондондан Музаффар: Шу йилги концертингизнинг номини нима учун "Отам ўгитлари" , деб номладингиз?

Жаҳонгир Отажонов: Худога шукур, мусулмонмиз, ўзбекмиз. Европага нисбатан ота-онага, қариндош-уруғга, қўни-қўшнига оқибат бизда барибир кучли, тўғрими? Шунинг учун бизнинг ота-онага, фарзандларимизнинг бизга меҳр-оқибати бир умр давом этади. Бу бизга мерос. Лекин баъзида отамизнинг гапларига қилмаслик, ҳурматсизлик қилиб қўйиш ҳам бўлади. Бу Муҳаммад Юсуфнинг сўзлари

Отам ўгитларин унутмоқдаман, Унутяпман секин ўзимни оқлаб. Мен кимнинг ўғлиман, кимнинг фарзанди, Ортимда имоним юрар сўроқлаб.

Шундан келиб чиқиб, биринчидан қайтариқлардан қочдим. Севги-муҳаббат бўлиб бир хил бўлмасин, бошқаларга ўхшамасин, барибир рақобат бор, деган мақсадда, иккинчидан номланишининг ўзи бизни кимлигимизни кўрсатади. "Отам ўгитлари" деб қўйдим. Шунингдек, зиёли, тушунган мухлисларни чақирдим. Қолаверса бу жуда маъноли мавзуни кўрсатади.

Иккинчи савол: Сизга нима зарил жонли концерт бериб, бошқаларга ўхшаб оғзингизни қимирлатиб туриб пулингизни ишлайверсангиз бўлмайдими?

Жаҳонгир Отажонов: Осон ишнинг ўзи йўқ. Санъат бўлганидан кейин санъаткор бўлиб қилиш керак. Мен ўзим бундан завқ оламан. Албатта менинг аҳволимга тушиб кўрмагансиз. Ашула айтганда ўша ўтирган тўрт мингта одамнинг ҳайқириғини эшитганда Худо сизга яна ўзизда йўқ кучларни берадики, овозингиз ҳам бўғилмайди. Томирим чиққани ижро пайтида қийналганим эмас, бу азарт. Жонли ижрони сиз бошладингиз, деб айтиб қолишади. Мендан олдин ҳам бўлган, бутун классик санъатимиз жонлику. Лекин поп мусиқада жонли ижро камайиб кетгани учун, барибир халқ поп мусиқани кўпроқ эшитадию, шунинг учун бундай мақтовларни эшитиш менга ҳам ёқимли албатта. Ҳозирги эстрадамиз у даражада мақтовга сазовор бўлмасада, классикамиз жуда ҳам бой. Худо хоҳласа, аста-секин ҳаммаси бўлади.

Би-би-си: Шу мавзудаги яна бир савол. Жонли ижро қилаётганингиз кўпчилик қўшиқчиларнинг жиғига тегмаяптими?

Жаҳонгир Отажонов: Билмадим, мен энди ҳамма билан унча гаплашмаганман. Жиғига тегмагандир. Жиғига тегмаган, чунки фойдаси ҳам йўқда. Балки яна кимдир ҳаракат қилар шунақа қилишга. Халқимиз ҳам ундай бешафқат эмас, мен жонли ижро қилганим учун бошқаларни эшитмай қўйса, жиғига тегса. Ҳамманинг ўз мухлиси бор. Санъаткорлар жонли айтса, айтмаса, халқнинг ардоғида. Масалан, мен минг ҳаракат қилганим билан ҳаммага ёқавермайман. Худди шунингдек, мени ёқтирмаган одам бошқани эшитаверади.

Би-би-си: Санъаткор жонли айтса айтмасада, халқнинг ардоғида юраверади, дедингиз. Нега шундай, одамларга бунинг аҳамияти йўқми?

Жаҳонгир Отажонов: Бу энди ҳар кимнинг дунёқараши, билимига боғлиқ. Агар айтилган қўшиқ мухлиснинг қалбидан жой олса, юракка буйруқ бериб бўлмайди. Эшитаверади. Қолган ижодини қандай ижро қилиш санъаткорнинг ўзига ҳавола. Энди уларни виждонига боғлиқ ҳам деб бўлмайди. Жонли айтолмаслиги, кучи етмаслиги мумкин. Унга берилган куч жонли концерт учун етарли бўлмаслиги мумкин. Уни пулга ёки бошқа нарсага сотиб олиб бўлмайди. Энди яна бир гап мен зўр санъаткор бўлишим мумкин, лекин яхши одам бўлмаслигим мумкин ёки аксинча бундайроқ санъаткор бўлсам ҳам, жудаям яхши инсон бўлишим мумкин. Масалан, мен ҳақимда ўзи яхши айтадию, лекин одамгарчилиги йўқ, кеккайган деб айтади. Албатта кўпчилик мени билмайди. Лекин ўз фикрини айтган одамлардан мен хафа бўлмайман.

Би-би-си: Жонли концертлар маълум бир кўникма, тажрибани берган бўлса керак...

Жаҳонгир Отажонов: Бу йил учинчи концертим жонли. Ҳаяжон бўлмайди, деб ўйлагандим. Йўқ уч кун ҳам бошида ҳаяжон бўлди, қўрқдим тўғриси. Психологик томондан қийин бўлди. Бу йил ўтган йилгидан ҳам яхши ўтказишимиз керак, деган мақсад турганди. Бу йил ҳам яхши бўлди дейишди мухлислар. Энди кейинги йилда нима қилишни билмай турибмиз. Шундай одам ўзига талаби ошиб бораверади. Ҳозир кейинги йил концертимнинг 50-60 фоиз қўшиқлари ўйланган. Лекин улар ўзгаради, бошқалари киради. Қандай қилишим керак, деган савол биринчи бўлиб туради. Чунки мухлисларнинг асосий қисми мусиқани яхши тушунган, "қулоғи бор" одамлар.

Филаделфиядан Санжар: Жаҳонгир оға, Ортиқ оғангизнинг ўғли Улуғбек оғангиз билан муносабатларингиз ёмонлашиб кетган эди. Яна қариндошчилик ришталарини боғлаб, хоразмчасига бир дуэт айтиш ниятингиз йўқми?

Жаҳонгир Отажонов: (кулади) Алоқамиз ҳеч қачон ёмонлашмаган. Билмайман бу гап қаердан чиққан. Буям бир реклама. Шундай, у ўзининг оиласи, ижоди билан. Мен ўзимнинг оилам, ижодим билан банд. Лекин тан оламан, бир -биримизни кўрсак ёки кўрмасак, ўлиб қолмаймиз. Бу дегани бизнинг алоқамиз ёмон дегани эмас. Энди хоразмлик ўзи шунақа, сал қўполроқ бўлади. Мен билмайман, Улуғ акам ман билан дуэт айтади, деб айтолмайман. Лекин ман тўғриси у билан дуэт айтмайман. Бизни дунёқарашимиз умуман бошқа-бошқа. У мусиқага бошқача қарайди, мен бошқача қарайман. Улуғ акам жуда кучли мусиқачи. Мен унинг ёнига ҳам яқинлашолмайман бу борада. Мен кейин жуда "гордый"ман. Дуэт айтишим қийин. Ҳаракат қилганмиз бир-икки марта. Хижолат ҳам бўлиб қолишган. Шундан кейин дуэт айтмайман, деганман. Лекин Улуғ акам билан дуэт айтмасак керак, бу қизиқ эмас, яхши чиқмайди.

Навоийдан Ҳумоюн: " Икки қалб" қўшиғингиз қандай яратилган. Қайси қўшиғингизни яхши кўрасиз? Жонли айтиб беринг, илтимос.

Жаҳонгир Отажонов: Шавкат Азимов деган окахонимизнинг уйларига борганмиз янги чиққан пайтларим. Ҳозир Қўшма штатларда яшайдилар. Китоб совға қилдилар. Ундан бир-иккита шеърни қўшиқ қилганман. Билмаганман ўша пайт доим сўраладиган қўшиқ бўлади деб. Ўз ўрнида уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, соғ бўлсинлар. Яқинда яна юбордилар бир-иккита шеърлар. Худо хоҳласа, яна қўшиқ қиламиз кейинги концертларда. Энди жонли ижрога келсак... овозим ҳам жуда асал бўлиб турибди музқаймоқ ва пиводан кейин.

Би-би-си: Сиз овозингизни асрашга ҳаракат қилмайсизми?

Жаҳонгир Отажонов: Йўқ. Чанқасам ёзда муздай пива ичаман. Поворотти ҳақида ўқигандим. Бир умр музқаймоқ емай ўтган экан. Мен музқаймоқ ҳам ейвераман. Ўзи вақт келиб қолади. Тайёргарлигингни кўр, деган. Музқаймоқ нима у? Мен тўғриси, овозимни қизитмайманам, шундай тушаман, ашула айтиб кетавераман. Аввало Худоку, лекин охирги 10 йилда овозим бўғилмади. Худога шукр! Устозим Вячеслав Андреевич "Сен шамолласанг ҳам қўшиқ айтоласан", деган. Бу энди техникада, программа шунақа. (жонли куйлаб беради)

Би-би-си: Раҳмат! Умида сўраган. Қайси қўшиқчиларимизни дунёга чиқишга арзийди, деб ўйлайсиз?

Жаҳонгир Отажонов: Энди биласизми? Дунёда жуда ҳавас қиладиган санъат кетмаяптию, бизани ашулачиларимизни улардан ёмон дейишга.Кўпчилик ашулачиларнинг ўзи ҳам тайёр ашулани эшитадида, зўр деб ўйлайди. Чунки студиядан ҳаммаси зўр бўлиб чиқади. Лекин унинг шахсий санъати. илмини барибир билишмайди. Шунинг учун мен оммавий ўзбек санъатини бошқа давлатникидан ёмон деб айтолмайман. Чунки ўша аранжировка, ўша комьпютер. Ҳамма ишлатяпти уни, бутун дунё. Европа ўз мусиқаси билан кучли бўлса, биз ҳам ўз классикамиз билан кучлимиз.

Лондондан Музаффар: Санъаткорлар орасида дўстлик йўқ, дейишади. Шу ростми? Сизничи, ҳамкасбларингиз орасида дўстларингиз борми?

Жаҳонгир Отажонов: Ҳамкасбларим бор. Лекин дўстим деб айтолмайман. Биласизми, биров билан дўст бўлиш учун билимга эга бўлиш керак. Дўстликни ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Дўст бўлиш учун ҳамма нарсага тайёр туриш керак. Оддий мисол, мен бир тўйда ўтирсамда, бошқаси келиб мендан олдин тушиб кетишга ҳаракат қилса, қандай дўстлик бўлиши мумкин. Ёки мендан кичикроқ санъаткор ўтирибди тўйда. Мен бориб э, мендан кичкинаку деб чиқиб кетаверсам, ҳурмат қилмасам қанақа дўст бўламан. Аввало ҳурмат бўлиш керак дўстликда. Санъаткорлар бир-бири билан дўст бўлиши учун қанақадир китоб ёзиш керак, унга амал қилиш керак. Бу, бўладиган э, ака яхшимисиз, қачон бир чойхона қилиб ўтирамиз, дегани дўстлик эмас.

Би-би-си: Тенгдошларингиз орасида кимларни ўзингизга рақобатчи, деб биласиз?

Жаҳонгир Отажонов: Биласизми, бизнинг санъаткорларимиз орасида қанақадир бир комплекс бор. Албатта рақобатда бу айтилмайди. Агар айтсам, бу менинг бозоримга халақит қилади. Шунинг учун комплекс бор деганимни ўзидан, тушунган одам тушуниб олади. Деталларини айтсам мен ютқизиб қўяман, эртага биров мени қайтара бошлайди.

Америкадан Ҳусан: Қандай ижодий ишлар билан бандсиз? Чет элга тўйга чақиришса, келасизми?

Жаҳонгир Отажонов: Э, ёмонам борворамизу! Албатта борамиз. Энди ким чақиради, ўша ерда ишлаётган, яшаётган ўзбек чақирадику, тўғрими? Ишимизку. Дунёни кўриб келамиз баҳонада. Кўпроқ пул сўраймиз(кулади) ҳар ҳолда чет элку, деб.

Ўзбекистондан Нозима: Мен сизнинг ашаддий мухлисингизман. Мухлисларингизни эслаб қоласизми? Кутилмаган воқеалар ҳам бўлганми мухлислар билан?

Жаҳонгир Отажонов: Энди ашаддий мухлис бўлсангиз, кўргандирсиз концертдаги кутилмаган воқеаларни. Кутилмаган воқеаларни кўпчилик саҳналаштирилган дейишади. Лекин менинг концертларимда ҳеч нарса саҳналаштирилмайди. Мен дикторсиз ва режиссёрсиз ишлайман. Чунки бу халақит қилади менинг йўналишимга. Бу дегани режиссёр яхши ишламайди, дегани эмас. Фақат менинг концерт услубимга режиссёр халақит қилади. Мени фикримни профессионал режиссёр қабул қилмайди. Унинг назарида профессионал нуқтаи назардан нотўғри ҳисобланади. Мени фикримча, худди шу йўналишда халққа яхши етиб боради. Жонли концерт бўлгандан кейин режиссёрнинг айтгани қайтариладиган концерт жонли ҳисобланмайди. Охирги концертда битта қиз билан кутилмаганда вальс ўйнаб қолдик, саҳналаштирилган дейишди. Лекин у бошқа жойда қайтарилмаган. Мухлиснинг кайфиятига қараб ўтказилади жонли концерт. Ашулаларнинг ўрни ҳам ўзгариб қолиши мумкин. Айтадику, отанг бозор-онанг бозор, деб. Барибир ўзлигимизга тортамизда. Фақат маданиятли тарзда, ҳамма нарсани тўйдай қилиб эмас, лекин халққа яқин қилиб ўтказиладида.

Би-би-си: Кимлардан маслаҳат оласиз?

Жаҳонгир Отажонов: Кўп маслаҳат сўрамайман. Мен санъаткорларда етишмаётган нарсалардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳозир нима етишмаяпти. Оддийлик. Оддийлик эффектга айланиб қолди. Шунинг учун концертларимни оддий қилиб ўтказишга ҳаракат қиляпман. Ўзимам ундай жа эксклюзив эмасман. Кўпроқ оқ-қора кийиб юраман. Оқ-қорани яхши кўраман. Яъни, концертларимда ҳам артистлик қилмайман. Қандай бўлсам, шундай ўтқазиб чиқиб кетяпман. Йўқ нарсалардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Халққа ёқяпти ҳар ҳолда, мазза қилдик дейишяпти. Санъатимиз ривожланаверсин, халқимиз жонли қўшиқлар эшитаверишсин. Бахтли-саодатли бўлишсин! Раҳмат ҳаммага!

Бу мавзуда батафсилроқ