BBC navigation

Муҳаммадқодир Абдуллаев: 'Дадамни орзуларига етказаман деб шунча шарафга эришдим'

Сўнгги янгиланиш 21 сентябр 2012 - 11:18 GMT

Суҳбатни тинглаш учун, плейерни ўйнанг:

Муҳаммадқодир Абдуллаев

Ўзбекистонлик донгдор боксчи

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳаваскор боксда Ўзбекистондаги энг номдор учта боксчи бўлса, улардан биттаси ҳисобланади

Рукнимизнинг бу галги меҳмони - мустақил Ўзбекистон тарихида бокс бўйича Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ягона олтин медали соҳиби Муҳаммадқодир Абдуллаев.

Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳаваскор боксда Ўзбекистондаги энг номдор учта боксчи бўлса, улардан биттаси ҳисобланади.

Муҳаммадқодир Абдуллаев энди катта бокс оламида орттирган тажрибасини ёшларга ўргатиш, ўзига ўхшаган Жаҳон ва Олимпиада чемпионлари етиштириш режасида эканини айтади.

Донгдор боксчининг жавоблари:

Би-би-си: Муҳаммадқодир ака, илк саволимиз Америкадан, Адҳамдан. Адҳам, “Зўр боксчи қандай бўлиши керак, яъни қандай хислатларга эга бўлиши керак?”, деб сўраяпти:

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Зўр боксчи, энг аввало, дунёга келгандан кейин спорт орқали қўлидан келганча ўзидан ном қолдиришга ҳаракат қилади. Ватани учун, халқи учун жонини жабборга берса - шуни энг яхши спортчи деб биламан.

Би-би-си: А боксчи ўлароқ қандай хислатларга эга бўлиши керак, деб ўйлайсиз? Чунки ҳар қандай боксчи ҳам жаҳон чемпиони бўлавермайди, ҳар қандай боксчи ҳам Олимпиада чемпиони бўлавермайди?

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Менинг чемпион бўлишимга энг аввало дадам сабабчи бўлганлар. Чунки дадам боксга ниҳоятда ўч, бокснинг ашаддий ишқибозларидан. Мен дадамни орзуларига етказаман деб, қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Дадамнинг орзулари менинг Олимпиада чемпиони бўлишим эди. Худога шукр, мана, ниятларини амалга оширдим. Яна битта орзулари - менинг профессионал боксда ҳам Жаҳон чемпиони бўлишим...Худо хоҳласа шунга ҳаракат қилаяпмиз. Келажакда бу ният амалга ошади, деган умиддаман.

Би-би-си: Канададан Шоҳруҳ, "Муҳаммадқодир ака, агар отангизнинг орзулари бўлмаганида ким бўлган бўлардингиз?", деб қизиққан

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Мен буни ўйлаб кўрмаганман. Лекин ўзим боксга ҳозир ҳам қизиқмайман. Лекин, нима десам бўлади, шу дадамнинг орзуларини амалга ошираман деб, шундай катта бир шарафга эришдим. Ҳозир қаерга борсангиз, милиция ходимлари ҳам, кўчадаги йўл назорати ходимлари ҳам, "О-оо, Муҳаммадқодир", деб қучоқлаб кўришади. Бундай бахт ўзингизни яна спортга бахшида этишингизга арзийди деб, ўзим боксга қизиқмасам ҳам, мана, ҳозир мен учун бокс - битта хобби бўлиб қолди. Энди менинг ишим фақат шу бокс билан шуғулланиш.

Би-би-си: Шоҳруҳ яна, “Муҳаммадқодир ака, ҳеч боксчи бўлганингиздан афсус чекканмисиз?”, деб сўраган

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Шунча, мана, тўрт йил мобайнида машаққатли меҳнат қилиб, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, шуғулланиб, битта ҳакамнинг арзимаган айби билан ютқазиб қўйсангиз, бундан ниҳоятда афсусланиб, боксни ташлагингиз келиб кетади. “Эй, бекор боксчи бўлибман”, деган фикрга борасиз. Лекин яна ўн кундан кейин буларнинг барчасини унутиб, машғулотлар билан овора бўлиб, кейинги жангга ҳаракат қилаверасиз-да...

Би-би-си: Америкадан Жаҳонгир, “Муҳаммадқодир ака, профессионал боксдаги карьерангиздан қониқасизми? Нега профессионал рингда ҳозиргача ҳаваскордагиси каби ютуқларга эриша олмадингиз?”, деб савол юборибди

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Дуолар олиб кетганман. Менда профессионал боксда ҳам жаҳон чемпиони бўлиб, учта, тўртта камарни қўлга киритаман, деган умидлар катта эди. Лекин бу промоутерлари, менежерлари бироз ёлғончироқ экан, алдаб қўйишди.

Би-би-си: Малайзиядан Фахриддин, “Ассалому алайкум, Муҳаммадқодир ака. Узр, бир саволим бор. Сиз 5-6 йилча олдин қайсидир давлатга рингга тушиш учун кетаётганингизда Қўқондаги Нақшбандия тариқатидаги раҳматли марҳум Иброҳимжон ҳазратларининг дуоларини олиб кетган экансиз. Шу ростми?”, деб сўраяпти

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Сиз билан аввалги суҳбатларимизда ҳам айтганман, президентдан дуо олганман. Ҳар бир жойдан дуосини олиб кетавераман. Шунинг учун қаерга борсам ҳам, Америкагами, мана, Сиднейда ҳам, имомнинг ёнига кириб, “Бугун финал жангимиз, дуо қилинг, ғалаба қозониб, юзимиз ёруғ бўлсин деб, унинг дуосини олиб чиққанмиз. Қаерга борсак ҳам, барибир, катта устозлар бўлса, эшонлар бўлса, кириб, дуосини олиб чиқамиз.

Би-би-си: Жаҳонгир яна, “Ҳозир кўпчилик ғолибни ҳалол жанг эмас, рингнинг ортидаги келишувлар, пуллар, қанақадир мафиялар белгилайди, дейди. Сиз бунга нима дейсиз?”, деб сўраяпти

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Буни Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Мана, шунча кучли Америка, масалан, Сиднейда менинг жангимни сотиб олса бўларди-ку, нега бундай қилолмади?! Энди ҳозир улар дейдиган бўлсангиз, Муҳаммадқодир ҳам 2000 йилги Олимпиада Ўйинларини пулга сотволибди, деган гап-сўзлар чиқади. Мисол-да. Мана, ўзингиз кўрсангиз, Сиднейда бўлиб ўтган жангда ҳаммасини соф ғалаба билан ютганман. Лекин, барибир, ярамас ҳакамлар ҳам битта-иккита бўлади. Энди бу битта ярамас судьяни деб, ҳамма ҳакамларни ҳам ёмонга чиқариб бўлмайди.

Би-би-си: Швециядан Шариф эса, “Муҳаммадқодир ака, ўзбекистонлик боксчилардан қай бирига тан берасиз ва нима учун?”, деб савол юборибди

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Бухоролик, Жаҳон Кубогини ютган, ўз вақтида Ўзбекистон термасининг сардори бўлган Наримон Атоев деган ниҳоятда зўр боксчи бўларди. Ўша боксчига ниҳоятда ҳавас қилардим. Энди, мана, ёшлардан ҳозир Элшод Расулов, ниҳоятда эсли бола, мана, Аббос Атоев, машғулотларни ҳам чиройли олиб боришаяпти. Фақат энди уларга, мана, ўзингиз ҳам кўрдингиз, омад кулиб боқмади. Ўйлаймизки, ҳали булар яна кейинги Олимпиада Ўйинларида ўзларини кўрсатишади.

Би-би-си: Лондондан Санжар эса, “Муҳаммадқодир ака, олган шунча унвонларингиз орасидан сиз учун қайси бири энг қадрли?”, деб қизиққан

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Спортчиларнинг орзуси бу – президенти билан қучоқлашиб кўришиш. Бунақа бахт ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бу орден, чемпионлик, ҳаммаси қолиб кетадиган нарса. Лекин қаерга борсак ҳам, учрашувларга борсак ҳам, ёши катта, улуғ инсонлар, “Бир қучоқлаб қўяй, президентимиз қучоқлаган боксчи”, деб, худди президент билан қучоқлашиб кўришганимдек, мени қучоқлашиб кўтаришади. Шунинг учун ҳам, бунақа бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Би-би-си: Санжар яна, “Муҳаммадқодир ака. Карьерангизда энг аламли мағлубиятингиз қайси бўлганини сўраб, жавобингиз учун олдиндан раҳмат”, ҳам айтиб қолибдилар

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Менинг фикру хаёлим фақат пуэрто-рикалик рақибим Мигель Коттони нокаут қилиб, олтин камар олиб келиб, президентимизни хурсанд қилиш эди. Шу умидда ниҳоятда қаттиқ бел боғлаганман. Аммо, нима дейди, жанг пайти Мигель Коттонинг камчиликларини бироз назардан қочирганман. Ана шу жангдаги мағлубиятимни энг аламлиси, деб биламан.

Би-би-си: Ўзбекистонлик яна бир мухлисингиз, “Жаҳон чемпиони ё-да йирик мусобақаларда ютиш учун тайёргарлик кўраётган бир боксчи учун бир ойлик ўртача харажат қанча бўлади ва у нималардан иборат?”, деб қизиққан

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Масалан, агар битта Жаҳон чемпионатини оладиган бўлсак, агар у май ойида бўладиган бўлса, тўрт-беш ой олдин унга тайёргарликлар бошланади. Тоққа чиқиб, машғулотлар ўтказилади. Ундан кейин икки бор келиб, йигирмата-ўттизтача боксчи олиб келиниб, улар билан спорт машғулотлари олиб борилади. Бунгаям анча кўп маблағ кетади, 10-15 минг долларлаб пуллар кетади.

Би-би-си: У киши яна, “Талантли боксчи ушбу маблағ ёки ҳомийларни қандай топиши мумкин?”, деб сўраяпти

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Асосийси Ўзбекистон Бокс Федерациясининг президенти. Шу инсон бизнинг бутун камчиликларимизни кўтаради. Кейин давлат томонидан ҳам ёрдам берилади. Чет эл сафарларига ҳам шу инсоннинг ўзи жўнатиб, қўллаб-қувватлайди. Нима дейди, бизнинг у кишидан қарзимиз бор. Ишончини оқлолмадик. Битта-иккита Олимпиада чемпиони бўлади, деган умидимиз бор эди. Лекин, ўйлаймизки, кейинги Олимпиадага, мана, бизнинг ҳам сафаримиз қарияпти, мураббий бўлиб, ёшларни олиб чиқамиз, деган умиддамиз.

Би-би-си: Мухлисингизнинг сўнгги саволлари ҳам худди шу жавобингиз билан боғлиқ. У киши, “Сўнгги йилларда Олимпиада Ўйинларида боксчиларимиз жуда ҳам қониқарсиз натижа кўрсатишаяпти. Бу боксга бўлган эътибор ва ҳомийликнинг паст даражага тушиб кетганидан дарак берадими?”, сўраган

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Маблағ зўр бўлаяпти. Лекин, барибир, нима дейди, омад кулиб боқмади. Ўзингиз кўрдингиз-ку, мана, тўртта-бешта боксчимиз чорак финалгача чиқишди. Лекин охирги раундларда бироз кучлари етмай қолди. Бироз камчиликлар бор. Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, энди улар учун кўп-кўп эркин жанглар уюштириб, шу камчиликларини йўқотиб, зўр қиламиз, деган умиддамиз.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Махдумий, “Муҳтарам Муҳаммадқодир ака! Сиз қирғизистонлик боксчи, саккиз карра жаҳон чемпиони бўлган Ўзбегим ўғлони Орзубек Назаров билан танишмисиз?”, деб савол юборибди

Муҳаммадқодир Абдуллаев: У-уу ёшликдан ҳавас қиламиз. Олдинги Иттифоқ даврларида у киши билан кўришганмиз. Мана, Бишкекларда кўп жанглар бўлган, у инсоннинг дуосини ҳам олганмиз ва у кишига ўхшамоқчи ҳам бўлганмиз. Мана, Худога шукр, у киши билан ака-укадек бўлганмиз, ҳозиргача ҳам зўрмиз.

Би-би-си: Муҳаммадқодир ака, ҳаётда ўзингизни ҳамма орзусига эришган инсон, деб ҳисоблайсизми?

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Йўқ, йўқ, ҳали менинг орзуларим кўп. Иккита ўғлим бор, шу иккита ўғлимниям келажакда ўзимдек Олимпиада чемпиони қилиш ва мураббий бўлиб, етиштирган шогирдларим ўрнимни босиб, мен эришмаган ютуқларга эришишларини чин юракдан истаб қоламан. Мана, украинлардан иккита, учта Олимпиада чемпиони бўлган бўлса, биз ҳам худди шунақа қилиб, иккита, учта Олимпиада чемпиони бўлиб, президентимизнинг ёнларига ёруғ юз билан кирамиз, деган умиддамиз.

Би-би-си: Муҳаммадқодир ака, энг сўнггида сизга савол йўллаган мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, микрофонимиз очиқ:

Муҳаммадқодир Абдуллаев: Жаъмики мени яхши кўрган, менга ҳавас қилган ҳаваскорларимга каттадан-катта раҳмат. Шунчалик менга эътибор билдириб, орадан 12 йил ўтган бўлса ҳам, барибир мени эсдан чиқармасдан, мени эслашганларига хурсандман. Мен ўзи боксни яхши кўрмайман десам, шундай катта сондаги мухлисларимнинг борлиги мени яна рингга тушишга мажбур қилиб қўяди-да. Улар учун Олимпиада чемпионлари чиқарамиз деган умиддаман ва бунга ваъда бераман.

Би-би-си: Катта раҳмат, Муҳаммадқодир ака. Бўлажак карьерангизда ҳам, профессионал рингда ҳам, шахсий ҳаётингизда ҳам омадлар тилаб қоламиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.