BBC navigation

Обрўли оилага келин бўлиб тушиш Ўзбекистондаги кўплаб қизларнинг орзуси

Сўнгги янгиланиш 6 октябр 2012 - 15:20 GMT

Сайёра ташкил қиладиган йиғилишлар ёки ўзбек урф-одатларидаги тилда айтадиган бўлсак давралар, бошқа давралардан фарқ қилади. Буларни Келинликка тайёрлаш суҳбатлари деб айтса нотўғри бўлмайди.

Ўзбекистонда келинлар мактаби деб эълон қилинган кўплаб курслар ва шунга ўхшаган уюшмалар мавжуд. Бу тарздаги келинлар мактаби асосан ҳали турмушга чиқмаган қизларга мўлжалланган ва улар пазандалик, торт пишириш, бичиш-тикиш ва тўқишни ўргатишга ихтисослашган. Бироқ Сайёра ташкил қиладиган гурунгларда ёш хотин-қизлар кундалик муаммоларни муҳокама қиладилар, бу муаммоларни ҳал этиш йўлларини излайдилар ҳамда Ислом ҳақидаги билимларини оширишга интиладилар. Бу давраларда қатнашадиганларнинг аксари яхши келин бўлиш сирларини ўрганмоқчи ёш қизлардир. Улар бу сирларни Сайёрага ўхшаган намунали келин тажрибаларидан ўрганишни хоҳлайдилар.

Сайёранинг ёши 50 ларда, у уч боланинг онаси. Турмушга чиққунича гинеколог шифокорлик касбини эгаллаган. У катта оилага келин бўлиб тушган. Етти келиннинг бешинчиси бўлган. Айни шу жойда ўзбек жамиятидаги келиннинг ўрни ҳақида тўхталиб ўтиш жоиздир. Келин деб яқинда турмушга чиққан ёш аёл кўзда тутилади. У қайнона-қайнотаси ва бошқа оила аъзолари билан биргаликда бир хонадонда яшайди. Кўпинча келиннинг социал мавқеини нафақат эрининг оиласида, бу оиланинг қариндошлари орасида, балки бутун маҳалла-кўйда бошланғич поғонада бўлади, деса ҳам бўлади. Бу поғонадан кўтарилиб бориши ҳар бир келиннинг ўзига боғлиқ. Буни кўпинча ҳар кунги ҳаётда кузатиш мумкин. Масалан уни исми билан айтмасдан, балки келин ёки фалончининг келини, деб чақиришлари буни яққол кўрсатади. Қачонки у қайнона-қайнотаси оиласидан ажралиб чиққанидан кейин уни фалончининг хотини ё рафиқаси деб аташлари мумкин. Келинлар оилада ёки бошқа тадбирларда рўзғордаги ишларни бажаришлари, улар доим “хизматда бўлишлари” ҳаммадан кутилади. Хонадонга меҳмон келганида бу хусусиятлар ва келиннинг ўзини тутиши баҳоланади. Қачонки бу аёл ўз ўғилларини уйлантириб, ўз қизларини турмушга узатиб, ўзи қайнонага айланганидан кейингина ниҳоят у социал мақомнинг юқори поғоналарига чиққан деб ҳисобланади ва шу вақтгача келин бўлиб келган аёлни ўз исми билан чақиришлари мумкин.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб ва Сайёранинг ўзи келин бўлишига қарамасдан ташкил қиладиган тадбирларини “ғайритабиий” деб ҳисобласа ҳам бўлади. Унинг давраларига турмуш қурмаган қизлар йиғилишади, бироқ улар “янги келин бўлганлар” учун ҳам очиқдир. Бу ерда бир пиёла чой устида муаммолар муҳокама қилинади. Келин сифатида Сайёра ўзини “қаттиқ имтиҳондан ўта олган” деб ҳисоблайди. У қаттиққўл қайнона назорати остида шу хонадоннинг бошқа келинлари билан биргаликда иноқ яшаган. Сайёра “образцовий келин” деб ҳисобланган, шунинг учун ҳам уни ҳурмат қилишади. У яхши таълим кўрган очиқ табиатли аёл ва у ўзининг атрофидаги инсонлар билан ижтимоий ҳаётни бошқача тарзда ўйин-кулги билан ташкил қилишда жуда фаол бўлган. Ё ўзбекча айтсак, ҳамма билан тез чиқишиб кета олган, ҳамманинг тилини топа олган. Сайёра кўп сонли келинлардан бири бўлиш тажрибасидан ҳамда шундай катта оилада “тинчликни сақлаш” дипломатиясидан шунчалик кўп билим тўпладики, ниҳоят у ўзининг билганлари билан ёш хотин-қизларни баҳраманд этишга қарор қилди. Натижада у қариндошлари, дўстларининг ёш қизлари ва ҳамма қизиқувчилар учун гурунгларни ташкил қилди. Ушбу социал тадбирларнинг асосий мавзуси бугунги ва келажакдаги келин олдидаги масалалардир. Ота-оналар, айниқса, оналар қизларининг Сайёра уюштирадиган йиғилишларга қатнашишларидан кўпинча хурсандлар. Биринчидан, бундай давраларда қизлар бир-бирларини яхши билиб олишади, иккинчидан Сайёранинг ўз келинлик тажрибаларидан ўрганиб "ўзини яхши келин қаторига эришиши” ва бошқа фойдали маслаҳатлар эшитишни муҳим деб биладилар. Яна бир муҳим томони шундаки, қизлар “яхши ёки ҳурматли оила доираларининг кўзи остига тушиши ёки эътиборга олиниши келажак турмушларига кўп имкониятлар очилишига сабаб бўлиши мумкин. Ва ниҳоят олаётган бу билимларидан қизларнинг ўзига фойда. Бу эса ўз ўрнида банд оналарнинг ишини енгиллаштиради деган фикрда Сайёра. Ҳар бир қиз ёки келажак келин бировнинг оиласига келин бўлиб тушганидан кейин бу илм ва кўникмалар муҳим аҳамият касб этади.

Сайёра ўзининг обрўси шогирд қизлари ота-оналарининг кўзи олдида ҳам юксалишини, у кимлар учундир фақат келин эмаслиги эътироф этилишини ҳам истайди. Янги машғулоти унга бўш вақтини бошқача ўтказиш имконини беради. Бунинг устига турмуш қурганидан кейин кўп вақтгача болалари бўлмагани учун бошқа келинларга қараганда вақти кўпроқ бўлган.

Сайёранинг мисоли шуни кўрсатадики, келинликнинг салбий томонлари мавжудлигига қарамасдан, ёш аёллар яхши келин бўлишга ҳаракат қилишади. Обрўли оилага келин бўлиб тушиш Ўзбекистондаги кўплаб қизларнинг орзуси. Бу худди Ғарбда кичик қизалоқлар малика бўлишни орзу қилганларидек. Келинликнинг энг жозибали томони келиннинг эгнидаги ранг-баранг чиройли кийимлардир. Келин янги кўйлакларини кийиб олганида ҳамманинг кўзи унда бўлади. Маҳалла-кўйда ҳаммадан ҳам кўра янги келин жажжи қизалоқларнинг эътиборини ўзига тортади, улар янги келинга ҳавас билан қарашади. Сайёра опанинг мисоли келин ҳам ижодкор бўлиши ва ўз вазиятини яхши томонга ўзгартириши мумкинлигини намоён этади.

Раъно Тўраева, Фан доктори.

Макс Планк номидаги Социал Антропология институтига бириктирилган постдокторал тадқиқотчи.

Раъно Тўраева Мартин Лютер Университети ва Макс Планк номидаги Социал Антропология институтида олиб борган докторлик тадқиқотини 2010 йилда якунлаган. Ҳозирги пайтда у Мартин Лютер Университетида сабоқ бериш билан бирга Олмониянинг Ҳалле шаҳридаги Макс Планк институтида постдокторал тадқиқоти устида ишламоқда. У ҳозир "Ўзлик, коммуникация ва таҳқирлаш" китоби устида иш олиб бормоқда. Раъно Тўраеванинг миграция, зироат сиёсати, анъанавий қўшиқчилик ва бахшилик мавзусидаги қатор мақолалари эълон қилинган.

-----------------------------------------------------------

Ўқувчиларимиз фикрлари

Барно Султан, Тошкент

Ўзбекистонда, айниқса, Тошкентда келин-қайнона муносабатлардан бошқа масала йўқ. Қизларни ўқитиш ҳам шарт эмас. Узатиб "қутилса" бўлди. Кейинги ҳаёти тўғрисида ёки ҳаётга тайёрлаш тўғрисида бош қотирилмайди. Эри боқиб олади эмиш. Боқа олмаса-чи? Ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган қиз, қўлида ҳунари йўқ фарзандини боқишга тўғри келса, нима иш қилиши керак? Оилалар қизини ўқишига пул сарфлашдан кўра, сарпо йиғишни афзал кўришади. Ҳамманинг олдида уялиб қолмаслик учун. Устига ҳамма кинолар ҳам шу ҳақда











Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.