BBC navigation

Раъно Тўраева: Ўзбек урф-одатлари Оврўпо илмий доираларида кам ўрганилган

Сўнгги янгиланиш 6 октябр 2012 - 19:58 GMT

Раъно Тўраева Урганч шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни тугатганидан кейин 1992 йилда Урганч Давлат университетининг Жаҳон тиллари факультетига ўқишга кирган.

Университетни якунлаганидан кейин илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланган.

2005 йилдан буён Раъно Тўраева илмий тадқиқотларини Олмониядаги Макс Планк номидаги Социал Антропология институтида давом эттиради.

У Ўзбекистондаги муҳожирлик мавзусига бағишланган илмий ишини 2010 йилда ҳимоя қилган.

Раъно Тўраева ҳозирги пайтда Мартин Лютер Университетида сабоқ бериш билан бирга Олмониянинг Ҳалле шаҳридаги Макс Планк институтига бириктирилган постдокторал тадқиқотчи сифатида фаолият юритмоқда.

У ҳозир "Идентификация, коммуникация ва таҳқирлаш" китоби устида иш олиб бормоқда.

Раъно Тўраеванинг миграция, зироат сиёсати, анъанавий қўшиқчилик ва бахшилик мавзусидаги қатор мақолалари эълон қилинган.

Унинг мақолаларидан бири Ўзбек жамиятидаги келинларнинг мавқесига бағишланган.

Мақоланинг инглиз тилидан ўзбек тилига таржимаси веб-сайтимизда эълон қилинди:

бу ерга босинг Обрўли оилага келин бўлиб тушиш Ўзбекистондаги кўплаб қизларнинг орзуси

Раъно Тўраева билан суҳбат

Би-би-си: Сизга келган саволларнинг кўпчилиги Ўзбек урф-одатлари, тўйлари ҳақида. Сиздан сўрамоқчи бўлган илк саволимиз, Ўзбек урф-одатлари, анъаналарини ўрганиш ғояси қандай юзага келган?

Раъно Тўраева: Ўзи мен бу ерда аспирантурани бошлашдан олдин диссертациямни Ўзбекистонда бошлаганман. Лекин у ердаги проектим лингвистика бўйича эди. Кейин халқаро конференцияда тақдимот қилиш учун мени таклиф этишган. Бу конференцияда Макс Планк Социал антропология институтининг Лингвистика бўлими директори билан танишганман. У киши "сиз ўзингиз лингвистика билан шуғулланасиз. Биз Марказий Осиё бўйича тадқиқотларимизни кенгайтирмоқчимиз. Мана шу тадқиқотларда ҳамкорлик қилсак", деди. Ана шу профессор билан суҳбатлашганимдан кейин мен ҳам бу мавзуга қизиқиб қолдим. Бу тематика бўйича бизнинг Ўзбекистонда кўп киши ишлаётгани йўқ, шунинг учун Ғарб илмий-тадқиқот институтлари учун Ўзбек урф-одатлари бўйича тадқиқот олиб бориш фойдали бўлади, деган фикрга келдим. Чунки мен унгача Тошкентда фақат Франция институти (French Institute for Central Asian Studies -IFEAC) бу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётганини билардим. Лекин уларнинг йўналиши кўпроқ урф-одатлар тарихига бағишланган. Ғарбда бизнинг мамлакатимиздаги урф-одатлар рус олимлари ўрганганчалик даражада чуқур ўрганилмаган. Шунинг учун мен ўйлагандимки, Ўзбекистон бўйича, ундан кейин кенгайтириб Марказий Осиё бўйича тадқиқотларни таққослаб яхшилаб ўрганиш керак, деган қарорга келганман. Кейин профессорлар билан бу ғояларни муҳокама қилиб ишга киришдик.

Би-би-си: Энди мана шу тадқиқотингиз пайти ишни қандай олиб бордингиз?

Раъно Тўраева: Бизнинг фанимиз социал антропология деб айтилади. Бу фаннинг ўзи ҳам кўп бўлимларга бўлинади. Социал антропология инсонларни айнан жамиятда ўрганади. Инсонларнинг жамиятда ўзларини қандай тутиши, жамиятни қандай ташкил қилиши тадқиқ қилинади, бу фанни инсон ва жамият фани десак ҳам бўлади. Социал анторопология йўналиши бўйича илмий изланиш олиб боришнинг бошқа тадқиқотлардан фарқли жиҳатларидан бири шундаки, бу тадқиқотлар узоқ вақтни ўз ичига олади. Биз ўзимизнинг "дала тадқиқотларимиз"нинг режасини ҳам ана шундан келиб чиқиб тузамиз. Мисол учун, Ўзбекистонга борганимизда, тадқиқот ўтказаётган жойда кўп фурсат қоламиз. Бу бизга ўрганаётган мавзумизни, унинг туб-тубидаги жиҳатларини чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Масалан, мен ўзим ўзбек бўлганим учун минуслар ҳам бўлиши мумкин, баъзи нарсаларни "яхши кўрмаслигим" мумкин. Чет элдан борган бегона одам эса кўпроқ нарсаларга эътибор бериши мумкин. Мисол учун, бир жойда бир йил бўлсак, у ерда одамлар билан гаплашамиз. Турли тўй-маросимларда қатнашамиз. Мавзунинг ичига кириб кетамиз, бундан мақсад, мана шу урф, мана шу одатнинг маъноси нима, унинг қайси деталлари қандай қилинаяпти, унинг орқасида нима бор, ана шуларнинг "тагига етиш". Масалан, тўйни оладиган бўлсангиз, тўй маросими бошланишидан олдин қандай суҳбатлар бўлади, қандай мавзулар муҳокама қилинади, мана шу деталларга эътибор беришга имконият бўлади. Кейин илмий ишингизни ёзаётган пайтингиз ана шу деталларнинг маъно-мазмунини тушунтириб берасиз, ана шу деталларнинг одамлар учун қанчалар муҳимлиги, нима учун муҳимлигини тушунтириб беришингиз талаб қилинади. Кейин биз бу материалларни фалсафа билан боғлашга, бошқа жойларда, масалан, Африкада ўтказилган мана шу йўналишдаги тадқиқотларга таққослаб, назарияга боғлашга ҳаракат қиламиз.

Би-би-си: Мана сиз ўзбек тўйлари, ўзбек келинларининг жамиятдаги ўрни ҳақида тадқиқотлар олиб бордингиз. Мана шу ўрганишларингиз пайтида сизга ўхшаган йўналишда фаолият олиб бораётган маҳаллий ўзбекистонлик мутахассислар билан учрашдингизми? Ўзбекистоннинг ўзида урф-одатларимиз қанчалар ўрганилаяпти?

Раъно Тўраева: Тўғрисини айтсам, мен кўп тадқиқотчилар билан учрашмадим. Мен бошлаган проект фақатгина урф-одатлар билан чекланмаган эди, менинг докторлик илмий ишимда лингвистика, тилшунослик томонига кўпроқ урғу берилган эди. Шунинг учун мен илмий изланишларим пайти бир-иккита тилшунослар билан учрашдим. Хоразмнинг ўзида бир-икки тадқиқотчилар билан учрашдим. Лекин айнан урф-одатларни ўрганаётган маҳаллий тадқиқотчилар билан кўришганим йўқ.

Odiljon Mahdumiy: Muhtarama Ra’no opa! Jadidchilik maktabi namoyondalaridan biri, O’zbek halqini jonkuyar o’g’lonlaridan bo’lgan Abdulla Avloniy: “O’zbeklarni to’y balosidan qutqaring” deb bundan yuz yillar chamasi avval bejiz aytmagan ekanlar. Ma’lumki o’zbek xalqi to’y yoki marosimlarni o’tkazishda dunyoning barcha halqlari oldiga tusha olmaydigan darajada riyo qilib o’tkazadi. Bunday tadbirlarni o’tkazishligimizni ham madaniyatimiz, urf-odat va an’analarimiz qatoriga qo’shamizmi yoki madaniyatsiz “o’z qozig’imizda aylanaveradigan” jirkanch bir illatlar qatoriga?

Раъно Тўраева: Бу ерда иккита масала бор. Саволни бу тарзда қўйиш, яъни урф-одатлар исрофгарчиликми ёки маданиятимизнинг чиройли бир қисмими, деган мазмунда қўйиш нотўғри бўлади. Масаланинг бир томони, бу ўша тўй-маросимларини ўтказишга сарфланган молиявий харажатларнинг оқибатлари. Бу томонни ўрганадиган бўлсангиз, бу ерда ҳам кўп саволлар борлигини кўрасиз. Чунки ана шу тўй-маросимни ўтказиш оқибатида оиланинг тузилиши қанақа бўлади, бу харажатлар ўша оиланинг тўйдан кейинги яшаш даражасига қандай таъсир кўрсатади, ёки менинг ўзим Тошкент шаҳрида кўрдим, қизни турмушга чиқариш учун кўп харажат талаб қилинади. Бунинг оқибатида оилада қизни узатиш қийин бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бу харажатларнинг таъсири оила учун сезилади. Бу бошқа масала. Лекин сиз фақат урф-одатларнинг ўзига қарайдиган бўлсангиз, сиз айта олмайсизки, чиройли урф-одат албатта кўп харажатни талаб қилади, деб. Ҳар қандай урф-одатни ўша оиланинг молиявий имкониятига мос келадиган ва айни вақтнинг ўзида чиройли қилиб ўтказса бўлади, деган фикрдаман. Шундан келиб чиқиб, мен Ўзбекистон ҳукуматининг тўй-ҳашамларни камхаражат қилиб ўтказиш мақсадидаги қарори тўғри қабул қилинган, деб ҳисоблайман. Чунки бундай қарорлар бўлмаса, бизнинг одамларимизга "бировдан кам бўлмай" деган қарашми, менталитетми сингиб қолган, ана шундан келиб чиқиб иш кўришади. Мана шуларни тартибга солиш учун ҳам бундай қарорлар керак. Лекин ёндашувда барибир тўйлардаги исрофгарчилик ва урф-одатларнинг ўзини алоҳида-алоҳида олиб қараш керак.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз Олмониядаги илмий доиралар ҳақида сўрашган. Мана сизнинг ўзингиз ҳам бир неча йиллардан буён у ердаги илмий доиралар билан яқиндан танишсиз. Шу илмий доираларда Ўзбекистонга қизиқиш қанчалик кучли?

Раъно Тўраева: Ҳозир Олмонияда Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонни ўрганадиган марказлар кенгайяпти, институтлар очилаяпти, тадқиқотчилар кўпайяпти. Бу нарса нафақат Ўзбекистонга, балки Марказий Осиёга Германиянинг, Германия етакчилигида бутун Оврўпонинг ҳам деса бўлади, Оврўпонинг эътибори кучайган. Бу ерда бошқа масалалар ҳам бор. Масалан, иқтисодий ёки стратегик манфаатларни ҳисобга олган тадқиқотлар бошланган. Бу тадқиқотлар кўпайиши орқасидан молиялаш ҳам кўпайяпти.

Би-би-си: Бизнинг яна бир неча ўқувчимиз саволи шундан иборатки, Олмонияда сизга ўхшаб тадқиқот олиб бораётган ёки таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, тадқиқотчилар кўпми?

Раъно Тўраева: Бутун Олмония ёки Германияни оладиган бўлсангиз, уларнинг сони кўп дейиш мумкин. Улар иқтисод, сиёсат ёки қишлоқ хўжалиги ёки тарихини ўрганишаяпти. Масалан, таниқли профессор Ингеборг Балдауфнинг гуруҳи жуда ҳам катта. Бу гуруҳ Марказий Осиёнинг Тожикистондан бошқа қолган республикалари туркий халқларнинг тили ва тарихини ўрганади. Шунинг учун ҳам бу ерда туркологлар жуда ҳам кўп.


Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.