BBC navigation

Ҳижратда ватан ёди: туркиялик олим ва ёзувчи Чиғатой Кўчар билан суҳбат

Сўнгги янгиланиш 15 январ 2013 - 11:19 GMT

Чиғатой Кўчар Туркистон тарихи, адабиёти ва тилларига доир қатор илмий нашрлар муаллифи

Чиғатой Кўчар Туркистон тарихи, адабиёти ва тилларига доир қатор илмий нашрлар муаллифи

Томоша қилишmp4

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Чиғатой Кўчар 1946 йилда Туркистонда таваллуд топган.

У 1952 йилда оиласи билан Туркияга ҳижрат қилган.

Истанбул Университети Иқтисод Факултети Газетчилик Институти ҳамда Адабиёт факултети социология бўлимини тугатган.

Чиғатой Кўчар Озодлик радиоси Олмониянинг Мюнхен шаҳридан фаолият қилган пайти Ўзбек бўлимида 21 йил ишлаган.

У - Туркистон тарихи, адабиёти ва тилларига доир қатор илмий нашрлар муаллифи.

Ёзувчининг “Türkistan İle İlgili Makaleler” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси томонидан 1994 йилда мукофотланган.

Ўзбек ёзувчиси Набижон Боқийнинг “Анвар Пошшонинг васияти” китобини туркчага ўгирган.

Чиғатой Кўчар ўз отаси Абдулҳамид Кўчарнинг Ўзбекистон ( Туркистондан) бош олиб чиқиш тарихи ҳақида “ Асоратдан Ҳурриятга ва ё бир туркистонлик хотиралари” номли асарида ҳикоя қилади.

Aйни вақтда олим ва ёзувчи Туркистон легиони ҳақида тадқиқотларини давом эттирмоқда.

Чиғатой Кўчар билан суҳбат 1-қисм

Чиғатой Кўчар билан суҳбат

Чиғатой Кўчар билан суҳбат

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Чиғатой Кўчар билан суҳбат 2-қисм


Чиғатой Кўчар билан суҳбат 2-қисм

Чиғатой Кўчар билан суҳбат 2-қисм

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми


Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони туркиялик ўзбек олими ва ёзувчиси Чиғатой Кўчар бўладилар. Ассалому алайкум, Чиғатой ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Чиғатой Кўчар: Ваалайкум ассалом.

Би-би-си: Суҳбатимизни ўзингиздан бошласак. Ҳижрат йўли сизга отангиздан мерос, у киши бу йўлни танлашларига сабаб нима бўлган?

Чиғатой Кўчар: Отам мамлакатни болшевиклар босиб олганидан кейин тарк этишга мажбур бўлганлар. 1917 йилда Қўқон, Туркистон мухторияти барпо этилди. Афсуски, Ленин берган ваъдасида турмади ва мухториятни қонли равишда бостирди. Ватандаги истиқлолчилар ва мужоҳидларимизни қириб ташлади. Ундан кейин қулоқ қилиш ва ёппасига Сибирга сургун қилиш каби жараёнлар бошланди. Отам ўшанда Марғилоннинг Бўстон қишлоғида яшаганлар ва ўз яқинларининг Сибирга сургун этилганини эшитиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар. Отам Тожикистон орқали Афғонистонга ўтадилар ва у ерда бир неча йил ватан озодлиги учун курашадилар. Иккинчи Жаҳон уруши даврида Афғонистонда Туркистонни озод қилиш ташкилоти тузилади ва отам ўша ташкилотда хизмат қиладилар. Бу ташкилотда Шермуҳаммад Бек, Мубашширхон тўра каби раҳбарларимиз иш олиб боришган, афсуски, уруш кутилгани каби натижаланмади ва Афғон ҳукумати босимлар остида бу мужоҳидларимизни зиндонбанд эта бошладилар. Бу вақтга келиб отам яна ҳижрат қилдилар, Афғонистондан Покистонга келдилар. Покистондан Ҳиндистон ва кейинроқ Саудия Арабистонига ўтиб у ерда бир неча йил қолдилар. У ердан эса 1952 йил охирида иккинчи она ватанимиз саналган Туркияга келишга муяссар бўладилар. Отам 2008 йили оламдан ўтдилар. Мен у кишининг хотираларини китоб қилдим. Ўзим Афғонистоннинг шимолида туғилганман, бу ерни биз Туркистон тупроқлари деб биламиз, шунинг учун отам туғилган еримни расмий ҳужжатларда Туркистон деб кўрсатганлар.

Би-би-си: Ўзбекистонга, туғилиб ўсган юртингизга эмин эркин бориб келасизми? Сизнинг дўстларингиз-чи? Оила аъзоларингиз? Ўзбекистонда қариндошлар борми?

Чиғатой Кўчар: Худога шукр, бор, бор. Биздан катта авлод муҳожиротдан уй-жой олишмади. Бир кун озод бўлади ватан ва қайтамиз деб ўйладилар, афсуски, кўплари ватан озод бўлганини кўришмади, оламдан ўтдилар... Отам толели инсон эканлар, ўз кўзлари билан ватан озод бўлганини кўрдилар. 1991 йили Ўзбекистонга сафар қилдилар. 67 йиллик айрилиқдан кейин Марғилонга бориб қариндошларни топдилар. Улар билганларнинг айримлари оламдан ўтишган экан... Оталари ва оналарининг қабрларини зиёрат қилдилар. Ўша пайт Марғилоннинг Бўстон қишлоғи бугун шаҳарга қўшилиб кетибди. Мен ҳам 2008 йил феврал ойи бориб ўн кунча турдим, мамлакатимни кўрдим... Қариндошларни топдим, хурсанд бўлиб қайтдим ва ҳеч бир қийинчиликка учраганим йўқ. Бозорларни айланиб юрдим, ўзбекча гапирдим... Ҳеч ким мени Туркиядан келганимни билмадим. "Хоразм ва ё Шарқий Туркистонликсиз", деб тахмин қилишди. Мен: "Йўқ, Ўзбекистонда туғилганим йўқ ва ўзбекча таҳсил олганим ҳам йўқ, фақат отам ва онамдан ўрганганман бу тилни", дедим. Орадан кўп ўтмай, болаларим билан бордим ва бир ой турдим. Худо хоҳласа, яна бу йил боришни ният қилиб қўйганман.

Би-би-си: Сиз Туркистон, Марказий Осиё халқлари тарихини яхши биласиз, айтингчи, бугунги кун билан бундан юз йил аввалги тарихда ухшаш томонлари борми? Тарих ўзини-ўзи такрорлаб туради дейишади-ку?

Чиғатой Кўчар: Ўхшаш томонлари бор. Тарихдан сабоқ олишимиз керак. Бундан 150 йил аввал рус босқинчилари турфа найранглар билан ватанимизга бостириб киришди. Халқимиз тоза, покиза ва соддадир... Улар оврўполикларнинг найрангларига унчалар ҳам тушунишмас эди. Бу найранглардан бохабар туриш керак. У вақтларда, масалан, жадидчилик келган йиллари халқимиз ухлатилган эди. Илмга аҳамият берилмаган. Жаҳолат ҳаддан ошган эди. Жадидчилар илм нури таратаман деб кўп ҳаракат қилишган...Бугун ҳам янги мактаблар қурилмоқда. Ўзбекистон дунё билан рақобат қиламан дейдиган университет ва билим масканлари қурмоқда. Ўтмишда "газета чиқараман", десангиз ташқи таъсир ва босим остида қолгансиз, Чор Россиясининг босими ва кейинроқ болшевиклар... Бугун Ўзбекистонда ана шу ташқи босим йўқ. Менинг назаримда, ўтмишга нисбатан Ўзбекистонда анча илгари кетиш бор...

Би-би-си: Туркистон легиони ҳақида тадқиқот олиб бораётган экансиз. Истанбулдан Зебунисо Ҳусайннинг саволлари айни шу мавзуда: "Туркистон Легиони Туркистон халқларини (ўзбек, қозоқ, қирғиз, озарбайжон каби) жамлаган бир ташкилот бўлган. Мана шу тарихий умумлашма бугун ҳам ғоявий аҳамиятини қанчалар сақлай олган?"

Чиғатой Кўчар: Биласиз, уруш пайтида минглаб туркистонлик аскарлар немисларга асир тушган. Турфа қийинчиликларни бошларидан ўтказишган. Ўшанда Олмонияда бўлган Вали Қаюмхон ва Мустафо Чўқайлар асирликдаги туркистонликларни чақириб олганлар. Вали Қаюмхон лагерларга бориб, баланд қўриқчихоналарга чиқиб: " Эй, туркистонликлар, мусулмонлар бир тарафга ажралинг!" деб қичқирганлар. Кейин уларни бу ердан чиқариб, бошқа бир лагерга олиб борар ва кийиму кечак, емак билан таъминлаганлар. Бу йигитлар асир қолсалар эди, қисқа вақт ичида очлик ва сувсизликдан ўлиб кетишарди. Айримлар кўнгилли бўлиб биринчи, иккинчи, учинчи баталёнга қўшилганлар. Алал-оқибатда 180 мингга яқин легион аскарлари бўлган. Мен кўплар билан суҳбат қилганман. Худо ҳоҳласа, улар билан суҳбат асосида бир асар чиқармоқчиман.

Би-би-си: Тингловчиларимиздан бири: "Туркистон легионига фашистлар Олмониясига қўшилган Туркистонликларни Ўзбекистонда айрим зиёлилар хоинлар ҳам деб аташади, Сизнинг фикрингиз?" деб сўраган.

Чиғатой Кўчар: Йўқ, бунга қўшилмайман, улар бир кўришса эди уларнинг урушдаги аҳволини, қийналишганини...Айтинг, агар уларни, майли, Сталинга қайтариб беришганида ва ё қайтишганида нима бўларди? Уларни ўлдиришар эди. Сталин:"Сўнгги ўқни ўзингга узасан", демагандими? Вали Қаюмхон каби раҳбарларимиз аксар аскарларимизга яшаб қолишлари учун бир воситачи бўлганлар...Уларни қандай қилиб хоин деб айтишимиз мумкин?

Би-би-си: Зебунисо яна сўраяптилар: "Туркистон легиони ҳақида сўз бўлганда Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит, Чингиз Дағчи номлари илк бор тилга келади. Тадқиқотларингиз натижасида яна қандай номларни кашф қила олдингиз?"

Чиғатой Кўчар: Эргаш ака бор...Эргаш Булоқбоши, Мақсудбек бор,қозоқлар, қирғизлар, тожикларимиз бор. Туркистон легиони миллий қўмитасида ўн олти бўлим бўлган. Миллий адабиёт, аскарлар ва ёзувчилар иттифоқи каби бўлимлар... Улар қатор ойнома ва газетлар чиқаришган, китоблар чиқаришган... Мунаввар қорининг китобларини чоп этилди...

Би-би-си: Ўшдан Одил Махдумий эса: "Туркистон легиони ўз олдига қўйган режаларини амалга ошира олдими? Легионга аъзо бўлган инсонларнинг нечтаси ҳаёт ҳозирда?" деб ёзибдилар.

Чиғатой Кўчар: Туркистон легиони Иккинчи Жаҳон урушида немислар мағлубиятга учраши билан тарқалиб кетди. Ўз мақсадига эриша олмади. Урушдан кейин ҳар бир давлатга ўз асирини олиб кетиш ҳуқуқига эришди. Гуржилар, озарбайжонлар... мингга яқин аскаримиз эса ғарбда қолишга муваффақ бўлди. Туркистон легионида хизматда бўлганлардан ҳозир беш нафар қолганини биламан, бошқалари эса, Оллоҳ раҳмат этсин, оламдан ўтишди...

Би-би-си: Зебунисонинг сўнгги саволини ўқиб берсам: "Вали Қаюмхон тарафидан 1942 йили Олмонияда "Миллий Туркистон" журнали нашр этилган ва "Бизнинг йўл оталар йўлидар, мустақиллик йўлидир" дея баёнот билан чиққан. Олмон ҳукумати легионнинг сиёсий ниятига қарши чиқмади. Нега? Аслида Олмон давлати легиончилардан ўз мақсади йўлида фойдаланмадими?"

Чиғатой Кўчар: Туркистон легионининг ички ишларига олмонлар аралашгани йўқ. Фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланган ва биз ҳам, легион ҳам фойдаланган олмонлардан...Нега? Чунки аскарларимизнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Агар бу ташкилот тузилмаса, унда аскарларимизни болшевиклар деб ўлдиришарди, қанчаларини ўлдиришди ҳам...Агар аскарларнинг овозларини эшитсангиз, йиғлайсиз...Туркистон легиони болшевикларга қарши курашди. Олмонлар ҳам русларга қарши курашди. Агар улар енгса эди, Туркистон халқларига озодлик бериб уларни тан оламиз дейишганди, аммо бу қанчалар ҳаёт ҳақиқатига айланар эди, мен билмадим.

Би-би-си: Шўролар даврида ватанни тарк этган туркистонликларнинг катта авлоди бугун бармоқ билан санарли қолган, уларнинг бошқа ўлкаларда таваллуд топган фарзандлари, набиралари учун ота юрт тушунчаси қанчалар муҳим? Умуман, оталарининг ватанларига қизиқиш борми?

Чиғатой Кўчар: Албатта қизиқиш бор, мана менинг фарзандларим: "Яна борайлик, қачон десангиз борайлик", дейишади. Учинчи авлодда ҳам ота ватан, бобо ватанга муҳаббат сақланиб қолган. Мен болаларимга ўша ватан ишқини бердим. Биз: "Ватанимиз озод ва обод, фаровон бўлсин", деймиз. Ташқаридаги туркистонликлар муаллим бўлса, таълим билан, санъаткор асари, савдогар моли билан ватанга ёрдам қилишга тайёр. Аммо бу ёрдамни қанчалар истайди ватандагилар...(кулади) бу бошқа масала.

Би-би-си: Чиғатой ака, қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Чиғатой Кўчар: Би-би-си тингловчиларига алангали салом. ИншоОллоҳ, ватанимиз фаровон бўлсин, халқимиз тинч бўлсин. Биз доим ватан хизматига, мамлакатга боришга тайёрмиз.



Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.