BBC navigation

Эдика Лялина: Мен учун ҳақиқат юзага чиқиши ва адолат қарор топиши муҳим эди

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 16:36 GMT

Би-би-си меҳмони - москвалик журналист Эдика Лялина.

У ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Баҳром Хуррамовни ҳимоя қилиш мақсадида кампания бошлаганидан кейин "Петровка, 38" телеканалидаги ишидан ажралган.

Шу йил январ ойининг бошида ўзбекистонлик кўча тозаловчи Баҳром Хуррамов 12 ёшли боланинг жағини синдиргани учун ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Шундан сўнг ҳодиса рўй берган мактаб яқинида истиқомат қиладиган москваликлар Баҳром Хуррамов ҳимоясига отландилар.

Бу кампания ташкилотчиси Эдика Лялина бўлди.

Баҳром Хуррамов ҳимоясига чиққанлар жағи синган 12 ёшли бола қорни атайин кўча тозаловчига отмаганини, балки бу бола бундан олдин ҳам мунтазам ўзбекистонликни таҳқирлаб келганини ёзиб мурожаат қилганлар.

Эдика Лялинани 11 январ куни раҳбарлари чақиришган ва унинг ахлоқсиз суратларини олишганини айтишган, шунинг учун ўз ихтиёрига биноан ариза ёзишни талаб қилганлар.

Эдика гиёҳванд моддалар истеъмол қилинаётган, спиртли ичимликлар билан тушган фотосуратларини ҳеч қачон ҳеч кимдан яширмаганини айтган, бу суратлар унинг Facebookдаги саҳифасига анча олдин жойлаштирилган.

"Бу суратлар мен "Петровка, 38"га ишга жойлашишимдан анча олдин профессионал фотосуратчи томонидан наркотикларга қарши акция учун тасвирга олинган. Менинг ўзим ҳеч қачон гиёҳванд моддалар қабул қилмаганман ва спиртли ичимлик ичмайман", дейди Эдика Лялина.

бу ерга босинг Баҳром Хуррамовнинг озодликка чиқарилишини Эдика Лялина ўзларининг ғалабаси деб атайди.


Ўзбек муҳожири ҳимоясига чиққан москвалик журналист Эдика Лялинанинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Бугунги Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Баҳром Хуррамовни ҳимоя қилиб чиққанидан сўнг телеканалдаги ишидан айрилган москвалик журналист Эдика Лялина. Эдика, дастуримизга хуш келибсиз!

Эдика Лялина: Ассалому алайкум. Мамнунман.

Би-би-си: Суҳбатимиз бошида сиз билан яна ҳам яқиндан танишиб олсак. Қаерда, қандай оилада туғилгансиз? Қаерда ўқигансиз?

Эдика Лялина: Мен Москвада, москваликлар оиласида туғилганман. 12 ёшимдан телевидениеда, ОРТ телеканалида чиқиш қила бошлаганман. Бу болаларга мўлжалланган "Там-там новости" деган телекўрсатув эди. Менинг телевизион-журналистик фаолиятим ўшандан бошланган. Мен бир неча телеканал, хусусан, "1-канал", "НТВ", Россия" ва "ТВ-Центр" телевидениеларида ишлаганман. Охирги пайтларда мен асосан криминал ҳодисаларга бағишланган, ана шундай ҳодисаларни ёритадиган дастурларда фаолият юритаяпман. Табиийки, дастлаб мактабда ўқидим. Кейин Шаболовкадаги Болалар таҳририятининг "Телевидение мактаби"да таҳсил олдим. Шундан кейин Москва Давлат Маданият университетида "Кино ва ТВ саҳналаширувчи режиссёри" факультетини тугатдим. Охирги пайтда Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасининг "Петровка, 38" телеканалида ишладим. Ўша ердан мени ишдан бўшашим ҳақида ариза ёзишимни сўрашди. Турмушга чиққанман. Бир ўғлим бор, у бу йил 14 ёшга тўлади.

Би-би-си: Сизга савол йўллаган Фарҳодхон Мухторов сиз бу кампанияни бошлаганингиздан афсусда эмасмисиз, чунки шу туфайли сиз ишсиз қолдингиз, деб сўраган.

Эдика Лялина: Йўқ, мен ҳеч ҳам афсусланмайман. Менинг бошимга "оғир аҳволга тушиб қолган одамни қутқариш керак, бунинг учун унинг ҳимоясига имзо тўплаш керак", деган фикр келганида, мен бунинг охири мана шундай тугашини хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Мен бегуноҳ инсонга ёрдам беришга қарор қилдим. Бунга жавобан мен ишлаган телеканал раҳбарияти ишдан бўшатишга қарор қилгани мен учун буткул кутилмаган бўлди. Тўғрисини айтсам, иш шундай якунланганига афсусда эмасман. Чунки адолат йўқ жойда, адолатни инкор этадиган ташкилотда ишлашни менинг ўзим хоҳлайманман.

Би-би-си: Сизга ўзларининг саволларини юборган бир неча ўқувчимиз "сиз Баҳром Хуррамов билан таниш бўлганмисиз" деб сўрашган.

Эдика Лялина: Баҳром бизнинг кўп қаватли уйимизда бир неча йил ишлаган. Мен у билан шахсан таниш эдим, деб айтолмайман. биз дўс эмас эдик. Биз мулоқот қилмас эдик. У биз учун ҳар куни кўриб юрадиган таниш инсон эди. Биз эрталаб уйқудан турсак, унинг ишлаб юрганини кўрардик. Биз ишдан қайтиб уйга келган вақтимизда Баҳром ишлаб юрарди. Табиийки, биз ҳар куни саломлашардик, бир-биримиздан "как дела" деб ҳол-авҳол сўрардик. У ҳар доим ҳаммага ёрдам берарди. Кимнингдир сумкасини тепага, уйигача кўтариб чиқарди, кимнингдир уйи остонасидаги қорини кураб берарди. Қисқа қилиб айтганда, уни биз ҳар доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр инсон деб билганмиз. Биз уни фақат мана шундай танирдик, мен ўзим шахсан яқин таниш бўлмаганман.

Шуҳрат Ғаниев, Бухоро Гуманитар ҳуқуқий маркази: Ҳурматли Лялина хоним, авваламбор ватандошларим ва Ўзбекистоннинг бефарқ бўлмаган инсонлари номидан Хуррамовга ёрдамингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман. Сизга саволим - нима деб ўйлайсиз, сизнинг акциянгизни Россиядаги бошқа фуқаролик жамияти фаоллари давом эттириб кета олишадими ёки бу ўзбекларга нафрат тобора кучайиб бораётганни манзарасида кўзга ташланган ягона ҳодиса бўлиб қоладими?

Эдика Лялина: Менинг фикримча, бизнинг мамлакатимиздаги ҳамма ҳам одамларга ёрдам беришга қодир эмас. Бу мигрант бўлиши шарт эмас. Айримлар ҳатто ўзининг қариндошига, ёнида яшаётган қўшни инсонга ва ҳатто ўзининг дўстига ҳам ёрдам беришни истамайди. Мен ўша ҳодисалардан сўнг ҳар хил мактублар, Интернет социал тармоқларида турли хил хабарлар олдим. Улар орасида салбийлари ҳам бўлди. Лекин мен олган мактублар орасида буткул бегона инсонлардан менинг қилган ишимни маъқуллаган, қўллаб-қувватлаш изҳор этилган, менга жуда яхши фикрлар ва тилаклар билдирилганлари анча кўп бўлди. Кўпчилик чиндан ҳам бу ягона ҳодиса бўлганини ёзишаяпти. Ва одамлар савол беришган: нега, нима учун айнан шундай? Мен бу ишни бошлаганимда бирор бир ғаразли фикрни ўйлаганим йўқ, ёки бирор манфаат кўзламаганман. Менинг ўзим учун оғир вазиятга тушиб қолган инсонга ёрдам бериш муҳим эди. Мен истаган фикр шу бўлганки, менинг бу ишимдан хабардор бўлган, эшитган одамлар ҳам бир ўйлаб кўрсинлар, атрофларига қарасинлар. Ён-атрофидаги одамларга бир қараб, балки унга ёрдам керакдир, деб ўйлаб кўрсинлар. Чиндан ҳам тан олиб айтиш керакки, бу нарса йўқ. Афсуски, охирги пайтларда камайиб кетаяпти беғараз ёрдам бериш истаги. Бир кишига ёрдам бериш, кўмак қўлини чўзишни истайдиганларнинг сони камайиб бораяпти. Чунки ҳар бир инсон ўз қобиғига ўралиб олган, ўй-хаёли фақат ўзида, атрофидагиларга нима бўлаяпти, иши бўлмай қолган. Бу нарса мени хафа қилади. Бундай бўлмаслиги керак. Бизнинг ҳар биримиз ёрдамга зор бўлиб қолишимиз мумкин. Эртага, бир ойдан кейин, бир йилдан кейин нима бўлишини биз билмаймиз. Шунинг учун одам одамга ёрдам бериши кераклигини бошқалар ўйлаб кўришларини истардим. Ҳаётда адолат қарор топишини истайман мен. Агар бир одам бегуноҳ бўлса, унга ёрдам бериш керак. Ҳеч бўлмаганда ёрдам беришга ҳаракат қилиш керак.

Бўстон: Сизга Баҳром Хуррамовнинг ўзи раҳмат айтдими?

Эдика Лялина: Баҳром Хуррамовни озод қилишган пайтда мен судда бўлдим. Мен одам бундай пайтда қандай аҳволда бўлишини жуда яхши тушунаман. Шунинг учун ҳам мен ундан қандайдир миннатдорчилик сўзларини кутганим йўқ. Албатта, унинг ўзи менга раҳмат айтди. Рафиқаси Жамила кўп марта менга раҳмат, деди. Албатта, улар мендан миннатдор бўлишди ва уларнинг миннатдорликлари чин дилдан эканини мен сездим. Лекин мен тўғрисини айтсам, на мен, на уни озод қилиш кампаниясида қатнашган онам ва бошқа қўшниларимиз ундан ҳеч нарса кутмаймиз. Биз учун энг муҳими, инсоннинг эркинликка чиққани, адолат қарор топганидир. Унинг бўйнига қўйишган Жиноий Кодекс банди бўйича 5 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Агар бир бегуноҳ одам 5 йилга қамаладиган бўлса, шахсан мен ўзимни ёмон ҳис қилган бўлардим. Шунинг учун у ҳам, унинг қариндошлари ҳам миннатдорлар. Ва мен бир инсонга ёрдамимиз текканидан хурсандман.

Полвон Жумми: Аввалига сизга катта раҳмат Эдика. Эзилган, камситилган ва шунга қарамасдан Россия кўчаларини тозалашда давом этаётган ўзбек фаррошлари номидан. Саволим эса мана бу: журналист воқеаларни ёрита туриб жараёнга аралашиши керакми?

Эдика Лялина: 10.08 Гап шундаки, мен бу ишга журналист сифатида бош қўшганим йўқ. Мен бу ишга шу уйда истиқомат қилувчилардан бири сифатида аралашдим. Бу менинг фуқаролик позициям эди. Мен бу ишга журналистик ишимни аралаштирмоқчи бўлмаганман. Мен бунга Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси телестудиясини ҳам, мисол учун бошқармадаги танишларни ҳам қўшмаганман. Мен учун, шу уйда яшайдиган одам сифатида ёрдам бериш муҳим эди. Мен шундай фикрдаман: агар бизнинг бирорта ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятимиз бўлса, нега биз бу ҳуқуқдан фойдаланмаслигимиз керак? Агар телевиденида, рўзномада танишларим бўлса ва мен улардан кимнингдир ҳимоя қилиб чиқаётганимни ёритишларини сўрасам, бунинг нимаси ёмон? Мен буни қандайдир қонунга зид ёки уят иш, деб билмайман. Мен буни жуда нормал нарса деб биламан.

Полвон Жуммининг иккинчи саволи: Россия журналистларининг "Ўзбек ўлдирди", "Ўзбек ўғирлади", "Ўзбек зўрлади" деб пашшадан фил ясашларига сизнинг муносабатингиз қандай?

Эдика Лялина: Бу бизнинг мамлакатимиздаги энг катта муаммо. Чунки Ички ишлар органларида ишлаб менинг ўзим шунга дуч келганманки, Россия Федерацияси, хусусан Москвада содир этилаётган жиноятларнинг аксари, афсуски, бошқа мамлакатлардан келган инсонлар, ўзбекистонликлар, тожикистонликлар томонидан содир этилади. Лекин ҳаммани ҳам бир қарич билан ўлчамаслик керак. Чунки ҳар бир миллат ичида яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам. Қонунга бўйсунувчиси ҳам, жиноятчиси ҳам. Афсуски, бизнинг ватандошларимизда шундай фикр шаклландики, агар кимдир четдан келган бўлса, айниқса, мигрант бўладиган бўлса, у аввалбошданоқ айбдор. Кўп ҳолларда бизнинг маҳкамаларимиз ўзларини уринтириб ўтиришни хоҳламайдилар: жиноят иши борми, банд борми, бўлди. Шунинг ўзи етарли. Ким исбот-далилни талаб қилиб ўтирипти? Сен келгиндимисан, айбдорсан. Қамоқда ўтиришинг керак, деб айтишади ҳакамлар. Мана шундай йўл тутишларини билганим учун ҳам Баҳром Хуррамовни ҳимоя қилишга чиққан бўлсам керак мен. Агар бу иш синчиклаб тергов қилинишига ишонч ҳосил қилсам, ҳамма нарса пухта текширилишини билсам, мен адолатли маҳкамага умид қилиб ҳеч нарса қилмай ўтирган бўлардим. Бу мамлакатда яқинлари ҳам, танишлари ҳам йўқ инсон устидан адолат юзага чиқиши учун терговнинг тўғри йўналишдан бориши мен учун муҳим эди. Шунинг учун мен хатога йўл қўйилмаслигини истаганман ва ҳимояга чиққанман.

Samo: Avvalambor, shunday savob ishga qo'l urganingiz uchun katta rahmat. Sizday shijoatli jurnalistga yaxshiroq ish albatta topiladi. Mening savolim: Moskvada va umuman Rossiyada muhojirlarga nisbatan salbiy munosabat ma'lum, va buning ob'ektiv va sub'ektiv sabablari keng yoritilgan. Shuning uchun Xurramovga nisbatan Moskvaliklarning g'amxo'rligi meni ma'lum darajada ajablantirdi. Sizningcha, bu xolat muhojirlarga nisbatan jamoat fikrining ilishining boshlanishimi yoki faqat bir martalik hodisami?

Эдика Лялина: Бу бир марталик ходисами ёки йук, мен конкрет инсонни химоя килиб чикдим. Мен учун унинг ким эканлиги мухим эмас эди. У кушними, дустми, куча тозаловчими, менинг учун фарки йук эди. Мен инсоннинг айби йуклигини билар эдим, шунинг учун мен уни химоя килишга ахд килдим.

Би-би-си: Россияда муҳожирларга нисбатан салбий муносабат шаклланганининг сабаби нимада, деган саволни бир неча ўқувчимиз берган.

Эдика Лялина: Мен ватандошларим учун уятли деб биладиган нарса, нимагадир охирги пайтларда шундай бир қоидами, бир тартиб кенг тарқалдики, агар кимнингдир бу мамлакатда ҳуқуқи бўлмаса, уни ҳақоратлаш мумкин, уни хафа қилиш мумкин. Шундай таассурот уйғонадики, гўё бир неча аср олдин бекор қилинган қулдорлик тузуми мамлакатимизга қайтиб келгандек. Бизда қурилишларда ишлаётганлар, кўчаларни тозалаётганлар амалда қуллардир. Чунки улар арзимаган чақа учун ишлайдилар. Улар учун белгиланган маош улар ўз қўлига олаётган маблағдан, билмайман, қанчалар кўп. Бу одамларнинг асосий камчилиги, улар ўзларига нисбатан шундай муносабатда бўлишларига қўйиб беришларидир. Демак, бу одамлар 6000 рублга ишлашга кўнаётган эканлар, уларнинг устида уларга мўлжалланган маошнинг асосий қисмини, 20 минг, 40 мингни ўз чўнтагига ураётган инсонлар, бу меҳнаткашларнинг "хўжайинлари" бор. Бизнинг жамиятда қатламлар ҳар доим бўлган. Бугунги ўрта ёки бой қатлам одамларида муҳожирларга оёғини артиб ташлайдиган латтадек қараш шаклланган. Муҳожирларга салбий муносабатнинг битта сабабларидан бири бу. Энг ёмони, бугунги кунга келиб, бундай муносабатни кўриб катта бўлаётган болаларнинг муҳожирларга беписанд муносабати. Бундай болалар ота-оналаридан ўрнак олиб, қора ишларни бажаришга рози бўлаётган одамларни ҳақоратлашга, сўкишга ўрганишаяпти. Бундай бўлиши керак эмас. Бу мутлақо нотўғри.

Би-би-си: Сиз энди бундан кейин нима қилмоқчисиз? Ўзингизнинг ишингизга қайта тикланишга ҳаракат қиласизми ёки бошқа иш топишни хоҳлаяпсизми?

Эдика Лялина: Мен бошқа иш топдим. Мен федерал канал ҳисобланган "5-канал"га ишга кирдим. Унинг Москвада мухбирлик пунтки бор. У ерда мен яна криминал янгиликлар бўлимига кишга кирдим. Мен нима бўлган бўлмасин, ҳаммаси яхшиликка, деб қабул қиладиган одамман.

Би-би-си: Ҳурматли Эдика, сизга мактуб йўллаган ўқувчи ва радиотингловчиларимизга қандай тилакларингиз бор?

Эдика Лялина: Сизларга катта раҳмат. Ҳамма тингловчиларга барча эзгуликларни тилайман. Энг муҳими, атрофингизда нималар бўлаётганига эътиборли бўлинг! Қандай муаммо бўлмасин, уларга бефарқ қолманг!

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.