BBC navigation

'Болаларимни боқиш учун бир мирим ҳам йўқ...'

Сўнгги янгиланиш 28 феврал 2013 - 09:30 GMT

Қашшоқлик Покистонда кенг қулоқ ёйган. Айниқса, қишлоқ ҳудудларида вазият жуда оғир. Айрим манбаларга қаралса, мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бир қисми ўта ночорликда ҳаёт кечиради ва улардан аксарияти қишлоқларда яшашади:

Ўтган ўн йил ичида Покистонда қашшоқлар сони камайгани айтилса-да, аҳолининг таълим ва тиббий хизматга имконияти Осиё қитъасидаги энг пастларидан бири. Сўнгги йилларда халқаро миқёсда озиқ-овқат ва энергия маҳсулотлари нархларининг осмонга сапчиши Покистондаги қашшоқ аҳоли ҳаётига жиддий таъсир қилган. Яна йигирма миллионга яқин покистонлик қорни тўйиб овқат емайдиганлар сафига қўшилишган. Худди шундай хавф остида бўлганларининг сони ҳам озмунча эмас.

40 ёшли Ҳуссан Зорий олти фарзанди билан бирга Покистоннинг шимолий-ғарбий Пешовар шаҳри сарҳадларидаги Пажагай мавзесида ниҳоятда ночорликда ҳаёт кечиради. Бутун рўзғор тирикчилиги яқинлари ва ҳали вояга ҳам етмаган тўнғич ўғлининг зиммасида:

Ҳусайн Зорий: Эрим банги. Шунинг учун ҳам, турмуш қурганимдан бери ҳеч қачон бахт нималигини билмаганман. Лекин, Аллоҳга шукр, олти фарзандли бўлдим. Аммо уларни боқиш учун бир мирим ҳам йўқ. Яқинларим нима беришса, тўнғим ўғлим Комрон нима топиб келса, ўшани едириб, ичириб, бир амаллаб катта қилаяпман. Худодан бошқа таянчим йўқ. Гоҳ-гоҳида ака-ука, сингилларим ёрдам беришади. Тўнғич ўғлимнинг саводини ҳам акаларим чиқаришди. Тўрт қизим, икки ўғлим бор. Эрим бозорда сабзавот сотарди. Аммо қазо қилганига ўн йилдан ортди. Бу орада ёлғиз бошим билан уч қизимни чиқардим. Ҳозир тўнғич ўғлим ёнимга кирган. Мактабдаги таҳсилини чала қилиб бўлса ҳам, машиналарни тузатувчи механик бўлиб ишлаб, топган тўрт тангаси билан бироз кўмак қилаяпти. Яқинларимнинг аҳволлари ҳам бизникидан қолишмайди. Лекин менинг бошимда эрим йўқлиги учун йўқдан йўндириб бўлса ҳам, ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Аёл бошинг билан кўча-куйда сарсон бўлсанг, номуси бизга тегади, дейишади. Қўшниларимиз орқали уйимизга газ ўтган. Шу сабабдан, газ пулини уларга тўлашимиз шарт. Бусиз иложи йўқ. Топган тўрт танга пулимизни ҳам энг аввало шунга сарфлаймиз. Шундан қолганини бир амаллаб қолган сарф-харажатларимизга етказамиз. Бир қизим силга чалинган. Ҳукумат томонидан бирор бир ёрдам йўқ. Унинг дори-дармонларига кетаётган сарф-харажатлар ҳам ака-укаларимнинг зиммасида қолган. Турмушга чиққан қизларимнинг сарпо-суруғу тўй харажатларини ҳам бир амаллаб яқинларим, кейин савобталаб кишилар кўтаришди. Дунёда яхши одамлар кўп.

Тўнғич ўғли Комрон: Унинг айтишича, саккизинчи синфгача мактабдаги таҳсилини канда қилмаган бўлса-да, отасининг ўлими ортидан, ҳаммаси ўзгарган. Мен оилада тўнғич ўғил бўлсам, ҳаёт оғир, ночорлик, ойимга ёрдам бермасам бўлмасди, ҳозир бир-икки кун мактабга борсам, қолган кунлари машина тузатаман, механиклик қиламан, дейди у. Аммо, унинг айтишича, оилавий аҳволининг қанчалик оғир эканига қарамай, ҳануз олий таҳсил олиш ниятидан воз кечмаган. Маълум бўлишича, қарийб саккиз йилдан бери шу ишда банд. Тез келаётган мотоцикл босиб кетиши натижасида оёғим синган, шунинг учун ҳам бошқа иш қилолмайман. Кунига 150 рупий беришади. Бу - бир АҚШ долларидан сал ошиқроқ маблағ дегани. Агар Покистондаги инфляция даражаси қанчалик жадаллик билан кучайиб бораётгани назарда тутилса, бу ҳеч нарса эмас. Бир яримта нон беради ёки ўн дона тухум... Фақат нон билан тирикчилигингиз ўтмайди-ку! Оиламиз кичик бўлса ҳам майли эди. Бу пул нимаям бўларди, тўғрими? Шакар, чой, ўсимлик ёғи, ҳаммасининг нархи осмонга сакраб кетган. Лекин, ойим ҳам айтганларидек, энг муҳими газ. Агар ҳаққини ўз вақтида тўламасак, қўшниларимиз газни узиб қўйишади. Ё ўтину кўмирга пул топишингиз керак ва ё газнинг ҳаққига...Шунинг учун ҳам бир кун узилишиб кетармиз деб, қарзу ҳавола қиламиз. Аммо шунча қарзни қачон тўлашга қурбимиз етади, билолмадим, дейди Комрон.

Покистон иқтисоди зироатга асосланган ва қишлоқ аҳолисининг аксарияти деҳқончилик орқасидан кун кўришади. Ҳосилдор ерларнинг камлиги, бозору хизматларга имкониятнинг чеклангани, саводсизлик, ерларнинг нотенг тақсимоти ва сув таъминотининг бир текис эмаслиги Покистонда камбағалликка сабаб бўлаётган асосий омиллар сифатида кўрилади. Покистонлик иқтисодий таҳлилчи, Pakistan Express Tribune газетаси бош муҳаррири Муҳаммад Зиёвуддин Покистонда чуқур илдиз отган камбағаллик муаммоси ортида жиддий сабаблар ётганини айтади:

Муҳаммад Зиёвиддин: Давлат бюджети ва четдан берилаётган ёрдам пулларининг аксарияти ҳам Покистон хавфсизлик кучларини мустаҳкамлашга кетади. Ҳар йили шу аҳвол ва бу аввалбошдан шундай бўлиб келган. Чунки Покистондаги аксарият қўшни Ҳиндистонни ўзларининг душманлари сифатида билишади. Улар Ҳиндистон бизни давлат сифатида тан олмайди, деб ишонишади. Бу - Покистондаги қашшоқлик ортида турган асосий сабаблардан бири. Яна бир сабаби - Покистон аграр давлат саналишига қарамай, қишлоқ хўжалигига эътибор етарлича бўлмаган. Покистон минтақадаги энг йирик суғориш тизимига эга бўлган давлат. Асрлар давомида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўзида етиштириб келган. Аммо ўз мустақиллигини эълон қилган дастлабки йилларда Американинг буғдойига қарам бўлиб қолган. Бу эса, Покистоннинг ўзида ғаллачиликнинг ўлишига сабаб бўлди. Етмишинчи йиллар ўрталарига келиб, Покистон бироз оёққа турди. Даромадни тенг тақсимлаш ҳаракатлари кузатилди. Аммо улар ҳам узоққа чўзилмади. Қудратга кетма-кет иқтисодни тушунмайдиган одамлар келди. Бу эса, мамлакат иқтисодининг абгорлашувини янада кучайтирди. Бош вазирлар эса, мамвжуд вазиятга эътибор беришмади. Солиқларни йиғиш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетди. Алал-оқибат Покистоннинг хорижий донор давлатларга қарамлиги кучайди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат идорасининг кўмагига таяниб қолди.

Би-би-си: Сизнингча, бугун Покистонда кузатилаётган қашшоқлик муаммоси қанчалик жиддий?

Муҳаммад Зиёвиддин: Қашшоқлик билан боғлиқ вазият Покистонда жуда жиддий. Аммо, ҳозирга келиб, вазият бироз ўнгланаётгандек. Яқинда Покистон ҳукумати ночор оилаларга молиявий кўмак беришни кўзда тутувчи йирик дастурнинг ижросига киришди. Дастур "Беназир кўмак жамғармаси" номи остида амалга оширилмоқда ва ҳукуматдан ташқари, хорижий донор давлатлар томонидан ҳам молияланаётир. Айрим маълумотларга қаралса, бугун Покистон аҳолисининг 35-40 фоизи ўта қашшоқликда кун кечиради. Янги дастур қаттиқ назорат остида амалга оширилмоқда. Ушбу дастур асосида ҳар бир камбағал оилага ойига 1.000 рупий ( 10 АҚШ доллари) ҳисобида беғараз нақд пул берилади. Ночор оилалар бу пул эвазига ўзларининг энг зарур эҳтиёжларини қондиришлари мумкин бўлади. Хорижий кузатувчилар ҳам ушбу тизимнинг қандай ишлаётганини олқишлашмоқда. Чунки пул тўғридан-тўғри эҳтиёжманд одамларнинг қўлларига бориб тегади. Яъни ночор аҳолининг 90-95 фоизи ҳукуматнинг бевосита молиявий кўмагидан баҳраманд бўлмоқда. Тўғри, 1.000 рупий катта маблағ эмас. Аммо мамлакатдаги ўта ночор оилаларнинг бир рупийси ҳам йўқлигини эсдан чиқармаслик лозим. Улар бу пулга озиқ-овқат сотиб олишлари, бирор бир бошпана топишлари мумкин. Ҳукуматнинг дастури ҳозирча келаси беш йилни кўзда тутади. Аммо уни доимий қилиш режаси ҳам йўқ эмас.

Би-би-си: Мана, сиз Покистондасиз. Агар, ўз кузатувларингиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аҳолининг камбағал қатлами ҳукуматнинг янги барномасидан қанчалик мамнун?

Муҳаммад Зиёвиддин: Янги дастур аҳолининг оғирини қанчалик енгил қилаётгани келаси икки-уй йил ичида маълум бўлади. Мен сизга айтмоқчи бўлаётган нарса, ҳукуматнинг ёрдамидан 90-95 фоиз эҳтиёжманд одамларнинг баҳраманд бўлишаётгани...Яъни пул айнан муҳтожларнинг қўлларига етиб бормоқда. Агар ўз кузатувларимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, камбағал аҳоли ҳам бундан мамнун. Ҳукумат, бундан ташқари, кекса ва ночор нафақахўрларнинг банкма-банк сарсон бўлишларининг олдини олиш учун ҳам янги электрон тизим ишлаб чиқмоқда. Янги тизимга мувофиқ, нафақахўрлар ўз нафақаларини махсус карточкалар орқали исталган банкоматдан олишлари мумкин бўлади. Бу ҳам аҳоли ночор қатламининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади, назаримда. Ҳукумат, бундан ташқари, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган яна бир дастурга қўл урмоқда. Яъни, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган одам ҳукуматнинг махсус карочкалари орқали банклардан лозим миқдорда пул олиши мумкин бўлади. Тўғри, буларнинг барчаси ҳозирча илк қадамлар. Камбағалликни аритишга қаратилган бу каби чораларнинг амалда қанчалик иш беришини эса, вақт кўрсатади.

Би-би-си: Агар муаммонинг кўлами назарда тутилса, ҳукумат томонидан кўрилаётган ушбу чора-тадбирлар Покистондаги камбағалликка барҳам бера оладими?

Муҳаммад Зиёвиддин: Айни ўринда мамлакатнинг иқтисодий қудратини ҳам инобатга олмоқ лозим. Покистон бой давлат эмас. Мамлакатнинг ўз захиралари ҳаминқадар. Агар мамлакатнинг имкониятлари қанчалик чеклангани назарда тутилса, назаримда, бугун ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар етарли даражада, дейди покистонлик иқтисодий таҳлилчи, Pakistan Express Tribune газетаси бош муҳаррири Муҳаммад Зиёвуддин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.