BBC navigation

Миср: Ҳусни Муборакдан сўнг

Сўнгги янгиланиш 22 март 2013 - 11:16 GMT

Миср катта ўзгаришлар мамлакатига айланди

Истанбулдан самолёт чамаси икки соат учгандан сўнг стюардесса хавфсизлик камарларини тақишимиз лозимлигини, хаво лайнери қўниш учун пастлаётганини эълон қилди.

Қадимий Миср пойтахтини, Фустот ва Ғазо ёдгорликларини юқоридан томоша қилиш мақсадида илюминатордан қарадим. Самолёт булутларни кесиб ўтди чоғи, бирдан Саҳрои Кабирнинг бепоён қизғич заррин қумликлари қайтараётган қуёш нуридан кўзларим қамашди.

Узоқдан улкан Хеопс пирамидаси, кейин яна бир неча пирамидалар кўринди. Хайрият, етиб келдик, дея кўнглим таскин топди.

Лекин негадир самолёт Қоҳира узра қайта-қайта айланар, қўниш пастлигига тушмас эди. Бир, икки, беш, саккиз бор... Ёнимдаги ҳамроҳимга қарадим, у ҳам безовта. Эшитилар-эшитилмас овозда саловот айтарди. Тўсатдан хаёлимга нохуш фикр келди. Ғилдираклар очилмаётган бўлса-я? Яна илюминаторга ёпишдим. Дархақиқат ғилдираклар туширилмаган эди! Аммо, кулгуси намунча гўзал бўлмаса бу турк қизларининг, стюардессалар хотиржам, қолаверса хаммага табассум ҳадя қилиб тинчлантирар эди.

Ниҳоят чўл бургутига ўхшаб бир оз лапанглагач “Боинг” қўниш йўлакчасида йўрғалай бошлади. Ҳамма қарсак чалиб юборди.

Абдул Носир аэропорти гўё уйқудаги шаҳарчани эслатарди. Африка қитъасининг шимолий ҳаво дарвозасида биронта ҳам самолёт учаётгани ёки қўнаётгани кўринмайди. Кутиш залида бизни қарши олган Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси масъул ходими қувончини яшира олмади.

- Аэропорт диспетчерлари иш ташлаганлар. Бугун биронта йўловчи учгани ёки келиб қўнгани йўқ. Турк учувчилари масъулиятни зиммаларига олиб самолётни қўндирдилар.

Бу гап шу захотиёқ тасдиғини топди. Юкларни ҳам биз учиб келган самолётга хизмат кўрсатганларнинг ўзлари келтириб бердилар. Улардан бири менинг таажжубланаётганимни кўриб,

- “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясига бўлган ишончга путир етмасин, дея таваккал қилдик. Ахир бу ерда бизни яна икки юз нафар йўловчимиз кутиб турган эди-да,-деди.

"Тахрир халқ минбари, мамлакат эркин фикр майдонига айланди"

Мана икки йилдирки, дунё ҳамжамияти эътибори хамон Тахрир майдонида. Қоҳиранинг қоқ марказидаги Озодлик (Тахрирнинг таржимаси) майдонида бўлиб ўтган воқеалар туфайли 2011 йилнинг феврал ойида Президент Ҳусни Муборак истеъфога чиқарилиб вақтинча ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди. Ўтиш даври хукумати эса аслида ҳарбий кенгашнинг измисиз бирон қарор чиқара олмас, ислоҳот ўтказишга жазм этолмас эди. Ўшанда ҳокимият собиқ мудофаа Вазири, ҳарбий кенгаш раиси Хусайн Тантавий қўлида бўлиб, у хам 2012 йил ёзига мўлжалланган президентлик сайловини кутарди. Мамлакат иқтисодиёти, нефт, газ, ишлаб чиқариш ва экспорти қисқариб, саноат, дехқончилик, қурилиш индустриясидаги истиқболли лойихалар тўхтаб қолгани, ички ялпи махсулот хажми камайиб, ишсизлар сони кундан-кун ортиб, нарх навонинг эса кўтарилиб кетгани “бахор инқилоби”ни амалга оширган халқ, аввало ёшларнинг паймонасини тўлдирди ва улар қайта-қайта яна Тахрирга оқиб келардилар.

- Хусни Муборак даврида эркин сўз, эркин фикр, эркин матбуот йўқ эди, - дейди ўзини Мухаммад Ҳайдар деб таништирган йигит.- Биз хар доим кучишлатар тизим тазйиқида яшар эдик. Мана энди Тахрир халқ минбари, мамлакат эркин фикр майдонига айланди.

Лекин Тахрир майдонидагиларнинг барчаси унинг гапларини қувватламас эди.

- Демократик тамойиллар қарор топган халқ ҳокимияти қурамиз деб қурбонлар бергандик. Нимага эришдик? Халқни янада қатъий назоратда тутмоқчи бўлган янги Президентлик диктатурасигами? Илгари, Муборак пайтида мамлакатда энг муҳими-тинчлик, осойишталик ҳукм сурар, одамлар меҳнат қилиб, оиласи билан бахтиёр яшар эди. Биз ўша замон қадрига етмаган кўринамиз,- дейди яна бир сухбатдошимиз Абдул-Гул Иброхим.

Президент Мурсий тарафдорлари ва унинг мухолифати бўлган 20-25 минг чоғли намойишчилар гўё майдонни иккига бўлиб олгандек, овоз кучайтиргичларда бир-бири томон тўхтовсиз таънали эътирозларни билдирар эдилар. Уларни бирлаштирган бир рамз бор: қўлларида хилпираб турган минглаб миллий байроқлар.

Тахрир атрофида саф тортиб турган полициячилар эса негадир томонлар бахсига фаол аралашмас, аксинча бефарқлик билан кузатиб турарди.

Аслида ижтимоий фикрда якдиллик йўқлигини Мисрнинг эътиқодлар қарама-қаршилиги билан бахолаш тўғри бўлар. 85 миллион ахолининг ўн фоиздан ортиғи миллати араб бўлсада, христиан динига мансуб. Шундай оилалар борки, отаси, онаси мусулмон, фарзандлари христиан, ёки аксинча. Аммо асрлар давомида улар бағрикенглик кўрсатиб бир-бирига тоқатли хаёт кечирганлар. Афсуски мамлакат сиёсий хаёти барометри бўлиб турган Тахрир майдонига энди хукуматнинг диний зиддият келтириб чиқарган муаммосини хам кўтариб келардилар. Бу энг нозик, айни чоғда энг хавфли мавзу эди.

- Тахрир воқеалари Миср президенти Мурсий мамлакатдаги асл вазиятни ўз қўлига ололмаганини кўрсатади,- дейди хорижий журналистларга берган интервьюсида намойиш иштирокчиси Камол-ал Маҳмудий.- Минглаб ватандошларим эркин фуқаролик жамияти қурилиши учун хаётини қурбон қилган эди. Лекин умидларимиз амалга ошмади.

Мисрнинг “Нил” телевидениеси орқали мурожаат қилган шайхул Азҳар (Ал-Азҳар университетининг бош имоми, раҳбари) Аҳмад ал-Тойиб ўз халқини диний бағрикенгликка, турли диний эътиқод эгаларини ҳамжиҳатликка чақирди. Ливаннинг “Хизбуллоҳ” харакати намоёндалари эса “одамларни диний эътиқодига қараб бир-бирига қарама-қарши қўйишни Миср давлати ҳамда ундаги мусулмон ва христиан араблар душманлари ташкил этган” дея баҳо бердилар.

Ҳукумат вакиллари, дин пешволари, жамоат арбоблари хар қанча ҳаракат қилмасинлар Тахрирда осойишталик қарор топмаяпти. Мисрдаги сиёсий парокандалик, иқтисодий беқарорлик туфайли мутахассислар хисоб-китобича мамлакат хар куни юзлаб миллион доллар зарар кўрмоқда. Нафақа, иш хақидан бюджетнинг қарздорлиги кундан-кун ўсиб бормоқда. Бир кун жанжал бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади, деганлари шу эмасмикан?

Мен Сизга хизмат қилай, илтимос!

Тахрир майдонининг бир четида ўзининг бой заҳираси билан дунёнинг энг нуфузли тарихий ёдгорликлари сақланадиган хазинасига айланган Қоҳира музейи салобат тўкиб турибди. XIX аср давомида Мисрда археалогик қазишмалар олиб бориш учун дунёнинг турли қитъаларидан ўнлаб илмий экспедициялар кела бошлаган. Улар орасида қадимий ёдгорликлар, афсонавий хазиналар иштиёқидаги қароқчилар хам оз эмасди. Шунда мамлакат хукумдори Исмоил пошшо 1880 йилда ноёб топилмаларни Ғазодаги саройига тўплатди. Кейинчалик Француз архитектори Марсел Дюнон лойихаси асосида Қоҳира музейи қурилди ва у 1902 йилдан ўз эшикларини очди. Хозир бу ерда 120 мингдан зиёд курраи заминнинг энг қадимий, хатто эрамиздан аввалги тўртинчи, бешинчи минг йилликларга оид экспонатлар, Амонхотеп, Тутмос, Рамзес каби 18 та фиравннинг мўмиёланган жасадлари, Тутанхамон мақбарасидаги бир уй олтину-гавҳарлар, унинг юз ниқоби, Ғазо, Саккура, Бубаст, Асуан ва Нубияда олиб борилган қазишмаларда топилган бебаҳо буюмлар қўйилган.

- Қоҳира музейи хақида китобларда ўқигандим. Лекин у шу қадар таъсирчан таассурот қолдиради, деб ўйламагандим,- дейди ҳиндистонлик сайёҳлардан бири. – Фиравн ва хоқонларга тегишли жиҳоз, қурол-аслаҳа, зебу-зийнат, қоятошларга ўйиб ишланган ҳайкаллар, табиат манзаралари чизгисидаги ўчмас ранглар сеҳридан хушсизландим. Нью- Йоркдаги Метрополитен, Лондондаги Британия, Франциядаги Лувер музейлари хатто Дехлининг Қизил фуди (қизилқалъа) хам бу каби бой манбааларга эга эмас.

Қоҳира музейига кириш учун илгарилари камида 4-5 соат навбатда турганимиз, заллардаги айрим экспонатларни навбат билан томоша қилганимиз эсимда. Бугун эса у хуввилаб қолган. Хорижий сайёхлар тушган автобуслар Тахрир майдонига, музей олдига келиб тўхтаганини ахён-ахёндагина кўрасиз. Экскурсовод-йўлбошчилар қанчалик хушмуомала бўлмасин, нигоҳлари қаърида қандайдир хавотир бор эди.

- Сайёҳлар кескин камайгани учун гуруҳимиз ходимларининг ярмидан кўпи ишсиз қолдилар, биз эса мана бир неча ойдирки маош олганимиз йўқ,- дейди йўлбошчи.- Лекин хали ҳаммаси изга тушишига умид қилиб яшаяпмиз.

Қадимий Миср меъморчилигининг буюк ёдгорлиги – пирамидалар, айниқса улар орасидаги “етти мўжизанинг бири” – Хеопс пирамидаси сахро узра маёқ каби хайратга тушган сайёхлар билан гавжум бўларди. Биз Ғазога етиб келиб хали машинамиз тўхтамасданоқ ўндан зиёд йўлбошчилар изма из югурдилар.

- Мен сизларга хизмат қилай, -дерди бир-бирини туртиб-суртиб машина эшигига ёпишар эканлар.

- Илтимос,- деди уларнинг бири маюс боқиб.

Уни танлаганимиздан қувонган Исмоил дастлаб Пирамидалар хақида сўзлай кетди. Хар холда китоб кўрган экан. Хатто ўн тўққизинчи асрнинг машхур мисршунос олими Огюст Мариет асарларидан ихтибос келтирди.

Сайёхатимиз пировардида у дилини очди.

- Қоҳира Давлат Университети сайёҳлик факультетида ишлардим. Оила, тирикчилик сабаб, бу ерларга келиб қолдим.

Кейин бирдан чеҳраси ёришди.

-Ўзбекистонда ҳам Мисрдаги каби буюк тарихий обидалар кўплигини биламан. Самарқанд, Бухоро, Хивага бориш, шарқ дурдонаси бўлмиш Тошкент билан танишиш орзуим.

Пирамидалар

Хозиргача Мисрда сақланиши турли холатда бўлган 118 та пирамида тадқиқ қилинмоқда. Уларнинг энг улкани шубҳасиз Хеопс пирамидасидир. Унинг дастлабки баландлиги 146,6 метр бўлган, деб ёзади тарихчилар. Замонлар ўтиб пирамидага тахланган тошлар устидаги силлиқланган қатлам емирилиши натижасида ҳозирга келиб 138,8 метрга қисқарган. Унинг тўрт тарафи 230 метрданни ташкил этади. Хеопс пирамидаси эрамиздан XXIV аср илгари ёки тўрт ярим минг йил аввал қурилганини таъкидлашади қадимшунослар. У 2,3 миллион дона хар бири 2,5-15 тонналик чорқирра тошлардан иборат. Лекин фиравн ўлгандан сўнг дафн этиладиган хилхона устига қўйилган тош 80 тоннадан оғирроқ эканини аниқлаганлар. Дарвоқеа, пирамидалар фиравнлар бошқарган давлат куч-қудратини намойиш этарди. Шунинг учун хар бир фиравн тарихда ўзининг буюклигини кўрсатмоқчи бўлган. Қолаверса, пирамида ичида сирли яширин йўллар, йўлаклар бўлиб, уларнинг факат биттасигина фиравннинг мўмиёланган жасади қўйиладиган хилхонага элтади. Бу сирни билган қурувчилар қурилиш тугалланиши билан ўлдирилганлар. Бу жой хақида фиравннинг ўзи ва яна бир яқинигина билган. Одатда фиравн оламдан кўз юмгач бир уй олтин, кумуш, дуру-гавхарлар билан хилхонани тўлдириб сўнг, унинг жасадини мўмиёлаганлар ва ўша одамгина уни дафн қилган. Қонунга кўра пирамида йўлагидан чиққач уни қатл этганлар.

Пирамида мўжизасини англаш учун барча замоннинг энг машхур кишилари келганлар. Масалан, Хорун ар-Рашиднинг ўғли Бағдод халифаси Ал-Маъмун 831 йилда Хеопс пирамидасидаги хилхонага йўл ахтарган. 1798 йилда эса Франция императори Напалеон хилхоналарга яширилган бойликларни эгалламоқчи бўлган. Лекин уларнинг хар иккиси хам ниятига етолмаган.

Хеопс пирамидасида учта хилхона бўлиб, уларнинг бирига 120 метр узунликдаги бир неча айланма йўллардан дастлаб тик юриб, сўнг энгашиб охирги ўн метрларда судралиб чиқилади.

Гарчи Исмоил биз билан бирга бўлсада кун бўйи мижоз кутаётган бугун хам чойчақасиз қолишдан ташвишга тушган йўлбошчилар “Хеопс хилхонасига бошлаб чиқайлик”, дея кетимиздан қолмай қайта-қайта таклиф қилардилар.

Мен бундан бир неча йил аввал Ахмад ал-Фарғоний ҳақида телекўрсатув тайёрлаш мақсадида Қохирага келганимда Хеопс пирамидасидаги ўша машхур Хилхонага тасвирчи Шуҳрат Мирзакаримов билан чиққан, бу ҳақда “Ахборот” дастурида махсус репортаж берган эдик. Шунинг учун йўлбошчи таклифи жавобсиз қолди.

- Энди Сфинкс зиёратига олиб бораман, мархамат, от арава сизнинг ихтиёрингизда,-деди Исмоил бир аравкашни етаклаб келиб.

Начора. Илтижоли кўзқарашга дош бериш қийин эди. Узоқ савдолашмай аравага миндик. Қийин-қистовга қарамасдан Исмоил аравага чиқмади. Ёнимизда югуриб борар, тўхтамасдан Ғазо водийси, қадимий шимолий Миср шахарлари хақида хикоя қиларди.

Нил дарёсининг ғарбий соҳили, Ғазо водийсидаги Буюк пирамидалар этагида тоғ бағрига ўйиб ишланган ер юзидаги энг қадимий ётган шер хайкали бор. Уни Сфинкс, баъзида араблар “Абу-хувал” деб хам атайдилар. “Сфинкс” грекча сўз бўлиб “бўғиб ўлдирувчи” деган маънони билдиради. Араб қадимшунослари аслида “сфинкс” сўзи юнонистонга Мисрдан бориб етган дейдилар. Баландлиги 20 метр, узунлиги 73 метрли шер хайкали бўйнида эрамиздан аввалги XXV-XXIV асрларда хукумронлик қилган фиравн Хефреннинг бош-юз тузилиши тошга ўйиб ишланган. Ривоятда Сфинкс Нил дарёсидан келган душманлардан Буюк пирамидаларни қўриқлаган, дейилади.

Минг йиллар давомида Сфинкс хайкали қум остида қолиб кетган эди. 1817 йилда италян археолглари уни кўкрагигача, 1925 йилда эса Мисрликларнинг ўзи оёқларигача қумдан тозаладилар. Кейинроқ Сфинкс оёқлари остида қадимий ибдатхона борлиги аниқланиб, у хам қум қамалидан озод қилинган ва сайёхлар қадамжоларига айлантирилган.

Сфинкс панжалари орасидаги супада ўй суриб ўтирган Иброхим тўсатдан жунбушга келди.

- Биз араб бахори инқилобининг ғолибига ўхшаймизми? Аксинча ўзимни мағлублар қаторига қўшган бўлардим. Оиламнинг тинчи бузилди. Молиявий ахволимиз ғариблашди. Хомиладор хотинимнинг кўнгил тилагини адо этаман деб қўлимдан келгани, кунда, баъзан 2-3 кунда аранг бир сайёхга йўлбошчилик қилиб насибамни топаман. Мен каби сарсон-саргардон ватандошларим камми?

Африка шимоли, Осиё ғарбидаги мамлакатларда рўй берган, рўй бераётган воқеликлар замирида аслида геосиёсатни белгилаб турган йирик давлатлар манфаатлари ётади, деб бахолаётган сиёсатшунос ва шархловчилар хақдек кўринади. Давлат рахбарлари, бошқарув тизими алмашгани билан иқтисодий-ижтимоий муаммолар хал бўлмаяпти, мухими халқнинг турмуш даражасида ижобий ўзгаришлар рўй бергани йўқ. Аксинча, қўзғалон чоғида вайрон қилинган инфртузилмалар, ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш, қурол-аслаха хамда ташқаридан қўллаб турганларга тўланадиган қарзни узиш-булар мамлакатни ўн йилларга ортга судраши шубхасиз.

Дунёнинг қадимий инсоният, давлатчилик, меъморлик ва санъат пойтахти бўлган Нил бўйидаги яна бир шахар Луксордаги Хатшепсут, Карнак, Луксор ибодатхоналари мажмуалари, Шохлар водийси, Маликалар водийси, хатто фиравн Тутанхамоннинг қирқ метр ер остидаги хилхонаси каби ёдгорликлар хам сайёхлар эътиборини торта олмаяпти. Луксордаги хунармандлар шахарчасида мармар ва фосфорли гранитга жило берувчи усталар эса кетимиздан қолмас, хеч бўлмаса бирон буюмни сотишга харакат қиларди. Бундай манзарани Қизил денгиз бўйидаги олтин қумли афсонавий Хургадада офтоб остида қораяётган оз сонли дам олувчилар хам кузатар эдилар. Шохона хашаматли мехмонхоналар, сув устига қурилган қасру, сайёхлик кемалари хуввилаб, “қорин ўйини” намойиш қиладиган раққосалар ишсиз қолган.

Луксор сафари чоғида бизга ҳамроҳлик қилган Сабоҳ исмли таржимон қиз шундай деганди:

- Тарихда урушлар, табий офатлар туфайли вайронагарчиликлар кўп бўлган. Ҳаммасининг давоси вақт. Миср яна гуллаб яшнаган мамлакатга айланади. Аммо гап шундаки, ўша кунларни кўриш мен тенги авлодга насиб қилармикан?

Хар гал хориж сафаридан уйга Ўзбекистонга интилиб қайтамиз. Чунки жаннатмакон юртимиз, унинг бағри кенг одамлари, олиму фузалолари, узоқни кўра оладиган элбошиларига яратганнинг илохий назари тушган. Мусаффо осмонимиз қадрига етиш, давлатчилигимизни мустаҳкамлашга хисса қўшиш хам қарз, хам фарз эканини шукрона туйғулари ила қалбга туямиз. Ўз уйим, Ўзбекистонимдан айланай!

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.