BBC navigation

Хадича Асқарова: Кўнглимда ёруғлик бор. Халқаро ташкилотлардан умид қиляпман

Сўнгги янгиланиш 24 март 2013 - 15:33 GMT

Азимжон Асқаровнинг тутқунликдаги ҳозирги шароити яхши, дейди рафиқаси.

Шу кунларда Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Хадича Асқарова халқаро ҳамжамият ва оммавий ахборот воситаларига мурожаат билан чиқди.

Хадича Асқарова Қирғизистондаги ҳокимият 2010 йил июн ҳодисалари ҳақидаги ҳақиқатни яширишга интилаётгани боис халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилишдан ўзга чораси қолмаганини ёзган.

У қонли ҳодисаларга яқинда 3 йил тўлишини, бироқ Қирғизистондаги ҳокимият ҳамон ўша ҳодисалар бўйича фуқаролар сохта ва миллий келиб чиқишига қараб озодликдан маҳрум этилганларини тан олишни истамай келаётганини ёзади.

Бундай сохта айбловлар билан тутқунликда қолаётганлардан бири Азимжон Асқаровдир.

“Менинг турмуш ўртоғимни секин ўлимга маҳкум этишди», деб ёзган Хадича Асқарова.

Қирғиз маҳкамаси Азимжон Асқаровни 2010 йил июнида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида милиция ходимининг ўлимида алоқадорликда айблаб умрбод қамоқ жазосига ҳукм этди.

Бироқ халқаро ташкилотлар, Қирғизистондаги таниқли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари маҳкамада Азимжон Асқаров гуноҳкорлиги исботланмаганини эълон қилдилар.

бу ерга босинг Азимжон Асқаров асарлари кўргазмасидан фоторепортажни томоша қилинг

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун Азимжон Асқаровни зудлик билан озодликка чиқаришни талаб қилди.

2010 йил июн воқеалари пайти Азимжон Асқаровнинг уйига ҳам ўт қўйилган.

2012 йил маҳкама ижрочилари Азимжон Асқаровнинг уйини мусодара қилишга уриндилар.

Бу уйда Азимжон Асқаровнинг онаси ва Хадича опа истиқомат қилишарди.

Ўтган йили майида Азимжон Асқаровнинг онаси ҳаётдан кўз юмди.

Би-би-си меҳмони Хадича Асқарова билан суҳбат

Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган таниқли Ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг умр йўлдоши Хадича Асқарованинг Би-би-си веб-сайти ўқувчилари ва радиотингловчилар саволларига жавоблари

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми


Тутқунликдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Хадича Асқарованинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Би-би-си: Ассалому алайкум, Хадича опа! Аҳволларингиз яхшими?

Хадича Асқарова: Ваалайкум ассалом! Аҳволим яхши, Худога шукур! Яхши бўлмаслигининг иложиси ҳам йўқ энди. Аслида соғлигим унча яхши эмас.

Би-би-си: Хадича опа, яқинда Бишкекка бориб, Азимжон акани кўриб келганингизни айтгандингиз. У кишининг соғлиғлари қандай? Ўзларининг сақланаётган шароитлари ҳақида қандай фикрдалар?

Хадича Асқарова: Ҳа, январ ойида ҳам кўриб келгандим. Кейин 6-9 март кунлари учрашув беришди, бориб келдим. Азимжон аканинг соғлиги ҳозир яхши. Лекин ёши ҳам ўтяпти, тез-тез текшириш керак бўлиб қоляпти. Сақланиб турган жойлари подвалда. У ердагиларнинг муносабатлари ҳозир жуда яхши. Мен борганда ҳам яхши кутиб олишди. Ташқарига опчиқиб, опкиряпти у кишини. Халқаро ташкилотлар томонидан шифокорлар текшириб туришибди. Мен ҳам олиб борган нарсаларимдан овқат қилиб бераман. Ҳозир чойшабларни ҳам янги қилишибди. Муомалари ҳам яхши. Ҳеч эсимдан чиқмайди, биринчи борганимда эрталаб назоратчи кириб келиб шартта кўрпасини тортиб бақирган. Мазаси йўқ эди ўшанда. Мен назоратчидан нафратланиб кетганман. Йўқ, ҳозир ҳаммаси жойида. Улар ҳам энди билишган бўлишса керак бекорга ўтиргани, гуноҳсизлигини. Шунга балки ўзгаришгандир.

Би-би-си: Мана, март ойининг бошида турли халқаро ташкилотларга мурожаат қилган эдингиз. Бу мурожаатингизга қандай жавоб бўлди?

Хадича Асқарова: Энди бўлиб қолса керак деган умиддаман. Мен Европа Иттифоқига, БМТга, Америка элчихонасига очиқ мурожаатнома ёздим. Мен улардан яхши хабар кутяпман, турмуш ўртоғимни тезроқ озодликка чиқарилишига ёрдам беришади, деган умиддаман. Ноҳақдан қамалиб ўтирибди хўжайиним. Қилмаган ишига уч йилдан буён қамоқда ўтирибди. Мен ўзим ўшанда шу ерда эдим. 11-12 июн кунлари кўпчилик хонадонларини ташлаб, Ўзбекистон чегарасига кетишган эди. Мен кетмаганман, бундай бўлишини кутмаганман. Хўжайиним билан уйда қолганман. Хўжайинимнинг у ерга бормаганини тасдиқловчи нечта нотариал гувоҳларни тўплаб, ҳужжатларни керакли жойларга бердим. Қишлоғимизда Азимжон акани ўша куни кўрган, билганларнинг ҳаммаси нотариал гувоҳликларини беришди.

Би-би-си: Азимжон акани дастлаб қўлга олиб кетганларини қандай эслайсиз? Ҳимоячилари, гувоҳлар Сампа воқеаси содир бўлганда Азимжон Асқаров уйда бўлганларини айтишганди. Кейин яна қўшимча далил, гувоҳлар топилгани, 160 киши у кишининг гуноҳсизлигини айтиб имзо чекишган эди. Бироқ фойдаси бўлмади.

Хадича Асқарова: 12 июн куни ҳамма чегарага кета бошлади. Қизим, икки неварам бизникида эди. Қизим Ўзбекистонга турмушга чиққан. Хўжайиним бу воқеалардан хабардор бўлса, бош бўлган бўлса, қизини уйга қўйиб қўядими? Бизни биринчи бўлиб ташлаб қўйган бўларди. Аҳвол бунақа даражага етишини билганимизда. Ўша куни мен нон ёпаётган эдим, хўжайиним 5-6 ларда келди. Қайнонам билан қизимни Ўзбекистон чегарасига олиб кетган. Мен уйда қолганман. Ўша куни юқоридан ҳамма навбатчиликка турсин деган буйруқ бўлган экан. Хўжайиним Сайдуллаев кўчасига навбатчиликка тургани кетган. Мен қўрқмаслик учун қўшни аёллардан бир-иккитасини чақириб, дарвозани бекитиб ухладик. Кейин эрталаб Азимжон ака ташқаридан қулф осилганини кўриб, одамлар нима деб ўйлайди дея жаҳллари чиқди. Кейин, яхши, бу тун тинч ўтди, деб дам олишга кириб кетди. Бу орада бир нечта қўшниларим у-бу нарса сўраб чиқишди. Кейин мен уларни кузатиб, дарвозага қарасам, маҳалламизнинг йигирматача йигитлари "Азимжон акани чақиринг, битта милисани ўлдириб қўйишибди ишхонасининг олдида ", дейишди. Мен у кишини уйғотдим, одамлар билан нима бўлганини билгани кетишди. Кейин ярадорлар кўп экан, болницага чақиришибди. У ерда ўлганларни суратга олиб, ярадорлар билан суҳбатлашибди. Кейин яна ўқ овозлари эшитилибди. Улар уйга қайтишган. Бизнинг уйимизда подвал бор. Қўшниларимиз подвалга кириб яширинишганди. Кейин кўпчилик чиқиб кетди, фақат Шокаримов Муҳаммаджон деган қўшнимизнинг қудалари қолишди. Хўжайиним уларнинг ҳолидан хабар олиб турган. Кейин ёлғончиликни қаранг, шу кишини судда гувоҳликка чақиришса, ўша куни Асқаровнинг уйида ҳеч ким йўқ эди, қулф осилган эди, деб айтган. Шу гувоҳликка асосланиб хўжайинимни "мостда бўлган" деб ёзиб қўйибди. Шу қўшнимиз билан 35 йил қўшни бўлганмиз, у кишидан кейин нафратланиб кетдим ёлғон гувоҳлик берганига. Одамлар қўрқишади тўғри гапни айтишга, Бўлмаса билишади хўжайинимнинг у ерда бўлмаганини. Фақат Худонинг йўлида қўрқмайдиган бир дона одам бор экан, қўрқмай гувоҳлик берди. Азимжон ака мостда йўқ эди, деди. Ҳозир халқаро ташкилотларга ишоняпман. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди дейишадику. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади. Худо хоҳласа, ҳақиқий қилмишкорлар ҳам очилиб қолар. Менинг хўжайиним қариган чоғида қамоқда ўтирибди. Келинларнинг қўлидан чой ичадиган, неваралар даврасида ўтирадиган пайтда ҳар ёқдамиз.

Би-би-си: Хадича опа, ўтган йили май ойида суд ижрочилари Бозорқўрғондаги уйларингизни мусодара қилишга ҳаракат қилган эди. Шу иш нима бўлди? Ўзингиз қаерда яшаяпсиз?

Хадича Асқарова: Ўзим ҳозир шу уйда яшаяпман. Бу уйни мени ўлдириб ҳам мусодара қилишолмайди. Буни хўжайиним иккаламиз, фарзандларимиз билан ўз қўлимиз билан, уста олмасдан гувала, кесак, ғишт қилиб қурганмиз. Биз секин-аста энди оёққа турганимизда мана бу кунда ўтирибмиз. Менга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ. Суддан келиб уйни кўрди, ичкарида ҳеч нарса йўқлигини билди. Нималарнидир ёзиб кетди, лекин мен борганим йўқ. Нимага бораман? Турмуш ўртоғим нима қилганига менинг нарсаларим мусодара бўлади? Мана нечта уйлар ёқилди, ҳукуматга кўра 23 та одам ўлди, 50 дан ортиқ одам ярадор бўлди, 250 та уй куйди, машиналар ёқилди. Ҳозирги кунда битта товуқ ўғриси деб, айб тополмай жиноят иши очяпти. Нега ўзбекларни ўлдирган, ёққанларга жазо йўқ? Ҳақиқат очилмаяпти? Турмуш ўртоғим гўё буйруқ бергани туширилган видеоси бор дейишганди. Қани ўша видео? Нега кўрсатмайди бўлса? Нега ўша одам судда қатнашмайди? Ҳаммаси ёлғондан, туҳматдан қилингани учун. Турмуш ўртоғим коррупцияга қарши курашиб, одамларга ёрдам бериб, ҳақиқатни очиб келгани учун шу бир тузоқ бўлди. Вазиятдан фойдаланишди. 14 июн куни турмуш ўртоғим иккаламиз ҳовлида малина терганмиз. Кейин эртаси куни ёшгина йигит ўлиб қолди. Шуни суратга олиб турса милисадан келиб юринг деб олиб кетган. Соат бирлар чамаси телефон қилсам, милициядаман, дейди. Мен бўлса доим милиция, прокуратура билан иши тушиб юрадиган одам, деб ҳа яхши милисада бўлсангиз, дебман. Кейин кечга яқин маскадаги кишилар видео камерани бер, деб тарақлатиб келишди. Қанақа видео камера, мен билмайман, десам, менга қарата иккита ўқ отди. Мен қочдим қўшни томонга. Улар менга Азимжон акани қамаб қўйишганини айтиб, видеокамерани талаб қилишди. Мен умид билан уч кун кутдим. Ҳеч нарса қилмаган бўлса, чиқаришади деб ўйлабман. 17 июнда қўшниларни гувоҳликка чақириб, тинтув қилишди. Битта нарса қолмай олиб кетишди. Ўша куни терган малинага шакар йўқ эди, қўшмагандим. Шуниям олиб кетишди. Товуқнинг дони, ҳамма-ҳамма нарсани олиб кетишди.

Би-би-си: 2010 йилда уйларингизга шикаст етган, Азимжон аканинг оффисларига ҳам ўт қўйишган эди. Кейин таъмирлаш имкони бўлдими?

Хадича Асқарова: Ҳеч ким ҳеч нарса бергани йўқ таъмирлашга. Ҳатто ҳамма олди 50 мингдан. Мен соғлигимни йўқотдим, қалтироқ тутиб ухлолмайдиган бўлиб қолдим икки йил. Энди Оллоҳга шукур ўзимга келиб қолдимку, лекин қулоғим шанғиллайди. Соғлиғим унча яхши эмас. Мен ҳам ёрдам учун ҳужжат тайёрламоқчи бўлиб пожарний, архитектурнийга борсам ҳеч тўғри кутиб олмади, дўқ қилишди. Бошқалар олишди, лекин мен бир тийин ололмадим нарсаларим учун.

Би-би-си: Азимжон ака қамоқда ҳам расмлар чизяптилар, дедингиз. Чизганлари кўпроқ нима ҳақида?

Хадича Асқарова: Ўзининг автопортетларини чизади. У ерда кичкинагина ер бор. Бир туп дарахт бор. Мен ҳам санъат соҳасида бўлганим, гўзалликка қизиқишимиз бир хил бўлгани учун яқинда очилмаган лола гуллардан олиб бориб бердим. Очилса, шуни кўрса дили яйраса, деб. Бултур райҳон, у-бу кўчатлар экиб бериб келгандим. Озгина 1 кв метр гул экадиган жой бор. Кузгача очиладиган гуллар олиб боргандим, очилди, хурсанд бўлди. Ичкарида ўтирганлар ташқаридаги гўзалликлардан жиндай бўлса ҳам баҳраманд бўлса, кўнгли ёришса дейман. Хўжайиним шу ерлардан чиқиб кетса, қолганлар ҳам у гуллардан баҳра олишар. Улар ҳам чиқишар кейин. Карантинга одамларни олиб келар экан. Ўшаларнинг расмларини қаламда чизиб қўйяпти. Насиб бўлса туғилган кунида 17 майда борсам, олиб келаман расмларини.

Тошкетдан Аброр: Хадича опа, авваламбор сизга ва яқинларингизга сабр тилайман. Мушкулингизни Яратганнинг ўзи осон қилсин! Хадича опа, Азимжон аканинг озод этилишларига умид борми? Бу борада сизларга кимдир ёрдам беряптими? Оилангиз моддий томондан қийналиб қолмаганми?

Хадича Асқарова: Халқаро ташкилотлардан умид кутяпман хўжайинимнинг озодликка чиқишини. Умидим йўқ эмас. Кўнглимда ёруғлик бор. Худо хоҳласа, чиқади. Моддий томондан ҳуқуқ ҳимоячилари ёрдам бериб туришибди. Кейин Қизил Ярим Ой жамияти ҳам ёрдам берганди. Фарзандларим бор. Ишқилиб ўзим ҳаракат қиляпман, қийналаётганим йўқ.

Ўшдан Одилжон Маҳдумий: Муҳтарама Хадича опа, мен сизнинг қайғуингизга шерикман. Айтингчи, сизнинг 2010 йилги хунрезликлар сабаб бўлиб, Азимжон Асқаровнинг шу кунларга тушишига кимни айбдор деб биласиз? Аниқроғи, ҳусуматингиз Қирғиз ҳукуматиданми ёки воқеаларга гўёки йўл очиб берган Қодиржон Ботировданми?

Хадича Асқарова: Мен турмуш ўртоғимнинг бу кунга тушишига унинг ҳақиқатчи бўлганлиги, эл ҳуқуқини ҳимоя қилганида деб биламан. Албатта энди у қирғиз милиса ўлмаслиги керак эди. Унинг хотини, оиласига қийин, мен осон деб ўйламайман. Битта одамни йўқотди. Уни ўлдирган бир кун келиб топилар, ҳақиқат очилар. Лекин гуноҳсиз одамлар қамоқда ўтирибди. Битта менинг хўжайиним эмас, ёш-ёш, ҳатто уйланмаган йигитларга умрбод қамоқ жазоси нима учун? Лекин ҳақиқий жиноят қилганлар озгинадан кейин авф билан чиқяпти. Қанча одамларнинг уйи куйди, ўлдирилди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб амалга оширишган. Лекин нега улар ушланмайди, қилган иши учун жавоб бермайди? Одамларнинг кўрпа-тўшаги, кўйлагигача қолмаган. Яхшиям халқаро ташкилотлар бор экан уй қуриб беришди. Бўлмаса кўчада қолганди одамлар.
Менинг хўжайиним бировнинг фикри билан ҳеч қачон иш қилган эмас. Ўзининг қараши бор эди доим. Биров етакласа кетадиган одам эмас. Ҳамма нарсани қонун доирасида қилишга ўрганган эди. Агар одамлар тўпланиши керак бўлса ҳам, олдин ҳукуматга ташаб қўйингла, ариза ёзиб билдирингла дейдиган одам эди. Бунақа ишларинг бўлмайди, деб олдини олган одамни қамаб қўйди. Буни суд, прокуратура, милиса қамади, Қодиржон Ботировга ҳеч алоқаси йўқ. Қодиржон Ботиров билан алоқаси бўлмаган. Унинг ўз йўли, хўжайинимнинг ўз йўли бўлган.

Одилжон Маҳдумий: Азимжон Асқаров эсон-омон чиқиб олса-ю ва шу аснода Ўзбекистон ҳукумати мабодо сизларга сиёсий бошпана берса ватанни тарк этасизларми?

Хадича Асқарова: Буни хўжайиним билади. Худо хоҳласа, озодликка чиқса, турмуш ўртоғим қаерда яшаймиз деса, ўша ерда яшайман. Унгача эса ҳар қанча қийинчиликка чидаб бўлсада шу ерда қоламан. Мен хўжайинимнинг олдига Бишкекка кетсам, келиб светимни узиб кетибди. Ёлғондан акт тузиб, 5 минг жарима ёзиб кетибди. Мен уни нима учун тўлайман? Тўлашга қурбим етади, лекин тўламайман.

Би-би-си: Нимага жарима солди? Қарзингиз бор эдими?

Хадича Асқарова: Йўқ, қарзим йўқ эди. Ҳар сафар 500, 700 ёзарди ойма-ой тўлаб келардим. Бир куни контролёр келиб ҳисоблагичнинг ойнаги тескари ёпиштирилиб қолибди, дейди. Счётчигимизни ўзлари келиб ўрнатиб, ёнларига қоғозлар ёпиштириб, фамилиясини ёзиб, пломбалаб кетган. Энди менга жарима соляпти 5 минг тўлайсан деб. Мен нимага тўлайман дедим. 5 мингга хўжайиним олдига йўлкира қилиб бориб келаман. Емаган сомсага нимага пул тўлайман?- деб мана ўн кундан бери чироқсиз ўтирибман. Керакли ерларга ёздим. Менинг бутун бор-будимни, эримни, уйимдаги машина борми, эшик-дераза борми, ёғим-гуручим борми, ҳатто товуқларимнинг донигача олиб кетишди. Мен у йигитга айтдим, мен сенга ялинмайман, илтимос қиламан. Ҳозир шароитим йўқ, имкониятим бўлганда ҳисоблагични тўғрилаб ўрнаттириб қўяман, деб. Лекин шундай қилиб қўйибди. Ҳозир қоронғида ўтирибман.

Би-би-си: Хадича опа, фарзандларингиз қаерда?

Хадича Асқарова: Болаларим Ўзбекистонда. Улар июн воқеаларидан олдин Ўзбекистонда эди. Қизим турмушга чиққан, ўғлим уйланган. Фақат биттаси уйланмаган. Мен уларнинг бу ерга келишини хоҳламайман. Бу ерда ҳамма нарсани кутиш мумкин. Лекин мен ўзим ҳар қандай қийинчилик бўлса ҳам шу ерда туриб хўжайинимни кутаман. Қайнонам ўтган йилнинг 26 майида оламдан ўтдилар. Ўғилларини кутиб-кутиб, чидолмай ўтиб кетдилар. Қайнонам ҳали дадил эдилар, ҳали яшашлари мумкин эди бу воқеалар бўлмаса. Ғамни кўтаролмадилар.

Би-би-си: Чироқ муаммосидан ташқари яна сизга босимлар бўляптими?

Хадича Асқарова: Бўляпти. Бишкекка хўжайинимни кўргани кетсам, эшигимизнинг тагида уч кун милиса турибди. Нима қилади милиса мени пойлаб? Қўшнилардан сўрабди қаерга кетди, деб. Овсинимнинг эшигини роса тақиллатиб, телефонларини текширибди. Улар қаерда яшайди деб суриштирибди. Бекитиб қўйгансан, дебди овсинимга. Мен қаерга кетаман. 4 март куни Бишкекка кетиб 10 кун деганда уйимга келдим. Қиладиган ишларимни қилдим, турмуш ўртоғимга керак нарсаларни олиб бериб қайтиб келдим. Узоқнинг иши қийин. Бу ердан ҳамма нарсани олиб боролмайман. Ками бўлса Бишкекдан оламан. Мен нимага бундай қилишаётганини тушунмайман. Хўжайиним бир жиноят қилиб ўтирган бўлмаса. Оллоҳ кўриб турибди ҳаммасини. Ҳозир фақатгина Оллоҳга суяниб, ундан меҳрибончилик кутяпмиз. Оллоҳ ишимизни ўнгласин, деб. Этга борсам туртилсам, бетга келсам туртилсам. Итариб йиқитяпти, ишқилиб яна ўрнимдан туриб яшаб келяпман. Мана шу йил гуманитар ёрдам олдим 800 сўм, бултур 600 сўм олганман. ўзим ариза ёзиб, менга ёрдам керак, деб олдим. Ҳарна телефонимга бўлиб қолар, йўлкирамга бўлиб қолар деб. Менга ҳозир шу телефон, йўлкирага бўлса бўлди, бошқа нарсанинг қизиқчилиги йўқ. Оллоҳ ризқимизни беряпти, Худога шукур.

Хўжайиним доим одамлар муаммосини ҳал қилиш билан яшаган. Уйга келиб бемалол телевизор кўрганини эслолмайман. Ҳозир исломий нарсаларни ўқияпти. Қуръон сураларини ёдлаб, инглиз тилини ўрганяпти. Вақтини бекор кетгизаётгани йўқ у ерда ҳам. Вақти белгиланган. Намозини ҳам ўқияпти, расм ҳам чизяпти, янгиликлардан ҳам хабардор бўлиб турибди. Борсам радиопримниклари бузилиб қолган экан, тузатиб олиб кириб бердим. Ҳозир қамоқда одамларнинг муомалалари яхши, лекин қани энди ёнимизда бўлиб қолсалар.

Би-би-си: Азимжон ака қамоққа олинганларидан кейин бир нечта халқаро мукофотларга тавсия этилдилар. Кейин мукофотни озодликка чиққанларидан кейин ўзларига топширилиш айтилди. Бундай хабарлар у кишига қандай таъсир қилди?

Хадича Асқарова: Жудаям хурсанд бўлиб, йиғлаб юбордилар. Биз ҳам йиғладик Худо хоҳласа, деб. Битта сўз бизни нарёққа, биттаси буёққа қилади. Масалан юрибмиз. Кўрган одам юрибди, дегани билан биз ўзимиз биламиз ичимизда. Одамлар билан гаплашаман, хаёлим бошқа ёқда, эшитмайман гапини. Худо хоҳласа, хўжайиним ўз қўли билан у мукофотларни олсин, деб ният қиламан. Кўнглимизда ёруғлик бор доим.

Би-би-си: Хадича опа, Азимжон ака билан ўзи қандай танишгансиз. У кишининг қайси хислатлари сизнинг эътиборингизни тортган эди?

Хадича Асқарова: Азимжон акангиз билан 1974 йили Тошкентда танишганмиз. Мен асли Ўрта Чирчиқликман. У киши Беньков номидаги рассомчилик билим юртида ўқиганлар. Мен маданий-оқартув техникумида ўқиганман. Мен ўқишга кираман деб ҳозирги Беҳзод номидаги ўқув юртига борганимда, у киши менга маданий-оқартув техникумида ўқишимни тавсия қилганлар. Ўқишни битириб турмуш қурганмиз. Азимжон ака жиддий, ҳақиқатгўй эдилар ўшанда ҳам. Бир ишни қиламан деб ваъда қилса қиларди, ёлғон гапирмасди.

Би-би-си: Фарзандларингиз ҳақида гапириб беринг. Улар нима билан шуғулланишади?

Хадича Асқарова: Катта ўғлим Беҳзод номидаги рассомчилик институтини рассом-миниатюрачилик соҳасини битирди. Иккинчи ўғлим ҳам шу соҳада. Қизим шу институтда модельерликка кирганди, кейин турмушга чиқди. Фарзандларимиз ҳам ўзимизнинг соҳада.

Би-би-си: Хадича опа, айни пайтда ўзингизга, оилангизга, шу билан бирга Би-би-си ўқувчиларига нима ниятларни билдирасиз?

Хадича Асқарова: Ниятим, қани энди хўжайиним ёнимда бўлсалар. Болаларим билан бир даврада ўтирсак. Невараларимизни эркалатиб юрсак, деган ниятларим борда. Кўчада одамлар турмуш ўртоғи билан невараларини етаклаб кетаётгани кўрсам, кўнглим ўксийди. Қани энди дадамиз ёнимизда бўлиб, бизга маслаҳатлар бериб юрсалар, деган гаплар ўтади. Ўқувчиларга эса, биз билан қизиқиб, саволлар йўллаб, ташвишимизга шерик бўлганлари учун раҳмат! Уйларида тинчлик- хотиржамлик, соғлик-саломатлик бўлсин! Мен хотиржамлик деган сўзнинг маъносига энди чуқур етдим тўғриси. Минг ўзимизни хурсанд қиламиз десак ҳам бўлолмаймиз ҳозир. Битта камимиз- дадамиз олдимизда эмас.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.