Мурод Ражабов: 'Мен ўз касбимни жуда ҳам яхши кўраман'

Би-би-си: Бу галги меҳмонимиз Ўзбек киноси энг ёрқин юлдузларидан бири Мурод Ражабов бўладилар. Ассалому алайкум Мурод ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Мурод Ражабов: Ваалайкум ассалом.

Би-би-си: Илк савол Хўжанддан Ўктам Ризаев исмли тингловчимиздан келган. Ўктамжон: "Биринчи ижро этган ролингизни эслай оласизми? Саҳнага биринчи қадамлар қандай бўлган эди?" деб сўраяптилар.

Мурод Ражабов: Биринчи қадамлар... Биринчи ўйнаган ролим, ёш томошабинлар театрида "Ўн саккиз ёшлигим" спектаклидаги Жўжа Хўроз роли бўлган. Олдин институтда ўқиётган пайтда театрда ишлашга рухсат беришмас эди. Менга рухсат беришган. Жуда ҳаяжонли бўлган. Бу спектакл ҳафтада бир марта бўларди. Мен ўша кунни сабрсизлик билан кутардим. Менга ролни берган Эргаш Масафаев бир умрлик устозим бўлиб қолган. Шундан кейин Аброр Ҳидоятов театри очилган, у пайтда номи сал бошқача - "Ёш гвардия" театри эди, кейин мени ўша ерга таклиф қилганлар.

Би-би-си: Ўктамжон яна: "Бажарилиши энг қийин кечган ролингиз қайси бўлган?" дея сўраганлар. Маҳмуд Абдусатторов исмли тингловчимиз эса: "Кинода ўйнаган энг севимли ролингиз қайси?" дея хат йўллабдилар. Марҳамат.

Мурод Ражабов: Энди манга савол берган бўлсалар, ролларимни кўрганлар, филмларимни биладилар. Мен улардан сўрашни истардим. Қайси ролларим уларга ёқади? Ўша филмларнинг номларини айта олсалар, ўша роллар, ўша филмлар менинг ҳам энг яхши кўрган филмларим. Қийинчилик масаласига келсак, ҳар битта ролнинг ўзига яраша меҳнати бор. Кўпинча тарихий филмларни суратга олиш қийин бўлади. Масалан, ҳеч эсимдан чиқмайди, Бухорода Ал-Бухорий ҳақида филм олганмиз. Ўшанда бир ойга яқин чўлда суратга тушганмиз, 40-45 даражали иссиқда, туялар билан, бошқалар билан. Жуда оғир кечган эди ўшанда. Қисқаси, ўзингга ёққан филмлар, жони дилинг билан ўйнайдиган ролларинг, албатта, ўзига яраша қийинчиликлар туғдиради.

Би-би-си: Мурод ака, Лондондан хат йўллаган Би-би-си ўқувчиларидан баъзилари "Тўйлар муборак", "Ажойиб хаёлпараст", "Темир хотин" филмларидаги ролларингизни севиб томоша қилишлари ҳақида айтишган. Ва "Тўйлар муборак" ва "Темир хотин" филмининг яратилиш жараёни ҳақида гапириб беришингизни сўрашган.

Мурод Ражабов: "Тўйлар муборак" олинаётган пайт мен бошқа филмда тушаётгандим. "Қўқон воқеаси" филми бор эди, ўшанда ўйнаётгандим. Сочим олинган эди. Шу пайтда "Тўйлар муборак"ни олаётган Эдуард Хачатуров "Ўзбек филм" каридорида кўриб қолди-да: "Мурод манда битта эпизод бор, ўйнаб бера оласанми?" деб сўраб қолди. "Қанақа эпизод?" десам: "Бир таксида бўладиган эпизод, аёллар парикмахерини ўйнаб беришинг керак. Конкурсга кетаётган одам", деди. "Ўзимни сочим йўқ, қандай ўйнайман", дедим. "Мурод, парик кийгизамиз", деди у. Мана шу рол кинодаги илк биринчи комик ролим бўлган. Эпизодик рол эди. Ўша пайтда устозларим кичкина ролларга рози бўлмаслик тўғрисида айтишарди. Ман нимага рози бўлганман? Билсам, ўша эпизодда ман билан бирга Соип Хўжаев тушар эканлар. Буни эшитиб розилик бердим. Шу билан эртасига йиғилганмиз. Манга парик кийгизишган. Эпизодни тахминан 5-6 соат олганмиз. Қисқаси, суратга олиш пайтида парик тушиб кетган. Тўсатдан бўлиб қолган бу нарса. Режиссёр "стоп" деб бизни тўхтатган. "Парикмахер парик кийиб юриши табиий ҳол бўлиши мумкин. Нимасидан чўчийсиз?" деганман. Шунда: "Бу ҳам тўғри", деб ўша парик тушиб қолганини ҳам қолдиришган. Ман учун энг қадрли бўлгани филмда Соип ака билан тушиб қолганим бўлган. Соип ака озгина мазалари бўлмаган ўша пайтда. Шунга қарамай келганлар ва жуда ҳам ажойиб рол қилганлар, менинг назаримда.

Би-би-си: Энди "Темир хотин" филми ҳақида гапирсак. "Темир хотин" энг муваффақиятли ўзбек филмларидан бири сифатида тилга олинади. Бу филмни суратга олиш жараёни қандай кечган?

Мурод Ражабов: Шароф Бошбеков, яъни сценарий муаллифи билан "Темир хотин" ёзилишидан тахминан 5-6 йил олдин дўстлашган эдик. У жуда ҳам ажойиб драматург. Бир куни суҳбатлашиб ўтирганимизда, Шароф Бошбеков қишлоқ ҳаёти тўғрисида асар ёзаётгани ҳақида айтди. Ўшанда асарнинг бутун воқеасини гапириб берганди. Шунақа қизиқ қилиб айтиб берганки, мен "Темир хотин" деган гапни эшитганимдаёқ қизиқиб қолган эдим...Орадан бир-бир ярим ой вақт ўтганидан кейин асарни келтириб қўлимга бергандилар. Асар пьеса қилиб ёзилганди. Ўша пайтда Латиф ака Файзиев Миллий академик театримизнинг бадиий раҳбари эдилар. "Латиф ака, шу асарни қўяйлик, жуда саҳнабоп", деб роса ялинганман. Аммо, нимагадир Латиф акамга ёқинқирамаган бу асар. Оқибатда Фарғонада қўйилди. Жуда муваффақиятли чиқди. Лекин, яна озгина вақт ўтмай, уни мен ўзим "Ўзбек филм"га олиб келгандим. Фарҳод Мусажонов бош муҳаррир эдилар. Фарҳод ака ўқиб чиқиб: "Ўзинг ўйнагинг келяптими?" дедилар. Ман: "Шуни филм қилайлик, ман ўйнайманми, бошқаси ўйнайдими, бу иккинчи масала", дедим. Хуллас, кейин филм қилинадиган бўлди. Филмни олган Исамат Эргашев: "Ўзинг ўйнашинг керак", дедилар. Жуда ҳам илҳом билан, маза қилиб, филм устида ишлаганмиз. Асар ўзи зўр-да.

Би-би-си: "Ассалому алайкум Мурод ака, оиламиз билан сизнинг ашаддий мухлисларингиздан биримиз. Сиз ўйнаган киноларни мароқ билан томоша қиламиз. Келгусидаги ижодларингизга омад, соғлиқ тилаб қоламиз. Мурод ака, кинода ўйнаш учун, албатта, ўқиш керакми ëки талант бўлса кифоями?" деб сўрабдилар Ялан Дуня деган ном билан хат йўлланган мухлисингиз.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мурод Ражабов: Кино оламида бунақа воқеалар кўп бўлган. Масалан, кўчада режиссёр таклиф қилиб, ҳатто бош ролни ўйнаганлар ҳам бўлган. Таланти бўлса, бир рол қилса бўлади. Лекин, биласизми, ҳар қандай талантни жиловламасдан иложи йўқ. Масалан, талант бу зотдор отга ўхшайди. Уни жиловлаб, бир мақсадга йўналтирилмаса, далада у ёқдан бу ёққа чопиб юраверади. Актёрлик санъатининг илми бор, ҳар бир кинонинг ўз дунёси бор. Ўзига яраша дарди бор. Драматик роллар учрайди, комик роллар учрайди, ҳар битта рол ўзига хос ёндашувни талаб қилади. Бунга профессионал одам бўлмаса бўлмайди. Барибир, ўқиш керак. Энди Шукур Бурҳоновнинг мисолини келтиришади. Айтишадики, Шукур ака мактабнинг ўзида ўқиган эканлар, бошқа жойда ўқимаганлар. Лекин, Шукур ака табиатан жуда ҳам доно одам бўлганлар. Ва, албатта, Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятовлардан жуда кўп мактаб олганлар, кўп нарсани ўрганганлар. Ҳар бир соҳада барибир ўзига яраша илм керак. Энди актёрлик соҳаси бугунги кунда жуда кўп нарсани талаб қиляпти, менинг назаримда.

Би-би-си: Хўжанддан Ўктам Ризаев яна ўзбек киносининг 50 йил олдинги ҳолати билан ҳозирини қиёслаб, шу давр асносидаги ютуқлари ва камчиликлари ҳақида нима дея оласиз деган маънода ҳам савол йўллаганлар. "Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги ўзбек кинолари бир мавзули бўлиб колмаяпдими?" АҚШдан хат ёзган Ботир эса: "Ҳозир нега фақат олди-қочди кинолар олиняпти, жиддий филмлар йўқ?" дея мактуб йўллаганлар.

Image caption Мурод Ражабов кино ва театрда қатор бетакрор образлар яратган

Мурод Ражабов: Бу гапларга мен қўшилмайман. Ўзбек киносининг бугунги кунда ўзига яраша камчиликлари бор. Лекин, бу ҳаммаси олди-қочди деган гап эмас. Бизда ҳозир хусусий студиялар кўпайган. "Ўзбеккино" давлат-акциядорлик компанияси бор, шу билан бирга, киноларимизнинг 50-60 фоизини хусусий студиялар ишламоқда. Ўзбек киносида, айниқса, хусусий ширкатларнинг киносида, менинг назаримда, табиий жараён кетмоқда. Ўзига яраша ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам бор. Мана 10 йил деганда ҳозир аста-секин рақобат бошланди. Ҳозир Ҳолливуд пайдо бўлганига, билмайман, 115-120 йил бўлди. Болливуд ҳам иш бошлаганига, Худо билсин, 60-70 йил бўлди. Энди ўзбек киносининг хусусий студияларда пайдо бўлганига бор-йўғи, кўп бўлса, 10 йил бўлди. Мана шу кино оламига жуда кўп ёшлар, айниқса, режиссёрлар, шу билан биргаликда, драматурглар кириб келди. Энг қувонарли томони - давлат шуларнинг ҳаммасига имкониятлар яратди. Истиқлолнинг бизга берган энг катта неъмати - биз хоҳлаган мавзумизда кино оляпмиз. Аввал бир йилда 6-7 кино олинадиган бўлса, 70 фоизи буюртма кинолар бўларди. Чиққан 7 кинонинг ичидан биттасини томоша қиларди ўзбек халқи. Энди хусусий студиялар кино олиш учун пул тикишар экан, томошабин истаган филмларни олишга, тиккан пулларини чиқариб олишга ҳаракат қилишади. Ҳозир томошабин мелодрама ёки комедияни кўрмоқда. Бир хиллик ҳам шундан бўлса керак. Бу бир хиллик Ҳолливудда йўқми ёки Болливудда йўқми? Россия филмларида йўқми? Лекин, менинг назаримда, халқимизнинг табиати, фалсафаси, дунёқарашига ёки тарихимизга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳали бизда кўп нарсалар очилмаган қўриқдек. Ҳали бизда кино оламида қиладиган ишларимиз жуда ҳам кўп. Мавзуларимиз жуда ҳам кўп. Оёққа туриб олиш учун яна озгина вақт керак ҳар ҳолда.

Би-би-си: "Ассалому алайкум. Аввало сиздек уста санъаткорга тасанно айтамиз", дея бошлайди ўз мактубини Полвон Жумми номи билан хат ёзган тингловчимиз. "Бир тасодиф билан Римда италян режиссёри билан учрашганимда, у сиз ва Ëқуб Аҳмедовни мукаммал артист сифатида мақтади. 1990 йили у Хивада"Чингизхон" филмини олган эди. Сиз русларга қарши курашган жасур босмачилар ролини ўйнагансиз. Ҳозир "хонтахта" жанридаги киноларда рол ўйнаб, ўзингизни беқадр қилмаяпсизми?" дея сўрайди мухлисимиз. Марҳамат, Мурод ака.

Мурод Ражабов: Айтаяпман-ку, мана ҳозир хусусий студияларимиздаги филмларга келсак, олдимга келишади. Ўша филмларни олаётган ёшлар деярли ярми ўзимнинг шогирдларим. Баъзи бирларига институтда дарс ҳам берганман. Мана келишади: "Домла, мани биринчи кином, сизни олишни орзу қилгандим". Ман: "Йўқ", десам, маблағ таклиф қилишади."Айтган пулингизни берамиз", дейишади. "Гап пулда эмас, бу бир кунлик, икки кунлик эпизод экан, бошқа актёрни ўйнатиб қўя қолгин. Хоҳласанг, зўр актёр топиб бераман", дейман. "Йўқ, Мурод ака, айнан Сизни олиш орзуим, ниятим бор эди", деб туришади. Энди биласизми, умуман, шу филмни реклама қилиш учун мани суратим керак унга. Лекин, шу ёшлар ҳам ҳеч бири ёмон кино олай, деб олмайди. Энди сизда қанақадир умид уйғонади, ўзига яраша ажойиб бир филм чиқар, дейсиз. Ишонч уйғотасиз ўзингизда. Қисқаси, Худонинг зорини қилиб келишади-да. Шу одамларга ҳам ёрдам бериш керак. Бораман, кўпинча ёрдамлашаман, маслаҳат бераман. Ҳатто, қўлимдан келганидан ортиқча бир нарсалар қилиб бергим келади. "Сани кинонг хонтахта бўлибди, сани кинонг ундоқ бўлибди", деб уларни ҳозирдан бўғадиган бўлсак, бизда хусусий студиялар ҳеч қачон ривожланмайди. Майли, бадиийликка эришиш жуда қийин нарса. Ўзи кино санъати ниҳоятда нозик санъат. Бу оламда шаклланиш учун ўша оламда қовурилиш керак. То шакллангунингизча, хатоларга йўл қўясан, албатта. Бу киноларнинг ҳаммасини ҳам мен "хонтахта" дея олмайман.

Би-би-си: Бугунги кунда ўзбек киносига етишмаётган нарса нима?

Мурод Ражабов: Ўша сиз мана эслатган италян режиссёри Ёқуб ака Ахмедов, ман, Карим Мирходиевни ҳам суратга олган. Улар келиб, аввал Бишкекда, кейин Хоразмда Чингизхон тўғрисида филм олишганда бизни чақиришган. Шунда эсимда бор, бир варақ инглиз тилидаги матнни бир кечада ёдлаб ролини ўйнаб берганман. Бир кун италян режиссёри елкамга уриб, бир нарсалар деди, энди ман италянчага тушунмайман. Таржимонга қарадим. Таржимон: "Бу режиссёр сизларни мақтаяпти", деди. Ҳозир номлари эсимда йўқ у режиссёрни. Ҳақиқатдан актёрларимиз зўр. Энди, талантли режиссёрларимиз ҳам бор. Бизда драматургия, сценарий масаласида камчиликларимиз бор. Ҳозир бутун дунё бўйлаб энг биринчи муаммо бу сценарий. Бизда ривоятлар, фалсафий мавзулар бор, айниқса тарихимизда. Ҳали очилмаган қўриқмиз кино масаласида. Бу муаммо ҳам ҳал бўлади.

Би-би-си: Токиодан хат ёзган Рустам Вакилов: "Ўзбек халқининг турмуш тарзи ҳақида документал филм олиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, нега шу иш амалга оширилмаяпти? Агар мумкин бўлмаса, бунинг сабаби нимада? Наҳотки, ўзбек киноси севги ва муҳаббат тўғрисидаги кинолар билан чекланиб қолаверса?...Ахир бизлар бу туришда келажак авлодимизда ўзимиз ҳақимизда оз-моз ҳақиқатдан четланган тасаввур қолдирмасмиканмиз?

Мурод Ражабов: Менинг "Анора" номланган киномни кўрганларми-йўқми шуни бир сўраб кўриш керак эди. Ўша ерда бутун ҳаётни акс эттирганман. Айтяпман-ку, бизда имкониятлар жуда катта. Бугунги кунда кино учун яратилган шарт-шароитлар, бизга берилган эркинлик билан хоҳлаган мавзумизга мурожаат қилишимиз мумкин. Энди ёшлар, албатта, севги-муҳаббат, ўзларининг дунёқарашларига мос мавзуларга кўпроқ мурожаат қилишади. Айтаётганимдек, ҳали бу нарсаларга озгина вақт керак.

Би-би-си: Маъмур Бекжанов: "Ассалому алайкум Мурод ака. Сизни жуда ҳурмат қиламан, аммо Гулнора Каримовани сўнгги "Ота" қўшиғини мақтаганингиз мухлисларингиз таъбирини хира қилди. Сабаби, Гулнора Каримованинг "Ота" қўшиғи бачкана ва жуда қўпол куйланган, сиз бўлса, ушбу қўшиқни "ёшлар гимни бўлади келажакда" дедингиз. Бундай дейишингизга нима сабаб бўлди?" дея савол йўллаганлар. Марҳамат.

Мурод Ражабов: Маъмур Бекжанов омон бўлсинлар. Ўзимиз ўзимизга савол беришимиз керак: биз онамиз, отамиз учун нима қилиб бердик? Биласизми, ҳозир мана невараларимни боқиб ўтираман-да, "дод" дейди, йиғлайди, овутаман, у-бу қиламан, кейин болаларимга айтаман: "Мана шунақа сизларни катта қилганмиз", деб. Энди Гулнорахоннинг оталари ҳақида айтган қўшиқ айни шу масалада кўпчилик ёшларимизга ўрнак бўлди. Оталари ҳақида айтибдилар, менинг назаримда, бу жуда ҳам катта гап. Масалан, менга жуда ҳам ёқди. Ман эфирда бўлгани учун айтаётганим йўқ, ўша пайтда эшитиб кўзимга ёш келди. Қўшиқнинг ўзи жуда ҳам яхши ёзилган. Ва Гулнорахоннинг ўзи бу қўшиқни жуда ҳам самимий айтдилар. Энди қай даражада кимга ёқди, кимга ёқмади, ман жуда ҳам яхши қабул қилдим.

Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмад исмли мухлисимиз: "Мурод ака, яқинда мамлакатимиз санъаткорлари ва Сизнинг иштирокингиздаги ҳукумат расмийлари билан мажлисда танбеҳ эшитган экансиз. Сиз санъаткорга расмийлар томонидан танбеҳ бериб турилишига қандай қарайсиз, бу ижод эркинлигига тўсқинлик қилиш эмасми?" деб сўрабдилар.

Мурод Ражабов: "Мевали дарахтга тош отилади", дейишади, танқид қилишга ҳамманинг ҳаққи бор. Оддий томошабинларим ҳам, мухлисларим ҳам баъзи бир камчиликларимни айтган пайтлари бўлган. Гоҳида, албатта, нафсониятингизга тегади, гоҳида кузатсангиз, тўғри гаплар бўлиб чиқади. Шу дўстимизга бир нарсани айтсам, ҳар бир ижодкор ўзининг камчилигини ўзи жуда ҳам яхши билади. Ўзини ютуғини ҳам билади. Ишларим кўпайиб кетади баъзида, ролларим кўпайиб кетади. Ўзимни жуда ҳам буюк актёр деб билмайман. Ва ҳамма ролларимни ҳам мукаммал даражада қилишга гоҳида қурбим етмайди. Масалан, бир йилда 4-5та рол олсам, 4-5тасини ҳам талантли қилиб ижро этишга қурбим етмаслиги мумкин. Буни ўзим ҳам сезаман. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам, ўша майдончада ҳалол ишлашга, имкониятим борича ўйлаб ишлашга ҳаракат қиламан. Очиғини айтсам, у мажлисда ман йўқ эдим. Бўлиши мумкин, ҳукумат раҳбарлари ҳам санъатни севадиган раҳбарлар. Нимадир ёқмаган бўлиши мумкин. Ўзимдан биламан-да, ўзимдан биламан. Ўзим ҳурмат қилган, ман яхши кўрган актёр бирон бир камчиликка йўл қўйса, чидолмайман. Балки, мани шунақа яхши кўрадиган, ҳурмат қиладиган одамлар камчиликларимни кўриб қолган бўлишлари мумкин. Ҳар ҳолда танқид, нима бўлган тақдирда ҳам, актёрга бўлган эътибор, бу ҳам ўзига яраша меҳр. Нафақат раҳбарларга, томошабинлар ичида ҳам ёқмаган ишларим бўлиши мумкин. Лекин, барибир ман ўзимни талантли одам, деб ҳисоблайман. (кулади) Чунки, ман ўзимнинг касбимни жуда ҳам яхши кўраман.

Би-би-си: Қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат, Мурод ака. Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Мурод Ражабов: Омон бўлишсин, саломат бўлишсин. Доим ҳар биримиз яшаётган юртимизнинг осмони мусаффо бўлсин. Ҳаммаларингизга, бутун дунёга яна бир бор салом, дейман. Грузинларда бир гап бор-да: "Энг муҳими соғлиқ, қолганини сотиб оламиз", дея ҳазил қилиб гапиришади. Актёрлар сал бошқачароқ: "Энг муҳими соғлиқ, қолганини ўйнаб берамиз", дейишади. Саломат бўлинглар, омон бўлинглар.

Бу мавзуда батафсилроқ