Гавҳар Зокирова: 'Ҳақиқатдан ҳам бахтга чўмилиб яшадим...'

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган актриса Гавҳар Зокирова бўладилар. Ассалому алайкум Гавҳар опа, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Гавҳар Зокирова: Ассалому алайкум.

Би-би-си: "Гавҳар опа, сизга аввало дунёдаги энг эзгу тилакларим", дея ўз мактубини бошлабди Лондондан Шараф исмли тингловчимиз. "Зокировлар сулоласини жуда ҳурмат қиламан ва улар ҳақида кўп ўқиганман. Лекин, Зокировлардан олдинги ҳаётингиз ҳақида гапириб берсангиз берсангиз. Ота-онангиз қандай касбда бўлганлар, ака-ука, опа-сингилларингиз орасида актёрлар борми?" дейди Шараф.

Гавҳар Зокирова: Йўқ, отам ҳарбий бўлганлар, онам эса инженер эдилар. Лекин онамнинг додалари, менинг бобом Абдулло Авлоний бўлганлар... У киши - Ўзбек театрининг асосчиларидан бири, зиёли инсон бўлганлар. Ўзлари саҳна асарлари ёзганлар, режиссёрлик қилганлар. Шеърлар ёзганлар ва эҳтимол, менга бобокалонимдан ўтган бўлса керак. Шу орзу пайдо бўлганида ҳамма қариндошлар ҳайрон бўлишган...Яъни, "бизнинг авлодимизда санъаткорлар йўқ эди", деб, кейин билсам, мен бобом йўлларидан кетибман, шекилли.

Би-би-си: Ўшдан хат йўллаган Шахзода исмли тингловчимиз эса: "Гавҳар опа, Жамшид ака раҳматли билан қандай танишгансизлар", деб сўраган.

Гавҳар Зокирова: Жамшид акам билан биз институтда бирга ўқиганмиз. Ўшанда истеъдодли ёшлар кўп бўлгани учун иккита курс ташкил қилинганди. Биз бошқа бошқа курсларда эдик, аммо умумий дарсларда бирга ўқиганмиз...Фақат актёр маҳорати дарсларида алоҳи курсда эдик. Институт катта бўлгани билан ҳамма бир-бирини яхши танир эди. Мен биринчи курсдан Жамшид акамни яхши таниганман. Ўшанда, албатта, мен буни кейинроқ билдим, менга кўз ташлаб қўйган эканларми...Мен кўпроқ кутубхонада дарс қилиб ўтирардим. Бир куни...ўзлари айтиб бердилар кейин, мен эсимдан чиқиб кетган экан...Олдимга келиб сўрашиб, ўпиб олган эканлар ва мен шапалоқ туширган эканман уларга...Рост, менинг эсимдан чиқиб кетган экан, шунда Жамшид акам: "Бу қиз барибир меники бўлади", деб аҳд қилган эканлар. Вақти соати келиб, биз бирга бўлдик ва мен бундан ҳеч қачон афсусланган эмасман. Мен бахтли аёл эканман, Аллоҳим Жамшид акадай инсон билан мени сийлагани учун...Қирқ йил Жамшид акам билан бахтли ҳаёт кечирдим. Ҳақиқатдан ҳам бахтда чўмилдим. Ижодда бирга эдик, 24 соат бирга эдик биз. Ҳозир шу...камлик қилмоқда, жуда қўмсайман...

Image caption Гавҳар Зокирова: "Қирқ йил Жамшид акам билан бахтли ҳаёт кечирдим. Ҳақиқатдан ҳам бахтда чўмилдим..."

Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмад: "Гавҳар опа, Сизларнинг раҳматли Жамшид ака билан тўйингизда тушган тасвирни "Байрам" гуруҳи хонандаси ижро этган клипда кўрдим. Очиғи, жуда кўҳликкина келин бўлган экансиз..."

Гавҳар Зокирова: Раҳмат...Қаранг, мана шу киноплёнкага олинган экан тўйимиз, Жамшид акамнинг бир қариндошлари операторликка ўқиган экан. Мана шу тасвирлар қирқ йил давомида ...қаралмасдан ётган эди. Чунки буни аппаратга қўйиб кўриш керак эди. Эски плёнкага олинган эди. Сақлаб келганман доим...бир кун эмас бир кун шуни кўрамиз деб юрардик. Шу Жамшид акам ўтганларидан кейин...ўғлим Жавоҳир: "Байрам гуруҳи Ботир Зокировнинг қўшиқларини айтишди, ман клип қиламан шуни", деди. Мен унга: "Шу киноплёнкани ҳам олгин", дедим. Уни дискка кўчиришди. Шундан ўғлим жуда чиройли клип қилибди, кўпчиликка маъқул бўлди...

Би-би-си: Ҳожиаҳмаднинг саволларини ўқиб берсам:"...раҳматли Жамшид аканинг мухлиси эдим, айтингчи, Жамшид акани биз мухлислар билмаган қирралари бормиди? (Аллоҳ Жамшид аканинг руҳларини шод айласин. Ўзингизга узоқ умр соғлик-саломатлик тилайман)", дея мактуб йўллабди. Марҳамат

Гавҳар Зокирова: Жамшид акамнинг ажойиб фазилатлари бор эди, жуда меҳрли инсон эдилар, кеча танишган бўлсалар ҳам, одамлар билан қадрдонларидай қучоқлашиб кўришардилар. Одамни қанақалигини ҳаётда биласизу, лекин...ўтганларидан кейин қанчалар бошқалар учун яхшиликлар қилганларини, югурганларини, куйганларини кўпчилик уйга келиб гапириб беришди...Улар гоҳ: "Онамларни касалхонага ётқизган" ва гоҳ: "Синглимнинг ҳожатини чиқарган..." дейишарди. Кўпларини ҳатто мен ҳам билмас эканман...Баъзан мен: "Келинг, ўзимизнинг ҳам ишлар кўп", дер эдим. Жамшид акам эса: "Гули, биров менга муҳтож бўлиб келибди, илтимос қилиб келибди, наҳотки мен ёрдам бермасам", деб уларнинг хизматига шошилардилар. Одамдан яхшилик қолар экан, роллари бор, фарзандлари, набирамиз бор...лекин бировга қилинган яхшилик ҳеч қачон унутилмас экан. Дадалари ҳам шунақа инсон эдилар, ҳаммалари, Ботир акам ҳам...Жамшид акам, Фаррух Каримович ҳам...Ботир акам касал бўлганларида, бир ой Жамшид акам навбатчилик қилганлар, ўша ерда креслода ўтириб, ухлаб, қаттиқ куйинганлар...Мана Жамшид акам касал бўлганларида овсиним билан Фаррух Каримович жуда катта меҳр кўрсатишди. Менга мадад бўлишди. Агар улар бўлмаганида билмадим, қандай қилиб бошимдан кечирардим бу кунларни...Бир йил давомида ҳар кун телефон қилишарди, ҳар куни келишарди, ёнимда бўлишди...Айтишади айримлар бировга яхшилик қилсанг, қайтмайди деб, йўқ, чин кўнгилдан қилсангиз, албатта, қайтади яхшилик. Йиллар ўтиб, Жамшид акам акаларига қилган меҳрибончиликлари бошқа акаларидан қайтди...

Image caption Гавҳар Зокирова: "Икки киши бирваракайига ишласа, осон эмас...Болаларим тўймади-да бизга...Болаларга биз тўйолмадик..."

Би-би-си: Тошкентдан Собир сўраяпти: "Гавҳар хоним, энг яхши кўрган ролингиз, айниқса, раҳматли Жамшид ака билан ўйнаганларингиздан қайси? Иккинчи саволим, ҳам ижодда, ҳам ҳаётда ва ҳам ишда бирга бўлиш осон бўлмаган вақтлари бўлганми? Бирор масалада келишолмай қолсангиз қандай ҳал қилар эдингиз?"

Гавҳар Зокирова: Бирга ўйнаган ролларимиз мен учун энг, энг қадрли...Биз иккаламиз 5 та спектакл яратдик... "Эргинамнинг орзуси", рус тилида ўйнаганимиз " Свободная пара"...кейин Рус театрида ўйнадик... Кейин "Севаман дедимми..."ни ўйнадик. Таклифларимиз билан ёзилганди бу пьесалар биз учун... Охирги пьесамиздан бири "Танҳо юлдузим" эди. Жамшид акам Муроджонни ўйнардилар, мен Умидани...Жуда ҳам яхши кўрардилар спектаклни...Ўзлари айтар эдилар: "Ҳар бир спектакл мен учун байрам бўлиб қолган, Гули!" дердилар... Спектаклдан кейин шунақа иккаламиз бахтли бўлиб чиқардик. Бу энг бахтли дақиқаларимиз эди, охирги йил эканда шу ўйнаган давримиз...Ҳозир эслайман шуларни, парда ёпилиши билан бир биримизни қучоқлар эдик ва таъзим қилишга чопардик. Шулар энг бахтли дақиқаларимиз эди. Иккаламиз ота-она ҳақида ўйнаган ролимизда томошабин қилт этмай ўтирар эди, ҳар бир сўзимизни шу қадар диққат билан эшитардики, Жамшид акам ролни шунақа зўр ижро этардиларки...саҳна тугаши билан томошабинлар шунақа қарсак чалар эдики...Шунақа катта санъаткор эдилар Жамшид акам...Яна бир бор Оллоҳимга шукрки, шу қадар буюк инсон, буюк санъаткорни менга рўпарў қилди...Лекин, албатта қийинчиликлар бўлган... Иккаламиз бирга ишга кетардик, бирга келардик, болаларимиз ёлғиз қолишарди, ёки онам ва ё қайнонам қараб ўтиришарди. Уйга келсак баъзан овқат бўлмасди...Аммо, урушмасдик, талашмасдик, келиб ким нимадир арчган, ким қозон бошида...Ўғлимиз кўпроқ биз билан театрда эди, қизимиз эса, қайнонам ва ё онам билан қолар эдик. Икки киши бирваракайига ишласа, осон эмас...Болаларим тўймади-да бизга...Болаларга биз тўйолмадик...Шунга сал...Аммо ҳозир ўйласам катта ва узлуксиз бахт экан у кунлар...

Би-би-си: Хўжанддан Ўктам Ризаев қайси рол сизга кўп шуҳрат олиб келгани билан қизиққанлар.

Гавҳар Зокирова: Ҳалигача "Тўйлар муборак"ни кўпроқ эслашади. Кейин эса "Шайтанат"даги Насибани...Жамшид акам билан бирга ўйнагандик. Эру хотин роли эди. Шу ролим учун ҳеч қачон уялмайман...Биласизми, жуда кўп аёлларни таклиф қилишган экан аввал бу рол учун..."Тўйлар муборак" филмига...Фото проба дейишади, аввал расмга олишади. Кейин кино проба... Бордим, чақиришди, кейин оқ куйлакда ўша дорихонадаги саҳнани суратга олишди. Жамшид акамнинг акалари касал эдилар, ўша куни боламнинг мазаси йўқ эди, онам келиб, борақол, ман қараб тураман болангга дедилар.Юрагим хижил бўлиб бордим. Энди биринчи бор кинога таклиф қилишди. Ҳамма орзу қилади...Қанақадир шу тўлиб тошиб турган эканманми, ўша ҳолатим вазиятга тўғри келди. Режиссёр Хачатуров қўлимга текстни бердилар, тушунтирдилар...Билмадим. Битта дублда ўйнаганман. Шу кинопроба кинога кирган, бошқа олишмади ҳам...

Би-би-си: "Тўйлар муборак" ва "Шайтанат"ни тилга олдингиз. Ҳақиқатдан ҳам, уларда яратилган образлар ўта муваффақиятли чиққани ҳақида гапирилади. Шу "Тўйлар муборак"нинг суратга олиш жараёни ҳақида гапириб берсангиз...

Гавҳар Зокирова: Биласизми, жуда кўп аёлларни таклиф қилишган экан аввал бу рол учун..."Тўйлар муборак" филмига...Фото проба дейишади, аввал расмга олишади. Кейин кино проба... Бордим, чақиришди, кейин оқ куйлакда ўша дорихонадаги саҳнани суратга олишди. Жамшид акамнинг акалари касал эдилар, ўша куни боламнинг мазаси йўқ эди... Онам келиб: "Борақол, ман қараб тураман болангга", дедилар. Юрагим хижил бўлиб бордим. Энди биринчи бор кинога таклиф қилишди. Ҳамма орзу қилади...Қанақадир шу тўлиб-тошиб турган эканманми, ўша ҳолатим вазиятга тўғри келди. Режиссёр Хачатуров қўлимга текстни бердилар, тушунтирдилар...Билмадим. Битта дублда ўйнаганман. Шу кинопроба кинога кирган, бошқа олишмади ҳам...

Би-би-си: Япониядан Олимбек ва бошқа қатор тингловчиларимиз Россиянинг "Голос" кўрик-танловида иштирок этган Наргиза Зокированинг чиқиши ҳақида фикрингизни билишни исташган. Наргиза Зокированинг ташқи қиёфаси кўпчиликда савол уйғотган. Мактублардан бирини ўқиб берсам: "Муҳтарама Гавҳар хоним, Зокировлар сулоласи вакиласи, жиянингиз Наргиза Зокированинг "Голос" танлов-шоусида ўзбек менталитетига ёт бўлган кўриниш - сочи қирдирилган ва беўхшов татуировкада чиқишига сиз қандай муносабатда бўлдингиз?" деб ёзади Ўшдан Одилжон Махдумий.

Image caption Гавҳар Зокирова: "Жавоҳир яхши актёр. У яхши мактаб кўрган"

Гавҳар Зокирова: Манимча, бу саволга ўша ердагиларга Наргизнинг ўзи жавоб берди. У йигирма йилдан ортиқ ўша ерда, Америка Қўшма Штатларда яшаяпти. Мен учун унинг ташқи кўриниши муҳим эмас, унинг ички дунёси муҳим, овози муҳим... Менимча, Карим Зокировнинг авлодидан ўша Наргиза Зокирова отилиб чиқди. Миллионлаб одамлар кўрди. Тан беришди ва ҳатто ўша Скорпион гуруҳи ўз сайтида Наргиз ижросидаги қўшиқни қўйибди. Демак, ана шу қўшиқни ёзган одам ҳам тан олиши...бундан ортиғи бўлмаса керак деб ўйлайман.

Би-би-си: Саидхон исмли бухоролик мухлис бугунги кунда ишланаётган кинофилмлар ҳақидаги фикрингизни билишни истабди. Унинг таъбирича, филмларнинг кўплари "бир кўришлик" бўлиб қолаётганига сабаб нима? Хўжанддан Ўктам Ризаев ҳам ҳозирги ўзбек киносидаги камчиликларни нимада кўришингиз ҳақида сўраган.

Гавҳар Зокирова: Биласизми, бу ҳали атак чечак қилиб юрган болага ўхшайди, режиссёрлар ҳали ёш, улар ўрганаяпти, олаяпти, сараланаяпти...Бу ҳам бир ўрганадиган жараён. Ақлли ва заковатли режиссёрлар ҳали яхши киноларни олишади.Бир кўришлик кино оладиганлари ўзидан ўзи йўқолиб кетади. Бу санъатнинг қонуни шунақа...Бизнинг институтимизда қанчадан қанча актёрлар ўқиб чиқишди, аммо саноқлилари санъатда қолди...

Би-би-си: Тошкентдан Мард исми билан хат йўллаган тингловчимиз: "Сўз эркинлиги деганда нимани тушунасиз? Яхши театрбоп асарлар яратилмаётгани ўзбек адабиётининг тузум ғоясига боғланиб қолганлигими", деб сўрабди.

Гавҳар Зокирова: Йўқ,йўқ, шунақа деганларга мен: Қачон бизнинг театрга келгансиз? Қачон кўрдингиз спектаклларимизни? дейман. Бу фикрга қўшилмайман мен.

Би-би-си: Қатор тингловчиларимиз ўғлингиз Жавоҳирнинг актёрлик фаолияти ҳақидаги фикрингизни билишни исташган.

Гавҳар Зокирова: Худо ҳоҳласа, иккаламиз бир кинода, сериалларда ўйнашимиз керак. Жавоҳир яхши актёр. У яхши мактаб кўрган. Қайнонам раҳматли айтардилар..."Яхши от кейин чопади", дердилар...Илоҳим, ўғлимга омад келсин, у яхши-яхши роллар ижро этсин, яхши роллар ўйнаса, ўғлим отасининг руҳини шод қилади...

Суҳбатнинг кенгроқ шаклини мана бу ердан тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ