Ўзбекистонлик иқтисодчи Наримон Нишановнинг Би-би-си тингловчилари саволларига жавоблари

  • 11 Ноябр 2013
Image caption Наримон Нишанов мухлислар саволларига радио ва интернет орқали жавоб беради

Наримон Нишанов 1998 йилда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар факултетини битирган.

2005 йил эса, Япония Халқаро Университети магистратурасида "Халқаро тараққиёт" дастурини битирган.

Наримон Нишанов Қурғоқчилик ҳудудларида қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар халқаро марказида (ИКАРДА) 2006 йилдан буён ишлаб келади.

Марказ ривожланаётган давлатлардаги қурғоқчилик ҳудудларида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни тарғиб қилишга интилади.

ИКАРДА 1998 йилдан буён Ўзбекистонда Халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар консултатив гуруҳининг Ўрта Осиё ва Жанубий Қофқоз минтақавий дастурига мезбонлик қилади. Ва ушбу минтақа қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашади.

Дастурнинг мақсади Ўрта Осиё ва Жанубий Қофқозда юқори сифатли тадқиқотлар, ҳамкорлик ва пешқадамлик қилиш орқали аҳолининг турмуш даражасини ошириш, инсон саломатлиги ва озиқланишини яхшилаш ва экологик тизимларнинг бардошлилигини оширишдан иборатдир.

Шунингдек, Наримон Нишанов чорва моллари юнгини қайта ишлаш орқали фермерлар ва қишлоқ аёллари даромадини оширишга қаратилган лойиҳада даладаги тадқиқотлар координатори сифатида ишлаган.

Лойиҳадан асосий мақсад чорва юнгини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт килиш орқали, қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳолининг, айниқса, касаначилик билан шуғулланадиган аёллар ҳамда чорвачиликка ихтисослашган кичик фермерлар даромадларини ошириш орқали турмуш даражасини янада яхшилаш бўлган.

Иқтисодчилар фикрича, юнг ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сифатини ошириш орқали, бу маҳсулотларга қўшимча қиймат қўшиш билан қишлоқ аҳолиси даромадини анча ошириш мумкин.

Ушбу лойиҳа 2009 йилдан Қиргизистон ва Тожикистонда амалга оширилиб, жорий йилнинг сентябр ойида якунланган.

Наримон Нишанов билан суҳбат

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик иқтисодчи Наримон Нишанов бўладилар. Ассалому алайкум Наримон дастуримизга хуш келибсиз!

Наримон Нишанов: Ваалайкум ассалом.

Би-би-си: "Наримон ака, касбингиз иқтисодчи экан. Қишлоқ хўжалиги сиз учун нимаси билан қизиқ?" дея савол йўллабди Нозима исмли тингловчимиз.

Наримон Нишанов: Савол учун раҳмат. Иқтисодиётда қишлоқ хўжалиги иқтисоди деган алоҳида йўналиш мавжуд. Барчага маълумки, Ўзбекистонда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашдек муҳим вазифани бажаришда қишлоқ хўжалиги ўз ўрнига эга ва бу соҳага алоҳида эътибор қаратилган. Шу тарафлари билан қишлоқ хўжалиги мен учун қизиқ деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Қўшма Штатлардан Жасур: "Қишлоқ хўжалигида қандай ишлар қиласиз?" деб сўраган ва ташкилотингиз фаолияти ва Ўрта Осиёда қандай ютуқларни қўлга кирита олгани билан қизиққан. Олмониядан хат ёзган Алишер ҳам: "Ўзбекистонда ҳам шунақа лойиҳа қилганмисизлар? Ёки қилиш ниятларингиз борми?" деб сўраган. Назаримда бу савол Тожикистон ва Қирғизистонда чорва моллари юнгини қайта ишлаш ва экспорт килиш лойиҳаси борасида.

Наримон Нишанов: ИКАРДА марказимиз ўсимликшунослик, чорвачилик, сув ва ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, ГИС технологиялари йўналишларида иш олиб боради. Марказнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган тадқиқотлар орқали қишлоқлардаги аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашдир. Ўрта Осиёда марказ тарафидан дон ва дукакли экинлар бўйича, яйловларни яхшилашга каратилган, ресурс тежамкор деҳқончилик технологияларни тарғиб этиш устида тадқиқотлар олиб борилади. ИКАРДА Ўрта Осиёда асосан маҳаллий қишлоқ хўжалиги академиялари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ишлайди. Шу сабабли, марказимизнинг асосий ютуқларидан бири минтақанинг етакчи олимлари ҳамкорлигини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш деб ўйлайман. Бундан ташқари, янги ғалла навлар яраталиши ҳам Ўрта Осиё давлатларининг қишлоқ хўжалигининг ривожланишига катта ҳисса қўшишига имоним комил. Иккинчи саволга келсак, Ўзбекистонда шунга ўхшаш чорвачилик билан боғлиқ лойиҳа 2006-2009 йилларда амалга оширилган. Лекин, айнан жунни кайта ишлаш бўйича лойиҳа ҳозирча қилинмаган. Бундай ишларни қилса бўладими, деган саволга келсак, албатта, қишлоқлардаги аҳоли зич жойлашган ҳудудларда уй-рўзғор ишлари билан аёллар қўшимча даромад топишлари учун шароит ва имкониятлари бор деб ўйлайман. Бизнинг лойиҳа Тожикистон ва Қирғизистонда амалга оширилган. Амалга оширилган моделларни Ўзбекистон шароитида ҳам йўлга қўйса бўлади, деб ўйлайман. Энди уй-рўзғор ишлари билан банд аёллар юнгни қайта ишлаш учун нима етмайди? Уларга асосан билим ва хом ашё зарур. Жун юқори сифатли бўлиши керак. Нимага деганда, фақат юқори сифатли юнгни экспорт қилиш мумкин бўлган маҳсулотни ишлаб чиқариш мумкин. Иккинчи масала, уйда ўтириб қолган, бекор қолган аёллар билим савиясини тайёрлов машғулотлари, тарғиботлар орқали, жунни қайта ишлаш технологиялари, ип йигириш ёки тўқиш ускуналарини ўргатиш билан, менинг назаримда, бунга эришса бўлади.

Би-би-си: Марказий Осиёда қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш долзарб масалалардан бири. Буни кўплаб давлатлар мисолида кўриш мумкин. Қишлоқ жойларида иш ўринларини яратиш учун яна қандай лойиҳаларни амалга ошириш мумкин? Тожикистонлик иқтисодчилардан бири билан гаплашганимда, у боғдорчиликни ривожлантириш яхши натижа бериши ҳақида гапирганди. Сиз нима дея оласиз?

Наримон Нишанов: Аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ ҳудудларида иш билан таъминлаш масаласига келсак, масалан, ҳар бир қишлоқда ҳар хил заҳиралар мавжуд. Бир қишлоқ чорвачиликка ихтисослашган бўлса, бошқа жойларда боғдорчилик билан иқтисод қилинади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашнинг қайсидир босқичларини уй шароитига мослаштириш билан ҳам шу ишларни йўлга қўйиш мумкин. Лекин, ҳар бир қишлоққа алоҳида махсус дастур ишлаб чиқилиши зарур. Универсал дориси йўқ бу масалани. Бундан ташқари, минтақа, Ўзбекистон аҳолиси сони юқори суръатларда ўсиб бораётганини инобатга олсак, нафақат қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш, шу билан бирга, агро процессинг, яъни қишлоқ хўжалик маҳсулотларни қайта ишлаш шаҳобчалари ва кичик фабрика заводларини қуриш орқали кўп-кўп янги иш жойлари яратилиши мумкин. Ва минтақада шу технологиялар кўпроқ ривожлантирилиши керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Хўжанддан Ўктам Ризаев Ўрта Осиёнинг ҳозирги иқтисодий даражаси ҳамда Оврўпа ва Осиё иқтисодиётидаги фарқларга оид фикрларингиз билан қизиққан.

Наримон Нишанов: Минтақамизнинг иқтисодий ўсиш суръатлари йилига ўртача 6 фоизни ташкил қиляпти. Умуман олганда, Ўрта Осиё давлатлари 2008 йилда бошланган глобал иқтисодий инқироздан чиқди деб хулоса қилса бўлади. Келажакда эса, бу давлатлар илғор технологияларни ўзлаштиришга қаратилган соҳаларни ва юқори квалификацияга эга бўлган кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор бериши керак. Саволнинг иккинчи қисмига ўтсак, иқтисодий назарияда шундай тушунча бор: ҳар 50-60 йил давомида юқори суръатлар билан ривожланиб келган давлатлар иқтисодий ўсиши секинлашади. Оврўпо ва Осиё давлатларини олганда Оврўпонинг кўпгина мамлакатлари ривожланган мамлакатлар қаторига киради, Осиёда эса, кўплаб давлатлар ривожланаетган мамлакатлар гурухига киради. Шу сабабли юқори суръатлар билан ўсиш учун Осиё давлатларида имкониятлари катта. Лекин, бунинг учун инвестициялар ҳажми юқори ва барқарор бўлиши керак.

Би-би-си: Шотландиядан William Wallace ҳам ўхшаш савол йўллаган экан: "Ўзбекистоннинг иқтисодий потециалини Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига солиштирганда қандай баҳолайсиз? Марказий Осиёда Ўзбекистон бу борада етакчи давлат бўла олади, деб ўйлайсизми?"

Наримон Нишанов: Осиё тараққиёт банки маълумотлари Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши барқарорлигидан далолат беради. Масалан, 1995 йилдан 2011 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 100 фоиздан зиёд ўсган. Республикамизнинг қишлоқ хўжалик сектори эса, 90 фоизга кўтарилган. Яна бир фактга тўхталсак, 2008 йилдаги ҳаммага маълум бўлган глобал иктисодий инқироздан ҳам Ўзбекистон Ўрта Осиё мамлакатлари ичида деярли йўқотишларсиз чиқди ва барқарор ривожланишда давом этмоқда. Бунинг асосий сабабини глобал иқтисодга Ўзбекистоннинг интеграция даражаси жуда ҳам юқори бўлмаганида кўраман. Шу Ўзбекистоннинг глобаллашув даражаси юқори бўлмагани боис иқтисодини асраб қолди десак ҳам бўлади.

Би-би-си: Энди бу иқтисод учун ижобий ҳолатми?

Наримон Нишанов: Инқироз тарафига назар ташласак, албатта, бу ижобий ҳолат. Лекин, келажакка, узоқ келажакка қарасак, Ўзбекистоннинг иқтисоди, албатта, глобаллашув жараёнига қўшилади, деб айтиш мумкин. Аммо, бу глобаллашув босқичма-босқич инқирозларга қарши қаратилган механизмларни яратиш орқали амалга оширилиши керак. Бундан ташқари давлатимизда аҳолининг 60 фоиздан зиёди ёшларни ташкил етади, бу эса, келажакда иқтисодимиз ишчи кучи билан таъминланганидан далолатдир. Бу таълим даражасини янада юксакроқ даражага кўтариш орқали Ўзбекистоннинг асосий бойлиги - унинг одам ресурслари бўлишига имконият яратади. Юқоридагиларга асосланган ҳолда шуни айтса бўладики, Ўзбекистонни минтақамиздаги иқтисодий барқарор давлат сифатида тан олинишига истиқболлар юқори.

Би-би-си: "Ҳозирги кунда Ўрта Осиёда сув заҳираларидан унумли фойдаланиш масаласи бор. Минтақада шу масалага қаратилган қандай ишлар олиб борса бўлади?" дея сўрайди Лондондан uzbek_man999 номи билан хат йўллаган мухлисимиз.

Наримон Нишанов: Минтақанинг ҳамма давлатлари манфаатдор бўладиган йўналишлардан бири бу томчилаб суғориш технологияларни ўзлаштириш ва кенг равишда ишлатилишидир. Ушбу технология нафақат сув самарадорлигини оширади, томчилаб суғориш орқали аввал боғ яратиш имкони бўлмаган қир-адирларда ҳам фермерлар катта боғ-роғлар яратганлигини гувоҳи бўлганман. Яна бир йўналишлардан бири бу кам сув талаб қиладиган ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар навларини яратиш ва кўпайтиришдан иборат.

Би-би-си: Америкадан Ғани: "Иқлим ўзгариши ҳақида жуда кўп мақолалар чиқаяпти. Сизнинг фикрингизча, Ўрта Осиё келажакда иқлим ўзгариши билан боғлиқ қандай ўзгаришларга тайёр туриши керак ва қандай ишлар қилиниши лозим?" дея сўрайди.

Наримон Нишанов: Иқлим ўзгариши ҳақида гап кетганда, кўплаб башоратларда минтақамизда сув ресурсларини камайиши билан ҳаво ҳароратини ўсиши айтиб ўтилган. Чет эл тадқиқотчиларга кўра, 2050 йилгача минтақадаги ўртача ҳаво ҳарорати целсий бўйича 1 даражага ошиши ва сув ресурсларининг 5-10 фоизга қисқариши эҳтимоли бор. Бундай ўзгаришларга тайёр туриш учун сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган янги технологияларни тарғиб этиш лозим. Шу жумладан, интенсив боғдорчилик ва сабзавотларни етиштириш технологиялар қўл келади.

Би-би-си: Катта раҳмат! Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик иқтисодчи Наримон Нишанов эдилар.

Наримон Нишанов: Сизларга ҳам раҳмат, ишларингизга омад тилаб қоламан.

Бу мавзуда батафсилроқ