Жаҳон Уйғурлари Конгресси воизи Дилшод Рашид билан суҳбат

Жаҳон Уйғурлари Конгрессининг сўзчиси Дилшод Рашид Шинжон Уйғуристонидаги Урумчи шаҳрида туғилган.

Дилшод Рашид Урумчи ва Пекин шаҳарларида олий таълим олган.

Хитой армиясида зобит сифатида хизмат қилган.

Дилшод Рашид ватанини тарк этади ва 1999 йилда Швецияда сиёсий бошпана олган.

Дунё Уйғурлари Ёшлари қурултойининг ташқи ишларига масъул бўлган.

Дилшод Рашид Шарқий Туркистон Миллий қурултойи ижроия қўмитаси аъзоси бўлган.

Ҳозирги пайтда у Жаҳон Уйғурлари Конгрессининг ижроия қўмитаси аъзоси ва сўзчиси ҳисобланади.

Би-би-си меҳмони Дилшод Рашиднинг саволларга жавоблари

Аловуддин Қурбоний: Assalomu alaykum Dilshod aka. Biz o’zbekistonliklar Shinjon uyg'ur avtonom respublikasi haqida asosan kitoblarda va internetlarda o’qib qolamiz. Ruslar bosqinidan so’ng o’zbekistonliklarning dinga bo’lgan munosabatlari oldingiday kuchli emas. Hozir sizlarda xalqni dinga bo’lgan munosabati qanday? Uyg'urlarda namoz o’qiydiganlar ko’pchilikni tashkil etadim? Sharqiy Turkistonda madrasa ko’pmi, masjidlar yetarlimi? Xitoylar masjidda namoz o’qisharingga qarshilik qilmaydimi? Javob uchun oldindan rahmat.

Дилшод Рашид: Раҳмат. Ассалому алайкум. Уйғурлар, Алҳамдулиллоҳ, мусулмон. Шарқий Туркистондаги уйғурларнинг диний эркинлигини хитойлар ҳар хил воситалар билан чеклаб келаяпти. Инсоннинг масжидга кириб намоз ўқиши, ибодат қилиши, ҳатто Рамазон ойида рўза тутиши – ҳаммаси чекланган. Шарқий Туркистондаги масжидлар ҳар хил баҳоналар билан, қурилиш сабаби билан, шаҳарни обод қиламиз, деган баҳоналар билан ёпилаяпти. Масжидга кириб диний ибодат қилган инсонларни ноқонуний диний фаолият билан шуғулланди, деган жиноий ишлар очиб ҳибс қилаяптилар. Албатта, ҳар бир масжиднинг ўз имоми бор. Кўп сондаги имомларни Хитой учун мажбурий хизмат қилишларини талаб қилмоқдалар, бу имомлар масжидга ким кириб, ким чиқаётганини назорат қилмоқдалар. Масжидга кирган инсонлар ҳақида маълумотни Хитой хавфсизлик органларига етказиб, ибодат қилган уйғурларни тутиб беришга ҳамкорлик қилган имомлар бор. Ҳозирги пайтда эътиқодга бўлган чеклов тобора кучайиб кетаяпти. Миллатимизда ўз тупроғида диний эркинлик умуман мавжуд эмас.

Би-би-си: У ердаги масжид ва мадрасалар сони ҳақида қандай маълумот бор?

Дилшод Рашид: Агар 1949 йилда Хитой коммунистлари Шарқий Туркистонни босиб олишларидан олдинги ва бугунги масжидларнинг сонини солиштирадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ўшанда бор бўлган масжидларнинг 40 фоизи бузиб ташланди. Бу ҳақда Хитой ҳукуматининг эълон қилган статистик маълумотлари ҳам бор.

gazetteci@gmail.com: Dilshod aka, ayting-chi, Sharqiy Turkistonning mustaqillikka erishish ehtimoli qanchalik yuqori?

Дилшод Рашид: Шарқий Туркистон масаласи бугун Хитойнинг ички масаласи эмас, бутундунё масаласига айланди. Халқимизнинг ўз иродаси ва мустақилликка бўлган орзуси кучайиб бораяпти ва буни ҳеч ким тўсолмайди. Шарқий Туркистоннинг мустақилликка эришиши халқаро ёрдам ва халқимизнинг тиришқоқлигига боғлиқ. Демократия ривожланиб кетаётган бугунги даврда инсоннинг ўз ҳуқуқларини қандай шаклда талаб қилиши, ўзининг келгусидаги сиёсий тақдирини қандай белгилаш масалаларини инсонлар жуда яхши тушунганлар. Фақат халқимиз ўз эркинлиги учун тўхтамасдан курашиши ва ўша фурсат келишини кутиши лозим. Мен ишонаман, халқаро ёрдам ва халқимиз иродаси билан демократик йўлда биз халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилайдиган кунга етишамиз. Мен бунга 100 фоиз ишонаман.

Odiljon Maxdumiy: Muhtaram Dilshodbek janoblari! Balki, bugungi dolzarb Sharqiy Turkiston mojarolarining bartaraf e'tish uchun, Sharqiy Turkiston mustaqilligi fidoiysi general Alixonto'ra Sog'uniy kerakdur-a?

Дилшод Рашид: Албатта, Шарқий Туркистонни Хитой босиб олганидан кейинги мустамлака йилларида уйғурларнинг миллий даъволарини кўтариб чиққан миллий раҳбар ва лидерларимиз бўлган. Мана бугунги кунда Шарқий Туркистоннинг ичида ва дунёда уйғурларнинг раҳбари деб Робияхоним тан олинган. Робияхоним бизнинг миллий раҳбаримиз ва миллий лидеримиз. Албатта, Алихонтўра Соғуний Шарқий Туркистон президенти бўлган. У киши Шарқий Туркистон мустақиллиги учун курашчи бўлганини одамлар яхши билишади. Ҳозирги ёшларимиз ўз тарихини билишга жуда қизиқишади. Ўз халқи тарихини тиришиб ўрганиб келишаяпти. Шу тарихни билиш орқали ёшларимиз Алихонтўранинг ким бўлганини жуда яхши билишади.

William Wallace, Scotland: Markaziy Osiyo davlatlari Sharqiy Turkistonni mustaqillikka erishish yo'lida dastaklamoqdalarmi yoki ularning Sharqiy Turkiston bilan munosabatlari qanday?

Дилшод Рашид: Шарқий Туркистон озодлик ҳаракати пайти бизнинг ўзбек қариндошларимиз, қозоқ қариндошларимиз, татар қариндошларимиз ва қирғиз қариндошларимиз Шарқий Туркистон ҳудудига кириб Хитой армиясига қарши курашда қатнашганлар. Афсуски, бугунги кунга келиб Ўрта Осий республикалари бир тарафдан Хитойга, иккинчи тарафдан Россия империясига муҳтож бўлиб қолдилар. Ўрта Осиё республикалари Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти деган бирлашмага қўшилдалар. Бу ташкилот доирасидаги фаолиятда улар Шарқий Туркистон миллий мустақиллик ҳаракатига ёрдам эмас, катта тўсиқ қўйиб келаяптилар. Чунки Ўрта Осиё давлатларининг аксари диктатура давлатларидир. Мен ишонаманки, Ўрта Осиёда ҳам худди “Араб баҳори”га ўхшаш ўзгаришлар бўлиб, бу давлатлар демократик бир давлатга айланганидан кейин Ўрта Осиё жумҳуриятлари Шарқий Туркистон миллий мустақиллик ҳаракатига ёрдам беришларига ишонаман. Бугун Ўрта Осиёдаги давлатлар эмас, халқлар уйғурларга бўлаётган зулм, уйғурларнинг дардини жуда яхши тушунишади, улар Шарқий Туркистондан чиқиб келган инсонларга ҳаммаслик эканини билдириб келишади. Бироқ халқлар ожиз бўлгани учун, давлатлар диктатура бўлгани учун Шарқий Туркистонга бевосита ёрдам беролмаяптилар. Аммо халқ Шарқий Туркистондаги уйғурларни ўзининг қариндоши деб билади, уйғурлар бир кун келиб озод ва мустақил бўлишига ишонадиган кўп сондаги халқлар бор.

Би-би-си: Бугунги кунда Туркиянинг Шарқий Туркистонга нисбатан сиёсати қандай?

Дилшод Рашид: Туркия жумҳурияти Шарқий Туркистон миллий мустақиллик ҳаракатига алоҳида эътибор бериб келаётган жумҳуриятлардан бири. Туркия кўплаб сондаги уйғурларга сиёсий бошпана бераяпти. 1949 йилдан кейин Туркиядаги партиялар, Туркия халқи уйғурларни қўллаб-қувватлаб келаётгани сабабли уйғурларнинг масаласи бутун турк дунёсининг масаласига айланди. Хитой коммунистик режими 2010 йил июл ойида уйғурларга қарши қирғин уюштирганида Туркия “Хитой ирқий қирғинни даррор тўхтатиши керак” деган баёнот билан чиққан яккаю-ягона мамлакат бўлди. Мана шу ҳам Шарқий Туркистондаги уйғурлар тақдири турк дунёси масаласига айланганининг бир исботидир.

Би-би-си: Ҳозирги пайтда уйғур ёшлари учун ўз она тилида таълим олиш имкониятлари қандай?

Дилшод Рашид: Ҳозир Хитойнинг Шарқий Туркистонда юритаётган ассимиляция сиёсати она тилини йўқотиш, диний эътиқодни йўқотишга қаратилган. Бунга диний эркинлик ва маданиятга ҳужум орқали эришилаяпти. Ҳозир Хитойда "Қўш тилли маориф" деган шиор илгари сурилаяпти. Аслида бу икки тилли маорифга эмас, она тилини йўқотишга қаратилган. Ҳозир олий ўқув юртларида, ўрта мактабларда ва ҳатто бошланғич мактабларда она тилини чеклаш ҳаракатлари олиб борилаяпти. Она тилини йўқотиш бугунги Шарқий Туркистондаги Хитойнинг системали бостириш сиёсатининг бир турига айланган. Уйғурларни ўз она тилидан айириш мақсадидаги босимлар бугунги кунда тарихдаги энг юқори нуқтага чиқди. Бунга Шарқий Туркистондаги уйғур ёшларини Хитойнинг ички ўлкаларига мажбурий олиб кетиш орқали, Шинжонни хитойлаштириш, Шинжонда Хитой маданиятини юритиш, маорифини кучайтириш воситасида эришилаяпти. Уйғурлар ҳозир ўз тупроқларида ўз она тилидан фойдаланишда чеклашларга дуч келаяптилар. Яна Хитой жарима солиш, тил билмаганларга иш бермаслик орқали миллатимизни ўз она тилидан мажбуран воз кечтириш сиёсатини юритаяпти.

Би-би-си: Шинжон Уйғуристонда юз берган воқеалардан кўпинча дунё хабарсиз қолади. Жаҳон Уйғурлари Конгресси Шинжонда юз берган воқеа-ҳодисаларни кўпчиликка етказиш учун нима ишлар қилаяпти? Қандай оммавий ахборот воситалари бор?

Дилшод Рашид: Албатта, Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонда юз берган ҳодисаларни дунёга билинтирмасликка ҳаракат қилиб келади. Дунё Уйғур Қурултойи Шарқий Туркистондаги воқеаларни ва Хитой ҳукуматининг юргизаётган сиёсатини дунёга етказишда турли шакллардан фойдаланиб келмоқда. Матбуот баёнот эълон қилиш, Шарқий Туркистонда юз берган воқеаларни жаҳон матбуотига етказиш, матбуот конференциялари ташкиллаштириш, Жаҳон Уйғурлари Конгресси раҳбари Робия Қодир ва қурултойнинг бошқа раҳбарлари чиқишлар қилиб дунё мамлакатлари дипломатларига етказиш орқали Шарқий Туркистоннинг ички вазиятини тушунтириб келаяпмиз. Хитойнинг уйғурларга кучайтираётган босимлари, бу босимларга норозилик сифатида келиб чиққан тўқнашувлар, бу тўқнашувлардан эса Хитой ҳукумати уйғурларни террорчи қилиб кўрсатиш мақсадида фойдаланаётганини фош қилиб келаяпмиз. Бизнинг Дунё Уйғурлари Қурултойнинг расмий веб-сайтидан ташқари жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатида қурултойнинг ўша мамлакатлардаги ташкилотларининг ўз веб-сайтлари бор, ўзларига яраша ташвиқотлари бор. Биз китоблар нашр қилаяпмиз, журналлар чиқариб келаяпмиз.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас