Бразилия 2014: Ягона Кубок учун кимлар кураш олиб боради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шунча шов-шувлар билан кечган якуний босқич саралаш беллашувларию, Бош мураббийларининг сўнгги қарорлари ортидан, ва ниҳоят, яна саноқли кунлардан сўнг Бразилияда ягона кубок учун беллашувчи миллий терма жамоалар ва уларнинг якуний таркиби ҳам аён бўлди.

Жаҳон биринчилиги старт олувчи 12 июнга қолмай, иштирокчи 32 давлатнинг байроқлари ҳам Бразилияни ясатиб улгурди.

Аммо миллий терма жамоаларнинг бу галги рўйхатига қаралса ҳам, сюрпризлар деярли йўқ.

Ғолиблик учун асосий даъвогарлар эса, дунёнинг исталган бурчагидаги каттаю кичик футбол ишқибозига бирдек таниш чеҳралар.

Албатта ғолиб чиқади, деб пул тикилаётган иккита миллий терма жамоадан биттаси мезбон Бразилия.

Жамоа бу галги чемпионатда ўзларини 2002 йилда тўртинчи бор жаҳон чемпиони қилган янги Бош мураббийси Луиз Фелипе Сколари бошчилиги остида ва Неймардан тортиб, Оскар, Рамирес ва Виллиан каби анчайин ёш юлдузларига таяниб майдонга тушади.

Устига устак, ўз уйингда тўп сурсанг, майдонинг ҳам ёрдам беради, деган гап бор.

Яна мезбон давлатлиги иш бериб, "канарейкалар" ёки олтин жамоа бутунбошли саралаш босқич беллашувларидан ҳам “омон қолган”.

Яъни, ортиқча тер тўпиб, чарчашига ҳожат қолмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи All Sport

Аммо сўнгги Конфедерация Кубогида айнан Бразилияга 3:0 ҳисобида енгилганига қарамай, бу йил яна Испания жаҳон чемпиони бўлади, дегувчилар ҳам оз эмас.

Амалдаги жаҳон ва Оврўпо чемпиони, яна сафларида Хави, Иньеста, Давид Вильялар каби кимсан “Барселона”ю “Реал” Мадрид каби дунёнинг энг олд клублари юлдузлари тўп суриб туришса...

Бу икковлондан кейин бу йил Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида ўзларига Бош мураббийлик қилган ва “ХХ асрнинг энг зўр футболчиси” бўлган Диего Марадонасиз майдонга тушаётган эса-да, тўрт карра “Жаҳоннинг энг зўр ўйинчиси” Лионель Месси юлдузи бўлган Аргентина миллий терма жамоаси ҳам бор.

Сафларида бир-биридан сара футболчиларнинг янги авлоди тўп сураётган, сўнгги жаҳон чемпионатида бироз ғўрликлари панд бергани айтилган, аммо ўтган тўрт йил ичида пишиб етилгани башорат қилинаётган Олмониянинг ҳам бир четда қараб турмаслиги аниқ.

Шу кунларда ўтказаётган халқаро ўртоқлик учрашувларидаги ўйинига қараб, Италия бу гал бироз кучсиздекми, дегувчилар топилса-да, уларнинг керак пайтда ўз кучларини кўрсатиб қўйишга қанчалик қодир эканликлари ҳам футбол ишқибозларига яхши аён.

Ўтган галгисидек ўз қитъаларида бўлиб ўтмаётган эса-да, Бразилиядаги жаҳон чемпионати Африка давлатлари учун ҳам ўзларини кўрсатишнинг яхши имконияти бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бир ёқдан Гана, бошқа тарафдан Камерун, Нигерия ва ФИФАнинг шу ойги рейтингида бутунбошли Африка қитъасида зўрларнинг зўрига айланиб олган Жазоир...

Агар, мезбон бўлмаса, қанчалар кучсизлигидан 2010 йилги жаҳон чемпионатига умуман чиқа олмаслиги айтилган Жанубий Африка эса, бу гал телевизор экранларига қаноат қиладиган кўринади.

Ўтган галги биринчиликда дунё бўйлаб аксарият футбол ишқибозларининг эътиборини ўзига тортган Шимолий Корея миллий терма жамоаси ҳам бу йил кубок учун беллашувчи 32 миллий терма жамоа орасида йўқ.

Девор-дармиён қўшнилари Жанубий Корея Бразилияда Япония, Эрон ва Австралия билан бирга Ўзбекистон ҳам мансуб бўлган Осиё қитъасини намоён этишади.

Аммо Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бу йил ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпионатига чиқишига бир баҳя қолган, аммо бу гал ҳам плей-офф босқичидан ортга қайтишга мажбур бўлганди.

Бу мавзуда батафсилроқ