Ижтимоий минбар: Сиз Ўзбекистондаги қашшоқликнинг асл сабабини биласизми?

Энг сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган аҳолининг 77 фоизи қашшоқликда яшайди.

Ўзбекистон ҳукумати эса ҳар йили 1990 йилда бир хонадонда нечта музлатгич бўлгани ва бугун бу музлатгич нечтага кўпайгани ҳақида эълон қилади.

Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш ва инфляция даражаси билан бўлгани сингари аҳолининг фаровонлик даражаси ҳақидаги ҳукумат статистик маълумотларининг ҳақиқатга тўғри келишини ташқаридаги халқаро ташкилотлар ҳам шубҳа остига оладиган бўлиб қолган.

Завод-фабрикалар ёпилиши, деҳқончиликка эркинлик берилмагани, бозор ва тижоратларни "бир ҳовуч пулдорлар" монополияга айлантириб олгани, ўз бизнеси билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг ҳокимияту-милиция, прокурору-снбчилар тарафидан "бўғилгани" Ўзбекистонда миллионлаб инсонларни ишсизга айлантирди.

Биргина Россиянинг ўзида камида уч миллионлик ўзбекистонлик оиласини боқиш йўлларини қидиришга мажбур бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Улардан эса Президент Ислом Каримов "дангасалар" деб жирканишини айтди.

Ҳокимият тепасидаги амалдорларнинг фикрича, Ўзбекистон халқининг аксари бугунги кунда ҳам "давлат берса, ейман" деб яшайдиган боқимандалардир.

Ҳозирга келиб аксар таҳлилчилар Ўзбекистондаги вазиятни ҳукумат иқтисодий сиёсатни барбод қилгани ёхуд бозор иқтисоди ислоҳотларини амалга оширишни мутлақо истамаганининг оқибати сифатида таърифламоқдалар.

Бир мамлакатда бир ҳовуч тўданинг миллиардер бўлиб кетиб, 70-80 фоиз аҳолининг қашшоқлик, адолатсизликка рўпара келиши сўнгги йилларда бир неча мамлакатнинг ҳукмдорларини ағдариб ташлади.

Расмий Тошкент мафкурачилари эса "Араб баҳорлар"ини мамлакатни беқарорлаштирмоқчи бўлган ёзув кучларнинг амали, деб инсонлар онгига сингдиришга ҳаракат қилиб келадилар.

Сизнингча, Ўзбек амалдорларининг халқнинг аҳволи, хусусан қашшоқликка нисбатан муносабатини қандай ўзгартириш мумкин?

Қашшоқликнинг яна қандай сабаблари бор?

Фикрларингизни Би-би-сининг Фейсбукдаги саҳифасида қолдиринг.

Шарҳларингизни BBCUzbek. com да ҳам ўқишингиз ва Дараклар дастурида тинглашингиз мумкин.

Whatsapp рақамимизга овозли шарҳларингизни ҳам йўллашингиз мумкин +44 78-58-86-00-02.

Би-би-си Ўзбек таҳририятининг uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига келган мактуб

Муқимжон: Ўзбекларимизни қашшоқлигини асосий сабаби Ўзбекстон ҳукуматини сиёсати эмас, ўзбекларимизни кўп болалиги ва энг асосийси ўзбекларимизни ўзларини қашшоқ қиладигон менталитетимиз бўлади. Масалан ҳар бир боласига бировлардан кам бўлмайдигон тўй-тамошалар. Ҳар бир боласига бировлардан кам бўлмайдигон уйларни қуриш каби, умуман айтганда ўзбеклар аро "сандан нимам кам" деган кураш...

Энг ачинарлиси ўзбек ўзбекни кўролмайди, доим бир-бирини ривожланишига халақит қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ