19.09.14 - 26.09.14: Биз бир ҳафта олдин билгану билмаган нарсалар

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Россия Халқаро Фазо Станциясига илк аёл фазогирини учирди. У - 38 ёшли муҳандис Елена Серова бўлади.

Олимлар эса, кўпроқ карри (ҳиндча қовурма) енг, дейишмоқда. Уларга кўра, карри таркибидаги зарчава мия жароҳатларини ўз-ўзидан даволаб юборади.

Хитойнинг Баожи шаҳри маъмурлари эса, ўзига хос ташаббус билан чиқишди. Улар коллежга бориш, ҳайдовчиликни ўрганиш ва ҳатто, оила қуриш истагида бўлганлар ҳам қон берсин дейишмоқда.

Гумондор малайзиялик божхоначиларнинг ишини унча-мунча киши қилмаслиги аниқ: Улар ҳеч ким бизни танимасин деб, маҳкама биносига бошларини ичкийимларига яшириб кириб келишибди.

Америкалик олимлар антибиотикларнинг янгича турини яратишибди. Уларнинг даъво қилишларича, янги ихтиролари бактерияларнинг энг чидамли генларини ҳам вайрон этишга қодир.

Бунақаси эса, камдан-кам одамнинг хаёлига келса керак: Ёшроқ йўловчи ўзига жой бермаганидан ғазаби тошган хитойлик отахон икки соат автобуснинг нақ рўпарасида туриб олибди. На ўзи силжибди ва на автобус жойидан жилибди...

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Жаҳлингиз чиқиб, қаҳру ғазабингиз тошиб турибдими?... Можаристонда сизни бирпасда "ўзингизга келтириб қўядиган" махсус клуб очилибди: Унда сиз кўзингиз тушган нарсани уриб, синдиришга имконли бўларкансиз.

Ҳа, шунақаси ҳам бўлади: Юнонистон шимолида топилган ва Искандар Зулқарнайн даврига тегишли улкан мақбара ҳукуматга роса қўл келибди: одамлар иқтисодий инқироздан чалғиб, уларнинг бор дардлари янги топилдиқ бўлиб қолибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бразилиялик олимлар эса, ажабтовур ишга қўл уришибди: Улар денге геморрагик иситмасига қарши курашиш учун бактерия юқтирилган минглаб пашшаларни ишга солишибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи INFOTRON

АҚШ Федерал Ҳаво Маъмурияти эса, фильмларингизни бемалол тасвирга олаверинг деб, бир эмас, олти телевизион ва киноширкатга ўз дронларидан фойдаланишга рухсат берибди. Албатта текинга эмас...

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02