Ижтимоий минбар: Аёл ва эркак тенг бўлиши керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Биз ўтган бир ҳафта давомида Фейсбукдаги муштарийларимизни "Сиз учун аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги нимани англатади? Аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигига том маънода эришиш мумкинми?" каби саволлар билан баҳсга таклиф этдик. Баҳсимиз мавзусига яқинда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг аёлларга эркаклар билан бирдек муносабат қилиш мумкин эмаслигини айтиб, феминистларни оналикни рад этишда айблагани сабаб бўлди. "Аёл ва эркакларни бирдек кўриш табиатга қаршидир", - деди у. Унга кўра, аёллар табиатан заифроқ бўлганлари учун эркаклар қилган ҳамма ишни ҳам қила олмайдилар.

Эрдўғаннинг бу чиқиши Ғарбда, ҳамда Туркиянинг дунёвий қарашга эга бўлган аҳоли қатлами орасида қаттиқ танқидларга сабаб бўлди. Бу мавзу муштарийларимизда ҳам жуда катта қизиқиш уйғотди. Аксар муштарийларимиз демократик ёки дунёвий қарашлардан келиб чиққан ҳолда эмас, балки Ислом, шаърият ва ўзбек анъанавий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда шарҳ қолдирганлар ва жаноб Эрдўғаннинг фикрини қўллаб-қувватлаганлар.

Хусусан Аброр Мухтор Алий аёлнинг эркакка тенг ва ундан паст жиҳатларини санаб ўтар экан, жумладан шундай дейди: "Ақлий жиҳатда ҳам эркаклар устун, буни ҳам бугунги кун тажрибаси тасдиқлаб турибди. Аёлда ҳиссиёт ақлий мушоҳададан устунроқдир. Албатта, булар умумий олгандаги меъёрлар. Айрим аёллар айрим эркаклардан ақллироқ бўлиши мумкин. Лекин умумий суратга қаралганда эркак ақли устунроқдир! Хуллас, бу масалада Ислом таълимоти қадар дақиқ ечимни бошқа ҳеч бир таълимот келтира олмаган. Бу борада батафсил маълумот ўрганилса, Исломнинг илоҳий таълимот эканини тан олмасликнинг иложи қолмайди!"

Hikmatulloh Ibrohim қолдирган шаҳс шунга ўхшаш: "Муқаддас ислом дини таълимоти бўйича, эркакларнинг зиммасига аёлларнинг таъминоти юкланади, шу билан бирга эркаклар аёлларга раҳбар бўлиши уқтирилади. Бу ҳақда "Нисо" сурасининг 34-оятида ҳукм қилинган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: "Инсоннинг инсонга сажда қилиши мумкин бўлганида, аёллар эрларига сажда қилишини буюрган бўлардим", деганлар."

Мухаммад Шамснинг шарҳи эса қуйидагича: "Жуда тўғри деб биламан Эрдўғоннинг фикрини, чунки яратилишда шундай булган, яъни аёл лойдан яратилмаган, у қовурғадан яратилган, шундай экан аёл сал қуйироқда бўлмоғи лозим. Бу билан аёлга паст назар билан қараш керак деган тушунча пайдо бўлмаслиги керак. Аксинча, аёлга меҳр кўшкидан жой бермоғимиз лозим."

Абу Умар эса: "Эркакни ҳам, аёлни ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари бор. Масъулиятли ишларда эркаклар баландроқ бўлади. Давлат бошқаришда, қўмондонликда, қозиликда ва ҳоказо. Масъулиятли ишларни аёл киши кўтара олмайди валлоҳу аълам. Чунки, аёллардан пайғамбар келмаган," - деб ёзади.

Қизиғи шуки, аксар аёл шарҳловчиларимиз ҳам, яъни шарҳ қолдирган 15 аёлдан 11 нафари аёлларнинг ожиза экани ва уларнинг эркаклардан жамиятда бир поғона паст туриши лозимлигини эътироф этганлар. Бироқ буни инкор этувчи муштарийларимиз ҳам бор. Жумладан таниқли ўзбекистонлик бастакор Дилором Амануллаева шундай ёзади:

"Дунёда ҳар хил аёллар ва ҳар хил эркаклар бор, уларни ҳаммасини бир поғонага қўйиб бўлмайди. Бир хил ўта ақлли ва истеъдодли аёллар борки, кўплаб эркакларнинг ўрнини босади, илм, фан, адабиёт, мусиқа ва санъат ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Агарда аёл ақлли, ўқиган, истеъдодли бўлса ва қўлидан буюк ишлар келса, нега аёлни камситиш керак? Мен Эрдўғаннинг фикрига қўшилмайман. Оилада эру-хотин муносабатида аёл эрдан пастроқ туриши мумкин, лекин давлат идораларида, илм, фан ва ижодда аёл ва эркакларнинг қилган ишларига тенг баҳо бериш керак."

Dilnoza Abdullaeva-Mallaeva эса аёлларнинг ожиза эмаслигини айтиб, аёл бўлиш аслида қийинроқ эканини айтади: "Қайси бир эркак аёл киши қиладиган ишни, меҳнатни қилиб билган? 50-60 кило картошка қопини кўтариб билган эркакнинг нимаси баланд экан аёлдан? Қайси бир эркак аёл киши ҳаёт давомида кўрадиган оғирликларни кўрган? Биттагина болани дунёга келтиришнинг ўзи 50-60 кило картошка қопини кўтариш эмас."

Dilnoza Abdullaeva-Mallaeva сўнгра алоҳида шарҳ билан фикрини давом эттиради: "Қайси динда аёлга шундай муомала мавжуд? Қайси бир ғарб давлат дин асосида яшаяпти? Шунинг учун ҳам ғарб давлатлари ҳамма Исломий давлатлардан ривожланган! Европада асосан аёл кишининг ўрни жуда катта, бунга дин сабаб эмас, одамгарчилик сабаб! Сизнинг Исломий давлатларингизнинг қайси бирида аёл кишига сиз айтган муносабат бор экан? Араб давлатларими, Афғонистонми, Покистонми, Эронми ёки сизлар ардоқлайдиган Исломий давлатми - қайси бирида? Шу давлатларда 7-9 ёшли қизларни сизга ўхшаган 40-99 ёшли қарияларга эрга беришаяпти ва кўп қизлар тўй кечаси вафот этишаяпти, чунки сиз айтган Ислом жамияти ва айнан сизга ўхшаганлар маъқуллаб турасизлар шу нарсаларни!"

Abdul Ahad Abdurahmon шарҳига қаралса, тенглик мавзуси аслида ноўрин: "Хотин киши билан эркак киши табиатан ҳар хил. Бу икки жинс теппа-тенг эмас, бир-бири билан гармонияда, бир-бирини тўлдирувчи жинслар. Уларнинг ҳар хиллиги тенгсизлик эмас, ўзига хослик."

Тенг ҳуқуқлилик тарафдори бўлган аёлларни ҳавф ё таҳдид сифатида кўрувчи муштарийларимиз ҳам бор. Жумладан Rashidov Ashraf фикри мана бундай: "Озодликка чиққан шарқ аёллари энди ҳокимият тепасига чиқмоқчи кўринадими дейман-а? Ман учун аёл киши бир қадам орқада тургани маъқул! Бобом айтарди, аёлларнинг макри қирқта бўлади, битта макрини кўрсатса, 40 минг туяга юк бўлади, деб. Шунинг учун аёллардан эҳтиёт бўл, дерди бошидан."

Жаноб Эрдўған ва унинг ҳукуматидаги мулозимларнинг аёллар ўрни борасидаги баъзи чиқишлари охирги вақтларда Ғарбда кескин танқидларга сабаб бўлиб келаётир. Бироқ, бир шарҳловчига кўра, Ғарбда аёллар тенг ҳуқуқли бўлиши яхши оқибатга олиб келмаган.

Abu Yusuf: "Эрдўған жаноблари жуда тўғри айтган. Бир мисол. Демократик давлатларга қарасангиз, эркак ва аёл тенг ҳуқуқли дейишади, аммо аёлларни хўрлашади, аёллар ишлайди ҳудди эркаклар каби ва уларнинг бола туғишга ҳам вақти йўқ. Чунки бола туғса, ишидан қолади, шунинг учун демократик юртларда кўпайиш йўқ, валлоҳу аълам".

Шарҳ қолдирган кўпчилик муштарийларимизда Туркия Президенти Эрдўғанга нисбатан ҳурмат кучли экани кўзга ташланади. Эрдўған жаноблари кўпчилик ўзбекистонликларда қўрқмас замонавий Исломий лидердек таассурот қолдириб келади. Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасидаги мушкул ва тез ўзгарувчан сиёсий муносабатлар Эрдўғанга бўлган ҳурмат-эҳтиромга таъсир қилмагандек.

SamarBonu Ziyautdinova: "Жуда тўғри гапиргани Эрдўғоннинг. Респект. Марказий Осиёнинг ҳеч қайси бир 'хўжайини' бундай жасораттга эга эмаслар. Ҳаммаси бирликда бир Эрдўғоннинг қилганини қилолмайдилар."

Бошқа шарҳловчи эса Туркиянинг ўзида Исломий раҳбарият келишидан аввал эришилган дунёвий қадриятларга ишора қилади.

Dior Mirzajanov: "Ушбу хабарни эшитган Камол Отатурк қабрида тик турди! Афсус, 100 йил ҳам ўтмай, Туркия аввалги хурофийлик ҳолатига қайтмоқда..."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002