Жон Ҳезершоу: Марказий Осиё сиёсий элиталари эҳтимолий радикал Исломдан қўрқишади

Image caption "Марказий Осиёда мусулмонлар радикаллашиши бўрттирилган".

Би-би-си меҳмони Жон Ҳезершоу - Марказий Осиёда мусулмонлар радикаллашиши бўрттирилган деган хулосага келган тадқиқотчилардан биридир.

Ана шу хулоса асосидаги тадқиқот шу кунларда эълон қилинди.

Британиядаги Экзетер (Exeter) университети профессори Жон Ҳезершоу Англиянинг Донкастер шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабдаёқ тарих ва сиёсатга қизиқиб қолган.

"1980 йилларда мен яшаб турган минтақа Тетчер ҳукуматининг ислоҳотлар сиёсатидан зарар кўрган вақтлар эди", дея хотирлайди у.

Жон Ҳезершоу 2007 йилда Лондон Иқтисод ва сиёсий фанлар коллежи халқаро муносабатлар кафедрасида докторлик диссертациясини ёқлаган.

Лондондаги Қироллик коллежи, Лондон иқтисод коллежи, Американинг Марказий Осиё университети ва халқаро тадқиқотлар бўйича Нотр Дам университетида фаолият олиб борган.

Шунингдек, БМТнинг Ғарбий Африкадаги лойиҳаларида қатнашган.

Жон Ҳезершоу Марказий Осиёдаги ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган.

2001-2005 йиллар оралиғида Қирғизистон ва Тожикистонда тадқиқотлар олиб борган.

Жон Ҳезершоу илмий изланишлари Марказий Осиё ва Шарқий Оврўпода жамиятда диннинг тутган ўрнига бағишланган, ушбу мавзуда қатор мақолалар чоп этган.

Жон Ҳезершоу ўзининг ўтказган тадқиқотлари натижасида Марказий Осиё ҳукуматлари исломий экстремизм ва терроризм хавфини ўта бўрттирмоқдалар, радикал исломий ҳаракатларнинг минтақага хавфи афсона деган фикрга келган.

Шу йилнинг июн ойида Тожикистон махсус хизматлари томонидан жосусликда гумон қилиниб Экзетер (Exeter) университети тадқиқотчиси, Ҳезершоунинг шогирди Александр Содиқов ҳибсга олинган, маълум вақтдан кейин қўйиб юборилганди.

"Марказий Осиёда пайдо бўлаётган кучлар ва можароларни бартараф этиш" номли илмий лойиҳа юзасидан шогирди Александр Содиқов билан тадқиқотлар олиб борган Ҳезершоу бу воқеага фикр билдириб, уни мантиқсизлик деб атаган эди.

Жон Ҳезершоунинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Би-Би-си: Жаноб Ҳезершоу, сиз олиб борган тадқиқотларингизга кўра, Марказий Осиёда мусулмонлар радикаллашиши у ердаги давлатларнинг расмийлари томонидан бўрттириб кўрсатилади. Айнан нималарга асосланиб тадқиқотингизда бундай хулоса келдингиз?

Жон Ҳезершоу: Ўйлайманки, охирги йилларда Марказий Осиё ҳукуматларининг таҳдид хавотирлари кучайгани ва уларнинг гўёки ортиб бораётган исломий радикаллашишга қарши кўраётган чора-тадбирлари сони ҳам кўпайгани яққол кўзга ташланаяпти. Биз радикал Исломга қарши қонун қабул қилинаётганини, дин устидан ўз-ўзини назорат тартиби жорий этилаётганини кўраяпмиз. Бу нарсани давлат вазирлари ва президентларнинг расмий баёнотларида эшитаяпмиз. Бу кучайишни ўлчаб чиқиш, албатта қийин. Радикал Исломга қарши янги қонунлар минтақанинг барча мамлакатларида, Россияда ҳам қабул қилиниб бўлган. Бу кўриниш глобал кўриниш эканини ҳам қайд этиш муҳим. Кўплаб Ғарб мамлакатлари ҳам диний экстремизмга қарши янги қонунларни қабул қилмоқдалар. Биз учун ушбу таҳдидлар ҳақидаги баёнотлар ортидан кўрилаётган чора-тадбирлар Ғарбда қандай қабул қилинаётгани муҳим. Мисол учун, мен кўпроқ Ғарб мамлакатларининг Марказий Осиёга қаратилган хавфсизлик сиёсатларини, шунингдек, минтақадаги диннинг аҳволини тадқиқ қиламан. Мен Марказий Осиё сиёсий элиталарининг эҳтимолий радикал Исломдан қўрқувлари тобора ошиб бораётганини кўриб турибман.

Би-би-си: Тадқиқотингиз давомида кўпроқ қайси республикалардаги вазиятни ўргандингиз?

Жон Ҳезершоу: Биз Тожикистон ва Қирғизистонда тадқиқот ўтказдик. Менинг ҳамкасбларим кичикроқ тадқиқотни Ўзбекистонда ҳам ўтказишган эди, лекин бу ўрганиш бир неча йил олдин бўлган эди. Ўзбекистонда вазиятни ўрганиш учун илмий тадқиқот ўтказиш 2005 йилдан кейин жуда қийин бўлиб қолди. Биз ўз тадқиқотимизда бошқа изланувчиларнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон бўйича ўрганишларига ҳам таяндик.

Би-би-си: Ҳозир кўпгина аёллар, айниқса Тожикистонда ҳижобда юришни маъқул кўришмоқда. Сиз буни исломий радикализм таъсири деб ўйламайсизми?

Жон Ҳезершоу: Айрим ҳолатларда бу ҳақиқатдан ҳам шундай, исломий радикаллашишнинг таъсири бўлиши мумкин. Лекин бу кўринишнинг ўзи диний радикаллашишнинг исбот-далили бўлиб хизмат қила олмайди. Бу кўпроқ художўй, тақводорликдан, инсонларнинг ўзини исломий кўрсатиш, ён-атрофга ўзини диндор кўрсатишга интилишларининг натижасидир. Одамлар ўзларининг мусулмон эканликлари, Ислом тартиб-қоидаларига риоя қилаётганларини кўрсатмоқчи эканларининг аломати, холос. Шунингдек, бу патриархат, жамиятда эркаклар устунлиги ошиб бораётгани, хотин-қизларни назоратга олиш ҳаракатларидан далолат беради. Ҳатто, бир аёлнинг ўзи шахсан хоҳлаб ҳижоб ўраган тақдирда ҳам, бу патриархал тузумнинг таъсиридир. Чунки бу аёл ён-атрофдаги эркакларнинг муносабати, кўз қарашларига қараб шундай йўл тутиш афзал, деган қарорга келган. Ҳижобли бўлиш радикализмни англатмайди. Айрим пайтда айрим аёллар кучли радикал сиёсий қарашга эга бўлган гуруҳнинг ичига тушиб қолган ҳоллар бўлади. Баъзан ҳижобли аёлнинг диний-сиёсий қарашлари радикал экани кўзга ташланади. Лекин бу ҳар доим ҳам "ҳижобдаги аёл радикал Исломий қарашдаги аёл", деб хулоса чиқариш учун етарли эмас.

Америка Қўшма Штатларидан Тошпўлат:Охирги чорак асрда Марказий Осиё республикаларида мусулмонларнинг диндорлиги ўсишини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Ўзбек жамиятида диндорлик даражаси ўсиши кузатиладими, агар шундай бўлса, бунинг келиб чиқиши қандай ва унинг сиёсий оқибатлари тўғрисида нима дейишингиз мумкин?

Жон Ҳезершоу: Мен бундан олдин айтганимдек, асосий тадқиқотларимиз Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилган. Ўйлайманки, бутун Марказий Осиё бўйича диндорлик даражаси ортиши ҳар хил, жуда хилма-хиллигини кўриш мумкин. Бунинг исботини Қирғизистонда кўриш осон. Нега? Чунки Қирғизистонда бошқа мамлакатларда тақиқланган ҳаракатлар, мисол учун, "Таблиғи Жамоат" тақиқланмаган. Кенг жамоатчилик кўз ўнгида сиз бу диндорлик даражасидаги ўзгаришларни кўришингиз мумкин. Албатта, сиз вақти-вақти билан Марказий Осиё шаҳарлари, қишлоқларига сафар қилиб турсангиз, вақт ўтган сайин одамлар ҳаётида, уларнинг кундалик турмушида янги ғоялар пайдо бўлгани, ўзларини тутиш ва амалларида ўзгариш бўлгани, янги масжид қурилгани, диний эътиқодларидаги турфа хиллик кўзга ташланади. Бу фақат Ислом динига эътиқод қиладиган мусулмонларгагина тааллуқли эмас, ҳар гал ҳар хил ўзгаришни протестант насронийлари, "Иегова шоҳидлари"га ўхшаган бошқа динга эътиқод қилувчилар ҳаётларида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда, менинг фикримча, асосий муаммо давлатнинг динга муносабатидир. Бу муносабат " фақат битта тўғри дин бор, бу бизнинг миллий динимиз" деган қарашга асосланган. Дин миллий бўлиши мумкин эмас. Улар айтишадики, хориждан келган динлар хавфли. Аммо аслига қарайдиган бўлсангиз, ҳамма динлар хориждан келган. Ҳатто Марказий Осиё республикаларида бизники деб айтишадиган Ҳанафийлик мазҳаби ҳам. Ҳанафий Ислом ҳам трансмиллий шаклдаги диндир. Шунинг учун ҳам муаммо давлатнинг дин ва диний хилма-хилликка нисбатан тутган йўлида. Шундан келиб чиқиб, мен уч нуқтага эътибор қаратаман: Биринчисини, ҳижоб ҳақидаги саволга жавоб бера туриб айтдиб кетдим. Бу художўйлик. Художўй дегани сиёсий мухолиф дегани эмас. Баъзан одамлар ўзлари тақводор бўлсалар ҳам сиёсий мухолифатга умуман қизиқишмайди. Иккинчи жиҳат, ҳам дунёвий ва ҳам диндор бўлиш. Бугунги замонавий инсонларнинг деярли ҳаммаси шундай. Инсон ўзининг шахсий ҳаётида қатъий амал қиладиган кучли эътиқодига эга. Бу билан улар ўз ахлоқий ўзини тутишини назорат қилади. Иқтисод, пул, сиёсат масалаларида ўзларини чеклашлари мумкин. Бундай кишилар бугунги замон қарашларидаги диндор ҳам эмас, дунёвий ҳам эмас. Агар биз радикал сиёсий ёки диний ҳаракатларга назар ташлайдиган бўлсак, улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини, юқорига кўтарилиб, уларга нисбатан ҳукуматлар чора кўра бошламаганини ҳам англашимиз лозим. Улар вазият юзага келтирган натижа, оқибат. Марказий Осиё мисолида уларни жуда авторитар сиёсий тузумлар юзага келтирган. Авторитар давлат маълум муддат самарали бўлиши, қисқа вақт мобайнида назоратни кучайтириб, жамоат ташкилотларига босим ўтказиш билан, ўз-ўзини ифода этишни бўғиш билан динга нисбатан репрессияга эришиши мумкин. Лекин биз узоқ муддатли авторитар давлат мисолига қарайдиган бўлсак, динни қаттиққўллик билан бостириш охир-оқибатда кучли диний ҳаракат пайдо бўлишига олиб келади. Менинг назаримда, Марказий Осиёда келажакда шундай бўлиши мумкин. Шундай бўлиши эҳтимол. Биз ҳеч қачон аниқ нима бўлишини билмаймиз, олдиндан башорат қила олмаймиз.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Абу Маҳди сўраяпти: Ислом қонунлари асосида яшаш экстремизмми? Суриядаги уруш нима учун тўхтамаяпти?

Жон Ҳезершоу: Шариат қонунларининг турли шаклларини ҳаётга татбиқ этишни истаётган кўплаб исломий гуруҳлар мавжуд. Ислом дини мусулмонлар тўғри деб биладиган шариат қонунларига асосланади. Шариатнинг айрим талқинлари жуда қаттиқ, жуда консерватив. Айрим салафийлар шариат худди илк халифалик замонларидагидек бўлиши лозим, деб ҳисоблашади. Улар ана шундай шариат тартибини барпо этишни исташади. Албатта, бундай ёндашув Марказий Осиёга хос эмас. Мен таҳлил қилиб ҳам чиққанман: жуда қаттиқ шариат тартиби татбиқ этилиши лозим, деб чиқаётган ва бунга интилаётган гуруҳлар сони Марказий Осиё мамлакатларидаги жами мусулмонлар сонига солиштирганда менинг ватаним - Буюк Британияда кўпроқдир. Тўғри, экстрим халифат, қаттиқ шариатга асосланган жамият қуришни истаётган "Исломий Давлат" гуруҳи назорати остида мусулмонлар олдида бошқа танлов йўқ. У мусулмонларнинг Исломнинг бошқа мазҳабларига, мўътадил Исломга эътиқод қилишларига изн берилмайди. Бироқ Марказий Осиёда расман Исломнинг турли оқимлари орасидан хоҳлаганини, ёки бошқа динларни ёки дунёвийликни танлаш танлови бор. Амалда эса, албаттаки, бу танлов жуда чекланган. Ўшдан савол берган дўстимиз яшаётган жойда, балки, яхши мусулмон бўлиш учун имконият йўқ, босим жуда катта, деган хулосага келингандир. Бу босим ёши катталардан, оила аъзоларидан ёки давлат томонидан ҳам бўлаётган бўлиши мумкин. Мен юқорида айтганимдек, баъзан ёш инсонлар эътиқод қилмоқчи бўлган динга оиласи, патриархал жамият ҳам қарши чиқиши мумкин. Марказий Осиё жамиятларида ёш аёллардан ўзларини жуда қаттиқ назорат қилишлари талаб қилинади. Бундай талаб ҳар доим ҳам диний эътиқоддан келиб чиқмаслиги, балки миллий хусусиятлар, урф-одат ва маданиятдан ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай босимларни фақат анъанадор динга нисбатан деб қараш тўғри эмас. Бу ерда жуда кўп ижтимоий омиллар, сабаблар бўлиши мумкин.

Америкадан Омон: Сизнинг Марказий Осиёдаги диний гуруҳлар ҳақида тадқиқотларингизни билиш қизиқ. Тадқиқотларингиз давомида эътибор қилдингизми, Марказий Осиёдаги одамлар ўзларининг диний қарашларини яширадилар ва ўзларини дунёвий одамлардек қилиб кўрсатишга интиладилар. Сиз яқинлари орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Афғонистон ва Покистонда жанг қилаётган аъзолари бўлган кишилар билан гаплашиб кўрдингизми? Сиз улар ўзларини қандай тутишларига эътибор бердингизми? Улар Афғонистонда жанг қилиш нотўғри деб ўйлайдилар, бироқ эртаси куни ўзлари ҳам жанг қилиш учун Афғонистонга кетишлари мумкин. Мен айтмоқчиманки, Марказий Осиёдаги инсонлар ҳукумат сиёсатини ёқлаб гапиришади, лекин бошқача ҳаракат қилишади. Шунинг учун, сизнинг тадқиқотингиз Марказий Осиёдаги реал вазиятни нотўғри тушунтириши мумкин.

Жон Ҳезершоу: Тўғри, биз ўз тадқиқотимиз давомида мана шу ҳолатларга ҳам эътибор бердик. Баъзан одамлар бир нарсани гапириб, бошқа нарсани қилишади. Шунинг учун биз ўз тадқиқотимизда фақат омма фикрини сўраш ва интервьюларга таяниб қолмасдан, турли усулларни бирлаштирганмиз. Биз этнографияни ҳам қўшганмиз, кузатувлар олиб борганмиз. Тадқиқотчиларимиз орасида мен ва Дэвид Монтгомери Қирғизистон ва Тожикистонда 6-7 йил мобайнида турли хил изланишлар олиб бордик. Биз ҳам бунақа латифаларнинг кўпини эшитганмиз: "Менинг қариндошим Афғонистонга урушиш учун кетган", "мен Афғонистонга жанг қилиш учун кетган одамни биламан", деган кўп инсонлар билан учрашганмиз. Бу ерда асосий масала нима? 2001 йилда Афғонистонда Толибон қудратдан ағдарилганидан кейин асли марказий осиёлик жангарилар асосан Покистон шимолидан паноҳ топдилар. Улар яна ортга қайтдилар. Айримлар уларни "неотолибон" деб атади. Ёки ўзларини Ўзбекистон Исломий ҳаракати ёки бошқа гуруҳлар аъзолари деб эълон қилдилар. Энг муҳими, бундай гуруҳ сафига қўшилган марказий осиёликлар сони анча кам. Бундай гуруҳлар сиёсий, ҳарбий жиҳатдан Марказий Осиёда таъсирга эга гуруҳларга айлана олгани йўқ. Ҳатто Ўзбекистонда жанг қилишни, Ўзбекистон ҳукуматига қарши уруш қилиш ўзининг манфаатига хизмат қилиши, ўзининг мақсади эканини эълон қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам бу ишларни қилишга қодир эканини намойиш этгани йўқ. Албатта, жанг қилиш учун қаергадир бораётган шахслар, одамлар гуруҳи бор. Бундай одамларни бугун дунёнинг ҳар қандай мамлакатида ҳам кўриш мумкин бўлаяпти. Савол шуки, ўша жанг қилишга отланган марказий осиёликларнинг сони қанча? Бизнинг қўлимизда бор исбот-далиллар жангарилар сони анча камлигини кўрсатади. Аҳолисининг сони 30 миллиондан ортиқ Ўзбекистондан жанг қилиш учун қўлига қурол олганлар сони жуда кўп бўлса юзлаб бўлиши мумкин, ундан кўп эмас. Мен савол йўллаган дўстимиздан мен айтган гапнинг тескариси исботланган далил кўрсатишини ёки Ўзбекистон ҳукумати расман эълон қилган рақамини тақдим этишини истардим. Аммо Ўзбек ҳукуматининг жангарилар сони ҳақидаги кўрсаткичлари ёки исбот-далилларининг мустақил манбалардан тасдиқланганига ишониш қийин бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ