30.01.15 - 06.02.15: Ҳафтанинг ғаройиб ҳодисалари

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳиндистон ҳукумати табақалараро никоҳларга руҳлантириш учун ўзига хос ташаббус билан чиқибди. Агар сиз Уттар Прадеш штатида бошқа табақадаги инсон билан оила қурсангиз, $810 долларлик мукофот пули, медал ва дипломлик бўлиб қоласиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Даниялик балиқчининг "юрагига балли", деса бўлади. Балтика денгизида балиққа, деб ташлаган тўрига Иккинчи Жаҳон урушидан қолган ханталли ҳақиқий бомба илиниб чиқса...Балиқчининг ҳушини бошидан учирган ҳодисага сўнгги нуқтани эса, зудлик билан соҳилга етиб келган бомбани зарарсизлантирувчи махсус гуруҳ қўйибди.

Хитойдаги антиқа бир эълон ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмабди. Эълон мазмунидан аён бўлишича, фарзандсиз 68 ёшли шифокор 40 яшарлар атрофидаги "меҳрибон" бир аёлни ўзига қиз қилиб олмоқчи. Агар, чиқишиб кетишса, ҳатто, уни ўзининг меросхўрига ҳам айлантирмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Исмини "Суперқаҳрамон"га айлантирмоқчи бўлган данияликнинг ҳафсаласи роса пир бўлибди. Масъуллар бунга изн беришмабди. Расмий раддия хатида улар бунинг сабабини "Суперқаҳрамон" ҳақиқий одам бўлмай, тўқима қаҳрамон экани билан изоҳлашибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хитой Маориф вазирлиги университетларга ғарбона қадриятларни тарғиб этувчи қўлланмалардан қочиш ва мамлакатдаги сиёсий тузумга тил теккизмасликни маслаҳат берибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Куйган панжалари учун "инсонларга хос" тиббий муолажага лойиқ кўрилиб, ижтимоий мулоқот тармоқларида роса шов-шувга сабаб бўлган коала боласи яна ёввойи табиат қўйнига қайтди. "Жереми" шу ой бошида Австралияда юз берган ўрмон ёнғинларида жиддий жароҳат олганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Британиялик олимлар одам танасидаги биологик соатнинг қудратидан ҳайратда. Олимларга кўра, биологик соатга тўғри қулоқ тутилса, у сизни Олимпия чемпиони ҳам қилиши мумкин экан.

Флоридада автоҳалокатга учраб, "ўлди" гумони билан кўмилган мушук беш кундан кейин қабридан тирик қайтибди. Мушукнинг ҳозир касалхонада экани, шифокорлар унинг синган жағи ва лат еган кўзини даволаш ҳаракатида эканликлари айтилади.

"Ҳизб ут-Таҳрир" фирқасининг аъзоси ва таниқли уламонинг ўзингизни кўз-кўз қилманг, бу - "такаббурлик" ва "ўз-ўзига маҳлиё бўлиш", деган сўзлари Индонезияда анчагина норозиликларга сабаб бўлибди. Уламонинг танқидларига қарши 12.000дан ортиқ индонезиялик ўз суратларини ижтимоий мулоқот тармоқларига жойлаштиришибди.

Австралиялик деҳқонлар эса, Биринчи Жаҳон Уруши қурбонлари хотирасига маккажўхоризорда ўзига хос "ёдгорлик" ўрнатишибди: Улар маккалардан улкан лолақизғалдоқ ясашибди...

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002