Abdulaziz Mansur: 'Musulmonlar orasida ig‘vogarlari ham ko‘p'

Multimedia o'ynash bu qurilmada dastaklanmaydi

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси мусулмонларни "Озодлик" ва Би-би-си радиоларининг Ўзбекистонга оид хабарларига, ўз таъбирича, "кўр-кўрона" ишонмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Бу ҳақда ўтган жума мамлакат масжидларида адо этилган жума маърузасида гапирилган.

Диний идора маъруза матнини кейинроқ ўз веб саҳифаси-muslim.uz да ҳам чоп этган.

Унда "Озодлик" ва Би-би-си радиоларида тарқатилаётган хабарларнинг муаллифлари кўпинча "ё ватанни тарк этган аламзадалар ё-да мамлакат ичидаги уларнинг ўзларига ўхшаган иғвогарлар" экани даъво қилинади.

"Шунинг учун ҳам уларнинг ҳар-хил хабарларига кўр-кўрона ишонмаслик керак", дейилган маърузада.

"Озодлик" радиоси 19 май куни Марғилон шаҳридаги 26 та масжидда электрон таблолар ўчирилгани ҳамда Қуръон оятлари ва ҳадислар ёзилган баннерлар баъзи масжидлар деворларидан олиб ташлангани ҳақида хабар тарқатганди.

Хабарда бу ҳақда "Озодлик"ка марғилонлик мусулмонлар шикоят қилишгани таъкидланган.

Аввалроқ марғилонлик намозхон аёлларга рўмолларини ечиш борасида босим ўтказилгани ҳақида ҳам хабарлар олинганди.

"Озодлик"нинг марғилонлик имомлардан иқтибос келтиришича, таблолар Тошкентдан борган махсус комиссия кўрсатмаси асосида вилоят бош имомининг буйруғи билан ўчириб қўйилган.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ўз раддиясида Марғилондаги баъзи масжидлардан электрон соат ва баннерларнинг олиб қўйилганини тасдиқлаган, аммо бу таъмир учун қилинганини айтган.

Маърузада айтилишича, соат ва баннерлар таъмирдан сўнг яна қайтариб жойига қўйилган.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур яна бир марта хорижий радиостанцияларни Ўзбекистонга мусулмонларнинг аҳволига доир асоссиз хабарлар тарқатишда айблади.

Унга кўра, мамлакат ичкарисидаги намозхонлар орасида "иғвогарлар ҳам кўп".

Айни пайтда Абдулазиз Мансурнинг айтишича, диний идора мусулмонларни хорижий радиостанцияларни бойкот қилишга чақираётгани йўқ.

"Ҳеч нарса беҳикмат қилинмайди, ҳамма нарса мусулмонларнинг яхшилиги, тинчлиги ваа хотиржамлиги учун қилинади",- деди Абдулазиз Мансур.

Унинг сўзларидан англашилишича, жойларда махсус гуруҳлар мусулмонларни хусусан, Исломий Давлат жиҳодчи гуруҳи таҳдидидан огоҳ бўлишга чақирувчи тарғибот кампанияларини олиб бормоқда ва хорижий радиостанциялар номларининг тилга олиниши ҳам ана шу огоҳлик кампаниясининг бир қисмидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio