'Россия бўлмаса одамлар бир-бирининг бўғзидан олармиди?..'

Image caption “Қизларим йиғлаб қолади доим, аммо бошқа чорам йўқ,.."

2 - ҳикоя

Анваржон ака хўжандлик. 13 йилдан бери асосан Россияда ишлайди. Қурувчилик қилади. Ёши 55да. Беш қизи ва ўн иккита набираси бор.

Россияда ишлашининг сабаби ҳам шулар – фарзандлари ва набиралари...

Жуссаси кичиккина, озғин ва хушмуомала бу одамни Масковнинг совуқ ҳавоси ва дўстона бўлмаган муҳитида нон топаётганини тасаввур қилиш қийин.

Аммо у ўзини омадлилардан санайди. Ишлаётган ширкатидаги шароит яхшилигини айтади.

Ундан оиласи ҳақида сўрасангиз кўзида ёш айланади.

Тожикистонда ҳамма нарса қимматлигини айтади.

“Қизларим йиғлаб қолади доим, аммо бошқа чорам йўқ", дейди у.

“Россия бўлмаса одамлар бир-бирларининг бўғзидан олармиди?..”

Анваржон ака Россияда меҳнат қилаётган бир миллион атрофида тожикистонлик муҳожирлардан бири...

Россияда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Ҳар йили ўнлаб тожикистонликлар ирқчилик ва ё бахтсиз ҳодисаларнинг қурбони бўлишади.

Шу кунлар Тожикистонга иш қидириб кетаётган аёллар сони ҳам ортмоқда.

Аксарият уй хизматчилари, кўча тозаловчилар, ошхона ва ресторанларда фаррош бўлиб ишлайди.

Бу каби кўплаб тожикистонликларнинг иш қидириб, хорижга чиқишлари албатта жамиятга ўз таъсирини ўтказмоқда.

Айрим ҳолларда салбий ва айримларида ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Авваллари мактабни тугатиб, дарров уйланадиган ва кейин қишлоғу шаҳарларида қоладиган ёш йигитлар бугун Россия баҳонасида ташқи дунёни кўришмоқда.

Ўз ота-оналаридан фарқли ўлароқ, дунёқарашлари ҳам кенгайиб, ҳаётдан кўпроқ орзуманд бўлишмоқда.

Тожикистонликлар жўнатаётган пуллар билан ватанда қолган оилалар каттароқ, кенгроқ уйлар қуришмоқда.

Аммо салбий таъсири шуки, оилалар бўлинмоқда. Ҳамма ҳам Анваржон ака каби ўз оиласига садоқатли қолаётгани йўқ.

Айрим тожикистонликлар Россияда ҳам уйланишмоқда.

Ўз оилаларини ташлаб кетишмоқда.

Айрим кексалар бугун норасида набираларига қараб ўтиришибди.

Бунақаси Тожикистонда ҳеч қачон бўлмаган.

Аммо Тожикистонда ўз ҳаётидан нолиётганларни ҳар қадамда учратмайсиз.

Анваржон ака мисолида оладиган бўлсак, "бошга тушганни кўз кўрар", қабилида тожикистонликлар ҳар қандай шароитда ҳам некбинликни йўқотишгани йўқ.

Давоми бор

Бу мавзуда батафсилроқ