Британияда Шариат қонунларига мурожаат қилаётганлар сони ортмоқда

Исломий Шарият Кенгаши Лондон шарқидаги Лейтон ҳудудида жойлашган. Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Исломий Шарият Кенгаши Лондон шарқидаги Лейтон ҳудудида жойлашган

Британияда Шариат ва ё Исломий қонунлар тизимидан фойдаланиш ўсиб бормоқда.

Ҳар йили минглаб мусулмонлар ўрталаридаги келишмовчиликларга ечим топиш учун Исломий қонунлар тизимига мурожаат қилади.

Аммо, баъзилар, жумладан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бунга норозилик билдиришмоқда.

"Синглим, рост гапиришингиз керак. Чунки, Оллоҳ сизнинг ҳар битта сўзингизни эшитиб турибди. Бизни алдашингиз мумкин, бироқ Уни алдай олмайсиз".

Сақолли шайх бугунги илк мижозига турмушидан нима учун норози эканлигини тушунтиришга кўрсатма бермоқда.

Шайх Ҳайтам ал-Ҳаддад Исломий Шариат Кенгаши вакили. Ушбу кенгаш Лондон шарқидаги Лейтон ҳудудида жойлашган.

Эри билан шаръий йўлда ажрашишни истаган аёл мана шундай кенгашлардан кўмак сўрайди.

"Мен бахтли эмасман. У ҳеч қачон уйда бўлмайди ва телефонида бошқа аёллардан келган хатларни кўрдим. У ҳатто болаларни боқиш учун пул ҳам бермайди", дейди аёл шайхга.

Мусулмон одам учун шариат ҳукмлари асосида ажрашиш осонроқ кечади. Аммо, агар эри бунга кўнмаса, хотини ҳакамлардан ечим топишни сўрайди.

Оилавий ажрим Шариат кенгашлари кўриб чиқадиган одатий масалалардан бири.

Минглаб мусулмонлар улардан оилавий, молиявий ва тижорий муаммоларини шаръий асосида ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қиладилар.

Талаб ўсмоқда

2009 йилги маълумотларга кўра, Британия бўйича 85та Шариат кенгаши фаолият кўрсатади.

Исломий Шариат Кенгаши эса, ўтган беш асносида ўзларига мурожаат қилаётганлар сони кескин ошганини айтади.

"Биз кўриб чиқаётган ишлар ўтган 3 ёки 5 йил ичида уч баробарга ошди", дейди Шайх ал-Ҳаддад.

"Ҳар ой ўртача ҳисобда 200-300 ишни ҳал қилишимиз мумкин. Бир неча йил олдин уларнинг сони анча кам эди", дея тушунтиради у.

Шариат қонунлари мусулмонлар ҳаётининг барча тарафини қамрайди.

У Қуръон, Ҳадис ва фатволарга асосланади.

Шариат ва ё Исломий қонунлар тизими Британияда 1982 йилдан бери амал қилади.

Бироқ, ушбу норасмий кенгашлар ҳуқуқий қудратга эга эмаслар ва улар ҳеч қандай жазони жорий эта олмайдилар.

Улар фақат фуқаровий масалаларни кўриб чиқишлари мумкин. Аммо, кўплаб мусулмонлар уламолар тарафидан ишлаб чиқилган қонунларни ихтиёрий равишда қабул қилишмоқда.

28 ёшли Умар Ҳаннан қўшма ширкатидаги британиялик мусулмон ҳамкорлари билан келиб чиққан келишмовчилигини ҳал этиш учун Британия маҳкамаларига эмас, балки Шариат тизимига мурожаат қилган.

"У менинг Исломий ахлоқ принципларим асосида иш кўрди. Исломий трибуналга мурожаат қилишимнинг асосий сабаби ҳам шу эди. Шу билан бирга ишим тез ҳал бўлди. Бунга 3-4 ой кетди", дейди у.

"Бунга бир неча юз фунт стерлинг сарфладим. Энди тасаввур қилинг, агар мен Инглиз қонун тизимидан фойдаланганимда қанчага тушарди", дея қўшимча қилади Умар Ҳаннан.

Шарият тизимига талаб ошаркан, қатор британ ҳуқуқ ширкатлари ушбу гуркираётган бозорга кириб кела бошлашди.

Мусулмон ҳуқуқшунос Айна Хон Лондонда жойлашган ҳуқуқ ширкатида биринчилардан бўлиб Шариат бўлими очганлардан.

У мижозларига ҳам Инглиз ва ҳам Исломий қонунлар асосида маслаҳатлар беради.

''Мен ҳисоблашадиган одамларнинг аксари 50дан кичик ёшдагилар эканидан ҳайратга тушаман. Улар ҳам британ ва ҳам мусулмон сифатидаги талабларга жавоб беришни истаётган британиялик мусулмонлар.

"Мен ҳар икки қонун доирасида уларнинг муаммоларига ечим топиш йўлларини кўрсатаман", дейди Айна Хон.

Мухолифлар

Британияда Шарият қонунларига талаб ўсиб бораётганига қарамай, Исломий қонунлар тизимидан фойдаланишга қаршилик ҳам ошиб бормоқда. Улар мазкур тизим аёлларни таҳқирлайди, дея даъво қиладилар.

Эрон ва Курд Аёллар ҳуқуқлари ташкилоти Шариат тизими фаолиятига нуқта қўйиш учун кампания олиб бормоқда.

"Биз кўплаб аёллар билан гаплашдик ва уларнинг барчаси бизга бир хил нарсани ҳикоя қилишди: Шариат қонунлари улар истаётган адолатни қарор топтираётгани йўқ. Исломий кенгашларида аксар эркаклар фаолият олиб боришади ва улар айнан эркаклар фойдасига қарор чиқарадилар", дейди фаоллардан бири Диана Намми.

Бу каби хавотирлар Лордлар палатасига Британиядаги Шариат ташкилотларини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси тақдим этилишига сабаб бўлган.

Қонун лойиҳаси илк муҳокамадан ўтган, иккинчи муҳокама тез орада бўлиши кутилмоқда.

Эрон ва Курд Аёллар ҳуқуқлари ташкилотига ўхшаш гуруҳлар учун эса, мазкур қонун лойиҳаси етарли эмас.

"Бизнинг фикримизча, Британияда ҳеч қандай диний қонунлар асосида иш олиб борилмаслиги керак, барча Шариат тизимлари тақиқланиши керак. Аёллар учун тенг адолат қарор топтиришнинг ягона йўли шу", дейди Диана Намми.

Аммо, Британияда Шариат қонунларига талаб ошиб бораркан, Шайх Ҳайтам ал-Ҳадид уларнинг фаолиятига тақиқ қўйилмаслиги керак дея ҳисоблайди.

"Биз одамларни эшигимизга мажбуран олиб келаётганимиз йўқ. Улар ўз ихтиёрлари билан келишмоқда", дейди у.

"Агар сиз бизни тақиқласангиз, Британия мусулмонлари бошқа жойни топишади. Кўплаб мусулмонлар хорижий мамлакатларга боришади. У ерда эса, уларни ҳимоя қилиш имконсиздир", дея таъкидлайди Шайх Ҳайтам ал-Ҳадид.

Бу мавзуда батафсилроқ