Путин Россияда сиёсий маҳбуслар йўқ деб ҳисоблайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия Бош вазири мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқ, деб ҳисоблайди...

Россия Бош вазири ва президентликка номзод Владимир Путин Россияда сиёсий маҳбуслар йўқ деб ҳисоблайди.

"Бизда, менимча, сиёсий маҳбуслар йўқ, Худога шукр. Лекин бу ҳақда фамилияларни келтирмасдан доимо гапиришади, - деди Путин сиёсатшунослар билан учрашуви чоғида. – Сиёсий қарашлари учун ўтирган, ҳеч бўлмаса, битта одамни кўрсатсинлар ".

Путин сўзларига кўра, баъзи мухолифат фаолларини "15 кунга олиб кетишган, аммо улар аллақачон озод этилганлар".

Бош вазир фикрига кўра, Россияда бугунги кунда ўз ҳуқуқлари учун қамоқда ўн йиллаб ўтиришга қодир бўлган, мисол учун, Нелсон Мандела сингари ҳақиқий курашчилар йўқ.

"Агар бир инсонни қора танлилар ҳуқуқлари учун курашган Нелсон Мандела сингари 10-20 йилга қамаб қўйишганларида эди... Бизда унақалар йўқ ", - деди жаноб Путин.

Шанба куни Москвада ўтган юриш ташкилотчилари рус мухолифати озод этилишини талаб қилган сиёсий маҳбуслар рўйхатини Кремлга олиб бориш қарорини олганлар.

Рўйхатда ЮКОС ширкатининг собиқ бошлиғи Михаил Ходорковский, унинг иш шериги Платон Лебедев, шунингдек, "Бошқа Россия" фаоллари Таисия Осипова ва Игорь Березюк ҳамда бошқа маҳбуслар дохил 40 инсон номи келтирилган.

Ахборот қамали

Сиёсий маҳбуслар рўйхати шанба кунги мухолифат юриши чоғида эълон қилинганди.

Декабр ойида парламент сайловлари бўлиб ўтганидан буён мухолифат томонидан уюштирилган намойишларда сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби илгари сурилади.

Рўйхат Путин сиёсатшунослар билан учрашаётган бир пайтда Кремлга берилиши керак эди, бироқ, журналист Ольга Романованинг Интерфаксга хабар беришича, у янада тўлдирилиб, шу ҳафта охирига қадар расмийлар қўлига топширилади.

Унинг айтишича, рўйхатга яна "экстремизм"да айбланиб, озодликдан маҳрум этилган 20 нафар мухолифатчи номи киритилади.

ЮКОС ширкати собиқ раҳбарининг адвокати Вадим Клювгант Россия Бош вазири сўзларини шарҳлар экан, Владимир Путиннинг самимийлигига шубҳа қилишини айтди.

"Бутун мамлакат биладики, бизда бундай одамлар бор ва улар номма ном келтирилган. [...] У ё бошқа мамлакатни назарда тутаяпти ёки ахборот қамалида қолиб кетган..", - деди Клювгант Интерфакс агентлигига.

Бу мавзуда батафсилроқ