BBC navigation

'Мусулмонлар ўзгартираётган юрт'

Сўнгги янгиланиш 20 март 2012 - 09:56 GMT

Мусулмон Россия - ўтган йиллар давомида дунёдаги энг катта ҳудудли мамлакатдаги ўзгаришлар ҳақида.

Урф-одатлар, маданият, демография, инсоний муносабатлар ва шаксиз, эътиқод ўзгариши ҳақида.

Россия аҳолиси жадал камаймоқда, аммо мамлакатнинг еттита азалий мусулмон ўлкасида туғилиш даражаси ўта юқори. Ва бу ўлкаларда бугун Ислом қайта уйғонаётир.

Бунинг устига, охирги йиллари Марказий Осиёдан миллионлаб инсонлар Россияга иш излаб келаяпти ва кўпчилик бу ерни ватан тутаяпти.

Хуллас, Россия ҳозир сон жиҳатдан Оврўпонинг энг катта мусулмон ўлкасига айланди.

Табиий, кўпчиликни йирик имкониятлар шаҳри, нефть ва газ пуллари тўпланаётган Москва ўзига тортмоқда.

Ҳозир Москвадаги мусулмонлар сони икки миллиондан ошиб кетгани айтилади.

Ўзбекистон ё Тожикистондаги пулдор ишбилармон ҳам, малакали мутахассис ҳам, қашшоқ пахтакор ҳам, ишсиз қолган муҳандис ва ё фаррош ҳам бугун Москвага ризқ излаб келади.

Жума кунлар Москванинг тарихий татар масжидларига одам сиғмайди. Аксар намозхонлар -30 даража совуқда, кўчаларда қиблага бош қўймоқдалар.

Шу қаторда Москва маданияти ҳам ўзгармоқда. Ҳалол сомса одатий кўча таомига айланган. Поездга чиқсангиз сизга манти таклиф этишади.

"Чойхона" ёзувли емакхоналарни эса Тошкентдан кўра кўпроқ Москвада учратсангиз, эҳтимол.

Охирги йиллари ирқчилар ҳужумлари камайган. Кўплаб руслар бугун кўп миллатли ва кўп динли Москвага кўника бошлашган.

Бироқ миллатчилар аллақачон Москва славян қиёфасини йўқотди, деган хавотирларни айтишмоқда.

Айрим тадқиқоту башоратлар эса келаси ярим асрда Россия аҳолисининг ярмидан кўпини мусулмонлар ташкил этади, деб қайд этишади.

Мамлакат ҳозир яна қўшимча муҳожир ишчи кучига эҳтиёжманд. Бу дегани, қашшоқлашган Марказий Осиёдан ҳали кўпчилик Россияга йўл солишда давом этадилар.

Улар эса ўз маданиятлари, таомлари, урфлари ва динларини аллақачон Россиянинг ўзига хос жиҳатига айлантира бошлашган.

Мен Москва ва Татаристонда ана шу воқеликларга шоҳид бўлдим. Ҳатто кўчада русча гаплашишимга ҳам ҳожат бўлмади. Соғинган ўзбекча таомларимни ҳам истаган пайтда, истаган жойда топа олдим.

Россияга келаётган муҳожирлар билиб-билмай бу мамлакатдаги Ислом мавқеини кучайтаришмоқда.

Бу сўнгги йиллар ичида Россияда кечган йирик ўзгаришлардан бири.

Мазкур ўзгариш эса ҳали келаси йиллар ичида янада кучайиши мумкин.

Муаллифлар:

Давлат Қудрат, Би-би-си, Россия

Рустам Қобил, Би-би-си, Британия

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.