BBC navigation

'Масжид етмай, кўчада намоз ўқисак, бизга ёввойидек қарашмасин'

Сўнгги янгиланиш 20 март 2012 - 11:26 GMT

Москва марказидаги Большая Татарка кўчасида ҳар жума бир неча соат ҳаракат тўхтаб қолади.

Сабаби - минглаб намозхонлар масжидда Тарихий Масжидда жой етишмагани боис кўчада жума намози ўқийдилар.

Масжид икки асрлик кичкина бинода жойлашган. Ҳали Наполеон Бонапарт бошчилигидаги француз қўшинларини тор-мор этишда қўшган ҳиссаси учун Татарларга ҳадя сифатида қуриб берилганди.

Ўшандан бери Москвада яна учта масжид тикланди. Биттаси эса Олмонларга қарши урушда жонбозлик кўрсатган мусулмонларга совға бўлган.

Аммо Москванинг бир неча ўн минглик аксар татарлардан иборат мусулмон жамоаси бугун икки миллиондан ошган ва кўп миллатли.

Лекин Москва расмийлари уларга янги масжид қуришга ҳали рухсат беришмаган.

Ҳозирча, Тинчлик Шоҳкўчасидаги эски Жоме масжидни Москва мусулмонлари қайта тиклашмоқда.

Лекин кенгайтирилган янги масжид ҳам кўчадаги намозхонларни сиғдиришга sодир бўла олмайди.

Ҳасан Фахритдинов қарийб чорак асрки, Москвадаги энг қадимги Тарихий Масжид имоми.

Ҳасан Фахритдинов қарийб чорак асрки, Москвадаги энг қадимги Тарихий Масжид имоми...

Ҳасан Фахритдинов: Тарихан бу ер татар масжиди бўлган. Икки аср олдин Франция қўшинларига қарши урушда ёрдам берган татарларга ҳукумат мана шу масжидни тиклашга изн берган. Ўшандан бери бу ерда татарлар намоз ўқишган, араб тилини ўрганишган. Мана энди 1990-йиллардаги нотинчликлар ортидан Қофқоздан ингушлар, чеченлар кириб келишди. Кейинроқ эса Қирғизистон, Тожикистон ва ҳатто Ўзбекистондан ҳам бизнинг дўстларимиз нон топиш учун Москвага келмоқдалар. Масжидимиз нари борса 5000 кишини сиғдира олади. Лекин жума кунлари 30 минг одам тўпланади. Шу туфайли кўчаларда намоз ўқишга мажбур бўлишаяпти.

Би-би-си: Ҳозир масжидларни кенгайтириш ва ёки янгиларини тиклаш борасида бирон илгари силжиш борми? Чунки олдинроқ янги масжид учун жой ажратилади деган хабар кўплаб маҳаллий руслар норозилигига сабаб бўлганди...

Ҳасан Фахритдинов: Тинчлик Шоҳкўчасидаги Жоме] Масжиди кенгайтирилмоқда. Эски бинони бузиб, ўрнига янгиси қурилмоқда. Аммо қурилиш жуда секин кечмоқда. Айрим сабаблар боис ишлар бир неча маротаба тўхтаб қолганди. Ҳозир Москвада фақат тўртта масжид бор. Улар ҳам кичик масжидлар. Москвада икки миллиондан кўпроқ мусулмон яшайди. Шаҳарда янги масжидлар қуриш керак. Биз музокаралар олиб бораяпмиз. Аммо ҳар сафар ваъда беришади-да, лекин амалда ҳеч иш қилинмайди.

Би-би-си: Масжид қуришга изн берилмаётгани бош сабабларини қандай изоҳлашмоқда?

Ҳасан Фахритдинов: Ким билади, балки Москвадаги мусулмонларнинг тақводор бўлишини, намоз ўқишини исташмаса керак. Аммо биз ҳар куни беш марта намоз ўқишимиз жоиз эканини тушунтираяпмиз. Тўғри, узил-кесил рад этишмайди. Лекин турфа баҳоналари кўп бўлаяпти. Ер ажратишади-да, кейин у жойда масжид қуриб бўлмас экан ва ёки маҳаллий аҳоли норози экан, деб чиқишади. Баъзилар кўчага намойишга чиқиб, "Москва - руслар учун" деган шиорларни айтиб, қичқиришади. Ҳатто баъзи давраларда ҳам шунақа гап-сўзларни эшитиб қоламиз. Аммо Москва - фақат рус шаҳри эмас. Бу шаҳарда туркийзабон мусулмонлар, татарлар узоқ асрлардан бери яшаб келишади. Ислом - Россиядаги иккинчи йирик дин. Аммо расмийлар буни ёки билишмайди, ёки билишни исташмайди. Бизга фақат ер ажратишса бўлди, ўзимиз ҳомийларни топиб олардик. Бизга эса аллақандай чекка жойлардан ер беришади. 70-80 яшар отахон қандай қилиб шунча узоқ жойга бориб намоз ўқийди. Ибодатхоналар одамларга яқин жойда бўлиши керак. Мана, ҳар муюлишда черков. "Нега биз мусулмонлар учун шундай яқин масжидлар йўқ?", деб сўрасак, аниқ жавоб беришолмайди. Ҳозир кўчада қор устида намоз ўқияпмиз. Кимдир буни кўриб, даҳшатга тушади. Ким учундир кулгили туюлади. Аммо бу - ачинарли ҳолат.

Би-би-си: Москвада мусулмон сони икки миллиондан ошибди. Бу - кичикроқ бир мамлакат аҳолиси, деган гап. Шунчалик улкан жамоа не боис ўз бошланғич ҳақ-ҳуқуқларига эришолмайди?

Ҳасан Фахритдинов: Мана, Марказий Осиё ва Қофқоздан келганлар ҳозир Москва аҳолиси саналади. Улар бу ерда ишлаб, яшашмоқда. Расмийлар эса мавжуд тўрт масжид Москвада азалдан яшаб келган татарлар учун етарли, деб айтишади. Лекин бу - хато фикр. Бу одамлар ҳам йиллар давомида Москвада яшашмоқда ва аллақачон пропискалари бор. Биз эса уларга шароит яратиб беришимиз керак. Ҳозир уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаяпти. Масжидларда аллақачон рус тилида ҳам ваъз ўқияпмиз. Илгари татар тилида ваъз ўқилган. Лекин бугун турли миллат вакиллари келишаётгани боис рус тилида гаплашамиз. Хуллас, муаммомиз кўп. Янги президент ва Дума муаммоларимизни инсоний тарзда ҳал қилишга ёрдам беришар, деган умиддамиз.

Би-би-си: Лекин муҳожирлар оқими кучайиб, улар Москва қиёфасини, маданият ва диний мувозанатни ўзгартиришмоқда, деган фикрлар ҳам айтилади. Айрим руслардаги бу каби фикрлар ҳақиқат эмасми?

Ҳасан Фахритдинов: Агар бошқа мамлакатдан келиб ишласанг, метрога тушсанг, масжидга борсанг нима бўпти? Нима, бу билан қонунни бузмайсан-ку?! Лекин улар нотўғри тушунишса, нима қилиш мумкин. Кўчада икки-уч киши масжидга кетаётган бўлса, нега уларга ёвқараш қилиш керак экан. Масжидга сиғмай, кўчада намоз ўқисак, нега бизни ёввойи ва қолоқ деб аташлари керак? Биз ахир намоз ўқишимиз шарт. Христианлар ҳам, мусулмонлар ҳам ибодат қилишади. Ҳойнаҳой, ўзи диндор бўлмаган одамлар учун ибодат қилган одам қолоқ ва ёввойи кўринса керак.

Би-би-си: Аммо Москвадаги маҳаллий татарлар ҳозир дабдурустдан кўпайган мусулмонларга қандай қарашади? Чунки олдин татарлар етакчи ва энг йирик мусулмон жамоаси бўлган. Бугун мана уларнинг масжидлари тўлиб-тошиб кетган, ҳатто татар тилидаги ваъзлар ҳам йўқолиб бормоқда?

Ҳасан Фахритдинов: Тўғри, ҳамма татар ҳам тақводор эмас. Лекин биз татарлар мусулмон сифатида бошқа бир мусулмон биродаримиз қийин аҳволга тушиб қолса, ёрдам беришимиз шарт. Ҳозир кўплаб мусулмон муҳожирлар ёрдам сўраб келишади. Кимдир пулсиз, кимдир оғир бемор. Биз кўмак кўрсатишга интиламиз, лекин имконларимиз ҳам унчалик катта эмас. Татарлар ҳам унчалик бой эмас, кўпчилиги оддий меҳнаткаш одамлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.