BBC navigation

Хоч ва Қуръон учрашган хонадон ҳикояси

Сўнгги янгиланиш 20 март 2012 - 12:35 GMT

Москва шимолидаги мўъжаз квартирани ватан тутган Зариф ва Еленанинг оиласи ташқаридан қараганда бошқа хонадонлардан фарқли эмас.

Эр-хотин ишлашади, ўғиллари Жаъфарга яхшироқ шароит яратишга, каттароқ уйга кўчиб ўтишга интилишмоқда.

Қолаверса, ҳали Совет давридан бери аралаш никоҳларга ўрганган кўпчилик учун бу оила ҳам янгилик эмас.

Ўн йил олдин Душанбедан келиб, Москвада ўрнашган Зариф Елена билан учрашиб оила қуришга қарор қиладилар.

Лекин Зариф тақводор мусулмон. Елена эса православ оилада улғайган. Бошида ота-оналар фотиаҳсини олиш ҳар икковлон учун ҳам осон кечмаган...

Аммо Зарифнинг айтишича, бугун аҳвол бутунлай бошқача.

"Мен мусулмонман. Лекин қайнона-қайнотамга христиан иконаларини совға қилишим мумкин, ҳатто оилавий тадбирларда улар билан бирга черковга ҳам бора оламан" - дейди Зариф.

"Улар эса менга Исломий китоблар ва ё тақвимлар совға қилишади. Рўза пайти, ҳатто, олдимда овқат ҳам ейишмайди".

Зариф рафиқасини Исломга кириш ва рўмол ўрашга мажбурлагани йўқ. Аммо Елена ҳозир Ислом билан таниша бошлаган.

Ислом билан танишув

"Турмуш ўртоғим мени яхши тушунмасимдан динга, рўмол ўрашга мажбурламайди. Бироқ аслида нафақат муслималар, христиан аёллар ҳам рўмол ўрашлари керак. Ахир ҳеч ким боши очиқ ҳолда черковга кирмайди-ку!"

Москва ўтган йиллар бир неча бор Исломий жангарилар ҳужумига саҳна бўлди.

Елена москвалик сифатида бу ҳолатларга жавоб излашга ҳаракат қилади.

"Баъзи одамлар Ислом номидан зўравонликка қўл ураётгани мени ғазаблантиради", - дейди Елена - "Улар диндан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади".

Бироқ Елена Ислом тўғрисида ташқаридан эмас, ўз оиласида таниша бошлаётгани, бу ўринда ўзгача Исломни кўришини айтади.

У ҳозир ҳатто эрининг тақводор мусулмон эканлигидан хурсанд ҳам.

"Динга амал қилсанг ичишни, чекишни ташлайсан, бангивор моддалар ва бошқа ёмонликлардан узоқ бўласан".

Аралаш никоҳлар

Бу оила бугун Россиядаги минглаб аралаш никоҳлардан бири.

Уларда нафақат икки хил маданият ва тил, балки икки хил эътиқод ҳам учрашади.

Аммо Елена ўз оиласида бирон диний тушунмовчилик чиққанини эслолмайди.

"Орамизда бирон диний тушунмовчилик чиқмаган. Фақат маданий фарқлар кўзга кўринади. Масалан, биз руслар каравотда ётамиз, тожиклар эса ерда ухлашни яхши кўришаркан".

Хайрлашиш олдидан Зариф менга русча табдили билан бирга нашр қилинган Қуръон китобини кўрсатади.

"Буни менинг туғилган кунимга номусулмон рус ҳамкасбларим совға қилишган. Тўғриси, ўшанда кўзларимдан ёш чиқиб кетганди".

Бошқа бир жавончада эса Исо пайғамбар акси ишланган кичкинагина икона турарди. Зариф бу иконани кўчадан топиб олиб, келтирганини айтади.

"Кўчада кетаётсам, бир чеккада шу икона ётибди. Аллоҳнинг бир пайғамбари акси туширилган сурат оёқ тагида хор бўлиб ётмасин дедим-да, келтириб, ювиб, тоза жойга қўйдим".

"Оллоҳнинг ҳеч бир динини беҳурмат қилиб бўлмайди, ахир".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.