BBC navigation

Тадқиқот: Аспирин саратонни бартараф қилиши ё даволаши мумкин

Сўнгги янгиланиш 21 март 2012 - 15:27 GMT

Профессор Ротвел аспиринни қабул қилиб бошлашдан аввал оилавий соғлик ўтмишига қаралиш кераклигини айтади

Янги тадқиқотлар топилмаларига кўра, ҳар куни оз миқдорда аспирин қабул қилиш билан саратон касаллигининг олдини олиш ва, ҳатто, уни даволаш мумкин.

Тиббиёт оламининг нуфузли Лансет журналида чоп қилинган учта янги тадқиқот аспириннинг аксил-саратон таъсири борасидаги далил-исботни кучайтирмоқда.

Кўплаб одамлар аллақачон юрак хасталигига қарши даъво сифатида аспиринни кунда истеъмол қилишади.

Бироқ, олимлар ҳали ҳам мазкур дори саратон ҳоллари ва ўлимнинг олдини олиши мумкинлигига етарлича исбот йўқлигини айтиб, аспириннинг ошқозон яраси каби хавфли оқибатларга етаклашидан огоҳлантиришади.

Охирги тажрибалар ортидаги Оксфорд Университети профессори Питер Ротвел ва унинг ҳамкасблари аллақачон аспириннинг маълум турдаги саратон хасталиклари, хусусан тўғри ичак саратони хавфини озайтиришини аниқлашган.

Лекин, уларнинг аввалги тадқиқотлари аспириннинг ҳимоясига эга бўлиш учун уни камида 10 йилча қабул қилиш кераклигини кўрсатганди.

Энди эса айни шу экспертлар аспириннинг таъсирига анча тезроқ, яъни уч ва беш йил ичида эришиш мумкин деган хулосага келганлар. Бу хулосага 77 мингдан ошиқ хасталар жалб қилинган 51та синов ортидан эришилган.

Афтидан аспирин нақадар турли саратон турларининг келиб чиқишини бартараф қилади, балки тана бўйлаб тарқалишини ҳам тўхтата олади.

Синовлар аслида аспириннинг юрак хасталиги бартараф этилишидаги ролини ўрганиши керак эди.

Лекин, Профессор Ротвелнинг жамоаси аспирин истеъмолини тўхтатганларида кўп хасталар саратон билан оғриб оламдан ўтганлар ва бу ҳолат аспирин ичилмаганининг оқибати дея кўрилган.

Саратон тарқалишининг олдини олиш

Синов доирасида, кунига оз миқдорда (75-300мг) аспиринни қабул қилиш атиги уч йилдан сўнг умумий саратон ҳолларини 25 фоизга кесган. Аспирин қабул қилган 1 минг киши орасида 9 киши саратон билан оғриган, сохта таблеткалар берилган 1 минг киши орасида эса - 12 киши.

У, шунингдек, беш йил ичида саратондан ўлиш ҳоллари хавфини 15 фоизга кесган. 300миллиграмдан ошиқ дозани қабул қилган кишиларда эса бу фоиз ундан ҳам юқорироқ бўлган.

Беш йилдан сўнг ҳам хасталар аспиринни қабул қилишда давом этсалар, саратондан ўлиш хавфи 37 фоизга озайган.

Кам дозали аспирин, шунингдек, турли саратон ҳоллари, хусусан, тўғри ичак саратонининг инсон танаси бўйлаб тарқалиши, яъни метастазнинг хавфини деярли икки баравар озайтирган.

Умуман олиб қаралса, аспирин билан даъволанган ҳар беш саратон хастасидан биттасида метастаз бартараф қилинган.

Айни дамда, аспирин юрак хуружи хавфини камайтирган, лекин қаттиқ қонаш хавфини кўпайтирган.

Лекин, қаттиқ қонаш ҳоллари фақат аспирин истеъмолининг илк йилларида кузатилган, кейинроқ озайган.

Профессор Ротвел соғлом одамлар учун саратон билан оғриш хавфини камайтиришнинг энг яхши йўли чекишни тўхтатиш, жисмоний машқ қилиш ва соғлом диета тутиш эканини айтади.

Ундан сўнг саратоннинг хавфини яна камайтириш истагида бўлганлар, профессорга кўра, аспиринни оз миқдорда қабул қилиб боришлари мумкин. Бироқ, бу уларнинг шифокори билан маслаҳатлашилган ҳолда, ҳамда оила ўтмишида ичак саратони каби хасталиклар хавфининг йўқ бўлгани аниқлангандан кейингина қабул қилиниши керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.