Зарварақлар: Хайрулла Исматуллаев ўз сўзларида

Image caption Ҳусайн Бойқаро фармонининг асл қўлёзмаси

Биз бир неча ҳафта давомида куюкчан тадқиқотчи, ўзбек халқи тарихини астойдил ўрганган олим, марҳум Хайрулла Исматуллаевнинг Би-би-си учун ёзган Ўзбекистоннинг кам ўрганилган тарихига оид бир қанча мақоласининг матнини эълон қилдик. Бугун биз Хайрулла Исматуллаевнинг ўзи ҳақида икки оғиз гапирмоқчимиз. Би-би-сига ўз мақолаларини жўнатар экан, олим уларга қўшиб ёзган мактубларида ўзининг иши ва ташвишлари ҳақида ёзган. Биз шу мактублардан баъзи парчаларни келтириб, Хайрулла Исматуллаевнинг қандай инсон бўлганлигини қайта кўргандекмиз.

18 июл, 1998 йил билан белгиланган мактубида олим бундай деб ёзади:

"Буюк Британия ва бошқа Оврўпо мамлакатлари кутубхона ё архивларида сақланаётган бизнинг адабиётимиз ва маданий тарихимизга оид асарларнинг нусхаларини мен кучим етганича (тўғриси: пулим етганича) олдиряпман. (Оврўпонинг энг машҳур кутубхона, музейларида сақланаётган бизга тегишли асарлар рўйхатини олдин тузиб чиққандим).

Шу вақтгача бизга номаълум бўлган асарлар, темурийлар чиқарган фармонлар нусхалари, уларнинг хатлари бир талай экан. Ҳозирги кунларгача биз Бобур мирзо ва Султон Ҳусайн Бойқаро ҳақларида кўп нарса биламиз деб юрамиз. Бироқ улар чиқарган бирорта фармон ёки улар ёзган бирор хатнинг асл нусхасига эга эмасмиз.

Менинг ниятим қисқа муддат ичида мана шу етишмовчиликка барҳам бериш - халқимизни темурий султонлар чиқарган фармонлар ва улар ёзган хатлар билан таништириш. Халқимиз улар чиқарган фармонлар билан танишганидан сўнг, кимнинг ким бўлганлиги яна ҳам аён бўлади".

Image caption Улуғбекнинг ҳаёти чоғида Самарқандда чизилган сурати

13 август, 1998 йил битилган хатида Хайрулла Исматуллаев Бухоро амири ҳақида сўз юритиб, Афғонистонни тилга олади.

"Бу ерда ҳар куни муллабача толибларни кўриб, Афғонистон аҳволини ўзимизча муҳокама қилиб юрибмиз. Бир неча афғонистонлик асли ўзбек профессорлар шу университетда ишлайди. Жуда ажойиб, ҳалол инсон улар. Шулар билан суҳбатлашиб тураман. Бизнинг Юртлар тинч бўлишини фақат Ўзидан тилаб турибмиз. Ёмғирдан қутилиб, қорга тутилдим дегани, балки шудир".

29 ноябр, 1999 йил билан белгиланган мактубида Хайрулла Исматуллаев Ҳасан Поксой ва унга тегишли бир воқеани тилга олса-да, у кенгроқ уфқларни чамалайди.

"Ҳасан Поксойни танимасангиз керак. Сўнгги йиллари фақат АҚШда ишлаяпти. Узоқ йиллар мобайнида Оксфорд, Лондонда яшаган, илмий ишлар билан шуғулланган. Жуда ажойиб инсон ва Ўрта Осиё турклари тарихи бўйича катта мутахассис. Бу олим ва унинг оиласи билан яқиндан танишман.

Бир неча йиллар олдин қизиқ бир воқеа бўлди: Висконсин-Мадсон университетида Ўрта Осиёга бағишланган халқаро йиғилиш мажлислари бўлаётган эди. Бир хоним ўз маърузасида тарихимизнинг бир саҳифасини, менинг назаримда, нотўғри ёритди. Муҳокамада мен сўз олиб, ўша хоним айтган гаплар ҳақиқатга бир оз мос келмаслигини исботлашга ҳаракат қилдим. Шундан сўнг бу воқеа эсимдан чиқиб кетганди...

Ҳар йили бир марта университетда маъруза қиламан. Маъруза мавзуи, вақти турли университетларга олдиндан тарқатилади. Ўша йили маърузани тугатиб, "Саволларингиз бўлса, марҳамат", деб ўтирганларга кўз югуртирсам, ўша хоним Ҳасан Поксой билан бирга ўтирибди...

Кейин билсам, хоним Ҳасаннинг хотини экан. Йиғилишдан қайтиб келиб, мажлис қандай ўтганлигини эри (Ҳасан)га айтиб берибди. Ҳасан савол тўғри, жавоб эса қониқарли бўлмаганлигини хотинига тушунтириб, қўлидан етаклаб, маърузага олиб келган экан.

Бизнинг Академиямиздаги казо-казо олимлар орасида бундай ҳалол, илмга берилган, пок инсонни учратмаганман. Бундай инсонлар, албатта, бордир, бўлиши ҳам керак, лекин мен учратмаганман".

Би-би-си Зарварақлар рукнини давом эттириш мақсадида. Биз бу рукнда узоқ ва яқин тарихдан ўрганилмаган саҳифаларни ўқувчи эътиборига ҳавола қилмоқчимиз. Жумладан Чўлпоннинг чоп этилмаган шеърлари ҳам шу рукндан яқин келажакда жой олади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ