Ислом Каримов
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Каримов Конституциянинг 96-моддасига ўзгартириш ҳақида нима деган эди?

Ислом Каримов Конституциянинг 96-моддасига киритган ўзгартиш Бош вазир Шавкат Мирзиëев томонидан бузилди.

"Мамлакат президенти ўз вазифасини бажара олмай қолган вазият юзага келганда, ушбу моддани турлича талқин қилишга йўл қўймаслик мақсадида унинг янги таҳририни қуйидаги мазмунда баён этиш таклиф қилинади. Мамлакатнинг амалдаги президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати раиси зиммасига юклатилади. Бунда уч ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисидаги қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат президенти сайлови ўтказилади. Буниям тўғри қабул қилишингизни сўрайман, сабаби, бу ерда оддий, демократик давлатларда кенг тарқалган йўли айни шу. Агар президент турли-турли сабаблар билан мамлакатни бошқаришга қурби етмаса, яна тушунмовчилик пайдо бўлмаслик, тортишувлар пайдо бўлмаслик, қабилалар президентлик лавозимига ўзимизнинг одамимизни, қабиламиз вакилини қўямиз деганлар пайдо бўлиши мумкин. Ёки маҳаллийчилик деймиз. Бир вилоят ўзини одамини, бошқаси ўзини одамини, унақа нарсалар, бунақа қолдиқлар бизда ҳали бор. Хаёлда бор. Нима учун президент бўлиб анави областдан, вазир мана бу област(вилоят)дан келиб ўтирибди. Нима учун бизлардан вакиллар йўқ, деганлар, замонни тушунмайдиган, ўрта асрларда қолиб кетган одамлар ҳам бор.

Шу нуқтаи назардан айнан мана шунақа модда керакки, ҳаммаси аниқ-равшан конституцияда белгилаб берилиши керак. Ҳеч ким бу давлат деган, буюк давлат деган Ўзбекистонни оғир аҳволга туширишга ҳаққи йўқ", деб айтган эди Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасига киритилган ўзгартириш ҳақида.

2011 йил апрелида Конституциянинг 78, 80, 93, 96, 98-моддаларига ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, Ислом Каримов таклифига биноан, 96 моддага асосан, Президент оғир бетоб бўлиб қолса, вақтинча Президент ваколатлари Сенат Раисига юклатилиши белгиланган. Бундан олдин ўн кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан сайланиши кераклиги айтилган.

Бироқ Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Конституциянинг 96-моддасига амал қилинмади. Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев эмас, Бош вазир Шавкат Мирзиёев вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бунинг сабаби, Сенат раисининг бу вазифани бажаришдан ихтиёрий воз кечгани экани билан изоҳланди.

Ўзбекистонни 27 йил узлуксиз бошқариб келган Ислом Каримовнинг ўзи ҳам Конституцияга бир неча бор ўзгартиришлар киритиш йўли орқали президентлик лавозимини узайтирган, президентликка тўрт марта қайта сайланган эди.

Охирги марта 2011 йил декабрида Президент ваколат муддати 7 йилдан 5 йилга ўзгартирилган эди.

Ўзбекистон Конституциясининг 90 моддасига асосан, бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президентликка номзодини қўйиши мумкин эмас.

Ислом Каримовнинг чиқишини BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.