Рио-2016: Тарихийси бўлган Паралимпиада ёпилди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рио-2016: Тарихийси бўлган Паралимпиада ёпилди

Ўтган 11 кун давомида Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида 4000 дан зиёд паралимпиячи 23 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.

Рио Ёзги Паралимпиадасида жаъми 528 тўплам медаль ўйналди.

Эслатиб ўтиш жоиз, бу – Жанубий Америка давлати мезбонлик қилаётган биринчи Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлди.

Бундан ташқари, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида илк бор Қочқинлар терма жамоаси ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон ХV Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинларини тарихий натижа билан якунлади:

32 та паралимпиячиси Ўйинларнинг 31 та медалини қўлга киритди.

Ҳисобидаги 31 та медали билан якунида медаллар жадвалида 76 иштирокчи давлат орасидан 16-ўринни эгаллади.

Бу медалларнинг 8 таси олтин, 6 таси кумуш ва 17 таси бронза бўлади.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларига жаъми 58 та йўлланмани қўлга киритган ўзбекистонлик паралимпиячилар 5 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси Риода қўлга киритган медалларининг сони бўйича Марказий Осийода энг зўр, собиқ Иттифоқ ва Осиё қитъасида иккита энг яхши натижадан биттасини кўрсатди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар, бундан ташқари, Рио Ёзги Паралимпиадасида 3та жаҳон ва 3 та Ёзги Паралимпия Ўйинлари рекордини янгилашди.

Ташкилотчиларга кўра, якшанба кунги ёпилиш маросими “Рио-де-Жанейро ва Бразилияни тантана қилишнинг яна бир имконияти бўлган”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўйинлар 17(18) сентябр куни молиявий муаммолар, чипталар савдоси билан боғлиқ мушкулотлар ва допинг можароси сабаб, Россия Паралимпия терма жамоаси иштирокига мутлақ тақиқ қўйилиши манзарасида очилганди.

Бундан ташқари, шанба кунги велопойга чоғида юз берган ҳалокатда эронлик велопойгачи Баҳман Гилбарнежаднинг оғир тан жароҳати олиб, сўнгроқ касалхонада юрак хуружидан ҳаётдан кўз юмиши ҳам Ўйинларнинг сўнгги куни фазосига ўз соясини солмай қўймаган.

Якшанба кунги ёпилиш маросими чоғида ҳам унинг хотирасига бир дақиқа сукут сақланди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси юз берган ҳалокат юзасидан текширув ишларини бошлаган.

Ёпилиш маросими сўнггида эса, Паралимпия машъаласи ўчирилди ва Ўйинлар байроғи 2020 йилги мезбон Токиога топширилди.

Рекордчи Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси 21 сентябр куни Тошкентга қайтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.