Россия ўзбек қизчани онасига бермаяпти
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россия ўзбек қизчани онасига бермаяпти

Ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидованинг айтишича, 26 декабрь куни полиция унинг 1 ёшли қизи Манижани олиб қўйиб, касалхонага ётқизган. Нилуфарнинг ўзини эса полиция маҳкамасида 3 кун қамаб қўйишган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, Ўзбекистон фуқароси Нилуфар Мамасаидова ижара уйида ўғирлик содир бўлган ва уйдаги нарсалар билан бирга хужжатлар ҳам ўмариб кетилган. Нилуфар мазкур иш юзасидан ариза ёзиш учун полиция идорасига эмизикли боласи билан бирга борганини айтади.

"Полиция ходимларидан бири аёл киши эди, у тиббий тез ёрдам чақирди. Шифокор келганида боламни совуқдан бурни оқиб турганди. Иссиғини ўлчади, 36,6 деди, лекин 38,6 деб ёзишди ва касалхонага олиб кетишди. Мен ҳам бирга бораман, десам қўйишмади," - дейди Мамасаидова.

Нилуфарнинг айтишича, полиция ходимаси Манижани қўлига олиб бироз ўйнатган ва болани унга беришини сўраган.

"50 минг рубль бераман, болангни менга сот, деди полициячи хотин. Болам ўйинчоқ эмаски, ма ол, деб сотиб юборадиган," - дейди Мамасаидова.

Бола олиб кетилгач, Нилуфар Ивано Франко кўчасидаги полиция бўлинмасининг ҳибсхонасига қамаб қўйилгани ва қўл телефони олиб қўйилганини айтади. 26дан 29 декабргача ҳибсда ушлаб турилар экан, унга икки марта ҳожатга чиқишга рухсат ва ейиши учун "роллтон" берилган.

"Эшикни уриб-тепиб бақирганимдан кейин очишарди. Боламни эмизмаганим учун иссиғим чиқиб, соғлигим ёмонлаша бошлади", - дейди у.

29 декабрь куни Нилуфар Мамасаидовани Кунцево тумани судига олиб боришган. Унга таржимон ва адвокат берилмаган. Судья воқеа билан танишиб чиққач, Нилуфарни қўйиб юборишларини айтган.

Мамасаидова полиция маҳкамасидан боласи ётган касалхонани аниқлаган. Аммо у фарзанди учун касалхонага борганида, онани ичкарига киритишмаган.

"Бола сеникилигини тасдиқловчи ҳужжат олиб келсанг, кейин киришга рухсат берамиз, дейишди" - дейди у.

30 декабрь куни шу касалхонада қизи билан даволанаётган ўзбекистонлик Матлуба Бегматова онаси қидирилаётган 1 ёшли қизча ҳақида бизга хабар берди.

"Уни бу ерга полиция олиб келди, менга касалхона ходималари боланинг онаси келишини кутаяпмиз дейишди," - деди Матлуба Бегматова.

Матлубанинг айтишича, қизалоқ палатада ёлғиз, тинмай йиғлаяпти. "Она сутига ўрганган шекилли, сунъий озуқаларни ичмаяпти," - дейди Матлуба.

"Қизчани вақтинча ўз палатамга олишни касалхона шифокорларидан сўрадим, рухсат беришмади," - дея қўшимча қилди у.

Афтидан соғломлигига қарамай, ҳозиргача юқумли касалликлар касалхонасида ушлаб турилган ўзбекистонлик бола борасида Би-би-си мухбири касалхона маъмурияти билан боғланди.

"Боланинг аҳволи яхши, унга яхши қараяпмиз. Онаси келса, олиб кетади," - деди ўзини таништиришни истамаган навбатчи шифокор.

Аммо, Манижанинг онаси Нилуфарни 29 декабрдан бери касалхонага киритишмайди. Бу борадаги саволларимизга "яхши қараяпмиз дедик-ку, яна нима керак сизларга?!"дан бошқа тайинли жавоб ололмадик.

Нилуфар Мамасаидовага кўра, у ҳар куни фарзандига егулик ва таглик олиб бориб, касалхона эшигидан бериб қайтади.

Кейин у кун бўйи ўғирланган хужжатларини тиклаш учун туғруқхона ва бошқа идораларга бориш билан овора эканини айтади.

"Қизчамни болалар уйига ўтказиб юборишларини айтишди. Жуда қийналиб кетдим. Манижани кўрмаганимга 1 хафтадан ошди. Ҳеч мендан ажрамаганди, эмизикли эди, аҳволи нима кечди," - дея йиғлайди Нилуфар.

Айни пайтда, шу воқеалар ортидан Нилуфар Мамасаидова ўз соғлиги ёмонлашганини айтади.